Акахон ёхуд соялар исёни

“Эҳтимол жаҳон чемпиони бўлармидим!..”
15.09.2014
Уф-фф!.. (назмий эссе)
15.09.2014

Ўлдир,

Ичингдаги хоинни ўлдир!..

Шавкат Раҳмон

1983 йили ҳарбийдан қайтдиму ўқишга кирмоқ учун Томск шаҳрига жўнадим. Кечки бўлимга ўқишга ҳам кирдим ва кундузи каттакон бир корхонада ишлай бошладим. Ётоқхона беришди…

Бу шаҳарда собиқ маҳбуслар кўп бўлар экан. Менинг ҳамхоналаримдан бири ҳам анчагина “ўтирган” одам бўлиб чиқди. Ўша киши бир куни менга:

— Висоцкийни биласанми? — деб қолди.

— Йўқ, — дедим ва ростданам бу одамни эшитмагандим.

— Зўр ҳофиз, — деди ҳамсуҳбатим. Шу орада машинкада чиройли қилиб алланималар ёзилган бир даста қоғозни менга узатди ва қўшиб қўйди: — Зўр шоир. Ўқи!..

У пайтлар ҳали ўрисчани яхши билмасдим, лекин шеърларни тушуниб-тушунмай ўқийвердим.

“Воры коммунисты!”

Шу каби сатрларни ўқиганимда юрагим алланечук бўлиб кетарди. Қўрқардим шекилли-да. Аслида-ку қўрқаётганимни ҳам англамасдим-а…

Кейин-кейин Владимир Висоцкий ҳақида кўп нарсаларни ўргандим, билдим. Аммо бояги (қўрқувми) туйғудан қутула олмадим. Ичимда бир нима бордек туюлаверди.

У замонлар ўтиб кетди. Ушбу эса…

БАҒИШЛОВ

Ёзмоқчи эмасман

Тоғлар ҳақида,

Тоғлар бўлар индамас.

Осмонига бош қўйиб ётса,

Асрда бир олади нафас.

Аён эмас алар қисмати

Менинг жимит бошгинам учун,

Чиқмаганим тоғлар кўп ҳали,

Юксаклардан яшайман чўчиб.

Куйдирмасин чақмоқ бошимни —

Чўққиларга туташ макони.

Тақдир сузган суюк ошимни

Замин узра ичолсам қани…

Лекин тоғлар —

Хаёл ўғриси,

Гоҳо фикрим тўзғитар ёҳу.

Асрларнинг қисмати пинҳон,

Тушларимнинг бўғзида оғу.

Тошларни сийлаган метиндек бағр,

Йиллар матосида ёпган бошини.

Бир туйнук тополган муғаббат, қаҳр

Отилар кўксидан

Ёриб лошини.

Тоғлар асрларнинг наъраси мисол.

Шаршаралар шовуллар мағрур.

Сўзларин тошларда қайраган лисон,

Азим сукунатдан туғилган ғурур…

Мен ёзмайман тоғлар ҳақида.

Тишларимни синдирар тоши.

Шаршаралар бўзлайди, ана.

Харсангларни парчалаб ёши…

Тундаги суҳбат

1

Владимир Семёнович.

Азизим!

Мен ўрис эмасман, билсангиз.

Айланмайди тилим “вич-вич”ларига,

Билсангиз…

Владимир Семён ўғли,

Азизим!

Мен ўрис эмасман, тушунинг.

Энди сизни “Акахон” десам,

Унда ўзим бўлурман ини,

Тушунинг.

Хўш, Акахон, қалайсиз энди

ХХ аср кўчаларида?

Бойқушлар увласа, қўрқмадингизми

Юлдузлари сўнган кечаларида?

Бармоқлар зарбидан

Нолавор гитор,

Деворларни тешар хирқироқ овоз.

Ул банди кўнгилнинг оҳлари каби

Кишанлар жонига

Қасд айлаган, рост.

Сурати сийратдан

Ранг олган сиймо,

Кўнглим ифорлари тилда таралган.

Руҳи беҳиштларни кезган девона,

Умри эркдан яралган.

Юз ёшли аждаҳо кўксига не йил

Ҳақиқат тиғини санчган паҳлавон,

Сизни соғиндими ўзбаки бу дил,

Ҳар ҳолда бормисиз омон.

Акахон?!

Мақтавордим шекилли пича,

Биласиз-ку, Шарқ боласиман.

Мадҳиялар жомини ича

Сархуш оққан турк жоласиман.

Рост, ҳавасим келади сизга,

Ўв, юраги — ҳоқони инсон.

Зулмат эга чиқса кундузга,

Нур таратган кўксида Исо.

Мен бағримга юлдузлар тақиб,

Сўрганимда кал бошдан паноҳ.

Эътиқодим қонимдан оқиб,

Дилдан учар эди-ю Оллоҳ.

(Ла илаҳа иллаллоҳ),

Чўқингувчи ҳофизга боқиб,

Имонимдан бўлгандим огоҳ,

Ла илаҳа иллаллоҳ!

Рост, келади сизга ҳавасим,

Ўрис бўлиб ўлолган охир.

Мен ўзбекман — миллати азим,

Ботинидан қочгувчи зоҳир.

Балки шунда Шарқнинг асрори,

Бу юзига ўхшамас у юз.

Тилдан томиб турса иқрори,

Эътирозга шайланар жуфт кўз.

2

Сочлари оқарган қари Шарқ,

Кўҳна асотирлар ватани.

Не-не ҳикмат ураётир барқ,

Ҳар бир хасу тошида маъни.

Яратганнинг улуғ манзили сари

Валийлар нафаси бўлади кўприк.

Қанча қаландарлар кезар сарсари,

Қанча сўфийларнинг ноласи тирик.

Қалбини дуо-ла оҳорлаб ўтган,

Тановул ўрнига зикр айтган макон,

Суймиш рафиқига китоблар тутган,

Энг олий маркаби муқаддас Имон —

Бу шундай заминдир.

Акахон!

Мақтанвордим шекилли пича,

Биласиз-ку, Шарқ боласиман.

Мадҳиялар жомини ича

Сархуш оққан турк жоласиман.

Феъли балки сизга ҳам аён,

Шоириман ўзбаки юртнинг.

Сиз ҳам шоир,

Яшаган нолон,

Мана, ҳикмат,

Қултумлаб ютинг…

Шоирлар ҳақида гап кетди энди,

Бир дамгина чертмай туринг гиторни.

Шоирлар ҳақида,

Бўрилар эмас,

Бир тўкиб олайлик хуморни.

Сиз асли кўча боласи,

Қуюшқонсиз “безори” шоир.

Саройлари шоир кўрмаган юртдан,

Айтгану қўйгани оммага доир.

Аслида сиз Шарқни билмайсиз,

Осилмиш дор пастроқ, Акахон.

Бизда аввал тан олур тепа,

Бусиз шоир кетур бенишон.

Тушунмайсиз дедим-ку сизга.

Ҳозирча шу ўзи кифоя.

Сержаҳлсиз,

Сочмангиз қаҳр,

Яхшиси, мен

Сўзлаб берай битта ҳикоя.

Ҳикоят

1

Тонгда турган одам,

Керишган одам,

Бўйинбоғсиз,

Келишган одам.

Оёқлари судралиб аста

Уйдан чиқди

Тўлишган одам.

У ён боқди

Маъносиз кўзлар,

Бу ён боқди

Маънносиз кўзлар.

Бир дамгина

Қуйида қотиб.

Қиндан чиқди

Садосиз кўзлар.

Шошиб осмон сари юзланди,

Томлардан ҳам нари юзланди.

Қуёш турар.

Олам нурафшон,

— Соям қани?! —

Дея изланди.

Ана, уйнинг сояси мавжуд,

Дов-дарахтнинг кўланкаси бут,

Лекин унинг,

Унинг сояси…

Бор-ку савлат,

Ахир бор вужуд…

2

Тонгда турган одам,

Хўб ишчан одам,

Бўйинбоғда тўлишган одам,

Ишхонага келдию ҳайҳот,

Совиб кетди

Ҳар ишдан одам.

Борки ходим

Соясиз, маҳзун,

Нафас олар

Узундан-узун.

Бир-бировга илинжли кўзлар

Ёшланиб ҳам қўяди бир зум.

Барча жим,

Олам-жаҳон жим,

Бир сўз демас

Ботиниб ҳеч ким.

Радиоларнинг чакаги очиқ,

Керакли гап айтилмас лекин.

Туш бўлдими

Ёки асрми,

Бузмоқ бўлиб борки қасрни,

Ва ниҳоят симлар додлади,

Очгудайин бу мудҳиш сирни.

Бўйинбоғлар,

Ялтироқ бошлар.

Бурун узра чимрилган қошлар,

Ва ҳоказо казо-казолар

Машваратга чорлана бошлар…

3

Туни бўйи хос хоналарда,

Қўллар жағ ва пешоналарда,

“Чора борми?” деган саволнинг

Жисми қолмиш остоналарда.

Юлдузларни урган шоввозлар,

Деворларни йиққан овозлар,

Бир имоси оламни бузиб,

Қайта тиккан инсони хослар.

Давлат соҳиблари, ҳокимлар,

Ўликка жон берган ҳакимлар,

Бир чорасиз қотмиш барчаси,

Фақат сукут хонани димлар.

Ундоғ дейди биров ичида,

Бундоғ дейди биров ичида.

Чораси йўқ, деса кўнгиллар,

Шундоғ дейди биров ичида.

Бу савилни чопиб бўлмаса,

Сафга тизиб барчасин бир-бир

Тўпга солиб отиб бўлмаса!..

Ва ниҳоят энг каттакон бош

Ғўлдиради чайнагандек тош:

— бу сиримиз четлар билмасин,

Мухбирлари қилворар талош.

Газетларда ёза кўрмангиз,

Телевизорда лоф ҳам урмангиз.

Давлат сири бўлиб қолсин бу,

Қайсарларга етар турмамиз!..

Ҳозирча шу, тарқалинг секин,

Бирор чора топармиз лекин…

4

Сўлим сой бўйида

Солланиб турган,

Оташ келса,

Сувга бош урган,

Тўлин қизнинг хаёли каби

Бир гўзал боғ

Зўр макон қурган.

Япроқлари ҳилола ошиқ,

Мевалари Қуёшга маъшуқ,

Юлдузлардан сўзларин тизиб,

Куйлаб турар баҳорий қўшиқ…

Бу тун унга қўнди сукунат,

Ҳар кечалик қувончлар қулаб.

Жам бўлшди бир-бир соялар —

Ҳукуматга аксил ҳукумат.

Оппоқ эди соялар бирам,

Тунги боғда нур ўйнар тарам,

Қароликдан айру этмоққа

Парвардигор қилгандек карам.

Соялар ҳам машварат тузди,

Фикрларнинг қаймоғин сузди,

Ва ниҳоят бош бўлган соя

Айта қолди якуний сўзни:

— Эрк истаймиз биз ҳам ниҳоят,

Яратгандан бўлди ҳидоят.

Одамлардек эгилмоқлик бас,

Ҳурлик бўлсин энг олий оят.

Сўзимиз сўз, қайтиш йўқ энди,

Яшамоққа бизга гал келди.

5

Каттакон бош хос хонасида

Қўлин силтаб кезар жонсарак.

Ялтираган пешонасида

Кўринмайди бир фикр сарак.

Деворларга урар муштини —

Чет мухбирлар ис олгани рост.

Келиб-келиб унга тушдими

Бу мушкулга изламоқ халос?

Хона узра кезаверди у,

Бир офатни сезавреди у,

Остидаги ер айланди боз,

Ўз-ўзини эзаверди у.

Вақт айланиб етди асрга.

Жон кирмади аммо қасрга.

Деразадан термулган Ҳоқон

Асир эди чорасиз сирга.

Майдон узра сийрак одам ҳам,

Қайта элтмиш уларни бу ғам?..

Анов бола,

Кичкинтой бола…

Сояси бор…

Сояси бор тан?!.

Ҳа-ҳа,

Сояли бола,

Ўзи жимит.

Дароз кўланка.

Ҳей, ким бор?..

Қанисиз, ҳе-ҳей!

Тезроқ чиқинг анов йўлакка!

Болакайни келтиринг тезда,

Келтирингиз оёқни хезлаб!..

Чопди шотир,

Чопди шопирлар,

Ундан ҳиммат кутган ботирлар..

Бани хослар пастга югурди,

Бошларида чўнг хавотирлар…

Ястанволиб оромкурсига

Хўрозқандни сўрар болакай,

Чинорлардек унинг устида

Эркалайди барча пайдар-пай.

— Той бола-ей,

Хаҳ, чўччоғидан!..

Бидир-бидир сўзланар Ҳоқон:

— Келтирингиз сонсиз чироқлар,

Жар солингиз энди ҳар томон!

Соямиз бор бизнинг ҳам, мана,

Қайтимиз кам анов-мановдан?

Телевизору радиолар, сўзланг,

Кўпроқ ташланг сўзга қаловдан.

Ҳар давлатдан чорланар мухбир,

Суратчилар билмайди тиним.

Газетларга сақич топилди,

Ризқ топилди, шукур, бир илим.

Ҳар тарафдан қўйилган чироқ

Сонсиз соя қилар ҳавола.

Ястанволиб оромкурсига

Хўрозқандин ялайди бола.

Техникалар бузилди, бироқ

Маддоҳларнинг синмади жағи.

Синди қалам, қаламтарошлар,

Ёзаверди мухбирлар тағин.

Ним табассум Ҳоқон лабида,

Ҳар кеч элни табриклар тинмай.

Ястанволиб оромкурсига

Хўрозқандин ялар болакай.

6

Таҳликали тарқалди хабар —

Кзланкалар келармиш босиб.

Бош майдонда бўй чўзди хатар

Қўлларига қўнғироқ осиб.

Аср билан шомнинг ўртаси,

Кун-кечанинг учрашув пайти.

Тўда-тўда сарғимтир акслар

Келардилар хитоблар айтиб…

Аъёнларга амр этди Ҳоқон:

— Панжаралаб тўсинг теграни.

Қайтиб чиқиб кетмасин бир жон.

Миршабларнинг қўйинг мерганин!

Ва сояли болани олиб

Арш устига қўйдилар, ҳай-ҳай.

Ястанволиб оромкурсига

Хўрозқандни ялар болакай.

Энди Ҳоқон кўкрагин кериб

Сояларга тикилди кибор.

Қўл кўтариб —

Бир амр бериб,

Бунда жимлик айлади қарор.

— Не истайсиз, азиз фуқаро?

Тарк этдингиз нечун бизларни?

Яшардингиз одамлар аро,

Кет демади биров сизларни.

Яхшиликка жавоб шу бўлса,

Муддаони айтинг-да, қўйинг.

Юртимизда бахт-иқбол кулса,

Кимга керак бунақа ўйин?

Бир қалқиди соялар шу пайт,

Ҳар хитоблар фалакка учди.

Юраклар қафасдаги сайд

Мисол ўлиб эҳтирос қучди.

— Эрк истаймиз энди бизлар, бас,

Эгилмоққа қолмади тоқат.

Қисматимиз бўлди-ку қафас,

Кўрганимиз хушомад фақат.

Истамаймиз одамлар мисол

Ҳар кимсага этмоқни таъзим.

Агар бўлса жонимизни ол!..

Ҳоқон қоши чимрилди бадтар,

Қўл силтади ғазабнок бирам:

— Ўзингизга келтириб хатар

Баҳслашмангиз, акслар муҳтарам.

Бизсиз яшай олмайди агар

Десангизлар, янглишасиз, рост.

Бизда ҳам бор сояли одам,

У мушкулдан этгувси халос.

Шундай дея Ҳоқон болани

Чор атрофга қилди намойиш.

— Ана, соя турар солланиб,

Соямизда топиб оройиш.

Бола пастга тикилиб қолди,

Кўзи кезди соялар ичра.

Қай сояда нигоҳи тўхтаб.

Фаромушдек термулди пича.

— Ая!.. — деди пичирлаб бола

Ва ҳайқирди сояси туриб.

— Буёғдаман, аяжон! — дея

Туша кетди пастга югуриб.

Намойишга чиққанлар аро

Бир соя ҳам талпинди унга,

— Мен ўлайин!..

Мен бахти қаро!..

Болам, шукур, етдим шу кунга!

Аёл-соя, жимит кўланка

Бир-бировин қолдилар қучиб.

Икки тараф — икки аксил куч

Бир қалқиди осойиш кўчиб.

Ютгани бўлдими сукунат

Ё аламми, билмади Ҳоким.

Талвасада қўлларин силтаб,

— Қаро қилгум кунингни токим!

Миршаблар!

Аскарлар!

Ҳукмим шу —

Олов пурканг бу баттолларга.

Талаб қилмоқ ҳақ бўлса иши,

Чек қўйингиз хом хаёлларга.

Ёндиринглар, қароси ўчсин,

Бўла қолсин кул кўланкалар.

Юртимиздан исёнлар учсин,

Ибрат бўлсин шул кўланкалар!..

Ҳар тарафдан ёғилди олов,

Имон ютган одамлар пуркар.

Абас қолди қондошлик, аёв,

Олам қотди кўр, соқов ва кар.

Шу пайт аршда ғоз турган Ҳоқон

Дод солганча ёна бошлади.

Додлар додга уланди чунон,

Олов жонга қона бошлади.

Ёнди аъён, шотирлари ҳам,

Ёнди фаррош, шопирлари ҳам.

Ёнаверди миршаб, аскарлар,

Ёнди ўтмиш, хотирлари ҳам.

Соялар-чи,

Олов ичида

Ҳайратларда тортдилар увво.

Сояларнинг қорачўғида

Ёниб-ёниб борарди дунё.

Бу тилсимга ким берар жавоб,

Ақл-шуур кулдай тўзиган…

Сояларга қасд қилган одам

Ўт қўярди ўзи ўзига!..

Кундаги суҳбат

1

Бас, Акахон,

Ҳикоям адо.

Энсангизни қотирдимми боз?

Ростин айтдим,

Гувоҳдир Худо,

Гувоҳ бўлсин, майли, оқ қоғоз.

Мен биламан —

Сиз эрк фарзанди,

Қонингизда оқади ҳурлик.

Жисмингизни этса ҳам банди,

Шеърларингиз кўрмайди хўрлик.

Сиз аслида ҳурликнинг қули,

Ўзга кишан этолмас асир.

Озод сўздир умрингиз гули,

Куйласангиз лаҳзадир аср.

Сизга ҳавас қиламан, рости,

Бор овозда келур куйлагум.

Маконимдир ҳадиклар ости,

Юксакларга келур бўйлагум.

Гўзалларга ғулғула солиб,

Узоқ ўтли сўзламоқ қани?

О, Дон Жуан!

Ҳамиша ғолиб,

Ишқ йўлида ёсуман каби.

Девонавор севмоқлик учун

Ҳур муҳаббат бўлмоғи тайин,

Асир қолгай аёллар чўчиб,

Ишқ майини сипқоргандайин.

Шундайин ишқ,

Шундай муҳаббат

Ўлдирса ҳам розиман, бироқ

Қул кўнгилнинг домида фақат

Яшайверар занжирланган оҳ…

Ҳасратландим шекилли пича,

Биласиз-ку, Шарқ боласиман.

Аламлар-ла эшилиб кеча,

Кундуз куйган паймонасиман.

Ғадир-будир бўлса ҳам лекин

Ҳар ҳолда бор гапимни айтдим,

Сўзладиму тагдорроқ, секин,

Ўзимники аммо ҳар байтим.

2

Чиғириқлар кўргансиз сиз ҳам,

Гоҳ қўшиқда,

Гоҳо шеър учун.

Муҳаррир-ла кўргансиз баҳам

Гоҳида ҳур сўзларнинг кучин.

Муҳаррирлар кўп олам аро,

Барчасига гувоҳ ер усти.

Доим менинг йўлимни аммо

Ичимдаги муҳаррир тўсди.

Гоҳо қўрқув, ҳадик домида

Кўланкамнинг ўлчадим бўйин.

У кичрайиб борди гоҳида

Аҳволимга қилгандек ўйин.

Қайларгадир йўқолди баъзан,

Минг қўрқувга минг бири бўлиб.

Кўнгил ожиз айтганда азон

Йиғлайвердим тирилиб-ўлиб.

Мен тунлари қилган тавалло

Эритдими соямни ёки

Тор келганда кўзимга дунё

Қайтди дилга чироқлар ёқиб.

Мен яшадим ўтмишим билан,

Ўзга тилда айтдим бахтимни.

Мен яшайман кечмишим билан,

Ўзга тилда айтиб аҳдимни.

Буюклигим сўзлаб улуғлар,

Мен гоҳида бўйимга боқдим.

Яловланди кечаги туғлар,

Ҳайратланиб киприклар қоқдим…

Бугун билан келди яшагим,

Сўзлай дедим мен ўз тилимда.

Қўрқа-писа қадам ташладим,

Соям қочиб кетди йўлимдан.

Бир хитоб истадим —

Йиртар бўғизни,

Бир осмон истадим хаёлдек ҳарир.

Ёпган каби кимдир кундузни,

Йўлим тўсди ички муҳаррир…

3

Сиз ўриссиз, жаноб Акахон,

Озгина гап —

Пича миннатдан.

Юз эллик йил Ватанимни сиз

Сўриб ётган ўша миллатдан.

Бироз қўпол бўлса кечиринг,

Қўрқув — сиздан мерос асорат.

Ҳур овозлар олганда йиринг,

Хотирани айлади ғорат.

Мақсад бошқа,

Гап бунда эмас,

Гап шундаки,

Сиз солган ғулу

Бу кун энди бир бизга эмас,

Чор атрофга сочади оғу.

Биламан,

Сиз уялмоқдасиз

Шўриш солган кечаги кундан.

Уялишни билган кўнгилнинг

Азоблари кучли ҳукмдан.

Биз-ку яшаб юрармиз бир нав,

Оз бўлса-да ошимиз тайин.

Тоатимиз сабрлар туғиб,

Бирдан олдин,

Бировдан кейин.

Мусулмонмиз,

Тириклик — неъмат,

Ҳар ерларга илмаймиз байроқ.

Бу кунимиз бир навдир лекин

Юракдаги ниятимиз оқ…

Уриб қўйди ичда бир нима,

Ҳар нарсани айтмай мен кетай.

Ичимдаги муҳаррир яна

Гапиравер дегандек атай.

Бўлди, етар,

Ўзим ҳақимда.

Чор атрофда қон ичар уруш,

Ҳов нусхалар гоҳи чақинда

Гоҳ-гоҳида берар кўриниш.

Бизга таниш нусхалар ўша —

Юз эллик йил бўлган қадрдон.

Кўп қўшнилар соясиз, ана,

Минг адоват кавлар қабрдан.

Кимникидир қўлдаги қилич,

Кимларники оловтил қурол?

Кимлар дейди — ич, қонини ич?

Кимлар дейди — ол, жонини ол?!

Фарқламайди соясиз зотлар

Бешикдаги болани чолдан.

Ҳукм ўқир қадрдон ётлар,

Оғуларни тайёрлаб болдан.

Юрт бошида хомонлар тирик,

Ўлим қўйган Ислом (дин) отини.

Бошларида мақсадлар йирик,

Пойлаб ётар зоти зотини.

Бу қандай ҳол?

Ғовлайди бошим,

Соям ўпиб ўйга толаман.

Улғайгандек туюлар ёшим,

Фикран қартанг бўлиб қоламан.

Оширвордим шекилли пича,

Биласиз-ку, Шарқ боласиман.

Кечалари ўз ошим ича,

Кундуз қўшним паймонасиман.

Сизга ҳавас қиламан ҳануз,

Зилдек гаплар — меҳрим нишони.

Айтган бўлсам агар битта сўз,

Сизга айтдим бу кун, ишонинг!..

ДУО

Йўқол,

Бошим ғовлатган хаёл,

Бир дамгина ола қолай тин.

Юрагимни тилгувчи малол,

Қиличингни кутаётир қин.

Тақдиримга кетди-ку ботиб

Тилгинамга ёпишган хўрлик.

Қани, умрим тонглари отиб,

Юрагимда кўз очсин ҳурлик,

Яшайверсин ичдаги ҳурлик!..

Т А М О М

1996 йил, февраль, Андижон