Бу ҳикоя – “таскинбахш нола” ёхуд у одам ўлдирмаган…

Ниҳоят шу гапларни айтишга жазм этдим
26.02.2017
«Тегирмон» романи нашрдан чиқди
25.05.2018

У одам ўлдирмаган… Мен уни қаламидан – бадиий асарларидан танийман. Сувратидан танимаганимга шукр. Ўзи билан юзма-юз бирор марта гаплашган эмасман. Икки йил олдин қўлимга “Энди куз…” шеърий китоби тушди; уни ўқидим. Афғонда аскар бўлганини билардим. Қарасам, шу мусибатларни акслантирилган, “Афғон туркуми”га тегишли “Армоннинг давоми” сарлавҳали шеъри бор экан:


“…Ажал уруғини ҳовуч-ҳовучлаб,
Осмони фалакка сочганим ҳам рост,
Буюк гуноҳларни улгуржи ишлаб,
Гуноҳкор умримини этганман холос”.

Бу тўрт сатр зиддиятга тўла. Давомидан ёзади: “Мен мўъмин эдим-ку!” – жуда яхши. “Энди-чи – осий” – буни англаш қийин. “Кўзим нам, ахтаргум таскинбахш нола” – энг муҳим ва энг тўғри эътироф ҳам шудир. Безовта, бесаранжом қалб ҳар вақт ўзига таскин излайди. “Энди куз…”ни ўқиб, холис бир тақризни кўнгилга тугган ва унга “Сўзга хиёнат қилмаслик – бахт” деб сарлавҳа қўйган эканман. Унда ушбу мақола мағзига муносиб мана бундай гаплар бор эди: “Айни ёзнинг саратони… Иш столимда “Энди куз…” пайдо бўлди. Бу тўпламни менга ким илингани эсимда йўқ. Аммо китобчани муаллифнинг ўзи атайин атамагани аниқ. Агар шундай бўлганида, эҳтимол, ички муқовада икки сатр дастхат ва ё бир оғиз илинжсўзи ёзиларди… Китоб тозалиги менга маъқул келди. Сувратидан кўра ижодкорнинг сўзидан ўзини таниб, юрак дардига қулоқ тутган яхши. Адабий жараённинг ялқов бир кузатувчиси бўлсам-да, ора-тура матбуотда Наби аканинг шеърларини мутолаа қилганим бор. Бироқ қуроқ парчалардан тасаввур бутунлашган эмас. Энди “Энди куз…”ни ўқиб, шоирнинг юрак зарбига ташхис қўйишга муносиб яхлит, жиндай тизимли тасаввур пайдо бўлди. Шунда беихтиёр иддаосиз, индамай-жимгина ёзиб юрган ижодкорга қараб, “ҳорманг, ака” дегим келди. Бу латиф тасаввур изоҳини мен адабий танқиднинг кишанли услубида ва буюртма тақриз жанрида ёзишни истамадим. Ҳар қандай янги босилган мажмуа елкасига мос тушадиган олачопон тақриз ёзишни, яъни бир-икки ўрнини мақтаб, жуъзий камчиликларини хаспўшлашни жиним суймайди… Наби Жалолиддиннинг шеърий китобида қолипсизлик, ўзи вужудига сиғмаган бир юрак эгаси кўринди. Сўзлар жамулжамидан андижонча, чўлпонча сўз соҳиби кўзим ўнгида гавдаланди, кўнгил садоси қулоғим остида жаранглади. Юртнинг сўзи ўткир тўралари – элнинг маънавий ўралари-устунлари… Ҳамма биладиган бир ҳақиқат: Садриддин Салим Бухорода, Матназар Абдулҳаким Урганчда, Тўра Сулаймон Гулистонда, Шафоат Раҳматулло Термизда туриб секин йўталса, гумбирлаган товуши Тошкентгача етар эди. Барчасини худо раҳмат қилсин. Улар негадир хаёлимга эл кўрки, юрт тимсоли, Ватаннинг шонли, тоза тарихи бўлиб муҳрланган… Наби Жалолиддин шундай улуғларнинг муносиб издоши ва давомчиси бўлишга лойиқ, деб ўйладим.

Шеърларидан ҳурриятга ташна, ҳақпараст Чўлпоннинг овози келди. Мастона ҳислари, девона фалсафаси – хайёмона. Юракдан томчилаган томчилар – уччаноқ ичидаги дилтомчилари. Шоирнинг лаҳзалари жонталаш бўлаётганда “Дило-о” деган муножоти, овози қулоққа чалинди. “Шеърга сиғмас меҳрибоним “Оҳ!”, “Ў, андуҳим соғиниб кетдим”, “Ў, Туркистон”, “Ўв, кеча! Ўв қора кеча, жон куйди”, “Умр бунчалар оз, ўв, Шавкат Раҳмон”, деганича мунодий гоҳ оҳ уради, гоҳ уфуфлайди. Баъзан “Аё” деб юрагини бўшатади. Ҳис-туйғуларига ортиқча симбурғи бериб, қолипга солмайди. Бир сўз, дейлик “муҳаббат” ёнига таниш тиниш белгиларни қаторлаштириб, сўзларни такрорлаб ҳаловат топади. Баъзан телбаланиб бир қирғоқдан бошқасига ўзини уради: “Мен мўъмин эдим-ку! Энди-чи – осий…” Бир қарсангиз:“Тупроқ бўлдим, хок бўлдим, Эй пир, Юрак-бағри чок бўлдим, Эй пир”, деганча сокин ва муридона мурожаатини ёзади. Шоирнинг бундай дил танбеҳлари покиза, рост ва чин. Чунки унинг эътирофича: “Сўзга қилсанг хиёнат, сўз уради”. Китобдаги “Икром Отамурод ҳақида уч шеър” – қизиқарли, биографиявий, тарихли, таъсирли, тасвирли, воқеабанд, сюжетли. “Шарқ”да жимгина, сукут сақлаб ўтирган, сўзига субутли бир ижодкорнинг портрети шеърда намоён. Албатта, бу ҳол-сувратни Икром акани таниганлар дарров тасаввурида тиклайди. Ёшларни қўллаб қувватлаган, матбуотдаги биринчи чиқишларига ўнгсўзлар ёзган… “Кейин эса…Унут… Икром Отамурод унут!…” “Ҳақиқатан-а”, деб аввалига шу мисрани ичимда тасдиқладим ва бирдан ўйланиб қолдим. “Наҳотки?! Йўқ!” дедим. Чунки эзгу сўз эгалари заррача яхшиликни ҳам, заррача ёмонликни ҳам унутмайди… Китобчага Чўлпон билан Булгаковга бағишланган “Чиптасиз одамлар” достони ҳам киритилган. Уни ўқиб, ҳали тўла идрок эта олмадим. Қайта ўқишим керак…” Шу… Аммо тақриз тугаллиги учун нимадир етишмайди – кам, қалам қурмағур ҳа деганда юравермаган. Бугун мавриди келиб, “Энди куз…”га оид қайдлардан бир қисми шу ўринда қўшилди…

Наби Жалолиддиннинг Ёзувчилар уюшмасига тақдим этган “Оралиқ” романининг қўлёзмаси муҳокамасида қатнашган эдим. Кейинчалик асар “Хайём” номи билан босилди. “Йиғи”, “Ўлимнинг ранги” қиссаларини ўқиганман. Афғон мавзуида. Уруш майдони даҳшатлари… Бир ёшгина афғон қизини шўро аскарлари қандай ваҳшиёна ўлдирганлари аксланган эпизод ҳали-ҳали кўз олдимда турибди. Қиссалар менга маъқул бўлган эди.

У одам ўлдирмаган… Унинг яхши ҳикоялари бор. “Эркаги бор уй”ни, “Байроқ” ва “Тупроқ”ни ўқиганман. Баёнида реализм, шоирона лиризм сезилади; диологик манерани қойиллатади. Ўзбекнинг шаъни, ғурури ҳурлигини улуғлайди.

Бир куни қўнғироқ бўлди. “Наби Жалолиддиновман”. “Наби Жалолиддинми?” Уч-тўрт оғиз сўзлашдик. Юз кўришмаганмиз. Шеър китобини эслатдим. Мамнун бўлди. “Тегирмон”идан гап очди. “Чўлпон” нашриётига топширибди. Бир қур кўздан ўтказишимни илтимос қилди. “Агар чўлпоншунос Дилмурод Қуронов ўқиган бўлса, шунинг ўзи кифоя”, дедим. Аммо менга ҳам илинибди. Кейин гап орасига қўшиб қўйди: “Кечаги “Адабиёт”даги ҳикояга ўқидингизми?” Кўзим тушган, газета қайсидир китобларим орасида қолиб, ўқиш эсимдан кўтарилибди. Олиб ўқидим. Ва ҳикоянинг асил номи муносиб ва умумпафосига мос “У одам ўлдирмаган” деган гапни тўқиб олдим. Наби Жалолиддин ўз бошидан ўтказган, ичини кемириб юрган воқеаларини яна қаламга олибди. “Сени яхши кўраман, ҳаёт” ҳикояси силлиқ, бир чизиқли сюжет композицияга, аниқ тизимга эга эмас. Алғов-далғовли, тушли-хушли, эслашли, босинқирашли, ўз ўзини емириб юрган хотиралар аксланган; адибнинг қалб кечинмалари, юраги акс этган яхши бир ҳикоя. “Сени яхши кўраман, ҳаёт” ҳикояси қаҳрамони сўйилган хўроз бўйнидан пишқирган қонга кўзи тушиб, жанг майдонидаги шунга ўхшаш воқеликни эслаб азобланади…

Қаҳрамон бошини бувисининг тиззасига қўйганча: “Мен одам ўлдирмаганман, буви, мен одам ўлдирмаганман!” деган қалб нидоси, ўзини тафтиш этиши, қийналиши, агар ўлдирган бўлса-ю, ўша хотиралардан қутула олмаётган собиқ шўро аскарининг ич-ичидан инграшлари ҳикояда садо бериб турибди.

У одам ўлдирмаган… Унинг ҳолига раҳматлик бувиси ҳайрон эди. Йўқ-йўқ – у она юраги ўғлининг юраги билан баробар урар эди. Урушда қатнашганлар ҳолидан савол сўралганда масжид имоми: “Улар (уруш очган ҳукмдорлар – Б.К.) бирламчи айбдордирлар ва жазога мустаҳиқдирлар. Сиз эса гуноҳкор эмассиз…” деган жавоби қаҳрамонни хотиржам қилиши мумкин. Агар у кимнидир отиб ўлдирган бўлса, гуноҳи буйруқ берганнинг гарданига тушади. Бироқ онаизорнинг дастурхонга ароқ қўйишига аввал ҳайратландим. Кейин ихтиёрли-ихтиёрсиз номсиз ниманидир англашилди. Оналар шундай меҳрибон ва табаррук зотларки, фарзандлари осойиши учун жонларидан кечишга тайёр. Ўғил она ҳолини тушунади ва ўзини қўлга олиб, нури дийдасини кўнглини хотиржам қилади.

Ҳикояда эрининг ҳолига хотини ҳам ҳайрон. Аслида эр-хотин бир вужуд, хотин эрнинг бир бўлаги. Бирга қийналади, бирга ўксийди, бирга азобланади, бирга қувонади. У ҳам уруш майдонларидан қон кечган жуфти ҳалолининг алаҳсирашига аста-аста кўнади… Гап ўғил устига кўчади. У отани тушунадими? У отанинг азобларига малҳам бўладими? Отанинг руҳий изтиробларига, тўртта қўй бошини бир ерга жамлаб турган жойга бошини тиқиб, димиқиб нафас олиш сабабларни англайдими? Юмалашларини, кўксини нам ерга бериб, ёнаётган юрагига малҳам истаётган отанинг ҳоли ўғлига маълумми? “Сени яхши кўраман, ҳаёт” – бу Наби Жалолиддиннинг насрдаги шеъри, бу ҳикоя шоирнинг “таскинбахш нола”сидир. Ўғил “Отам ақлдан озяптими, нима бало?!” деб ўйлайди. Бола ота ҳолига боқиб, тенгқурларидан уялади… Нега уялади?!
Ахир у одам ўлдирмаган-ку!…

Эскартиш: Наби Жалолиддин айтган Абдулҳамид Чўлпонга бағишланган “Тегирмон” романи қўлёзмасини “Чўлпон” нашриёти бош муҳаррири Даврон Улуғмуроддан олдим. Ўқишни бошладим.

Баҳодир КАРИМ