Чўлпон том маънода мустамлакачиларга муросасиз исёнкор, чинакам миллатпарвар, Ватан озодлигини мардларча куйлай олган ҳақиқий эркпарвар шоир. У умрининг охиригача, гоҳо бироз чекинган, “жон сақлаган” бўлиб, Ватанимиз озодлигини орзулаб, шу йўлда курашиб ўтди. Адабиётимиз тарихида бутун умрини, ижодини тўла маънода эрк учун курашга бағишлаган бошқа ижодкор йўқ. Эҳтимол ўзга халқларда ҳам кам топилар.
***
Чўлпон бағоят кўнгилчан, қалби нозик, том маънода покиза руҳиятли инсон эди. У одамларни жуда-жуда аярди, эҳтиётларди. Шу феъли билан бу қадар исёнкорликни, жасоратни қайдан олганлигига ҳайратга тушмай илож йўқ. У шунинг учун ҳам буюкдир.
***
Унинг муҳаббат, табиат ёки бошқа лирик мавзулардаги шеърларининг мисралари қатида ҳам исён, эрк истаги, миллат учун қайғуриш маънолари, туйғулари, изтироблари яширинган. Бу ҳам унинг шунчаки “артист”, тусланувчи ижодкор эмаслигини кўрсатади.
***
“Кеча ва кундуз”ни эсланг: миллат фожиасини, қусурларини, ғафлат уйқусида эканлигини, жаҳолат, фаҳш, хиёнат, саводсизлик оддийгина турмуш тарзига айланиб қолганлигини нақадар теран ва изтироб билан тасвирлаган. Эркаклар фаҳшга, айшу ишратга ботган, кўплари саводсиз, жоҳил. Энди Чўлпон умид кўзини аёлларга тикади. Шунинг учун ҳам романда аёллар образи кўпчиликни ташкил этади. Агар у романнинг “Кундуз” қисмини ёзганида ҳам, фикримча, октябрь тўнтаришидан кейинги “бахтли ҳаёт”ни тасвирламасди. Йўқ! У Ватан мустақиллигини яқинлаштиргувчи хаёлий орзу-истакларини, кураш йўлларини, ғафлатдан уйғониш босқичларини ёзган бўларди.
***
Бир пайтлар Чўлпонни ўрис ёзувчиси Булгаковга қиёслаб алланималар ёзгандим. Зеро, Булгаковнинг Воланди (Иблис) одамларга кўзгу тутиб, башараларини очиб ташлайди ва васвасага солади. Чўлпон ҳам, образли айтганда, муте, мазлум халқнинг дилига васваса солиб, исёнга чорлагувчи Воландни орзу қилган. Зора шунда эрк куни яқинлашса, дея ўйлаган.
***
Агар дунёда ранглар, шакллар бўлмаса, ҳамма нарса ўз маъносини йўқотади. Уларни фарқловчи ранг ва шакллардир. Чўлпон тарихимиз, адабиётимизга ана шундай маъно беролган шахс.