Уф-фф!.. (назмий эссе)

Акахон ёхуд соялар исёни
15.09.2014
Фатво
15.09.2014

Сиз азизларнинг қаршингизда “уф-ф”ламоқ одобсизлик эрса-да,

узр ила бош эгиб, ушбуни шундай номладим.

Ўзбекнинг атоқли шоири Рауф Парфининг 60 йиллик тўйига эҳтиром ила бағишлайман.

МУАЛЛИФДАН

Ушбу достон 2001 йили Рауф Парфининг 60 йиллик юбилейига атаб ёзилган эди. Устоз ўша пайт бу эссенинг қўлёзмасини кўрган, лекин уни чоп этиш насиб қилмаган эди. Мана, орадан 10 йил ўтиб, устознинг 70 йиллик тўйига атаб, мазкур назмий эссени Сизнинг ҳукмингизга ҳавола этмоқдамиз.

НАЗМИЙ ЭССЕДАН КЕЙИН КЕЛГАН БАҒИШЛОВ

Дарвиш келар минғирлаб,

Ё Ҳу! Ё Ҳу!

Эй, юраги қинғирлар,

Ё Ҳу! Ё Ҳу!

Бошидаги кулоҳи,

Ё Ҳу! Ё Ҳу!

Тоғни ёпган матоҳи,

Ё Ҳу! Ё Ҳу!

Юҳо-юҳо дунёни

Кашкулига жолаган.

Хирқасини ёпиниб,

Тош болишни холаган (хоҳлаган).

Дарвиш келар минғирлаб,

Эй, юраги қинғирлар,

Ё Ҳу! Ё Ҳу!

Оллоҳнинг бир жазбаси

Пошшони хор айлагай,

Оллоҳнинг бир жазбаси

Оғочни дор айлагай.

Дарвиш келар минғирлаб,

Ё Ҳу! Ё Ҳу!

Титроқ келса оламни

Сиқиб-сиқиб қилар сув,

Сувни сизиб-сизғилаб,

Зардобини ичар у,

Эй, юраги қинғирлар,

Ё Ҳу! Ё Ҳу!..

БИРИНЧИ БОБ

1

“Рау-уфф!…”, деди ўшанда Ватан:

Далалар қорайди қақшаб,

Жимгина қуриди денгизлар.

“Рау-уфф!”, деди ва яна Ватан:

Яланғоч қолдилар дарахтлар

Баргларини шамоллар ямлаб.

“Рау-уфф!”, деди қайдадир Она:

Соғинчлар санчилди самога,

Учдилар саноқсиз юлдузлар.

“Рау-уфф!”, деди ва яна Она:

Дунёнинг излари қорайди,

Осмонда қора Ой, қора Ой…

“Рау-уфф!”, деди тағин нимадир:

“Рау-уфф!… Рау-уфф!..”, дедилар,

Қулоғи тешилди кунларнинг.

“Ра-а…” — чарчади замину самолар…

“Уф-фф!..”, деди қартайган Туркистон,

Бир сокин довуллар турдилар.

Ўв, она Туркистон, шоир Туркистон!

Кел, бир шеър ўқийлик юракдан,

Шоирлар туғилсин шер каби…

Уф-ф!.. Уф-ф!.. Уф-ф!..

2

Ухлар эди жимгина Қоя,

Бошига оппоқ қор ёпиниб.

Нафас ҳам олмасди бечора,

Қўрқарди —

Турмасин тоғлар отилиб.

Қўрқарди тоғлар уйғонишидан,

Кўчкидан қўрқарди,

Қўрқарди!

Бўронлар келганда гувиллаб,

Бўғзида юмшарди дарди.

Жимгина,

Томоғин ҳўллаш-чун

Лабларин тишларди,

Четидан

Ҳаволар ютарди ютоқиб,

Хўрсиниб қўярди кетидан.

Лабларин тишларди.

Лаблари

Қонарди ёрилиб-ёрилиб.

Қуйига ўрлаган қон-жилға

Жимгина чертарди торини.

Таралар товушсиз қон-қўшиқ,

Қип-қизил Қоя-чи — ловуллар.

Бир қўпчиб қўярди

Дафъатан

Довуллар турганда, довуллар…

3

Қон-жилға куйлаган

Қон-қўшиқ,

Қон-қўшиқ

Отилган қонлардан,

Қоянинг лабида ямланган

Хитобни яширгин тонглардан!

Тонглари алдоқчи,

Тонглари —

Шаҳватдан сузилган фоҳиша.

Барчага жилмайиб,

Барчани

Офтобда куйдирар ҳамиша…

Қон-жилға!..

Қон-қўшиқ!..

Қип-қизил,

Қип-қизил

Қон Қоя!..

4

Бир қуш самоларда кезади,

Тоғу тошни елпир қаноти.

Осмоннинг чети йўқ,

Далалар

Бормоқда уфқнинг бўғзига ботиб.

Дарёлар — дунёнинг ҳасрати,

Оқади бўғриқиб, ҳаприқиб.

Мавсуми —

Тоғларнинг пойида абадий

Ташвишли дунёнинг афсуни.

Қуш эса бепарво,

Парвоси

Қон-қўшиқ куйлаган чўнг Қоя,

“Қи-ияғқ-қ!..

Қи-ияғқ-қ!..” — овози,

Девони хитоби топмас ниҳоя.

Айланар, айланар,

Айланаверар,

Тўзонлар кўтариб заминда.

“Қи-ияғқ-қ!..” —

Қуш тилида муножотим бу,

Бўзларми бир парча Ватан ғаминда?

Ватан —

Қуш қанотин насийми,

Ватан —

Муножотдир беун, бенаво.

Айтилмаган қайғудир Ватан,

Ватан —

Бўғизларни совутган ҳаво.

 

ИККИНЧИ БОБ

1

Рауф Парфи нега ўлмади?

Нега ўлмайди Рауф Парфи?

Ҳамон тирик,

Ҳамон тирик у,

Ҳамон тирик шу Рауф Парфи…

Танийсизми ўзи Рауф Парфини?

Танимасангиз, айтай,

Қани, ўтиринг,

Чордона қуринг,

Ҳа-а, бемалол…

Мен сизга айтсам, биродар,

Шунақа шоир бор сочлари оппоқ.

Бўйи пастак, новча,

Хуллас, ўзгариб турар.

Шу шоир,

Ҳа-ҳа, шу шоир

Олтмишга кирибди писмайиб олиб,

Ўлмабди!..

Нега ўлмайди ахир?

У улуғ шоир-ку, улуғ!..

Ўрисдан — Пушкин, Лермонтов,

Ўзимиздан — Чўлпон, Носирлар,

Ақдан эса — Байрону Лорка,

Яна қанча-қанча улуғлар

Қирчинида қийрилган ахир!

Нега тирик ҳамон бу шоир?..

2

Рауф Парфини ўлдириш керак,

Ўлдириш керак Рауф Парфини…

Йўлласакми эрксиз элларга —

Ҳур сўз учун жон талош бўлган,

Ҳокими мутлақлар ҳукмидан титрар

Халқларнинг бағрига отсакми уни?

Ёки жўнатсакми аёлу гўдак

Урушдан дод солган шўрлик юртларга.

Унда шеър ёзарди бу шоири зор

Уруш ҳақида.

Кўзёшлар ҳақида.

Ҳар ҳолда ўша ёқларда

Ўлиб кетармиди

Отилибми,

Осилибми,

Чопилибми,

Сўйилибми,

Кўмилибми,

Не бўлганда ҳам бир бало бўлиб.

У эса олтмишга кирса,

Озод Ватанда писмайиб олиб.

Ўзбекистон халқ шоири

Рауф Парфи…

3

Рауф Парфи ҳам бола бўлган,

Гўдак дейман-да.

Ҳовлидаги кичкина боғнинг

Ўрик, олмасига боғланган

Читта қопли беланчагида

Чалқанча ётарди подшоҳ бўлиб.

Икки-учдамиди ўшанда ёши…

Ҳар ҳолда ғужжо-ғуж барглар оралаб

Осмонни топарди бемалол.

Йўқ,

Унинг бошига тушмади олма,

Ҳатто ўрик ҳам.

Фақат унда қушларни кўрди,

Япроқларни ликобча қилиб

Қўшиқлар куйлаган қушларни.

Ҳа, улар сайрарди “чуғур-чуғур”лаб

Жимитдек боланинг қулоқларига

Самовий фалсафа дурларин қуйиб

Қанотли ошиқлар тилида.

Ётаверди шундайин Рауф

Осмонга термулиб,

Қушларни тинглаб.

Кейин не бўлдию турди ўрнидан.

Қорни билан сидирилиб

Тушиб келди беланчагидан

Ва югурди ўчоқ бошида

Ғимирлаган онаси томон.

— Ойи, — деди қичқириб Рауф, —

Мен шоир бўламан, ойижон!

Она лолу ёқасин тутар,

Бир қарич боланинг сўзларидан

Шошганча ақли, қотади ҳайрон.

— Шоир нелигини билурмисан, болам? —

Дея елкасидан тутар онаси, —

Ақлинг етадими ўзи бу гапга?

— Шоирлар осмонда учиб юради,

Сайрашар дарахтнинг шохига қўниб

“Чуғур-чуғур, чуғур-чуғур”!..

4

Ниҳоят улғайди ўшал жинқарча,

Туппа-тузук шоир ҳам бўлди.

Энди уни таний бошлади

Ўз юртида, ўзга юртларда…

Қай кун эди

Ўрис шоири

Йўқлаб келди уни туйқусдан.

Бир-иккита “оқи”дан “сўйиб”,

Меҳмон қилди шоир ҳам хурсанд.

Сўнг суҳбат қурдилар ҳаёт ҳақида.

Шеърият ҳақида.

Миллат ҳақида.

Кўпроқ савол берди ширакайф меҳмон:

— Почему ты много пьешь, Рауф?

— Потому что она горькая.

— Почему тебя зовут Рауфом?

— Потому что у нас когда устает,

Что нибуд надоесть или,

От глубины сердца скажут

“Уф-ф!..”

(Как у вас, не знаю.)

Так что этот надземной мир

Пока скажет “Ра”

Учтанет от меня

И выдохнет долгий-долгий “уф-фф”.

От этого и получиться “Рауф-ф”…

— Однако… Ахир!..

Ўзбекчани биламан-ку мен.

(Ҳа, айтгандай, Рауф Парфи билан

Бир бора сўзлашган одам

Китобдами

Ёки тилдами,

Ўзбекчалаб сўзлай бошлайди

Ўрик шохидаги қушлардай худди.)

— Нега энди сочларинг оппоқ

Эй, ўзбекнинг дарвиш шоири?

— Аслида бу сир,

Лекин айтаман.

Мен шеър ёзардим қайси бир куни,

Шеър ўқирдим Туркистон ҳақда.

Йиғлардим ҳам шекилли, билмам,

Тафсилотлар эсимда қолмас.

Ўшанда

Овутмоқчи бўлдими халқим

Ёки аядими бало-қазодан,

Бошимни силади кафтлари билан.

Олов эди бу кафтлар бирам,

Ловулларди бу миллат зотан.

Чўғ теккандай бўлиб бошимга

Олиб қочдим уни кафтлардан.

Олиб қочарканман, уни туйқусдан

Уриб олдим Қуёш кўксига.

Бошим куйди,

Сочларим куйди

Ва оқарди қордайин оппоқ.

Шунданми,

Даласи ҳам оппоқ ўзбекнинг…

— Ҳа, айтгандай, Рауф…

— Саволларни қўй энди, дўстим,

Яхшиси, кел, олайлик буни.

Аччиқ кесар ахир аччиқни!..

5

Аллақайси муҳташам бинода

Бир куни

Аллақайси жамғарма ёки

Қанақадир номли уюшма

Уюштирди кўргазма. Унга

Йиғилдилар бир тўп бекорчи.

Шунда эди Рауф Парфи ҳам,

Ахир у-ку буюк бекорчи.

Кутишарди кимнидир интиқ,

Келармиди бирон каттакон

Кўргазмани очиб бергани.

Бир пайт

Бўйинбоғлар қолди питирлаб,

Тизилдилар эшик оғзида.

Кириб келди каттакон

Атрофида шотирлар билан.

Танир эди уни шоир ҳам,

Танигандек у буни.

Ҳар ҳолда у ҳам

Дохил эди адабиётга.

Кўргазма таърифин қотираётган

Ёнидаги амалталабнинг

Сўзларига зўраки

Қулоқ тутган каттакон

Кўриб қолди Рауф Парфини.

Оҳори тўкилган кўйлакда

Мунғайиб турган

Соч-соқоли оппоқ шоирни.

— Ие, Рауф ака, бормисиз?

Омонмисиз ҳар қалай, ака?

Силлиқ эди унинг сўзлари,

Юзлари,

Сарпоси,

Силлиқ эди Каттаконнинг ўзлари.

Бир тамшанди

Юмшоқ кафтдан

Ориқ бармоқларин оларкан шоир.

— Ҳамон пул йўқ, — деди у, —

Юз грамнинг васли ҳам танқис.

Каттакон негадир чоғланди,

Пайпаслади силлиқ кастимин

Шакли бузилмаган чўнтакларини.

Афсус, пули йўқ эди унинг,

Пул олиб юрмасди чўнтагида ҳам.

Ахир пул на даркор

Ўзи давлат бўлгач,

Ўзи ҳукумат?

Каттакон имлади-да ёнидагига,

Жўнаб қолди хайр-хўш насия.

“Ёнидаги” шоирни элтди

Турфа рангли буфетга сари

Ва шипшигач буфетчига ров,

Каттаконга эргашди яна.

Юз грамм арақни қуйиб буфетчи

Сўрар экан шоирга, деди:

— Не бор сиздай алкаш одамга

Каттаконлар юрган бу ерда?!

— Кўчалар ҳам тўла каттакон,

Қайда юрай,

Не қилай ахир?! —

Деди шоир хижолат тортиб.

Сўнг

Мен ҳам халқ шоириман.

Демоқчи бўлди,

Лекин уялди,

Йўқ эди гувоҳномаси.

Кўтарди-да юз граммни шаҳд,

Тамшаниб-тамшаниб қўйди кетидан.

6

Бир куни шоирнинг уйига

Ғалати шоир келди.

Қўллари тўла сурат

Игна билан чизилган.

Юзи қорамтир-заҳил,

Йўталади муттасил.

Шеърлари содда, лекин

Эҳтирос тўла экан.

Ўрисча айтилганда.

Шеърлар эди “блатной”,

Девона юракларга

Ёқиб тушар мисли мой.

Шоир сўрар шоирдан:

— Қалай уёқда ҳаёт?

Фалон-фалон шоирлар

Топмоқда недан нажот?

Чекди нариги шоир.

Ичди бериги шоир,

Умиднинг калласида

Чироқ ёнди ҳайтовур.

— Ахир хаёл — паризод.

Уни севар одамзот.

Қул деб қўйгач Яратган

Ким ҳам яшарди озод?

Биров бунда, ким унда.

Ёруғ ҳам қаро кунда

Оппоқ қоғоз тополсанг,

Толенинг бори шу-да.

Тун ярим бўлган пайти

Иккиси ўзга қайтди.

Рауф Парфи ҳов барча

Шоирга салом айтди.

Олгач тўйиб хўрсиниб,

Тарк этдилар курсини.

 

7

Шоирнинг хосхонаси.

Яъни қабул жойи бор.

“Навоий-30”нинг шундоқ ёнида

Яланғоч қаҳвахона

Келганда қадрдонлар

Бўлар унга бошпана.

Мен ҳам келдим бир куни

Устозни йўқлаб.

Билмайман, ушбу суҳбат

Ўшанда бўлганмиди.

Ёки хаёлларимда

Рост каби унганмиди.

Ўртада битта “шиша”,

Кетдик суҳбатга туша:

— Нега кўп ичасиз, ака?

— Чекаман яна тағин.

— Нега оппоқ сочингиз?

— Бошқа ранг ярашмайди.

— Шоир бўлдингиз нечун?

— Дарахтда сайрамоқ-чун

Юрсам осмонда учиб.

— Шоирларни жинни дейдилар?

— Ҳа-а… Ундайлар ҳам бор, —

Ақлсизлар сўзи бу.

Лекин

Жинни ким ўзи,

Яъни жинли дейман-да?

Ўзга олам билан сўзлашади у.

Демакки, эмасдир бизнинг кемада.

Айбми шу?

Шоирлар ҳам эҳтимол

Дохилдирлар ўзга оламга.

Балки хилқатдирлар фаришта мисол…

Оширвордимми?..

Не тонг,

Банда банда экан-да.

— Ўзбекистон халқ шоирисиз?

— Значогим йўқдир лекин.

— Озодлик нимадир?

— Озодлик?.. Саволларнинг камлиги.

Яна тағин… Билмадим…

— Йиғлаб ҳам турасизми?

— Ватанимни ўйласам.

— Армонингиз ҳам бордир?

— Ватан.

— Орзуингиз?

— Ватан.

— Қувончингиз?

— Ватан.

— Андуҳингиз?

— Ватан.

— Яна-чи?

— Ҳаммаси Ватан.

— Уф-фф!

Уф тортиб юбордим дафъатан

Ва уялдим қилмишимдан тез.

Устоз жилмайди.

Уф тортарди ахир бу маскан,

Йўллар,

Автолар,

Уф тортарди бу шаҳри азим,

Уёғи тоғлар,

Боғлар,

Дарёлар,

Ва ҳоказо казо-казолар.

Тортар эди олам уф

Тишлари ортидан.

Гўёки

Оғзига солингандек қулф.

Уф-фф!..

8

Рауф Парфи нега ўлмади?

Олтмишга кирибди писмайиб олиб…

2001 йил, март-август