Ковакдаги истеъдод (Кемирувчилар ўқимасин)

Андижонликларнинг юзи ҳамиша ёруғ
10.05.2015
Уруш ва тинчлик
08.08.2015

Унинг асли ота касби омборчилик эди. Лекин шоирларга жуда-жуда ҳаваси келар эди. Ахир элнинг кўзидаги энг ҳурматли зотлар ким? Шоирлар. Ким пулдор? Шоирлар. Унга ўхшаб шоирлар кечаси майда-чуйда ковакларга кириб юрмайди. Обрўнинг ўзи мен уникиман дея ортидан қувиб юради.

У ўзидаги туғма истеъдодни сезиб қолмаганида балки шоирларга бўлган ҳавас ҳаваслигича қолиб кетармиди. Лекин унда нима бўлганда ҳам туғма истеъдод бор экан. Буни ўзи сезиб қолди.

Бир куни иш вақти тугаб, омборини бекитиб, орқадаги яширин тешикдан кунлик тирикчилигини олиб, хиргойи қилганча кетаётувди, миясида бир нима ғимирлаб қолди. Ўйлади. И-я, илҳом келди шекилли. Ҳа-ҳа…

— Бизлар учун тўпон-дон,

Одамларга бўлур нон…

Унинг миясида ғимирлаган нарса мана шу мисралар бўлиб қуюлди. Оббо-о, туппа-тузук шоир экан-ку. Ана, туғма талант. Ана, сенга туйнукларда яширинган истеъдод…

У ўз ковагига (уйига) келди ҳамки, шеър ишқида ёнди. Ҳамма уйқуга кетганда столга қоғозларни уйди. Бўлганга яраша бўлсин деб, шам ҳам ёқиб қўйди. Чап қўлини, чап чаккасига тираб, хаёлга толувдики, бинойидек шоир бўлди-қолди. Туни билан ўтириб, бир эмас, тўртта шеър тўқиб ташлади. Қарабсизки, яна битта шоир дунёга келди. Шоир бўлгандан кейин жарангдорроқ тахаллуси ҳам бўлиши керак-да. У узоқ ўйлаб, шеърлари остига “Сичқон Кемир” деб ёзиб қўйди. Пича мизғиб олгач, нонуштадан сўнг омборини ҳам унутиб, редакцияга йўл олди. “Адабиёт бўлими” деб ёзилган хонага кирувдики, худди ўзига ўхшаган, лекин савлатли бир зот ҳомуза тортиб ўтирарди.

— Ассалому алайкум! — деди у қироат ила.

— Ваалай… — Савлатли зот алигининг ярмини ичига ютиб, унга ҳайрон тикилиб қолди. Сўнг: — Вей, менинг бир акахонимга жудаям ўхшар экансиз… Қани-қани, ўтиринг-чи… Мабодо жиянлари эмасмисиз?

Сичқон Кемир ийманиб, камтарона бош эгди:

— Кимни сўраяпсиз?

— Сувсар Каламушовични айтяпман. Мабодо у кишига қариндош эмасмисиз?

Сичқон Кемир севиниб кетди.

— У киши жонажон тоғам бўладилар.

— Оббо, сиз-ей, оббо, сиз-ей… — Савлатли зот ўрнидан туриб, икки қўллаб сўрашди. — Хуш кепсиз!.. Хуш кепсиз!.. Ҳойна-ҳой каминани танимасангиз керак. Камина шоир Юмронқозиқ Мингтешик бўладилар… Хўш, хизмат?..

Сичқон Кемир қўйнидан қоғозларни чиқариб, унга узатди.

— И-я, и-я, шеърми?.. Офарин, офарин!..

Юмронқозиқ Мингтешик шошилмай шеърларни ўқиб чиқди. Сўнг юз-кўзи шодликка тўлиб:

— Талант!.. — дея ҳайқирди. — Мана, истеъдодлар қайси ковакларда яширинган… Офарин!.. Яна борми? Бугуноқ олиб келинг, нашриётга берамиз.

Сичқон Кемир қизарди.

— Ҳозирча шу холос.

— Шунақами?.. Унда сизга бир ҳафта муҳлат, дарров ўн-ўн бешта ёзиб ташланг…

Сичқон Кемир редакциядан қалби орзуларга тўлиб чиқди…

Шу-шу у ижодга шўнғиди. Олти ой деганда биринчи китоби босилди. Тоғаси Сувсар Каламушович табриклагани шахсан ўзи келди. Кимсан шундай катта идоранинг бошлиғига миннатдорлик билдириш керак-ку. Дарҳол каттагина очерк ёзиб ташлади. Юмронқозиқ Мингтешик бошлиқ адаб аҳли эса унинг китобларини босаверди. Ёзаверди… Узатаверди… Босаверди.

Сичқон Кемир оз йиллар ичида шеъриятнинг кўрки бўлиб қолди. Ҳамма мукофоту, унвонларни олди. Фақат энг сўнггиси — энг каттаси “Фалон лауреати” деганига етишмади холос.

Тоғасининг ҳамкорлиги билан ўшал унвонга ҳам муяссар бўлди.

Улкан зал, Президиумда казо-казолар. Бу кун шоир Сичқон Кемирга Олий мукофот топширилади. Минбарга ўша катта даргоҳнинг каттаси — отахон ёзувчи Мушукзода кўтарилди. У ўзининг оғир, лекин ширали овози билан Сичқон Кемирнинг босиб ўтган ижодий йўли ҳақида узоқ гапирди. Сўзининг охирида деди:

— Катта шоиримиз Сичқон Кемир бу мукофотга лойиқ. Унинг қатор — “Тешикдаги хазина”, “Туйнук”, “Тешилган қоп”, “Омбор — унда бир гап бор” каби китоблари адабиётимизнинг олтин омборидан ўрин олган. Шу билан бирга, у ватанпарвар ва ўз халқига содиқ шоир. Қуйидаги мисраларни эсланг-а:

Мен одам эмасман,

Кемирувчиман,

Майда сичқон эдим,

Шундай қоламан…

— Қандай камтарона, аммо буюк муҳаббат ила айтилган мисралар!.. Сичқон Кемир ижоди айни гуллаб-яшнаган пайтда. Шундай экан, сен бизга кераксан, Сичқон Кемир! Тўқийвер, ёзавер!.. Кемиравер…

Мушукзода Сичқон Кемирни бағрига босиб, пешонасидан ялаб қўйди. Тантана билан мукофотни топширди.

Сичқон Кемир шод-хуррам ўз ковагига (уйига) келиб, тарки одат эмасми, лауреатлик нишонини қўшнисига бир қоп арпага алмаштириб олди.

Шу куни тунда шоири жаҳон Сичқон Кемир адиб мушукзода ҳақида ёрқин хотиралар ёзишга киришди.

Архивдан. 19.12.1986