«Ёзувчиларга қанотларини очишлари учун кенг само керак»

Болта билан чопилган шоир
22.03.2019

Истеъдодлар томонидан яратилган маънавий бойлик – бадиий асарлар халқнинг бебаҳо мулкига айланган. Яратиш, ижодда бадиий кашфиётлар қилиш – учун эса Аллоҳ томонидан берилган талантдан ташқари ижодкорда жасорат, ҳалоллик ва фидойиликка мойиллик каби ноёб фазилатлар бўлиши зарурлиги табиий.

Шу маънода бугунги, замонавий ўзбек адабиёти вакиллари ижоди қай даражада? Улар ҳақиқий ижодий мўъжизалар яратиб, узоқ йиллар тарих саҳнасидан тушиб кетмайдиган бадиий полотнолар яратишяптими?

Ҳам насрда, ҳам назмда баб-баравар сермаҳсул қалам тебратаётган ижодкор билан суҳбат қуриш шу жиҳатдан олганда анча долзарб деб ўйлайман.

– Ҳа, ҳақиқий ёзувчи – бу Оллоҳнинг инъоми. У ўзи мансуб халқнинг том маънодаги маънавий мулки, бойлигидир. Чунки истеъдодли ёзувчининг зиммасига юкланган миссияси юки ўз халқининг тақдирига, дардларига чамбарчас боғлиқ бўлади. У ўша юкни кўтариб яшашга ва «куйлашга» маҳкум.

Албатта, бугунги ўзбек адабиётида «мўъжизалар», «полотнолар» яратиляпти деёлмайман. Чунки ёзилган барча асарларни ўқиганман, деб айтолмайман, тўғриси-да. Тағин бир нарсани ҳам эслатиб қўяй: биз ўзбек ижокорлари бир-биримизга писандсиз қараймиз – бу бор гап. Балки бу қусур менда ҳам бордир. Бироқ Ш.Холмирзаев, Э.Аъзам, У.Ҳамдам, И.Султон, А.Йўлдош (кимларнидир унутган бўлсам, узр) каби ёзувиларнинг яхши асарларини унутмаган ҳолда, айтишим мумкинки, биз ҳамон ўз қобиғимиздан чиқиб кетолмаяпмиз.

Хўш, бу нималарда кўринади?

Аввало, ўша сиз айтган жасорат танқислигида. Ичимизда ҳамон «цензура», қўрқув бор. Ҳа-ҳа, бор! Фақат тан олмаймиз холос.

Хўш, мен ўз халқимни борки қусуру фазилатлари билан яхши кўрар ёки Ватанимнинг тақдирига бефарқ эмас ва уни жондан севар эканман, нимадан қўрқишим керак? Демак, қандайдир умумдардларимиз, миллий муаммоларимиз ҳақида ёзсам, мени нимададир айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Энди бу тушунча бизда ҳам, жамиятимизнинг бошқа аъзоларида ҳам бўлиши лозим. Акс ҳолда, сиз ўйлаган «полотнолар» яратилмайди.

Иккинчидан, ҳамон қамровимиз тор. Тўғри, оддийгина бир чумоли образи орқали кўп гапларни айтиш мумкин. Бироқ бунинг учун ўша чумоли одамга, унинг уяси биз яшаётган оламга, уйлари биз яшаётган коинотга айланиши керак-да. Биз эса кўпинча ўз қобиғимиздан чиқолмаймиз.

Учинчидан, чираниб, ўзимиздан баландга сакрашга уринамиз. Кимларгадир ўхшашга саъй этиб, ўз қиёфамизни йўқотиб қўйганимизни англамаймиз.

Тўртинчидан, она тилимизнинг имкониятларидан тўла фойдалана олмаймиз. Очиғи, тилни ҳис қилиб ёзадиган қаламкашларимиз кам.

Бугунги шеъриятимиз эса ХХ асрнинг 70–90-йилларидагидан орқага кетаётгани рост.

– Набижон, сизнинг асарларингизни ўттиз йилдан буён мутолаа қилиб, шундай хулосага келдим: ижодкор эътиқодидан бир зум бўлсин воз кечмаслиги зарур экан!

Яна шуни англадимки, ижодкор рост сўзлаш, ҳақиқат қасрига интилиш истагидан чекинмаслиги керак!

Газетада босилган суҳбатларингиздан бирида юрагингизда зардоб бўлиб ётган дардларни тўкиб солган эдингиз: «барибир биқиқлигимиз, қамров майдонимиз торлиги сезилиб қолмоқда. Биз ҳар қанча олифтагарчилик қилмайлик, қамров нуқтаи назаридан қараганда ҳали насрбошиларимиз Қодирий, Чўлпону Ойбек домлалар яратган асарларга тенг-тўшроқ бўлгулик нарсалар ҳам ёзолганимиз йўқ… армонларим, ўкинчларим ҳам йўқ эмас. Масалан, ривожланган давлатларда ёзувчи фақат ёзувчилик қилади. Бизда эса бошқачароқ: ўзбек ёзувчиси ота, оила бошлиғи, ишхона ходими, маҳалла аъзоси, қариндош ва ниҳоят ана шулардан ортган вақтида у ёзувчи. Шунингдек, кейинги пайтда ТВ ва матбуот ёзувчиларга эътиборсизроқ бўлиб қолгандек. Умидим, ёзувчилар билан суҳбатлар, учрашувлар кўп бўлса…»

Айни кунларда сизни безовта қилаётган ўйлар, дардлару беадад ташвишлар нималардан иборат, деб сўраб қолишса қандай жавоб қайтарган бўлар эдингиз?

– Қодирий, Чўлпон, Ойбекларга нисбат бериб айтган фикрларимга энди қўшилмайман. Тўғри, Чўлпондаги жасорат, Ойбекдаги билим, тарихга боғлиқ қамров кўпчилигимизда йўқ. Лекин тил билан ишлаш, шакл, образлилик борасида улардан ўзиб кетган ёзувчиларимиз ҳам бор. Аслида ижод у ановиндан зўр, бу мановиндан паст, дея баҳоланмайди. Бу ҳам бизгагина хос бўлган қусурлардан.

Бугун ТВ ҳам, матбуот ҳам ёзувчиларга яхши эътибор бераяпти – бундан нолийдиган жойимиз йўқ. (Хусусий каналлар эса шоир ва ёзувчиларни яқин йўлатишмайди. Чунки улар билан гаплашиш учун билим керак-да.) Аммо қаламкаш бирон жойда ишламаса, ҳамон тирикчилиги ўтмайди – бу аниқ. Зўр асарлар яратилишининг кушандаси ҳам, аввало, шу ҳолат бўлса керак.

Дардлар денг!..

Келинг, фақат адабиётга, менинг унга муносабатимга оид изтироблар ҳақида гаплашмайлик. Рост, китоб чиқариш ҳамон муаммо. Ёзувчи катта бир роман, ҳатто у бугунги ёшларга кўп нарса бериши мумкин бўлган тарихий асар эса-да, ёзгач, яна нашриётлар аро сарсон кезади, ялинади, ёлворади. Ахир, XXI асрда яшаяпмиз. Ноширлар ҳам ёзувчиларга оз-моз қайишишлари керак-да.

Бунинг устига, қайсидир нашриётнинг «Она сути оғзидан кетмаган» муҳаррири ижодга жонини тиккан бечора ёзувчини таҳрир қилиб ташлайди. Сўрамайди ҳам.

Қалам ҳаққи борасида гапиришни ҳам истамайман!

Кўпчилик адабиётшуносларимиз эса уйини қиморбозларга бўшатиб берган одамга ўхшашади. Ҳар бир янги асардан «чўтал» унса бас. Яъни унинг муаллифига қараб муомала қилишади. Асосий дардим эса янги нарса ёзолмаяпман, ёзолмаяпман, ёзолмаяпман!..

«Асар – кашфиёт» дейиш реалликдан узоқ, дабдабага яқинроқ эмасми, нима деб ўйлайсиз? Биз азалдан ихтирочилар, кашфиётчилар деганда, одатда оламшумул янгиликлар яратган инженеру олимларни назарда тутамиз. Ёзувчи инсон руҳининг инженери экан, демак, у ҳам кашфиёт яратишга қодир, дея ўйлаймиз.

Буюк адиб Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» эпопеясини мутолаа қилганингизга шубҳам йўқ. Ҳақиқатан ҳам асар улуғ адибнинг кашфиёти. Сиз буни қандай талқин қилишни истайсиз?

– Яхши асар, албатта, кашфиёт – бунга шубҳа йўқ. Унда, энг аввало, фазилату қусурлари билан тирик одамлар яшайди.

Иккинчидан, қаҳрамонларнинг ҳар бири сиз таниган кимгадир ўхшайди.

Учинчидан, миллатидан қатъи назар, ҳаммага тушунарли бўлади.

Тўртинчидан, тил адабий, аммо жозибаси, сеҳри жиҳатидан ўқиганки одамга яқин бўлади.

Бешинчидан, сюжет қурилиши, ифода усулида яққол маҳорат сезилади. Яъни муаллиф бир нарсани айта туриб сизга бошқа бир нарса ҳақида эслатади ва бу сизга жуда осон ҳазм бўлади.

Олтинчидан, муаллифнинг тафаккур кенглиги, ҳар бир детал, образ, ишора ва ҳоказоларни ёдда тутиши сизни ҳайратга солади.

Лекин «кашфиётлар» булар билангина якунланмайди.

Айримлар ёзмаса туролмайди. Баъзи сохта ижодкорлар эса фақат улуғ ёзувчиларга ҳавас туфайлигина қўлига қалам оладилар. Шу маънода, ўзбек адабиётида пайдо бўлган қайси асарлар, нима учун сизга маъқул бўлди? Аммо қайси асарлар, нима учун сизга ёқмади? Бу фикрларингизни кейинги йилларда яратилган романлар асосида билдирсангиз, айни муддао бўлар эди. Сиз ҳақиқатгўй адибсиз, очиқчасига мулоҳаза юритишингизга ишонгим келади. Ёки истиҳола қиласизми?

– Ҳа, истиҳола қиламан.

Юқорида айтдим, ҳаммасини ҳам ўқимайман. Гоҳо вақт йўқ, гоҳо асар бошидаги тумтароқ сўзлар, жумлалар ҳафсаламни пир қилади. «Фалончи роман ёзибди», дейишади. Ўқисангиз, бошиданоқ ҳаваскорлик сезилади. Ҳа, бугун жанрнинг, яъни романнинг мақоми сал пасайди.

Мен ҳам ёзмасам туролмайман, бироқ ёзолмаяпман.

Лекин ёзишда ҳеч қандай тама бўлмаслиги керак!

Улуғбек Ҳамдамнинг «Янги одам» шеърлар туркуми катта изтиробнинг маҳсули.

Абдуқаюм Йўлдошнинг бир неча «кинолар»и ҳаммага тушунарли ва дилга яқин.

Эркин Аъзам – устоз. Биз унинг ҳикоя ва қиссаларини ўқиб улғайганмиз. У кишининг шунчаки гапи ҳам бир асар. «Кинолари» ҳам зўр. Устоз тилимизнинг «милтиқли кишиси». «Эрталабки хаёллари» – сиз айтган изтироблар мажмуи.

Баҳодир Қобулнинг қисса ва ҳикоялари ўзига хос, бетакрор.

Нурали Қобул — заҳматкашнинг туркум романлари – у бу кучни қаердан олади-я?!..

Дарвоқе, Исажон Султон! Дўстим! У ҳамма нарсани тафтиш қилади, улгуради.

Ва ҳоказо!..

Табиийки, кашфиёт ўз-ўзидан юзага келмайди. Аввало, ёзувчилик истеъдоди зарур. Аммо бу сўзни суиистеъмол қилиш одат тусига кирган. Сал уқувлироқ бўлсаям у истеъдодли ижодкор, дея айюҳаннос соламиз. Демак, бир-биримизга ортиқча баҳо бериб юборамиз. Талантли ёзувчи, деганда нималарни назарда тутасиз?

– Саволингиз ғализ, «сал уқувлироқ бўлсаям», деганда нимани назарда тутдингиз, билмадим.

«Талантли ёзувчи» (сизнингча-да) – бу, энг аввало, ўта самимий одам. У самимийликни ҳаводек қабул қилади ва бошқаларга ҳам илинади. Чунки адабиётнинг бош унсури самимийликдир.

Талантли ёзувчи бу мураккаб дунёни жуда оддий, содда англайди. Ҳаммаси олдиндан аён, бироқ мутлақо ноаён.

У ўзидан қониқмайди, ҳатто ёзаётган асарини сўнггиси деб билса ҳам.

Талантли ёзувчи ўзидан бошқа ҳаммани, борки нарсаларни севади. Ўзини эса бутун умр ғазаблаб ўтади. Бунинг нақадар азоблигини билсангиз эди.

Бугунги ўқувчи ҳақиқий ижодкорларнинг китобини танлаб ўқияпти, деб ўйлайсизми? Уч-тўрт ой аввал Самарқандда ижодий учрашувлар ўтказдим. Сиз ҳам Андижондаги туманларга бориб турасизми? Китобга қизиқувчилар кўпайган, истеъдодли адибларнинг асарлари тинимсиз ўқиляпти дейишади. Бу гап ростми?

– Ҳозир китобларнинг нархи гўё қимматдай. Бировга совға қилсангиз ўқийди, бошқаси… пулига китоб олувчилар барибир кам. Эски гап: китоб ўқийдиган одамнинг пули йўқ, пули бор китоб ўқимайди.

Бироқ мамлакатимизда китоб мутолааси ҳар ҳолда ортиб бормоқда. Нисбатан-да.

«Нуроний» жамғармасининг Андижон вилояти бўлими раҳбари Ўктам Охуновни кўп ўқийди, дейишади. Бир-икки гаплашиб, бунга амин бўлдим. У кишини «ўрисфеъл» ҳам дейишади. Қизиқ, бизда ўқимишли, тўғри гапирадиган одамни шундай аташ урф бўлган. Мана, сизга кўзгу!..

Дарвоқе, математика ўқитувчиси бўлмиш Бозорбой Сотқинов деган акам бўларди (Худо раҳмат қилсин). Қўлига китоб тушса, яхшигина ўқирди.

Менимча, ўзбекнинг ҳозирги истеъдодли ёзувчиларини кўпчилик танимайди. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари эса замонавий адабиётдан қарийб хабарсиз.

Бундан ўн беш йиллар аввалмиди, «Умр» хикоянгизни мутолаа қилиб, унда истеъдодингизнинг яна бир қирраси намоён бўлганини англадим: кичик жанр – ҳикоя ҳам инсон характерини яратиши мумкин экан. Асардаги чол образи ёрқинроқ, табиийроқ тасвирланган. Унинг хатти-ҳаракати, ўзига хос қилиқлари ўқувчида шубҳа уйғотмайди. Ўзингизга хос услубингиз борлиги билиниб турибди.

Аммо, ижодда тақлид деган ёв доимо адибнинг изидан соядай эргашиб юради. Гоҳида кимларгадир ўхшатиб ёзгиси келади. Мисол учун Чеховгами, Шукур Холмирзаев ҳикояларига ўхшатибми, ишқилиб адабий таъсир сал-пал сезилиши табиий.

Ҳиқоянгизда чол образини индивидуаллаштириш сари дадил қадамлар ташлагансиз. Хусусан, асар тилидаги шева сўзларни қўллаш эриш туюлмайди:

«– Э, қизиқмисан, ўғлим, дилбузарди ёш боллар кўратта. — Чол ҳалигина росаям «ойнаи жаҳон»ни кўргиси келганини айтмади. Айтиб бўладими, ёш болага ўхшаб.

–Зерикмайрағ ўтирассими, дейман-да.

–Қўй, уни болаларинг кўрсин. Сен яхшиси, бизи токчойнагимизи тузатиб бер, – чол шундай дея қизига «токчойнакни опчиқ» дегандай ишора қилди. Бир-икки ҳафтадан бери бузуқ».

Ёзувчи услуби бошқаларникига ҳам ўхшаб қолиши мумкинми?

– «Умр» ўзимгаям ёқади. Чиройлигина кампиридан айрилган оддийгина, содда, жайдари, ҳатто саводсиз, чуваккина чол. Унинг ҳаётидан маъни ариб бормоқда. Фақат одамдек ўлиб олса бас…

Яхши ёзувчи ҳеч қачон тақлидчи бўлмайди. Дастлабки ишларини кимлардир катта ёзувчиларга ўхшатиши мумкин. Лекин синчиклаб қаралса, ўша машқида ҳам ўз мени бўлади.

Мен Булгаков, Чўлпон, Хемингуэй, Думбадзе, қисман Айтматов насрининг шайдосиман. Қанийди, ўшаларга ўхшай олсам – бундан, яъни гапимдан ор қилмайман. Бироқ тақлид борасида… Балки ўхшатишга урингандирман… Демак, мумкин.

– Сурхондарёдаги китоб дўконлари ва кутубхоналарда айрим насрий ва шеърий асарларингизга кўзим тушди. Ҳатто романларингизнинг айримлари кутубхоналарда ҳам тахланиб турибди. Улар асосида адабий кечалару китобхонлар конференциялари ўтказилиши режалаштирилган. Асарлар тарғиботи борасида бу каби тадбирларнинг нафи бор, деб ҳисоблайсизми?

Лекин «Тегирмон» асарингиз тақдимотида негадир ўзбекона одоб, андиша устунлик қилгандек. Унда асосан асар фазилатлари ҳақида яйраб-яшнаб, бемалол сўз юритишди-ю, романдан кўнгил тўлмаган ўринлар камроқ тилга олинди, назаримда. Сизнингча, адибга кўпроқ сохта мақтов кўп наф келтирадими ё асосли мулоҳазалар, таклифларми?

– Раҳмат, кўнглимни хийла кўтардингиз. Демак, юртимизнинг ўша ёқлардаям мени билишаркан. Бироқ «тахланиб ётибди», деганингизни тушунолмадим. Бу ҳеч ким ўқимаяпти деганими ёки, аксинча, кўпларга етиб борган қабилида тушунайми? Майли-да, асосийси, етиб борибди-ку.

«Тегирмон»нинг тақдимоти ҳақида. Унда сиз қатнашмагансиз, менимча… Тўғри ўша пайтда романни қўпчилик ўқимаганди. Энди-энди ўқишаяпти. Лекин Ёзувчилар уюшмасида тақдимот ўтказилиши барибир яхши-да. Ҳеч йўқ, шундай роман чиқди, деган гап бўлади-ку. Қолаверса, муаллиф ҳам сал ўзини ҳис қилар экан: «наҳотки» дея…

Мен мақтовни ҳеч қачон яхши қабул қилмаганман. Аммо ота-она, турмуш, ўртоғингиз, умуман, аёл мақтови – бу бошқа масала. Улардан одам қувват олади – мазза-да!

Мана энди гап айланиб, гурунгимиз адабий танқидга ҳам келиб тақалди. Бу борада кўпчилик ижодкорларнинг нуқтаи назари ижобий эмас. Профессор Баҳодир Карим қуйидагиларни ёзган эди: «Назаримда, манфаатпарастлик, маҳаллийчилик, ҳамтовоқлик авж олган муҳитда ҳеч қачон холис ва адолатли адабий танқид бўлмайди. Анъанавий қолипга мос равишда кўпинча мақталади, озгина камчилик айтилади. Тамом. Агар жиддийроқ танқид қилинса борми, ўзаро душман қутблар пайдо бўлади. Битта асари қачонлардир курашчан мунаққид танқидига учраган тажрибали адибнинг адабий давраларда ўша танқидчи устига мағзава ағдариб, мавзуга алоқаси бор-йўқлигидан қатъи назар, унинг исм-шарифини қистириб очиқдан-очиқ масхара қилганини кўп кузатганман. Айтинг-чи, танқид кимга ёқади? Танқидчига ким қачон раҳмат айтган? Ижод аҳли учун мақтов муҳим. Мақтов кимга ёқмайди. Бироқ адабий танқид мадҳия ҳам, қасида ҳам, тўйчининг ноғораси ҳам эмас. Бинобарин, адабий жараённи холис баҳолашга бел боғлаган танқидчиларнинг иши ҳеч қачон осон бўлмаган».

Хўш, бу хусусда сизнинг қарашларингиз, нуқтаи назарингиз, фикрларингиз қандай?

– Танқидга ижобий қарайман, десам ёлғон бўлади. Аммо профессионал одамларнинг сиз ҳақингизда у ёки бу тарзда гапириб туриши ёки эслаши ёқимли.

Биласизми, ўтган асрнинг 90-йилларида юртимизда ажаб ғала-ғовурлар, тўфонлар кечди. Жумладан, адабиётда ҳам. Ўша пайтлари аввалроқ биқиниб қолган адабиётшунос-танқидчилар бирдан бош кўтардилар ва «фақат ҳақиқатни» айта бошладилар. Мустақилликдан сўнг эса улар «бу майдон»ни ўзиники қилиб олдилар. Бу эса ўша пайтдаги раҳбарларга қўл келди. Энди уларнинг гўё жабрдийда, бундан буёғига барча қаламкашларнинг тақдирини ҳал қилувчи гуруҳи пайдо бўлди. Буни ҳеч ким тан олмайди, албатта. Улар бутун-бутун асарларга ҳукм ўқий бошладилар ва ҳатто «адабиёт юлдузлари»ни ясадиларки, таъсири ҳамон бор ва ҳозирги адабиётшунослар уларнинг «қолдиқлари»дан ҳуркиб турадилар. Эҳтимол ичларида уларга ўхшашни истарлар!..

Константин Паустовскийнинг ижодини яхши билишингизга шубҳа қилмайман. У таниқли ёзувчигина эмас, ҳатто адабиётшунос ҳам. Хўш, сиз ҳам ёстиқдай-ёстиқдай китобларни қоралаб ташлаган, умрининг олтмишинчи довонига яқинлашиб қолган адиб сифатида ижод хусусида, унинг сиру асрорлари тўғрисида қандай жўяли фикрлар билдиргингиз келади?

– Константин Паутовскийни мен ҳам яхши кўраман. Зўр ижодкор.

«Ёстиқдай-ёстиқдай китобларни қоралаб ташлаган» ёзувчи сифатида айтадиган гапларим кўп. Ҳатто анчадан бери ёзувчилик, ижод ҳақида нимадир ёзишни ўйлаб юраман. Лекин негадир бошлолмаяпман. Бундай асар ёзишга маънавий ҳаққим борми-йўқми – бу саволни ҳам ўзимга тез-тез бериб тураман.

Ёзувчилик – касб ҳам, ҳунар ҳам эмас. Ўрислар уни “призвание” дейишади. Бизда бу сўзни ифодоловчи сўз йўқ, назаримда. Шунинг учун «Худо юқтиради» деб қўя қоламиз.

Чиндан ижод сирли жараён – бунга шубҳа йўқ. Масалан, мен ёзишга ўтирганимда вужудимда шундайин бир куч, қувватни ҳис қиламанки, таърифлашга тил ожиз. Гўё шер, йўлбарсга айланаман. Ишонинг, бу лоф ҳам, ўзгача кўринишга уриниш ҳам эмас. Кейин – ёзишдан тўхтаганимда, хуллас, бўш пайтларимда эса, ўзи мен шу ишга муносибманми, бирон нарсага арзийманми, деган иштибоҳда суст кетаман. Ҳаётим мана шу икки ҳолат орасида ўтаётир. Бу хузурли, аммо шу билан бирга, азобли ҳам.

«Хайём» романини бошлашим қийин бўлган. Асар калламда бошидан охиригача пишиб етилган, ҳамма нарса тайёр, бироқ нимадан, қандай бошлашни билмай, анча юрдим. Бир куни тобим қочиб, иситмаладим. Олов ичраман. Ё уйғоқмасман ва ёки ухламаганман. Қаёққадир чопиб боряпман. Ҳарсиллаб. Вужудимдан тер қуйилади. Бир йўл бошида одамлар туришибди. «Бу йўл қаёққа олиб боради?» – дея сўрайман куйиб-пишиб. Ҳеч ким жавоб бермади. Яна югура кетдим. Яна йўл, яна ўша одамлар. Ўша савол. Аммо жавоб йўқ. Бу ҳол такрорланаверди, такрорланаверди… Ахийри ҳориб, чарчаб йиқилай деганимда кўз ўнгимда бир нуроний чеҳра пайдо бўлди – оппоқ салла ва соқол-мўйловли. У менга жилмайиб боқди-да, кўзи билан бир томонга оҳиста ишора қилди. Хуллас, романни шу воқеа билан бошладим. Қўлёзмада юз саҳифача қисми қийин ёзилган. Сўнг шунақаям илҳомим жўш урганки, худди биров айтиб тургандай ёзганман. Ахир асарда қарийб минг йил олдинги воқеалар акс этган. Уларни тасаввурга келтириш ёки сиғдиришнинг ўзи мушкул иш.

Хўш, энди айтинг-чи, бу ижоднинг сирлилигидан, илоҳийликка дахлдорлигидан эмасми?

Мен ишонаман: ҳар бир ҳақиқий ёзувчи бу дунёга махсус миссия билан келади. У башариятга кўзгу тутиб, унинг асл қиёфасини ўзига кўрсатади ва нурли манзил томон ундайди. Яхши асар қалбнинг малҳами, шуурнинг қайроғидир.

Набижон, китобхонлар сизни бир нечта шеърий тўпламлар муаллифи бўлганингиз учун шоир сифатида ҳам биладилар. Айтингчи, сиз гоҳида насрий асарлар битишни таққа тўхтатиб, юрагингизни безовта қилаётган дардларни назм шаклларида ифодалашга эҳтиёж сезасизми ёки…

– Мен шеърсиз яшолмайман. У ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Назму насрни қуйидагича таърифлаганман (олдин ҳам кўп айтганман): назм биринчи муҳаббатга ўхшайди. Қўққисдан келади-да, ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди. Кейин ҳар эслаганда энтикиб-энтикиб яшайверасиз. Наср эса – турмуш ўртоғи. Унга ойлаб-йиллаб эътибор керак. Сал оғсангиз, оила барбод бўлиши мумкин.

Шеър туйқус келади ва унинг ёзаётган насрий асарингизга таъсири бўлмайди. Аксинча, қаламингизни, шуурингизни чархлайди.

– «Чувалчанг ёққан кеча», «Тупроқ», «Мустақиллик», «Аёл» сингари турли йилларда ёзган ҳикояларингизни ўқиб чиқдим. Уларда ҳар хил мавзулар қаламга олинган. Аммо негадир сиз кўпроқ реалистик тасвирни маъқул кўрасиз. Модерн, постмодерн йўналишидаги асарларингиз деярли йўқдек. Бу нимадан далолат беради, ёзиш услубингиз шундай йўл тутишни тақозо этадими? Модернизмга қандай муносабат билдирасиз? Масалан, Жойс, Кафка, Камю кабиларни олсак.

– Мен рассом-ёзувчиман: ҳамма нарсани – табиат манзараларини, инсон қиёфаларини аниқ-тиниқ чизиб беришга уринаман. Токи ўқувчи асарим ичига кириб, унда иштирок этсин, яшасин дейман. Сўнг ўзимда ҳузурбахш бир ҳолатни ҳис этишни истайман. Ёзганларимни турли измларга солиш эса сизга ўхшаган адабиётшуносларнинг «иши»дир, балки.

Сиз айтган ҳамма ёзувчиларнинг ҳам асарларини ўқимаганман. Негадир ўзини ақлли санамоқчи бўлган баъзи қаламкашлар ўша уч-тўртта ёзувчини эслайверишади. Бироқ менга уларни ўқиш оғир: воқеаларни атайлаб чайнаётгандек, ақлни қийнашга уринишаётгандек туюлаверишади. Ҳатто уларда рутубатни ҳис қиламан.

Лекин сиз айтган ёзувчилар дунёни, ҳаётни ўзлари ёзгандек кўришади, тасаввур қилишади. Бу уларнинг англашими ёки услубими, деймизми. Бунинг учун айбламайдилар ҳам, алқамайдилар ҳам, аслида. Менимча, ўша «изм»ларни уларнинг атрофидагилар кашф этишган бўлишса ҳам ажабмас.

Энди айтинг-чи, Достоевский (ҳатто Лермонтов), Булгаков модернчи эмасмиди? Нега улар ҳақида гапиришмайди?

Мен ҳам турли тажрибалар қилганман ва қилиб тураман. «Йиғи», «Ковак» деган қиссаларимни, «Бекат», «Яшаш ҳуқуқи» номли ҳикояларимни, ниҳоят, ҳали босилмаган «Қурб» номли романимни ўқимагансиз-да. Уларда ҳеч қандай «измчилик»ни тасаввур қилмайман-у, лекин янгиликка интилганим рост.

Боя таъкидлаганим каби ёшингиз ҳам олтмишни қоралаб қоляпти. Нега бурунги адабиётда А.Қодирий, Ойбек, О.Ёқубов каби забардаст адиблар етишиб чиқиши жараёни суст кетяпти? Тилга олинган ёзувчилар классик асарларини қартайиб қолмасдан, айримлари ёшлигида қоралашган-ку?

Сиз ўзбек адабиёти жаҳон адабиёти даражасига чиқишига нималар халал беряпти деб ҳисоблайсиз?

Ёшлар адабиёти учун давлатимиз миллионлаб маблағини аямаяпти. Аммо қани натижа? Кейинги ўн йилда қайси зўр шоир ёки адиб етишиб чиқди, дея оласиз?

– Ёшни пеш қилавериб, жонга тегдингиз-да, Жовли бобо!

Сиз айтган Қодирий, Ойбек, Ёқубов каби зотлар биз учун устоз – пир. Аммо адабиёт улар билан тўхтаб қолмайди-ку! Қодирийни «Қодирий» қилгунча қанча одам  тер тўккан, ҳатто шўро (инсоф билан айтайлик-да). Қодирий ва Ойбекда ҳам тилида ғализликлар сероб.

«Хайём»ни ёзишдан олдин осмон – юлдузлар ҳақида ўрганиш учун «Улуғбек хазинаси»ни яна варақладим. Бироқ астрономияга оид гапларни қарийб тополмадим. Шунинг ўзи сизга жавоб.

Бугун тарихи, илдизи буюк бўлган, дунёга очиқ юз билан юзланаётган давлатда яшаяпмиз. Сиз айтгандек, адабиётга маблағлар ажратиляпти. Демак, ҳадеб минг сиқиқларда ёзган устозларимизни рўкач қилиб, эндигиларни ҳам ҳуркитмаслик керак.

Ш.Холмирзаев, Э.Аъзам (ҳатто Чўлпоннинг) тили, маҳорати сиз айтганларникидан баланд. Ишқилиб, том-том диссертация ёзганлар мени «хомталаш» қилмасалар бас. Ахир, ҳаёт, тафаккур ўсишда! Нега энди ўзбек кимларнингдир иззат-нафси, ҳурмати деб депсиниши керак?!

Жаҳонга чиқишимизда эса таржимадаги оқсоқлик халал бермоқда. Ўзимизнинг (чет тилига ўгирувчи) таржимонларимиз «одамига қараб» муомала, ҳаракат қилишади – буям бизнинг касалимиз. Тилимизни четдан ўрганувчилар кўпайса, ишимиз осон кечади. Уларнинг тан олиб таржима қилишлари барибир бошқа-да!

Кейинги ўн йилда ёзилган асарлардан (Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдош) айримларини чет тилларга яхшилаб ўгирилса, воқеа бўлиши тайин. Балки, мен билмаган қаламкашлар ҳам бордир.

Шеърият ҳақида эса бир нарса деёлмайман.

Дарвоқе, бизнинг халққа кўпроқ диний-маърифий асарлар ёқади. Уларда услуб, маҳорат, ўзига хослик муҳим эмас. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Эҳтимол эртага олтмишдан ўтиб, мен ҳам одоб-аҳлоқ ҳақида ёза бошласам – асло ҳайронг бўлманг. Чунки мен ҳам ўзбекман.

– «Шарқ юлдузи» журналидаги мақолалардан бирида қуйидаги сўзларни ўқидим: «ижодкорлар лирик қаҳрамон ички оламининг турфа манзараларини, ундаги руҳий тўлғамларни бадиий ифода этиш орқали инсон ботинидаги турли ҳолатларни акс эттиришга эришадилар. Бу, айниқса, достон жанридаги асарларда ёрқин намоён бўлди. Бинобарин бугунги кунда ижод қилаётган шоирлар яратган поэтик кашфиётлар анъанавий шаклларга ҳамиша ҳам мувофиқ келмайди. Достончиликдаги ижодий-эстетик тамойиллар такомилида А.Маҳкам, И.Отамурод, Фахриёр, А.Қутбиддин, С.Ашур, Н.Жалолиддин каби шоирларнинг ноанъанавий услубдаги асарлари айрича ўрин тутади».

Бу фикрлар сизнинг қайси достонларингизни назарда тутган ҳолда, нималарга асосланиб билдирилган?

– Аввало сиз айтган гапларни ким ёзганидан хабарим йўқ. Замонамизнинг катта шоир-достончилари қаторида санаганидан хурсандман.

Беш-олтита достон ёзганман. Уларнинг биригина – «Чиптасиз одамлар» матбуотда эълон қилинган (қолганлари интернетда бор). Бу достон «бир нафасда» (1995 йили) ёзилган. Ҳали шўронинг изтироблари аримаганди. Асар Чўлпон ва Булгаковга бағишланган (Чўлпонга бундан-да узоқдан келганман). Бу достон ҳаёт поездига чиқиб, фақат танбурда қолган, бироқ ўз изига эга одамлар ва қон-қаро қақшаган Туркистон ҳақида. Чиптаси йўқ одам поезднинг у ер-бу ерида яшириниб юради-да. Олдин шундай эди, ҳозир, билмадим.

«Ижод мўъжиза» деган гапларга қандай қарайсиз. Унинг мўъжизалиги, киши қалбини ҳайратга солиши нималарда намоён бўлади? 

– Ижод эмас, унинг маҳсули – мўъжиза бу рост! Китобни ўқийсиз, гоҳо ҳудди мени ёзибди-да, деб ўйлайсиз-қувонасиз, куюнасиз, йиғлайсиз. Гоҳо «йўғ-е, бунақа бўлиши мумкин эмас», дейсиз: қувонасиз, куюнасиз, йиғлайсиз. Аммо ундан узилолмайсиз. Чунки бу Адабиёт – Худойим ўз олами ичра одамизотга берган олами. Унга кирганингизни қутлайман! Лекин асло чиқманг! Унда мўъжизаларга, ҳайратларга ошно бўласиз!

Оббо-о, Жовли бобо! Барибир мени гапиртирдингиз-а?! Яхшиликка бўлсин! Охирида шуни ҳам айтиб қўяй, ўзбек ёзувчилари «юрт замони»дан анча орқада: артистлар, рассомлар, қўшиқчилар-ку, “во-обше”, дунё кезмоқдалар. Аммо ўзбекнинг зўр ёзувчилари, кўплаб ижодкорлари ҳамон тирикчилик пайида бўлишга мажбур…

Бу – қисмат, биламан!

Лекин…

Ёзувчилар (яхшилари-да) барибир ҳалол одамлар. Уларга йўл очиш керак, қанотларини очишлари учун кенг само даркор.

Қани, ўзбегим! Кенгликларинг қани?!..

Адабий танқидчи Жовли Ҳушбоқ суҳбатлашди.