— Барибир кўнгилни тўғри қилиш керак, — деди костюм-шимига ярашиқли бўйинбоғ таққан одам. — Ҳаётга кенгроқ қараш зарур, дейман-да…
— Ҳалиги гапниям тўғри айтдингиз. — Сўл ёғидаги пешона сочлари тўкилган қирқ беш ёшлардаги эркак унга олазарак боқди. — Одамнинг душмани одам-да.
— Тўғри, ҳожи ака, — бўйинбоғли “сенга мурувват қилдим”, дегандай нигоҳ ташлади. — Мана, сиз, ёш туриб ҳожи бўлган экансиз. Маладес! Ҳаммагаям насиб этмайди. Оммалекин ҳозирги ҳожиларни ўзингиз биласиз, хафа бўлмангу…
— Ҳа, энди… — Ҳожи олисда қандайдир қимматбаҳо нарсаси қолиб кетгану, бўйинбоғлига боқиб, “сен нимайкансан” янглиғ хаёлда ўтирарди. — Сиз ка-атта ишда ишлайдиган одам бўла туриб, таксида юрганингизда, — деди “сенга шу керакми” қабилида, — бизнинг ҳожилигимиз нима бўпти…
— Унақа деманг-ей, ака, ҳожиликка етганлар бор, етмаганлар бор. — Ҳайдовчи қора духоба дўпписини қўзғатиб қўйди. — Ўтган йили отамни ҳажга жўнатдик. Акам билан. Яхши топганим учун мен кўпроқ қўшдим. Мингдан-минг розиман. Отамнинг хурсанд бўлганини айтинг. Ҳозир маҳалладаги ҳамма издиҳомга айтишади. Маза қиле-еб юрибди. Сиз бўлсайиз…
— Бу сиз тушунадиган гап эмас, — деди бўйинбоғли бурнини жийириб.
Ҳайдовчи, жаҳли чиқдими, асабий тебранди.
— … Сиз тўғри фаҳмлабсиз, — бўйинбоғли ҳожига хайрихоҳона қайрилди. — Бирмас, бир нечта машинам бор. Шотирлар ўшанча. Ўғилларга айтсам бўларди. Лекин одамга камтарлик ҳам керак-да. Халқ билан бўлганга нима етсин. Уёғини сўрасангиз, ҳаммамиз охир-оқибат бир гўрга борамиз…
— Унақа деманг-ей, бир пойизга борамиз. — Ҳожи унинг кайфиятига монанд кулги ясамоқчи бўлдию, дарров гапини ўнглади: — Ўғлим Тошкентда ўқийди. Шунга…
Бўйинбоғли кўксини шишириб, тиржайди.
— Яшанг, ҳожи ака!
Ҳайдовчи пешонасидаги ойна орқали хўмрайди.
— Кемага тушганнинг жони бир, ака!..
— Сиз йўлга қаранг, ука! Кейин сал секинроқ юринг, айниқса, поворотларда! — Бўйинбоғли ақлли гап айтмоқчидай овозига салобат бериб, гердайди. — Қадимда урушларда кў-ўп одам ўларкан-да. Жанглардан кейин чор атроф ўликка тўлиб кетаркан. Ўликларни йиғиштириб олинмаса, нима бўлиши маълум…
— Хўш, нима бўлади? — зардалироқ луқма ташлади ҳайдовчи.
— Нима бўларди, иним, сасиб кетади-да. — Ҳожи бўйинбоғлининг нигоҳидан гапи тўғрилигини англаб, ўзича қувонди.
— Йўлга қаранг, ука! — Бўйинбоғли ҳайдовчига кибрли табассум ҳадя этди. — Хуллас, иккала тараф келишиб, ўз майитларини бир жойга тўплашаркан. Ка-атта ҳандақ ковлаб, ҳаммасини унга ташлашаркан-да, устидан тупроқ тортишаркан. Гоҳида енгилганларнинг қолган аскарлари қочиб кетишса, икков томоннинг ўликларини ҳам бир чуқурга тиқишаркан. Шундан “бари — бир гўр”, деган гап қолган экан. — Ҳожига “қалай, бопладимми”, дегандай виқорли назар ташлади. — Так што, ҳаммамизнинг борар манзилимиз ҳам, пойизимиз ҳам бир.
Ҳожи “нима бўлса бўлар, шу онданўтиб олсам бас”, дегувчи ёки бировга қарши боришни хушламагувчи одаммиди, бўйинбоғлининг гапини тез-тез маъқуллаб турардию, хаёли бошқа ёқда эди.
Шу пайт қўл телефони овоз берди.
— Ваалайкум ассалом, ўғлим. Яхшимисан? Худо хоҳласа, ҳозир пойизга ўтирамиз. Хўп, болам.
Ҳайдовчининг арази ҳали аримаганди.
— Гапларийиз бирам совуғ-ей, ака, — деди жунжикаётгандай елкаларини силтаб. — Ўликлар, уруш… Тавба! Ҳамманинг ўз қабри бўлганига нима етсин…
Бўйинбоғлига бу гаплар ёқмади. Лекин у билан пачакилашишдан кўра шохига уриб қўйишни афзал билди:
— Совуқ гапни ҳали пул тўлаётганимизда эшитасиз, шопир бола!
Ҳайдовчи сергак тортди, қовун туширганини фаҳмлади. Ойна орқали ҳожига умидвор тикилди.
— Тўғри айтасиз, ака. Омма шопиримиз яхши болайкан. — Бошқа нима ҳам десин? — Вокзалга кеб қолдик шекилли?..
— Келдик-келдик!.. — Ҳайдовчи тиконда ўтиргандай типирчилади. Яна озгина юрсак нима қиларди-я!.. Машинани автоқўналғада тўхтатди. — Сизи юкларийиззи олиб кириб берайми, ака? — дея бўйинбоғлига мўлтиради. Шаштидан ўзига қўшиб кўтариб кетишга тайёрдек эди.
— Ўзи битта дипломатим бор холос, ука. — Бўйинбоғли машинадан тушиб, чўнтагини ковлади.
— Майли-да, ака. — Ҳайдовчи бошининг орқасига кафтини босиб, дўпписини қўзғатди. — Мен ахир таксичиман холос… — Нигоҳи унинг қўлларида эди.
Ҳожи пул узатди.
— Сўмкам оғирроқ, обкиришиб беринг, шопир ука! — деди юкхонадан салкам сандиқдай матоҳини ерга олиб.
— Ҳозир… — Ҳайдовчи мудом бўйинбоғлига тикиларди.
— Манови келишган нархимиз. — Бўйинбоғли унга “беш мингталик” узатди. — Буниси совуқ гапим учун.
Ҳайдовчи йиғлаворай деди. Шошиб ҳожининг юкини олди-да, ичкарига югурди.
Текширув жойига етишганда ҳайдовчи хайр-маъзурни насия қилиб, жўнаб қолди.
Бўйинбоғли дипломатини текширув мурватига қўйиб, “оралиқ”дан ўтди. Эшикменгиз аппарат овоз чиқарди.
— Чўнтагингизда нима бор? — сўради у фарқлай олмайдиган ҳарбий либосдаги йигит.
Ёнини пайпаслади.
— Телефон, калит…
— Уларни буёққа қўйинг!
Бўйинбоғли ҳарбийнинг ҳукмини бажаргач, “оралиқ”дан овозсиз ўтиб кетди.
Ҳожи қадам босмай туриб, сўмкаси “сас берди”.
— Ичида нима бор? — Ҳарбий унга душманнинг сирини фаҳмлаган киши алпозида тикилди.
Унга оқ кўйлакли, чучварамонанд бош кийимли ҳусни жонни қутқуловчи қиз қўшилди. Қўлида узунчоқ музқаймоқни эслатувчи асбоб. Яна бир новча, ёшроқ ҳарбий ҳам яқинлашди.
Бўйинбоғли мастона боқди: наҳотки мана шу жонон ҳожини пайпасласа? Қанийди, мени текширса…
— Пичоқ бор шекилли, а? – Ҳарбий ўзини ўта жиддий тутишга уринаркан, нигоҳи билан ҳожини “рентген қиларди”.
— Бор. Қинли, Шаҳрихонники.
— Манови узунчоқ нима? – Ҳарбий энди диққат билан экранга тикилди.
Экран ҳожига кўринмасди.
Жонон билан новча сергак тортишди.
— Нима қиляпсизлар-ей, худди террористни ушлавогандай. Бу киши ахир ҳожи, яхши одам! — Бўйинбоғли бўйинбоғининг тугунига икки бармоғини босиб, ҳарбийга хўмрайди.
— Унда бу нима? — Ҳарбий бош кийимини қўзғатиб, ниҳоят мақсадига эришган одамдай бўйинбоғлини экран томон ундади.
— Балки қиличдир, — деди бўйинбоғли дўстининг сирини сақлашга уринаётгандай. — Автомат эмас-ку ахир! — дея ҳазиллашмоқчи бўлди.
— Нима? Қилич?! Автомат?!. — Уч ҳарбийга яна иккиси қўшилди.
— Унақа ҳазиллашманг-ей, ака! — деди ҳожи бўйинбоғлига аразлагандай. — Таги зил бўп турмасин тағин.
— Қанийди, ҳамиша шундай ишласайлар. — Бўйинбоғли дипломатини силкитиб, гердайганча нари кетаркан, ёзғирди: — Йўл янги очилди, тизим янги. Кўрамиз ҳали…
Жонон “тавба” дея унга қовоқ уйди. Биринчи ҳарбий ёвқараш қиларкан, ҳожига қайрилди. Бошқалари уни асир олмоқчидай икки ёнига туришди.
— Қани, нарсаларингизни чиқаринг-чи! — деди биринчи ҳарбий.
Ҳожи сўмкасини очди. Кийим-бошу яна алланималарни титкилашдан сақланиб, минғирлади:
— Шунча нарсани қаёққа чиқараман-ей? Тагида китоб бор. Балки ановингизда шу кўрингандир.
— Қанақа китоб? — сўради жонон юзига сохта табассум сочиб.
— Оддий китоб, Навоийники. Тошкентда ўқийдиган ўғлим сўраганди.
— Бу ёққа олинг! — буюрди биринчи ҳарбий.
Барибир нарсаларини чиқаришига тўғри келди.
— Мана! — деди катта китобнинг бир четини кўрсатиб.
— Яхши. — Биринчи ҳарбий ўзини нари олди. — Сизга рухсат, бораверинг! Кечирасиз!
— Ҳалиги деловой шеригингиз қани? — сўради жонон киноя билан.
— У менинг шеригим эмас…
Тўрт киши — ўттиз беш ёшлардаги бўйдор йигит, рўмолини жағидан танғиган аёл, пакана кимса ва тор шим кийган қиз касса туйнугига бошларини суқиб олгудай туришарди.
— Охири ким? — деди бўйинбоғли ғўдайиб, бўйини бўйлагандай бўйдорга кўз қирини ташлади.
Рўмолли аёл билан новча унга бир қур қараб қўйишди. Аммо саволига ҳеч ким жавоб бермади. Тавба, муомаланиям билишмайди-я!.. Ойна оша чипта сотувчи гўзалга боқиб, нигоҳи билан “мен бошқача одамман”, демоқчи бўлди. Лекин гўзал уни эътиборига илмади.
— Итмисан-эшшакмисан, демайди-я бу қиз, — ғудранди рўмолли аёл.
— Ҳа, энди янги-да… — Бўйдор гўзалдан кўзини узмай, тушунтирган бўлди. — Маълумотлар бюроси йўқ, булар ҳали ишга киришолмаяпти.
— Киришсин-да! Булар шунга ойлик олишади! — Рўмолли аёл тутоқди.
— Ўзи нима гап? Ким нимага турибди? Нимани сўради?.. — Бўйинбоғли нима демоқчи бўлганини ўзи ҳам англолмай қолди.
Ёнбошида ҳожи пайдо бўлди.
— Қўйворишдими, ҳожи ака? — деди гапини тинглагувчи топилганидан қувониб. — Мен ҳожиман, демадингизми?
— Ҳожиликнинг нима дахли бор, ака! — Ҳожи сўмкасини девор остига қўйиб, жойига қайтди. — Сизни деб бир балога йўлиқишимга сал қолди. Қўйинг-ей!..
— Ўзи солиднийу, ғалатироқ экан, — деди шимли қиз бўйинбоғлига кўзи билан ўт очиб олгач, навбат келганидан хурсанд.
— Ие, яхши қиз… — Бўйинбоғли суратга тушишга тайёрланаётган одамдай уёқ-буёғини ўнглади. — Отангиз тенги одамман-а!..
— В том то и дело, что отам тенг… — Шимли туйнукка яқинроқ сурилди. — Бўмасаю… Ҳожи ака, по ближе келинг…
Кимдир келиб, бўйинбоғлининг елкаси оша гўзалга қоғоз узатди — чипта шекилли.
— Қайси вагон, нечанчи жой экан, кўрберинг.
— Кўрмаяпсизми, одамлар навбатда турибди! — Гўзал барчага керак одам алпозида чипта узатганга танбеҳ берди.
— Нима, бу сизга справочний бюроми, ука? — Бўйинбоғли узатувчининг қўлтиғига туртиб, қаддини ростлади.
— Ие, ака, справочний бўмагандан кейин сўрайман-да! — Сўрагувчи йирик кафтини бўйинбоғлининг юзи олдида силтади. — Туппа-тузук одам экансизу!..
— Бирпас жим бўлинглар! — дея овоз қўйди пакана туйнукка интилиб. — Опа гапиряпти.
Гўзалга “опа” ёқмади шекилли, жийирилди. Сўнг нигоҳи билан бўйдорга ишора қилиб, паспортга қистирилган чипта узатди.
— Ҳозирги поездга бўлса, бемалол олишингиз мумкин, ака, — деди бўйдор мамнун ташқарига шошиларкан.
— Ие, унда сизлар нима учун турибсизлар? — Бўйинбоғли асабийлашди.
Гўзал сўрагувчининг чиптасини қайтарди.
— Ҳов, мелисадан сўранг!
Бўйинбоғли энди рўмолли аёлдан сўради:
— Сизлар нима учун турибсизлар?
— Эртагалик пойизга чипта олиш учун.
Шим кийган қиз бўйинбоғлига умидвор тикилди-да, қўзғатувчи товушда деди:
— Сиз нимага турибсиз ўзи?
— Жим бўлинглар! — дея дўқ урди пакана.
Гўзалнинг “ташқаридаги оғзи”дан радионинг ғинғирлаши янглиғ сас келди:
— Бугунги поездга битта чипта қолди!
— Унда менга бера қолинг! — Бўйинбоғли паспортини шошиб туйнукка тиқди. — Телефонда чипта бемалол дейишувди-ку?!.
На шим кийган қиз, на пакана ва на рўмолли аёл ўзларини четга олишди.
— Нега сизга бўларкан? — Ҳожи шим кийган қизнинг елкасидан тутиб, хиёл сураркан, унга “менга ён босинг”. дегандай табассум ҳадя этди.
— Қизиқ одам экансизу, ҳожи ака! — Бўйинбоғли атрофдагилардан нажот кутди. — Ҳожи одам нима қиласиз Тошкентда, ўғлингиз Навоийни ўқисаям!
— Нима қипти ўқиса?! У эскича китобмасу! — Ҳожи туйнукка сурилди. — Ияғдаям мени подвадить қилдийиз. Тошкентда бизнесим бор! Бизам давлатти одами, ака!
— Менинг мажлисим…
“Ташқаридаги оғиз” “ҳукм ўқиди”:
— Охирги чипта Қўқонда сотилибди!
Бўйинбоғли паспортини қўйнига солиб, бўшашганча у ён-бу ён аланглади.
Ҳожи паспортини сўмкасининг чўнтагига жойлаб, ташқарига юрди. Бшйинбоғли зинапоядан тушаётганда унга ёнбош келди.
— Шошилмасак ҳам бўларкан, узр, ҳожи ака!
— Ҳа-я… — Ҳожи қизарди. —Сиз мени кечиринг! — Чўзиб нафас чиқараркан, деди: — Онамнинг “бугун кетма”, деганига қулоқ солмовдим-да, шунгами…
Бўйинбоғлининг телефони жиринглади.
— Билет йўқ экан, — деди қулоғига тутиб. — Ҳа, энди… Хотинимнинг нима дахли бор? Билмайди деганман-ку!.. Хўп, жоним, киракашда бўлсаям етиб бораман!..
Бўйдор нарироқда бир жувоннинг икки елкасидан тутиб, дерди:
— Яхшиям бирга келганинг, хотинжон! Бўлмаса, чипта ололмаслигим аниқ эди…