Маркаб

«Оралиқ» романининг давоми
07.01.2019
Наби Жалолиддин ҳикоялари бўйича докторлик диссертацияси ёқланди
16.01.2019

Биқинига нимадир қаттиқ ботди – қайта-қайта нўқийвергач, кўзларини очди.
Кимдир ўдағайлаётганди.
— Ҳов, кимсан, бетавфиқ?! Тобутдаям ётадими одам?!..
Дум тушганча (юз тубан) ётганидан овоз эгасини кўролмади. Қўзғалай деса ҳаммаёғи тарашадай қотган. Аммо турмаса бўлмасди — туртгувчига нимадир дейиши керак. Шуурида эса шу сўз: тобут, дедими? Наҳотки ўлган бўлсам?! Йўғей!.. Борки қувватини жамлаб, оёқларини қимирлатишга уринди. Ўнги силтанди-ю, ёғоч қирига тиралган тиззалари зирқираб кетди. Икки оёғининг тиззасидан пасти тескари осилиб – муаллақ қолганидан ортидаги юмшоқ жойларининг томирларида жон йўқдай эди. Энди қўллари эсига тушди: Яхшики, ўнги озод, бироқ тун бўйи қимирламаганиданми, ёнбошида йўғон ичакдек чўзилиб ётар, чапи эса остида увишиб қолганди. Қуруқшаган тили танглайига ёпишганидан, бир бор тамшаниб олгунча тоза чиранди. Аввал ўнг қўли, сўнг оёқлари ожиз силтаниб, вужудига жон киргандай беўхшўв ҳаракатлар қилди-да, ниҳоят овоз келган тарафга қайрилди: Олим гўрков экан.
Гўрков уни олдинроқ таниганди.
— Туппа-тузук одам, сенга нима бўлди? — деди ҳижолатли овозда, қўлидаги калтак – таёқни нари улоқтираркан…
Кенжасини уйлантирди-ю уйидаги ғишавалар баттар кучайди…
Катта ўғли университетнинг охирги курсида ўқиётганда, замон боласи эмасми, таниш-билиш орттирди шекилли, уйга пул олиб келадиган бўлди. У қувонди – Худо берган кўмакчим, белимга мадор, деди. Ўқишни тугаллаб, дипломни қайгадир беркитди-да, туппа-тузук тадбиркорга айланди. У ойлигидан ошиниб, ўзича пул жамғариб юрарди. Ўғлининг топгани эса қўр бўлди. Меҳнатларим ҳосили, яхши фарзанд ўстирганимга Худонинг сийлови, деди, лекин барибир ўзининг ошинганидан ишлатиб юрди: ўзини талтайтиришдан, ўғлиникига ҳиёнат қилишдан чўчиди-ю, юрагида далда, белида қувват туйди. Аввал ўғлини уйлади, кейин унинг кўмагида икки қизини чиқарди. Ўша кунлари каттасининг алп қоматига қараб севинганини айтинг. У туғилганида, қишлоқдагина эмас, бутун юртда донғи чиққан Омон полвонга ўхшасин, деб тилаганди Худодан. Эшитар экан: бўйи салкам икки метрли пахлавон бўлди. Шод эди. Тағин маошини тўплаб, хотинининг ойлигини қорин-қурсоққа ишлатиб юрганида ўша назаркандаси деб қолди:
— Мошина олайлик, дада!
Унинг кўзлари қандай олайиб-ёнганини кўрган одам билади. Бу фикр ҳаёли тугул, тушига ҳам яқинлашмаган. Бола-чақамни катта қилсам, ўқитсам, уйласам-жойласам, деб юрарди-ю, аммо машина олишни…
— Манов пулим бор, – деди ўғли халтадаги тахламларни тўкиб. — Сиздагини қўшсак…
— Меники нима бўларди, ойликдан ошинганимда, оммалекин баракали, — бу унинг бир умрлик ишончи-ҳузури эди. Шунинг ўрнига, “шу пуллар сизга, ота”, десанг бўлмайдими-я, бола! Бир тўлиқиб, ўзимга келиб олардим…
Розилик берди: машина каттасидан ошмай қолди. Унинг ташвиши эса, кенжасини уйлантириш. Ниҳоят ўша кун келди. Ўғилларига ёрилди: “менинг топганим манови, сизлар ҳам…”
– Хавотир олманг, пул бор, дада, – деди каттаси виқор билан.
У енгил нафас олди. Борини ўғлига берди: буёғини юрғиз, болам! Дилидаги бўлди – барча олди-бердилардан сўнг тўй куни етди.
– Ўғилларингга, айниқса, каттасига раҳмат, хотин, – деди кўкси хапқириб.
– Бу шўрликларни кўп сўкдингиз, – дея минг йиллик хасрати очилди жуфтининг, –ўзи бир ойликчи бўлсангиз. Булар эса топарман-тутарман, шукр қилинг!
Шукр қилди. Элга берганмасми, элдан келиши бор эди; хўпам тўёна тушди. Хаёлида тўйнинг қолган-қутган ҳаражатлари… Олдин би-ир санаб, ҳисоб-китоб қилиб олади. Кейин сарфлайди. Балки ошиб қолар… Узатганларини ўғли халтага солиб турди…
Эртаси тушлик маҳали сал чарчоқлари ариб, ўғлига “қани, пулларни олиб келинг”, деди гўё эркалагандай.
— Қайси пулларни? – Безрайган назар нафасининг кўзлари пиёладай кўринди.
Пулларнинг ҳаммасини кам-кўстларга ишлатиб юборишибди. Унинг кўнгли оғриди: бир оғиз сўрашмабди-я! Ҳай, майли, дея ўзини овутди, яхшиликка ишлатишибди-ю. Аммо ҳамёни-ғазнасида шабада сайр этарди. Ёши бир ёққа оға бошлаган одамга бу аксил таъсир қиларкан…
Янги келин тушган, бу ёғи қуда-андичиликнинг завқу сурури – ҳаёти бинойидек эди. Ишга бориб-келарди-ю, йўл кира, тушликка яқин қўллари қалтираб, юраги суст кетадиган бўлди. Ёшлигида шунақайди: болам-чақам, деб роса тежаб-тергарди, гоҳо тушликка ҳам чиқмас, бир йўла уйда кечки овқатни ерди. Аммо сира норози бўлмас, бировга ҳасрат ҳам қилмасди. Ҳаммаси ўтиб кетади, бориб-бориб рўзғорга барака киради деб ишонарди, ўғилларим катта бўлишса, ёнимга киришади, топганларини менга беришади, ана ўшанда киссам қаппайиб, кўкрагим кўтарилади, дея ишониб, орзу қилганлари ҳам рост. Ахир ўзбекда таомил шундай-ку: фарзандлар, айниқса, ўғиллар маош-паошларини олиб келиб, оталарига беришади-ку. Оталар эса ғазнабон — оналарга топширишади. Бироқ оилабошиларнинг рухсатисиз бир тийинига ҳам тегишмайди. Ҳар ҳолда у шундай деб ўйларди.
Фарзандларининг барини уйлаб-жойлаб, ташвишидан қутулгандай эди-ю, лекин ҳалигиндай аҳволга тушгач, ўзини ҳеч кимга кераксиздек ҳис эта бошлади. Ҳа-да, ҳаммаси ўзи билан ўзи овора: келин-куёвлар эрта кунда уйларига кириб, гумдон бўлишади. Хотини бир пас невараси билан андармон ғимир-симир қилгач, гўдакни келинга бериб, ўзи дарров пинакка кетади. Кетганда ҳам-ки… Бирам пишиллайдики…
Ўша кунлари бироз ёзиламан, кечқурун яхши ухлайман, деб ишдан кейин бир-икки пиёла ичадиган одат чиқарди. Шундай ҳам бўлди – овқат ейди-ю таппа ташлаб, ухлайди. Бу хотинига ёқмади, бир-икки ғингшиб юрди. У эса парво қилмасликка уринди: ҳар ҳолда борлигини ҳис этди-ю.
Бир куни кечки овқатдан кейин, эндигина ишдан қайтиб, машинасини дарвозахонага олиб кирган катта ўғлига деди:
— Эртаматан бир жойга фотиҳага боришим керак, обориб келарсан?
— Эртага саҳар чиқиб кетаман, иложим йўқ, — деб тўнғиллади полвонсифат ўғил саломни ҳам унутиб, уйи томон кириб бораркан.
— Хўй, бола, ахир мен отангман! — дея ўртанаркан, чаккаси қизиб, бўғзи қуруқшаётганини ҳис этди.
— Ким сизни отаммассан, деяпти? — заҳарханда тиржайиш ила тасқараларча сўз ўйини қилди ўғил.
Шу пайт хотинига кўзи тушди.
— Кўриб қўй ўстирган болларингни! — дея кесатди овозига шашт бериб. — Ҳатто отасини бир тийинга олмаяпти! Ҳаммаси сенинг ишинг, уларни сен шу кўйга солдинг!
— Секинроқ гапиринг, қўшнилар эшитади, — чийиллади хотини. — Бола ишдан чарчаб келди, тушунинг-да сизам! Эрталаб бир гап бўлар, ахир!
— Камроқ ичиш керак, ҳов от-таа! — дея танбеҳ берган ўғил уйга кириб кетди.
— Ҳе, онангни сенларни!.. — Яна ароқ ичгиси келди. Бироқ уйда йўқ эди, дўконлар эса, аллақачон ёпилган. Ҳа, майли, ростданам эрталаб бир гап бўлар. Балки айтса, кичкинаси мошина топиб келар. Анов-манов билан ўзини овутишга урунди-ю, аммо тун бўйи тузук-қуруқ ухлолмади: миясида нимадир ғимирлайверди-ғимирлайверди…
Мана, неча йилдирки, бомдод номозини сира қолдирмай ўқийди; ҳарна-да, гуноҳларимга каффорат бўлар, дейди, ахир Оллоҳ меҳрибон. Бир куни унинг ёнига боришимиз аниқ – кечирар!.. Намозни тугатгунича катта ўғли уловини ғинғиллатиб, чиқиб кетишга улгурди. У уст-бошини кийиб, тонг ҳавосида бир пас ҳовлини айланди. Асли индамай кўчага чиқиб кетса ҳам бўларди, бироқ катта ўғлининг кечқурунги қилиғидан кейин кичигидан оқибат кўргиси келди. Хотини билан ошхонада уймалашаётган янги келинига буюрди:
– Ановини уйғотинг, қизим, биронта киракашни топиб келсин!
Келинчак “хўп бўлади”, дея зипиллаганча уйига кириб кетди. Ҳадеганда чиқавермагач, у қаттиқроқ овоз берди;
— Тур, ўғлим, тезроқ битта мошина топиб кел, фотиҳага бораман! Пулини ўзинг бериб қўярсан. — Шу тобда ўғлининг “ҳозир, дадажон”, дея югуриб чиқишини, уловни олиб келгач, “мана, дада”, деб бир тахлам пул узатишини жуда-жуда истаб кетди. Лекин ундай бўлмади. Боши хам келинчак икки ўртада мулзам турарди.
— Турмаяпди, дадажон! — дея олди аранг чорасиз оҳангда.
Унинг вужуди аввалига титраб, тортишди-да, сўнг салқиди. Чаккаси қизиб, тишлари бир-бирига қаттиқ жипслашди. Ғазаби тошмоққа ҳозир эди-ю, нима қилишни билмай, каловланди.
— Чиқинг, ана, кўча тўла мошина-мошина! — Шанқиди хотини. — Биронтасини ушларсиз. Нима қиласиз ёш болани қийнаб.
Сўкинмоқчи бўлди-ю, ҳарчанд чиранмасин овози чиқмади — бўғзи қуруқшаб қолганди. Шалвираганча дарвозахона томон юрди…
Киракаш ёллагани пули етмасди. Бир-икки йўналишдаги “Дамас”ларга чиқишига тўғри келди. Фотиҳа ўқиб қайтди-ю, ишга кеч қолди. Бу унинг наздида, кап-катта одамга ярашмасди: гап кўтармасди. Аммо бир сидра киноя эшитишга мажбур бўлди: кун бўйи дилгир юрди. Аламдан эти устихонига ёпишгандай туюлди.
Ишдан қайтса, каттаси уйда экан. Тағин қайсарлиги тутди: уйдагиларнинг ўзига итоат этишларини, уни аяшларини ҳис қилишни, ўғлининг эса, “нима хизмат, дадажон!” — дея югуриб чиқиб, қўл қовуштиришини истагандан-истади.
— Менга қарагин, ўғлим! — деди саҳн ўртасида тўхтаб.
Аввал келини пайдо бўлиб,
— Лаббай, дадажон, — дея қўлини кўксига қўйди.
— Ановини чақиринг!
— Хўп бўлади, дадажон.
Хийла вақт ўтгач, йирик гавдаси эшикка базўр сиққан ўғли пешонаси тиришиб чиқиб келди.
— Нима дейсиз? — деди салом ҳам бермай.
У ўзини босишга уринди.
— Олдин мундай саломлаш, болам. Кейин пастга туш, ёнимга кел!
Ўғлининг пешонаси баттар тиришиб, лапанглаганча унга яқинлашди.
— Омма-чи, дада, — деди ўнг қўлини кекиртагига пичоқдай сермаб, — қилиқларингиз жонимга тегди! Мен ишдан чарчаб келган бўлсам…
— Нима, мен ишламаяпманми? — тутоқди у.
— Сизни ишингиз нима — борасиз-келасиз, барибир ўша ойлигингизни оласиз-да, — дея масхаромуз тиржайди ўғил.
У тушунолмасди: нима бўляпти ўзи? Нега буларнинг бари бу қадар ўзгарди? Ким ўзгартирди?! Ё олдин сезилмасмидийкин?.. Алами баттар авжланди.
— Тўғри, мен бир умр ойликка яшадим. Лойиҳачи-инженерман, касбимдан фахрланаман… — У хиёл дудуқланиб қолди.
— Худди шойирларга ўхшаб гапирасиз-а, дада, — яна тиржайди ўғил.
Бунча мени масхараламаса бу, ахир отасиман-ку!
— Қанийди, шоир бўлсам! Балки сенларга яхшироқ тарбия берармидим.
— Қўйинг, шу гапларни! Нимага чақирдингиз ўзи? — Қўлини арра қилди ўғил.
У жаҳлини ҳам унутиб, келинлар йўқми, дегандай у ён-бу ёнга аланглади-да, ийманиброқ деди;
— Ёнимда пулим қолмади, ўғлим, ишга бориб-келгани қийналяпман. Шунга-а…
— Араққа пулим қолмади, денг, — дея лабини бурди ўғил. — Ойлигийзи нима қиляпсиз ўзи?
Унинг тоқати тугади:
— Менинг арақ ичишиму ойлигим билан нима ишинг бор, манқа?! — деб салкам ўшқирди. — Мени тергашни сенга ким қўйибди, эшшак?!
Ўғил қўл силтади:
— Бўпти, ана, менинг ишим йўқ! Пулам йўқ! Билганингизни қилинг!..
— Ҳўй, менга қара! — Энди у ростмона жириллай бошлади: — мен сенларни ҳалол ойлик билан боқдим.Ўқитдим! Ўзим етим, ёлғиз бўла туриб, уй-жой қилдим. Сенларни уйлантирдим, сингилларингни чиқардим!.. Тўғри, мен сенга ўхшаб мошина ололмадим…
— Айб ўзингизда-да, — деди ўғил парво ҳам қилмай.
У сўзидан адашмаслик учун ўғлининг гапини ё уқмади, ё эътибор бермади. Ҳасратимни тўкиб солаверсам, ахийри раҳми келиб, “синади”, айбини тушуниб, узр сўрайди, гапларидан уялади, дея умидланди.
— Агар мен ҳам сенларни ўқитиш ўрнига, Россиягами, Қозоққами жўнатганимда, балки эрта-кунда мошинали бўлармидим. Лекин сенлар касб-корсиз қолардинглар-ку! Мен буни истамадим! — У ўғлининг хиёл жим қолганини инсофга келганидан деб ўйлади. — Энди ҳамма ташвишлардан қутилдим, ўйнаб-кулиб яшайман деганимда, мендан – отангдан, — бўйин томирлари бўртиб, бармоқлари билан кўксига нўқиди, — озгина пулни қизғанасанми, болам?!
— Пул йўқ! — деди ўғил икки кафтини чўнтакларига уриб. — Боринг-эй! — дея шартта қайрилиб, нари юрди.
Унинг хўрлиги келиб,баттар асабийлашди: наҳотки шуларни деб бутун умрим меҳнатда ўтган бўлса?!
— Ҳов, менга қара, тўнғиз!.. — У ўғлининг ўнг елкасидан тутиб, ўзига қаратмоқчи бўлганди, девдай йигит гурзидай қўли билан силтаб ташлади. Шунинг ортидан ўнг қўли кафтининг орқаси отасининг юзи аралаш бурнига тегди. Дувиллаб қон оқди…
Хотини пайдо бўлди.
— Яна ёш боллар минан тенг бўляпсизми?! — дея шанқиди уни инсофга чақиргандай, — Нима бўляпти ўзи? Ҳали ичмовдингиз шекилли-ю!..
Ўғил онасига “олинг, бунингизни”, дегандай кўзларини олайтирди-да, уйига кириб кетди.
Кейин нималар бўлди — ёдида йўқ. Лекин “минг лаънат сендай фарзандга!”, — дея ҳайқиргани рост. Сўнг барча ҳаракатлари карахт ҳолда кечди: бурнини апил-тапил ювди, кейин гузардаги чойхонага чиқди. Кун қорайиб борарди. Ариқ бўйидаги сўриларда одам гавжум, маишатпарастларнинг шовқин-суронли гурунги авжида. Нега шуларга ўхшаб яшамадим, топганимни еб-ичиб умримни ўтказсам бўларди-ку!.. Хизматдагилар-у хўрандалар уни бу ерда қарийб кўришмаганаларидан ҳайратларини яширолмай, муддаоси не, дегандай қараш қилишарди. Бунда “насия” сўзини ёқтиришмайди, боз устига, асосан майпарастлар жам бўлганликларидан, қарзга нарса сўровчиларга мутлақо ишонишмайди. Лекин унга насияга ароқ беришди: ё ҳурмат қилишганидан, ёки яна бир “клиент” пайдо бўлганига умидланишди. Бўш сўрига ўтириб, ўша ерда турган пиёлани чайди-да, тўлатиб, газаксиз симирди. Миясига “уришини” ҳам кутмай, тағин битта ичди. Сўнг яна … Олдида кимлардир пайдо бўлди. Кабоб келтиришди. Бир-бирларига гап бермай, тоза хасратлашишди, нималарнидир исботлашга уринишди. У ҳам неларнидир гапирди, бироқ “дил ёрмади” — шууридаги “соқчи” изн бермади… Яна ичишди… Бир вақт мундоқ қараса, катта йўлда бир ўзи кетаяпти. У ён-бу ён тебранади, довдирайди… Наҳотки бир умр мана шу болларни деб яшадим?! Шу нонкўр ифлосларни деб шунча куйиб-пишдимми?! Минг лаънат ҳаммасига!.. Дада!.. Қаердасиз, дада?! Қийналиб кетдим-ку, дада!.. Қабристонга яқинлашиб қолганини пайқади. Ана, девори, дарвозаси… Мен сиз билан ётаман, дада! Уйга кирмайман! Тупурдим ҳаммасига!.. Сизга айтадиган гапларим кўп, дада! Бу дунёда ҳеч ким менинг тарафимни олмайди! Нима қилай, мен ҳам одамман, ахир!.. Дарвозадан кириб, кўзи айвон, сўнгра бир-икки хоналарни илғади: маййитни ерга қўйишаётганда, дуогўй, савобталаб эл-улус шу ерда ўтириб туради. Қатор ўриндиқлари бор. Биқинидаги айвондан довдираб-совдираб ўтиб бораркан, ғўлдиради: “Дада, бугун сиз билан ётаман! Ҳеч йўқ сиз ҳайдаманг, дада! Сиздан бошқа кимим бор, дада?!.”. Ўнг оёғи нимагадир тақалди: билди – ёғоч. Оёғини кўтармоқчи эди, танаси мувозанатини йўқотиб, олд тарафга оғди. Шунда ҳам қўллари асқотди: тахтага аввал улар урилди, сўнг “тақ” этиб чап юзи. Бу унга ҳуш ёқди — толиққанди. “Дада, деди онасининг бағрига бош қўйиб, эркаланган боладай, мен келдим, дада!..”
Олим гўрковнинг олдида тоза изза бўлди-да. Отасининг улфати эмасмиди, уям бунинг юзига қаролмади. Бунақа бўлиши бечоранинг етти ухлаб тушига кирибдими! Танимасдан ҳалиги гапни айтиб юборди-да…
Уйга келди, енгил-елпи ювинди. Хонага қамалди, ишга ҳам бормади. Наҳотки шу аҳволга тушдим?! Наҳотки адойи тамом бўлган одамман, дерди юраги! Ўзини англолмасди, ўзини тополмасди. Демак, бир умр ўзини излаган экан-да! Шунинг учун куйиб-пишган экан-да?!. Энди яна бошидан бошлаши керакми?!. Юраги шунақаям қаттиқ бурадики, кўксини чангаллаганча тин олди…
Тушликда хотини эслагандай бўлди: “овқат емайман”, деди уй ичида туриб. Шу билан хотини гум бўлди.
Ўз ёғига ўзи қовурилиб ётганида, кечки пайт каттасининг овозидан вужуди музлади:
— Анови эрингиз қани, ая?! — деди у хитобланиб.
— Уйда ётибди! Яна нима бўлди? — дегани эштилди хотинининг ўғлига хайрихоҳ оҳангда.
— Чақиринг бияққа!..
У совуққон хотиржам қиёфада ташқарига чиқди.
— Нима, дейсан?! — деди тишлари орасидан паст овозда. — Мана, мен — онангни анови эри!
Хотини бир унга, бир ўғлига мўлтирайди.
— Бизни ерга тиқвордийз-ку, дада!.. — дея ўшқирди каттаси бўғриқиб. — Ётгани тобутдан бошқа жой қуриб қоптими, а! Шунчалигам ичасизми, дада?!.
— Ким айтди буни сенга? — сўради у қиёфасини ўзгартирмай.
— Ана, кўчада ҳамма гапиряпти!..
Аслида Олим гўрков ўғлини кўча бошида узоқ пойлаб ўтирган, ниҳоят келгач, “Нима, отангни ранжитдингларми? Сал кўнглига қаранглар, отанг яхши одам”, деган эди. Каттаси буни ўзича тушунганди.
У хотиржам, аммо маломатли қиёфада саҳнга тушди.
— Нима бўпти ҳамма гапираётган бўлса?! — деди “хоҳласанг шу” қабилида. — Нима, тобут ётмайдиган жойимизми?!. Қолаверса, мен ҳеч қачон отамга қўл кўтармаганман! — Чаккалари қизиб, юраги қаттиқ бир қисирлади-ю, сўнг бурайверди. Буни билинтирмасликка уринди. — Отамни урмаганман!..
Ўғли,
— Яна шоирлик қиляпсиз! — деди-да, “сизга гап топиб бўлармиди” янглиғ ҳаракат ортидан уйига кириб кетди.
Хотини минғирлади;
— Хаҳ, ўлинг-а, тағин шу болани ҳапа қилдийз! Ахир катта-катта пул топиб турган бўлса…
Кечки овқатга рўйхушлик бермагач, хотини ҳам ўз одатича ортиқ қистамади.
Ювиниш хонасида обдон чўмилди. Ҳуфтон номозини ўқиш ниятида саждада қойим бўлди. Намоз фарзининг иккинчи ракатини ўқигач, жойнамозга манглайини қўйиб, “субҳона роббиял аъло” дер экан, вужудининг туб-тубидан ўксик бир наъра келди, ҳўнграб йиғлаб юборди. Пешонаси саждада, бутун танаси титраб, силтаниб йиғлайверди, йиғлайверди… — Гуноҳларимни ўзинг кечир, Оллоҳим!.. Ҳеч йўқ сен мени яхши кўр, Оллоҳ! Болларимга ўзинг инсоф бер, Худо!.. — Нолалари чексиз эди…
Рўпарасида отаси билан онаси ўтиришибди: ўша-ўша ўттиз беш-қирқ ёшда, иккиси ҳам хурсанд, юзларидан нур ёғилади.
— Ҳа, нима бўлди, ўғлим, мунча дилгирсан! — сўради отаси жилмайиб.
— Ие, дада, сизмисиз? — У вужудида ажиб енгиллик, ҳаловатни ҳис этиб, ўзини ёш боладай сеза бошлади. — Мунча ёшсизлар? Қаранг, мен қанчалик қариб кетдим, дада!
Дадасининг юзига хуш табассум ботиб қолгандай эди.
— Ҳа, энди, болажоним, у дунё ўшанақа, бу дунё эса, шунақа.
— Яна бир марта болажоним, денг, дада!
— Хўп, ана, болажонгинам!
— Сизларни, сизни соғиндим-да, дада!
— Биламиз.
— Доим сизга ўхшагим келарди, дада! Аммо қанақалигингизни билмасдим.
— Биламан, болажоним.
— Сиз етти ёшимда, онам ўн ёшимда ташлаб кетдиглар-да, дада! Жуда қийналдим!
— Биламан, болажоним!
— Мен ҳамма билан, бутун дунё билан курашиб яшадим, дада! Ҳеч кимдан енгилмайман дедим, дада!
— Биламан, болажоним! Сен ҳаммани енгдинг, ўғлим!.. Сен ҳар сафар “дада”, деганингда, Оллоҳни чорлардинг, болам! Қийналганларингда биз онанг иккимиз роса эзилардик, аммо сенга ишонардик. Ҳар сафар дуо қилганингда, тўй ёки эхсон ўтказиб, бизни эслаганингда, бу ёқда шунақаям яйрардик-ки!.. Бизнинг бугунги гўзал онларимиз сен туфайли, болам. Сен ҳамма синовлардан ўтдинг, мардона ўтдинг, болажоним!
— Менга ҳеч ким шу гапни айтмади-да, дада! Фарзандларим…
— Бу гапларни қўй, болам! Сен ўз вазифангни ўтадинг! Биз сендан розимиз!..
— Нима қилай: чарчадим шекилли! Ахир мен ҳам одамман! Мени ҳам кимдир мақташи, эркалатиши керакк-ку!..
— Бу энди тама, болажоним. Ўз вазифасини билмаган экан, болларинг бир куни тайинли насибасини олишади. Аммо сен ўзингни тут! Агар толиққан бўлсанг, бу ёққа — бизнинг ёнимизга кел!
— Нима, ўлайми, дада?!
Отаси яққолроқ жилмайди:
— Ўлим нима, болам! Ўлим маркабга — самолётгами ёки бирон қуш қанотигами ўтиришдай бир гап. Ўтирасану, бир зумда шу ердасан, болам! Бандалик шу-да, эркатойим!
— Қўрқаман-да, дада!
— Қўрқма, болам! Биз сен туфайли гўзал жойлардамиз! Сенинг борар манзилинг эса, ундан-да гўзал!
— Сизлар билан бирга бўламанми, дада?
— Албатта, болажоним!
— Аммо мен болларимдан розимасман, дада!
— Бу сенинг ҳаққинг, болам!..
Киприклари ниҳоятда оғир туюлди-ю, барибир кўзларини очди. Ўнг ёнида хотини, сўлида икки қизи, оёқ томонида ўғиллари ўтиришар, уйнинг икки бурчагида келинлари тик туришар, каттасининг қўлидаги невараси нечукдир унга басма-бас тикилаётгандек туюларди. Аёллар рўмолча тутишган, йиғлардилар шекилли, бурунларини чимдиб-чимдиб қўярдилар.
— Дадаси, ҳой, дадаси, одамни бунақа қўрқитманг! — дея пиқилларди хотини.
Хира тортган шуурида фикр ёлқинланди: демак, бир неча кун ўсал ётибди.
— Бизни кечиринг, дада! — деди оёқларини уқалаётган катта ўғли. Бармоқлари қисирлаб, шу ҳолатда ҳам оғриқни ҳис этди: полвон-да.— Рози бўлинг, дадажон!
Негадир вужуди оғирлашгандай туюлди. Лабларида киноя балқди. “Чойхонада қарзим қолди”, деди, ҳозир келаман қабилида.
— Розиман! — дея тамшанди, товуши майин-майин чиқди. Шунинг ортидан неварасига кўзи тушди-ю: жилмайиб турган беғубор чеҳрасини аниқ-тиниқ кўрди. — Розиман, болам!.. Дада!..
— Йўлга чиқ, болам! — Бу отасининг овози эди. — Мана, маркаб, ўтир, болажоним!..
Тобутнинг ўнгида каттаси, сўлида кичиги елка тутдилар. Бироздан сўнг тоғдай Омон полвон пайдо бўлди — мудом бақувват эди. Катта ўғилнинг қўлидан “Ё, Оллоҳ” дея тобут дастасини олиб, елкасига қўйган заҳоти бели “қирс” этиб, ҳиёл букчайди: “бунча оғир бўлмаса?” Ортиқ тоқат қилолмай тобутни катта ўғилга қайтарди…
Гўрни Олим гўрковнинг шогирдлари қазир, у эса ўргатиб-нетиб турарди. Аммо лаҳадга маййитнинг маҳрами билан бирга ҳамиша ўзи тушарди… У қўлидаги таёғини четга ташлаб, ёш яланг кўмагида осилиб, қабр айвонига оёқ қўйди-да, лаҳад ичига бош суқди. Зумда силтаниб, бери бўлди.
Тепада — мункиган тобутнинг икки ёнида — эл қуршовида ўғиллар туришибди. Пастдан ҳатто кичиги ҳам девдай кўринади.
— Бунақасини ҳали кўрмаганман, — деди ўзига ўзи гапираётгандай. — Лаҳад ичи чироқ ёқиб қўйгандай ёп-ёруғ-а, тавба!.. Қўрқиб кетдим! — Сўнг ўғилларга боқди. — Ичкарига қайсининг кирасан? Сен қисилиб қоласан, — деди каттасини нигоҳи билан итариб. — Сен-чи?
— Қўрқаман! — дея ортига тисарилди кичиги.
— Унда ўзим кираман, — деди гўрков лаҳадга бош суқишга чоғланиб. — Сенлар айвонда ёрдамлашасанлар. Туш, икковинг ҳам пастга! Қани, бисмиллоҳир роҳмонир роҳийм!..

21.04.2018.
28.04.2018.