Ниҳоят шу гапларни айтишга жазм этдим

mirziyoyevshavkatPrez
Муҳим дастурий режалар
19.01.2017
Бу ҳикоя – “таскинбахш нола” ёхуд у одам ўлдирмаган…
26.06.2017
kitobmuqova
Барчангизни Оллоҳ ярлақасин, азиз биродарлар!
Биз ушбу китобни тариқат хизматчиси, соҳиби илм Рустамжон Ҳамроқулов билан 2002-2003 йилларда Эшон буванинг кўрсатмаси ва у кишининг билим ҳамда салоҳияти асосида тайёрладик. 2005 йилда Тошкентдаги “Мовароуннаҳр” нашриётида 2000 нусхада чоп этилди. Хуллас, ушбу “Хожагон-Нақшбандия тариқатида хуфия зикр одоблари” китобидир.
Шайх Зуҳриддин қори Нақшбандий-Шаҳрихоний ҳазратларининг таржимаи ҳоли ҳақида китобдан билиб оларсиз. Мен эса ул зотнинг руҳий-маънавий қуввати, тариқатдаги собитлиги ҳақида икки оғиз гапирмоқчиман.
Камина шоир, журналистлигим, дунёвий китобларни кўп ўқиганлигимга бориб, ҳамма нарсага шубҳа билан танқидий қарайман. Шу ҳолимда ҳам Эшон буванинг руҳий қувватига, кароматларига амин бўлганман. У киши гўшт емасди, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари рўзадор бўларди (мабодо меҳмон келиб қолса, тарки рўза қиларди). Китобдаги вазифаларнинг барчасини мукаммал адо этарди. Беш минг марта Оллоҳни зикр қилиш учун бир соат вақт кетади. Эшон бува бешта латоифнинг ҳар бирига ҳар куни беш мингтадан зикр “урарди”. Бундан бошқа вазифаларни, беш вақт ва нафл намозларини ҳисобга олсак, ул зотнинг ҳар куни ва ундаги ҳар он Оллоҳ ишқида ўтганлиги аён бўлади. Буни ҳаёт дейдилар – гоҳо меҳмонлар, муридлар туфайли вазифаларни охирига етказолмай қолса, махсус дафтарига “1000 та ёки 5000 та қарзим қолди”, деб санасини ёзиб қўярди.
Тариқатда мақомлар бор. Мен уларнинг босқич ва номларини мукаммал билмайман. Пирлар ўз мақомларини ошкор қилишмаган. Эшон бува ҳам шундай эди: пирларининг мақомлари, кароматлари ҳақида гапирардию ўзи ҳақида мутлақо сўз очмасди. Аммо Рустамжоннинг айтишича, у киши “Чилтон” мақомида бўлган экан. Бу анчагина юксак мақом — дунёдаги қирқнинг бири, дегани.
Мустақиллик йилларида тариқат-тасаввуф, авлиёлар, сулуклар ҳақида жуда кўплаб китоблар нашр этилди. Уларда тариқатлар тарихи, назарияси, шайхларнинг ҳаёт йўллари, ҳатто мурид тутиш ва зикр одоблари ҳақида ҳам гаплар айтилган. Аммо зикр одоблари, мурид бажарадиган вазифалар борасидаги фикрлар Эшон буванинг китобидагидек мукаммал эмас. Масалан, беш латоифни мен шахсан у кишидан ўргандим. Бўлмаса мавзуга оид қанча китоблар ўқиганман.
Бугун ҳам тасаввуф ҳақида билиб-билмай гапираётганлар бор. Бир таниқли, тақводор (яхши инсон) акамиз китоб ёзибди. Унда элимизга кўп хизмати сингган, етук шариат уламоси (мендан минг чандон билимли) олдига қаердандир бир киши келиб, “Сизга қўл берсак бўладими?”, деб сўрабди. Уламо “Қадимда китоблар кам бўлган, шунинг учун одамлар билимли кишилар атрофида тўпланиб, суҳбатлар қуришган. Ҳозир бунинг ҳожати йўқ, китобларни ўқиб турсангиз кифоя”, дебди. Яна бири эса, “Сўфийлик амалларини пирсиз ҳам бажарса бўлади”, деган даъвони қилибди.
Булар бағоят нотўғри муносабатлардир. Ўшал зотлар “Мен Ислом илмини, Қуръону ҳадисларни, фикҳни, умуман шариат аҳкомларини сув қилиб ичиб юборганман, аммо сиз сўраган гаплар аҳли тариқатга маълум”, десалар бўларди-ку! Чунки тариқатбошимиз, Қутби Замон авлиё Нақшбанд ҳазратлари “Бу йўлга пирсиз кириш асло мумкин эмас. Амалларга пирсиз киришиш ёш боланинг қўлига “Чақмоқ тош” бериш билан баробар”, дея очиқ ойдин айтиб қўйган. Тағин “Пирсизнинг пири шайтондир”, деган гапи ҳам бор. Қолаверса, пир назорати бўлмаса, киши турли хасталикларга чалиниши ҳам мумкин.
Эшон бува фолбинларни, турли оқимларни қаттиқ қораларди. Жаҳли чиқиб қолса, ундайларни сўкиб, уришиб ташларди. Бунга кўп гувоҳ бўлганмиз.
Хуллас, шунақа гаплар…
Узоқ иштибоҳлар ва тайёргарликлардан сўнг Эшон бувага байъат қилдим, яъни қўл бердим. Ўша куни кечаси туш кўрдим. Маълум муддат ўтиб, тушимни марҳум сўфий шоир, тақволи инсон (бизга устоз қавмидаги Асқар Маҳкамга айтиб бердим. “Жуда кучли зот экан, – деди у. – Сиз зикрнинг чўққисидаги ҳолатини кўрибсиз”.
Шахсан менга Эшон буванинг ўрни жуда-жуда билиняпти. Ниҳоятда файзли, руҳий ҳаловат берувчи, суҳбатлари хуш ҳикматли инсон эди. Илоҳи, охирати обод бўлсин, ўзи бир умр улуғлаган авлиёлар қаторида жаннатлардан жой олсин!
Сиз эса, азиз ўқувчи, ушбу китобни очиқ дил билан ўқиб юринг. Аммо амалига пирсиз киришманг, ўзингизни қийнаб қўясиз. Балки кун келиб, сизга ҳам Эшон бува каби ҳалол-пок пир рўбарў бўлар. Ана унда ишингиз осон кечади. Ҳозирча биз ундай зотни тополмаяпмиз. (Эҳтимол қаердадир пинҳон яшаётган тариқат давомчилари бордир. Лекин сохталари сероб.)
Она Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнамоқда, Ислом нури билан мунаввар бўлмоқда. Шундай ёруғ кунларда Эшон бува каби руҳий-маънавий яловбардорлар бағоят зарур!
Наби Жалолиддин

Ушбу китобни қуйида юклаб олишингиз мумкин:

“ХОЖАГОН–НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИДА ҲУФИЯ ЗИКР ОДОБЛАРИ”