Болта билан чопилган шоир

“Уйга қайтиб…”
17.02.2019

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон!
Шоир, ёзувчи, публицист, драматург, таржимон, курашчи, истиқлолчи!..
ХХ аср(бошидан)да Чўлпондан улуғроқ ижодкор, маърифатпарвар, юртпараст, жону жаҳонини довга (яъни гаровга) тиккан бошқа бирор инсон бормикан?! Балки бордир. Билмасам, кечиринг! Аммо бори ҳам ўн бармоқча бўлар…
У қандай ўлган, яъни қай тарзда жон таслим қилган, деб сўранг!..
Бир даврада замонамизнинг манаман деган зиёлиларидан бири (тақводор, яхши эътиқодли одам) уч зиёли (мен ҳам борман) олдида “Чўлпон эътиқоди бузуқ одам бўлган”, деди.
Аввало у “мулла”га бундай ҳукм айтиш ҳуқуқини ким берди? “Ювош-ювош”, дедим Чўлпончасига. Эҳтимол бу гапларга сабаб шўринг қурғур раҳматли шоирнинг ўта янгиликпараст бўлганидир?..
Сиз (15-16 ёшли) Чўлпоннинг илк мақолаларини ўқинг. Маърифатсизлик, саводсизлик, қашшоқликка қарши яққол исённи кўрасиз. Ўша ёшида манаман деган мулкдорларни, мадрасалардаги аҳволларни қаттиқ танқид қилган. Чунки у дунёдаги ўзгаришлардан (отаси келтирган газеталар орқали) бохабар эди.
Сиз унинг шеърларини ўқинг: ҳатто ишқий шеърларида ҳам истиқлол орзуси, Ватан дарди бор. Сиз “Кўнгил” шеърини ўқиганмисиз? “Бузилган ўлкага”, “Халқ”, “Қаландар ишқи” ва бошқалар эрк орзусида ёзилган буюк шеърлар-ку! “Гўзал” сиз ўйлаган “гўзал” ҳақида эмас. “Ҳамлет”ни биласизми, аждодингиз 37-йилда қолгур?! “Адабиёт надир?”ни (16 ёшида ёзган) бир ўқинг! “Кеча ва кундуз”дай асар ўзбек адабиётида ҳалигача йўқ — бу ҳақиқат!
Шоирнинг тақдиридек романининг қисмати ҳам ўзига хос: биров “Кундуз” қисман ёзилган дейди, бошқа биров эса аксинча. Эркин Аъзам “Чўлпон романини нашр эттириш учун шу усулни қўллаган”, дейди. Яъни “шўро ҳаёти — кундузни” кейин ёзишини айтади. Мен эса бу халқнинг энди (ўша пайтда) кундузи бўлмайди, демоқчи бўлган деб ўйлайман. Бу сирлилик ҳам Чўлпоннинг буюклигидан.
Бор-йўғи ўнтача ҳикояси бор. Улар кимникига ўхшайди? Агар Оллоҳ имкон берса, журъатингиз етса, Ойбекдан, Ғафур Ғуломдан (дарвоқе, Усмон Носирдан), Эркин Воҳидовдан, Абдулла Ориповдан, Рауф Парфидан, Омон Матжондан, Шавкат Раҳмондан, Усмон Азимдан, Хуршид Даврондан, ҳатто Улуғбек Ҳамдамдан (шеър ёзмаган устозлар Эркин Аъзам, Шукур Холмирзаевдан ҳам) ва ҳоказолардан сўраб кўринг: ХХ аср ўзбек адабиётининг энг зўр шоири ва ёзувчиси ким деб. Улар бир хил жавоб берадилар, у — Чўлпон! Чунки саналган устозларнинг ҳаммалари Чўлпон (шакл, тажриба, интилиш, янгиликлар)нинг енгидан чиққан. Улардеклар дунё туркий оламида ундан-да кўп!..
Бундан ўн беш йиллар муқаддам Андижондаги учрашувлардан бирида ҳозирги академик устоз, фидойи чўлпоншунос Наим Каримов бир фактни айтганди: ўша пайтлари бир юртдошимиз Германияга борган. У сафар мобайнида ўзбек бўлмаган бир одам билан учрашиб қолган. Ўша одам бу юртдошимизнинг ўзбеклигини билгач, сўраган:
— Чўлпон деган шоирни биласанми?
— Ҳа!
— Унинг қандай ўлганини кўрганман! — деган.
Маълум бўлишича, у ўтган асрнинг 30-йилларида НКВД (ички ишлар халқ комиссариати)да ишлаган экан. Юртдошимиз тафсилотини сўраган.
— Уни (яъни Чўлпонни) отмоқчи бўлишган, аммо тўппонча отилмаган (мен бунга ишонаман, буюк шахсларда ҳамма нарса бетакрор бўлади, ҳатто ўлими ҳам). Бу бир неча бор такрорланган. Охири шоир “От! Ўлдир! Мен сенларнинг давлатингда яшашни истамайман!” дея бақирган (бу устоз Наим Каримовнинг гапи). Шунда шоирни болта билан чопиб ўлдиришган! — дея жавоб берган “НКВД”чи.
Мен бу гапга ишонаман!
Зўрни зўр денг, азиз ватандош!
Энди Чўлпон бобога нима керак? орзулари рўёбга чиққанини исботлашимиз зарур холос. Акс ҳолда, ё биз ёлғончи, ёки истиқлолимиз рост эмас!
Чўлпонга тош отгунча онгингизни, ғоянгизни, иймонингизни, жойнамозингизни тозаланг, ҳов, одамлар!
У бор-йўғи 41 йил яшади. Аслида яшадими?.. Уни шу ёшида қатл этишди. Энди айтинг-чи, Чўлпонни бирор марта ёш ҳолида тасаввур қилганмисиз? Ишонаманки, ҳеч қачон! У ҳамиша улуғвор кўринган, чунки уни миллат дарди шу ҳолатга олиб келган. Унинг бирор сатрини шунчаки ўқиб бўлмайди.
У бир умр сарсон-саргардонликда, ҳатто муқим уйсиз яшади. Таъқиблар, мунтазам руҳий таҳлика, хўрликлар — буларни гапириб ўтирмайман. Шунда ҳам у Шекспир, Пушкин, Лермонтов, Тагор, Горький, Чехов ва бошқаларнинг асарларини маҳорат билан таржима қилди.
Биз ҳали Чўлпонни тўла тушуниб етганимиз йўқ. Лекин ўша кун яқин. Янги авлод истиқлолни юракдан ҳис этиши, том маънода жасоратли бўлиши учун Чўлпон ҳақида кўпроқ гапиришимиз, уни улуғлашимиз лозим. Ўшанда улар жасорат ҳеч қачон унутилмаслигига ишонишади. Ўшанда ҳозир тўрт қатор нарса ёзиб-ёзмай осмонга сапчиётган, мукофотлар тама қилаётган қаламкашваччалар ҳам сал ўзларини босиб оладилар, эҳтимол уларнинг сони камаяр!..

15-16 март, 2019 йил