Байроқ

Қоровулнинг айтишича…
15.10.2021
Дўппи
10.12.2021

Бола уйнинг остонасига сўмкасини ташлаб, пойабзалини ечаётганида ҳовли томондан дадасининг овози эшитилди:

— Ботир болам, сенмисан?

Дадасининг кайфияти яхши шекилли? Яхши бўлса, ҳозиргидай «Ботир болам» ёхуд «Ботир бола», дея чақириш одати бор.

— Менман, дада, — деди у овози жаранглаб.

— Бияққа ке! — деди дадаси эркаловчи оҳангда.

Ботир уйга кириб, кийимларини алмаштирди-да, қайтиб чиқди. Қўлини чайиб, ҳовлининг этагига қараб юрди.

Дадаси ўрталаб қолган баҳорнинг танни қўйдиргувчи офтобидан қочиб, томорқанинг катта қисмини эгаллаган улкан ўрик соясида Тўлқин чўлоқ билан ўтирарди. Ботир Тўлқин чўлоқни яхши билади — дадасининг синфдоши. У асли тракторчи бўлган. Бир оёғини трактор босиб, узиб ташлагач, нафақага чиққан, яъни анча-мунча одамнинг вақтини ўлдира оладиган ғирт бекорчи.

— Ассаломалейким, — дея салом берган Ботир аввал меҳмон, сўнг дадаси билан сўрашди.

— Келдингми, Ботир бола? Қани, ўтир-чи! Қорин ҳам очгандир?.. — Дадаси уни ёнига ўтқазди. — Аянг энасиникига кетганида бир маза қиволайлик, ўғлим. Қани, ол-чи!

Ўртадаги ихчам кирчимол дастурхон устида баҳорда анча танқис бўладиган егуликлар: парракланган помидор, бодрингларнинг тиниқ ранги кўзни қамаштиради. Товоқда эса қовурилган гўшт. Баҳорда бу нарсалар фалон пул туришини, бола бўлса ҳам, Ботир яхши билади. Унинг оғзи сувланиб, юмшоққина обинонга қўл yзатди.

— Сен тортинмай оловур, — деб қўйди Тўлқин чўлоқ тили қалтираб. — Гўштдан ол-чи! — У бир бўлак гўштни Ботирнинг олдига сурди.

— Қани, урдик! — деди дадаси пиёлани кўтариб.

Ие, арақ ичишаётган экан-да. Ҳа, билади — бу дадасининг «иши». Дадаси шунақа —ойда бир бор, ўзи айтмоқчи, «бўшалиб, битини тўкволади». Ўшандаям кўча-пўчада ичиб юрмайди, ҳамма нарсани сотиб олади-да, Тўлқин чўлоқними ёки бошқа бирон дил яқин ошнасиними, уйга бошлаб келадию, битта-яримта арақ ичишиб, мана шунақа гаплашиб ўтиришади. Бундай пайтда дадасининг гапини тинглагувчи топилса бўлди, ёзилгандан-ёзилади. Тўлқин чўлоққа ўхшаган қўли юпқа бекорчи учун эса бу айни муддао эди, айниқса, манавинақа «илик yзилди» кунларда.

Аясининг айтишича, дадаси асли ўқимишли одам, «раисларнинг ўқишида» (қишлоқ хўжалиги институтида демоқчи) ўқиган экан. Аввал колхозда агроном бўлган, кейин-кейин колхозлардан қўр кетиб, кун кўриш оғирлашгач, ўзини бозорга yрган. Ул-бул нарсаларни олиб-сотиб юради. Мол бозорига чиқади. Уйда эса икки-учта бўрдоқи новвос боқади. Шунинг орқасидан тирикчиликлари анча яхшиланиб қолган.

— Ёшимизам қирқдан ўтди, ошна, — дея гапга тушди дадаси бир бўлак гўшт билан бир паррак помидорни оғзига солиб. — Энди манашиларни деб, — кафти билан Ботирнинг бошини силади, — яшаймизакан-да. Оммалекин…

Ботир оғзини тўлдириб овқат чайнаркан, беихтиёр дадасига қаради.

— Сен қорнингни тўйғаз, Ботир бола, — дея бир нафас чалғиган дадаси яна гапида давом этди. — Оммалекин болларимизнинг тарбияси издан чиқиб кетди. Мактаблар айниди, нимани ўқитяпти, Худо билади. Айниқса, ўғил боллар бачканалашиб кетяпти. Бу ёмон, ошна!.. Қорнимиз олдингига қараганда хийла тўқ бўп қолди. Энди манавилар ҳақидаям ўйлашимиз керак, — дадаси бармоғи билан боши ва кўксини кўрсатди. Кейин пиёлаларга тағин арақ қуйди. — Менинг учта ўғлим бор. Мен уларнинг, энг аввало, ҳақиқий эркак, ҳақиқий ватанпарвар бўлишларини истайман! — Шу гапни айтдию Тўлқин чўлоқнинг кўзларига бирпас тикилиб қолди. — Тушуняпсанми, Тўлқин, ҳақиқий ватанпарвар бўлишини истайман. — Сўнг ҳафсаласи пир бўлгандай қўлини силтади-да, — ке, қўй… — дея арақни сипқорди.

Дадасининг гапидан кейин Ботир ҳам Тўлқин чўлоқнинг кўзларига қаради: улар гўё бўм-бўш эди, ҳатто қорачиқлари ҳам йўққа ўхшарди. У бу гапларни тушунмаётганини аниқ сезди. Нега энди тушунмаётганийкин-а? Ахир Ботир кичкина бўлса ҳам, тушуняпти-ку. Ўғил бола ватанпарвар, яъни Ватанини яхши кўрадиган бўлиши керак экан. Наҳотки, шуни тушуниш қийин бўлса?!.

Тўлқин чўлоқ тилининг остига нос ташлади, гап эса новвос боқиш «санъат»ига бурилиб кетди. Ана энди дадаси очилгандан-очилди…

Ботир қорнини тўйғазиб олгач, ўйнагани кўчага югурди.

Тушдан кейин дадаси Тўлқин чўлоқни кузатиб чиққанида, Ботир рўпарадан чопқиллаб келарди.

— Дада-дада, ҳозир Мел Гибсонди киноси бўларкан. Кўрасизми? — деди у ҳансираб, ҳали дарвозага етмасдан.

Дадасининг сyзилган кўзлари баттар қисилиб, жилмайди:

— Сиз минан бўлса, кўрамиз-да, Ботир бола. — Дадаси кенжатойини бўлакча суяди, эндигина бешинчи синфда ўқиётган бўлса-да, гоҳо-гоҳо катталардай гапириб қолишидан завқланади. — Қани, кетдик бўлмаса. — Дадаси ортига бypиларкан, хиёл довдираб кетди.

Уйга кираётиб велосипeдни етаклаб, кўчага чиқиб кетаётган ўртанча ўғлини тўхтатди:

— Қаяққа кетяпсан?

— Ўтга, дада, — деди ўғил қўлидаги этак билан ўроққа ишора қилиб.

— Қорнингни тўқлаволдингми?

— Ҳм-м…

— Унақа бўлса, ўтни қўй. Юр, Мел Гибсонди киносини кўрамиз.

Ҳовли томонда катта ўғил кўринди.

— Дастурхонди йиғиштириб қўйиб, сенам уйга кир, — деди дадаси ёқимли буйруқ оҳангида.

Болалар дадаси билан кино кўришни жуда-жуда ёқтиришади. Шунинг учун оғизлари қулоқларида телевизор рўпарасида жам бўлдилар. Ҳадемай кино бошланди, номи «Ватанпарвар» экан.

— Зўр кино шекилли, а, дада? — деди кўзлари чақнаган Ботир бир қўзғалиб олиб.

— Мел Гибсон ёмон кинода ўйнамайди, — деб қўйди ёнбошлаб олган дадаси бепарволик билан.

— «Шерюрак»ка ўхшайдикан-а? — яна бидиллади Ботир.

Катта акаси «жим бўл» дегандай уни бир тyртди.

— Ҳм-м… — деди дадаси унинг сўроғини жавобсиз қолдирмай.

Кино авжлана бошлади. Ана, босқинчилар Мел Гибсоннинг (яъни у ижро этаётган қаҳрамоннинг) катта ўғлини банди этишиб, ҳайдаб кетишмоқда. Кичикроқ яна бир ўғли акасини озод қилиш учун ғанимга ташланди. Аммо уни босқинчиларнинг ёвyз бошлиғи отиб қўйди. Мел Гибсон «Йў-ўқ!..» дея ҳайқириб, ўғли сари отилди…

Ботирнинг дадаси «аҳҳ!» дея силтаниб ўрнидан туриб, ўтириб олди. Бўйин томирлари бўртиб кетди.

— Ўғлини ўлдиргани учун энди у ватанпарвар бўп қоладими, дада? — сўради Ботир болаларча соддалик билан фильмнинг номини эслаб.

Дадасининг кўзлари ёшланганди.

— Ҳозир унийчун боллари Ватан, — деди экрандан кўзини узмай. — Анови ўлган бола учун эса асир қилинган акаси Ватан!..

Унинг наздида, ҳозир дадаси телевизорда чиқадиган шоирларга ўхшаб кетди. Гапларини тушунмади шекилли, унга тикилиб қолди. Дадаси буни сезиб, ўгирилди.

— Агар эркаклар ўз Ватанларини ҳимоя қилолмасалар, ота-оналар болларини, ака-укалар бир-бирларини асролмай қоладилар. Тушундингми? — Дадаси яна кинога қайрилди.

Ботир эса ўйчан «ҳм-м» деркан, «ўқитувчимиз бунақа гапларни айтмовди», деб қўйди ўзига-ўзи гапираётгандай.

Фильмдаги воқеалар кучая боргани сари бир нималар эсига тyшаётган дадасининг жиғибийрони чиқа бошлади:

— Мана, кино! — дерди тиззасига шапатилаб. — Мана, ҳақиқий кино! Бизникилар эса фақат бачкана нарсаларни ишлашади. Худди ўзбекди кулгидан бошқа дарди йўқдай. Ё бўлмаса, ашулачиларди кино қилишадими-ей… — У катта ўғлига қаради: — Номи нимайди?..

Ўғил кулди:

— «Севинч»…

— Ҳа, аши, «Севинч», «Сарвиноз» «Шоҳсанам», «Гулсанам»… — Дадаси атайлаб янги номларни тўқиб ташлади. — Уларга қўйиб берса … Жон болларим, бизга ҳозир унақа киноларди кераги йўқ, манавинақа кинолар керак!.. — У қўли билан телевизорни кўрсатди.

Ботир дадасининг феълини яхши билади: доим ҳам бунақа гапларни гапиравермайди. Фақат гоҳида «ёзилиб» қолганида… Аслида камгап, қўполроқ одам. Лекин феъли ўзига жуда ярашади. Бунақа пайтда дадасининг гапини бўлмаслик лозимлигини ҳам билиб олган.

— Тўғри, буларди ҳаммаси учун пул керак, маблағ керак. Оммалекин пул топилсаям эплашолмаяпти-ку!.. Амир Темур ҳақидаги киномизни қара. Сенларга аввал ҳам айтганман. «Лой жанги» Темур бобо ҳаётида катта ўзгариш ясаган жанг. Ўша катта жанг кинода қандай тасвирланган?..

Болалар фильмдаги лавҳани ва дадасининг ўшанда айтган гапларини эслаб, кулиб қўйдилар.

— Тўртта ёки олтита одам чуқурга тушволиб, лойга думалайверишади. Шунчалигам масхарабозлик бўладими ахир!.. Жангни манавиндай қилиб кўрсатишса бўмейдими!..

Яна ҳаммалари жим қолдилар, чунки фильмдаги воқеалар авж нуқтасига чиққанди. Ана, Мел Гибсоннинг тўнғич ўғли ўз қўлида жон берди. Ҳалиги ёвуз бошлиқ йигитчанинг қорнига қилич сyқиб олди. Ботир унга жуда-жуда ачиниб кетди.

— Оғриса керак-а? — деб юборди беихтиёр.

— Оғрийди-да! — деди кичик акаси билағонлик билан.

— Ватан учун бўлса, оғримаса керак, — деб қўйди дадаси экрандан кўзини узмай.

Мел Гибсон буткул тушкунликка тушди, жанг қилишдан воз кечиб, ортига қайтиб кетмоқчи бўлди. Шу пайт ўғлининг сўмкасидан Американинг титилган (ўғли тикиб, бутлаб қўйган) байроғини топиб олди. Шунда… У байроқни азот кўтариб, от устида пастликдан чиқиб келаётганда дадаси тағин «аҳҳ!» дея ўрнидан сапчиди. Бўйин томирлари йўғон-йўғон бўлиб кетди. Дадаси жуда барваста ва кучли одам. Ҳозир кўзларида ёш бўғриқиб, жўшиб туриши Ботирнинг ёдига «Шерюрак» фильмидаги Мел Гибсонни солди. Фильм охирида уни қийнашиб, осиб қўйишади. Ўшанда бўйни худди дадасиники каби йўғонлашиб, томирлари бўртиб кетади…

— Мана, байроқди қандай улуғлаш керак! — дея ҳайқирди дадаси.

Ботирнинг кўзлари катта-катта очилиб, дадасига тикилди.

— Байроқ шунақа азиз нарсами, дада? — Бу сўзлар унинг оғзидан беихтиёр чиқди.

Дадаси кескин ўгирилиб, унинг кўзларига қаттиқ тикилди.

— Байроқ — бу Ватанди юзи-да, болам. Гап байроқ деб аталган бир парча латтада эмас… — деди ғоят сокин овозда. — Мана, менинг юзим, ана, сенинг юзинг. Байрағимиз эса Ўзбeкистонимизди юзи!..

Ботирнинг кўзлари чақнади. Бироқ тезда туси ўзгариб, хаёли чалғиди-да, яқиндагина мактабда кўрган воқеани эслади: катта танаффус маҳали эди. Ботир ўртоқлари билан ўйнаб юpаркан, мактаб омборининг ланг очиқ эшиги олдида беихтиёр тўхтаб қолди. Ичкарида қорни тандирдай келадиган хўжалик мудири уюлиб ётган турли нарсалар остидаги катта столни олишга yринаётган икки юқори синф ўқувчисига «уни у ёққа, буни бу ёққа», дея бўйруқ бериб турарди. Бир пайт болалардаи бирининг қўлида дастасига беўхшов ўрамоқланган, ранги униққан байроқ пайдо бўлдию, «Буни нима қилай?» дегандай мудирга қаради. Мудирнинг, ҳатто бирон туки ҳам қимир этмади.

— Наряққа, списат (Ботир бу сўзни тушунмаган, ҳатто эслаб қололмаган бўлса-да, унинг сўз оҳангидан «кераксиз нарса» деган маънони англади) қилинган байрақ, — деди девор остини кўрсатиб.

Ҳалиги бола аввалига ҳайрон бўлди, сўнг «менга нима» дегандай байроқни девор тагига улоқтирди. Ботир шу воқеани эсларкан, агар байроқ азиз нарса бўлса, унда хўжалик мудири нега уни улоқтиришга буюрди, дея ўйларди. Ахир у ҳам дадасига ўхшаб кап-катта одам бўлса!.. Демак, байроқни қутқаришим керак, дея хаёл қилди у. Негадир миясига айнан шу — «қутқаришим керак», деган сўз келди.

Баҳорда иш дегани кўпайгандан-кўпаяди. Айниқса, мактабларда, баҳорий байрамлар баҳона хоналарни, теваракни сyпуриб-сидириш, ювиб-тозалаш авж олади. Бунақа юмушлардан гоҳо болалар безиб ҳам кетишади.

Бир куни Ботирларнинг муаллимаси учинчи соатдаги дарсни ўтиб бўлгач:

— Бугун бир ҳашар қилайлик-а… Полни, партаю деворларни ҳам содалаб ювамиз, майлими, болажонлар? — деди эркаловчи оҳангда. — Хотира ва қадрлаш кунига хонамизни зўр қилиб қўяйлик!..

Икки болани хўжалик мудирига жўнатди: эски латта билан сода олиб келишларини тайинлади.

Мудир сўрида қорнини тиззасига қўйиб, ястаниб ўтирарди.

— Опамиз жўнатди, — дейишди болалар.

— Ҳозир сенларга латта обераман, — деган мудир омбор эшигини очиб, нима қилишини билмай, серрайиб туриб қолди. Сўнг бир бурчакдан эски латта топди-да, Ботирнинг шеригига узатди. Бола шеригини ҳам унутиб, синфхона томон чопиб кетди.

— Сенга нима берсамийкин? — деди мудир у ёқ-бу ёққа алангларкан. Шу пайт девор остида чанг босиб ётган байроққа кўзи тушди. Уни қўлига олиб, дастасидан чиқарди, бир четини оёғи билан босиб, иккинчи учини қаттиқ силтади. Байроқ гўё инграгандай овоз чиқариб, ярмигача йиртилди. Уни ғижимлаб ўрамоқлади-да, Ботирга узатди.

— Ма, бировга кўрсатмай ишлат.

Ботир карахт эди. Шунинг асносида Мел Гибсоннинг кинолари кўз олдига келди, дадасининг Ватан, байроқ ҳақидаги гаплари ёдига тушиб, байроқни қутқармоқчи бўлганини эслади. Омбор олдида бирпас иккиланиб туриб қолди. Бир қарорга келди шекилли, байроқни қўлтиғига қисиб, уйи томон чопиб кетди. Муюлишдаги қишлоқ масжиди ёнида икки-уч чол ўтирарди. Уларни кўриб, гўё қўлтиғидаги нарса нима эканини билиб қолишаётгандек пича ғалати бўлиб олди. Бироқ бир неча лаҳза ўтар-ўтмас, хавотири ўринсизлигини фаҳмлаб, қуюқ салом берди-да, қадамини тезлатди.

Ботир қўлидаги каттагина латта билан синфхонага ҳансираб кириб келганида, опаси эндигина уни сўроқлаб турган экан…

Болакай кечга томон аясидан игна билан ип олди.

— Нима, энди чеварчилик қилмоқчимисан, Ботиржон? — деди аяси кулиб.

У эса «керак бўп қолди-да?», дея дарсхонасига кириб кетди. Байроқни ўша ерга беркитганди. Ранги ўчган йиртиқ байроқ ҳозир кўзига жуда ғариб кўринди. Уни ёйиб, бир оз ўйчан тикилиб турди-да, йиртиғининг четига аста игна урди.

Унинг «тикувчилиги» бир неча кунлик бўш вақтини олди. Сабаби, чоки ўзига ёқмай қайта-қайта тикишга тўғри келди. Қоратолнинг шохидан даста йўнди. Сўнг ҳафсала билан дазмоллади…

Майнинг бошларида мактабда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган кеча бўлиши керак эди. Ботир шу йиғинга боришни мўлжалларди. Текис тикилган, дазмолланган байроқни янги дастасига яхшилаб ўраб, дарвоза томон бораётганда ортидан аясининг овози эшитилди:

— Байрақ қайдан келди, болам?

— Мактабдан беришувди. Бугyнги байрамда кўтариб тураман, — деди бола онасини ортиқча безовта қилмаслик учун ёлғон гапириб.

— Ҳа, тузук. Оммалекин йиртиб-нетиб қўймагин, — дея насиҳат қилган бўлди аяси.

Ботир «хўп-хўп» деди-да, кўчага чиқди. Оз-моз юргач, енгил шабада эсаётганини пайқаб, завқи келди. Ўрамоқланган байроқни ёйиб, дастасидан тутди ва боши узра кўтарди. Байроқ ёқимли ҳилпиради, бола қадамини тезлатгани сари тобора тўлқинланаверди.

Кўчадаги одамларнинг бари yнга қарашарди. Гузарга етганда уларнинг минг бир маъноли нигоҳига турфа сўзлари ҳам қўшилди:

— Ие, байрақ кўтарвоптими? — деб қўйди чинор остида ўтирган чол.

— Байроғимиз чиройли экан-а? — деди дўкондан чиқаётгап йигит кулиб, худди биринчи бор кўриб тyргандай.

— Байрақ минан ҳазиллашиб бўладими! — дея тўнғиллади тамаки тутатаётган зиёлинамо киши. — Бунинг сиёсий томонлариям бор.

— Ҳе, яша, азамат! — деб бақирди биров. — Битта барабанчиям оволмабсан-да.

— Кимни ўғли ўзи бу? — дея сўради кимдир.

— Отасининг ўғли-да, — деди оғзига нос ташлаётган Тўлқин чўлоқ. — Байрақти эҳтиёт қил, Ботирвой!..

Бола бу гапларнинг биронтасига парво қилмай, байроқни мағрур кўтарганча ўтиб борар, наздида, от устида Ватани байроғини кўтариб бораётган Мел Гибсондан кам эмасди. У чинакам жанг ичра одимларди. Аммо ўзи буни англамасди, англашга ожиз эди. Бу халқнинг, миллатнинг онг-тафаккурида эврилиш, эҳтимолки, инқилоб ясамоқ учун аҳд қилмоқ, курашмоқ тарихнинг улуғ жангларига кирмоқликдан кам эмаслигини у тушунмасди ва бунақа чиройли гапларни билмасди ҳам. Лекин маъсyм қалбининг амри, ундови ва эҳтироси туфайли она Ватанининг байроғини болаларча завқ ила мардона кўтариб борарди. Унинг буюк кyрашга, жангга ўзи билмай бел боғлаганлигини фақатгина тиниқ осмон, ям-яшил дарахтлар, йўллар, Ватани, қўлидаги байроқ ва ўша қўллари фаҳмлаб, тушуниб турардилар.

Ботир мактаб дарвозасига етганда, велосипeд минган дадаси масжид муюлишидан ўтиб, гузарга келди. Тўлқин чўлоқ билан кўришиб қўйиш учун тўхтади.

— Ўғлинг байрақ кўтариб ўтиб кетди-я? — дея тиржайди чўлоқ ҳали сўрашиб улгурмай. — Униям жа ватанпарвар қиворибсанми?..

Бу гапдан жаҳли чиқди. Тўлқин чўлоқнинг башарасига бирпас ғалати тикилиб турди-да:

— Ҳушёр бўл, сениям қивораман!.. — дея зарда билан шартта бурилиб, велосипедга минди.

Ботир давра қyрган мактаб жамоати ёнига етганда бир тўхтаб олди. Байроқ қўлидан тушиб кетай деди. Ўқитувчию ўқувчилар — ҳамма-ҳамма yнга ўгирилди. Тўрдаги икки уруш қатнашчиси ҳам yнга қаради. Чор атроф сукунатга чўмди. Ҳамма ҳайратда — ахир таомил бундай эмасди-ку!

Шу пайт боланинг ортида дадаси пайдо бўлди. У велосипeдини ерга ташлади-да, шаҳд ила ўғлига яқинлашди. Барчанинг нигоҳида «нима қиларкин?» деган xавотирли савол зоҳир бўлди. Ҳойнаҳой, бетаъсир ўғлига шапалоқ тортиб юборса керак. Йўқ, ундай қилмади. Ота ўғлининг икки чаккасидан тутиб, кўзларига тикилди.

— Баракалла, ўғлим! — деди овози титраб ва мижжаларида ёш айланди. — Баракалла!.. — Ўғлининг пешанасидан ўпди, шаҳд елкасига ўтқазиб, давра томон юрди.

Ботир байроқни янада юқори кўтарди. Бутун вужуди жимирлаб, кўзлари чақнади.

Фахрийлар унга меҳр ва завқ ила боқишаркан, беихтиёр чапак чалиб юбордилар. Ўқитувчи ва ўқувчилар ҳам эргашдилар. Ҳаммаёқ олқишга тўлди. Барча Ботирга, унинг қўлидаги байроққа тикиларди, кўзларида эса турли маънолар балқиб турарди.

Ботирнинг кичик акаси синфдошлари орасида туpаркан, дадаси билан укасига боқиб, қаддини ростлади, елкаларини кўтарди. Тўққизинчи синфда ўқийдиган катта акаси эса шеригининг ортига беркиниб, ерга қараганча тиржайди.

Сўри устида тик туриб даврани томоша қилаётган хўжалик мудири ғўлдираб қўйди:

— Оббо қизталағ-ей, янги байрақти қайдан топтийкин?..

Ботир ҳозир чинакам Мел Гибсон эди ва барчадан баландда турарди. Қўлидаги байроқ эса юксак-юксакларда мардона қанот қоқарди.

2004 йил