Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучларимизнинг Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табриги халқимиз қалбини тўлқинлантириб, фахру ғурурга тўлдирди. Айниқса, қутлуғ табрикнинг ҳарбий-сиёсий тайёргарликда ибрат кўрсатиб хизмат қилаётган етук офицер ва аскарлар билан юзма-юз тарзда йўллангани ўзгача маъно касб этди.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида Миллий армиямиз мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Энг замонавий қуроллар, техник жиҳозлар билан таъминланди. Офицер ва аскарларимизнинг ғоявий-сиёсий онги, жисмоний салоҳияти ўсди. Натижада ихчам, халқимизнинг тинчлик-осойишталигини бемалол таъминлай оладиган қудратли кучга айланди. Шунингдек, унинг сафида хизмат қилиш ҳар бир ўзбек йигити учун чинакам ифтихор касб этмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг табригида Армиямизнинг ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслиги, Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай чет эл ҳарбий тузилмалари бўлмаслиги ва бу йигитларимизнинг ўзга юртдаги жанговор ҳаракатларда иштирок этмаслиги ҳам алоҳида таъкидланди. Бу Ватанимизнинг нақадар тинчликпарвар сиёсат юритаётганидан далолатдир.
Мен собиқ иттифоқ даврида тажовузкор сиёсат туфайли уруш жабрини тортган минглаб йигитларнинг бириман. Ўша пайтдаги узоқни кўра билмаган мустабид давлат дарғалари Афғонистонга уруш очиб, ёш-ёш қурбон бўлган йигитлар туфайли қанча-қанча оналарнинг қонли кўз ёшларини оқиздилар. Шундан ҳеч қандай ғоя одил фикрдан устун эмаслигини англадим. Акс ҳолда, давлатимиз раҳбари дунё турли талотумларга тўлиб тошган, ҳар хил хунрезликлар авж олган ҳозирги даврда ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, уларга малакали тиббий хизмат жорий этиш ҳақида гапирармиди?.. Демак, одил раҳбар ҳамиша фақат ва фақат юрт тинчлигини, унинг ҳар томонлама фаровонлигини ўйлар экан.
Гоҳо қанийди ёшлигим қайтсаю миллий Армиямизда хизмат қилсам, деб ўйлаб қоламан. Афсуски, бу энди шунчаки орзу холос… Йўқ, орзу эмас! Ахир уч ўғлим муддатли ҳарбий хизматни ўтади. Уларнинг бири офицер — божхона тизимида бурчини ҳалол ва мардона бажаряпти. Зеро, менинг орзуларим унинг фаолиятида амалга ошяпти.
Мамлакатимиз раҳбари Қуролли Кучларимизни модернизация этиш, халқимизнинг тинч ҳаёт кечиришига, меҳнат қилишига янада мустаҳкам замин яратиш юзасидан бир қанча долзарб ва перспектив мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, мудофаа доктринасини қайтадан ишлаб чиқиш, миллий хавфсизлик концепциясини ривожлантириш, Армиямизнинг таркибий тузилмаларини қайта назоратдан ўтказиш, ҳарбий кадрлар тизимини мукаммаллаштириш учун мутлақо янги Ҳарбий Академияни ташкил этиш, ҳарбий саноатни шакллантириб, ривожлантириш, мудофаа соҳасида 2017-2021 йиллар учун ҳарбий стротегия дастурини яратиш ҳақидаги фикр ва топшириқлари жуда муҳимдир. Шунингдек, мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши фаолиятига яхши баҳо бериб, унинг вилоятларда ҳам бўлимларини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари ҳам бағоят долзарбдир. Чунки халқ билан Армия яқинлиги ана ўшанда янада юқори поғонага кўтарилади. Бир сўз билан айтганда, бутун мамлакатимизда бўлгани каби Қуролли Кучларимиз ҳам ривожланишнинг янги боқичига ўтмоқда.
Муҳтарам Президентимиз ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида ҳам алоҳида тўхталди. Бу биз — қаламкашлар зиммасига катта масъулият юклайди. Адабиётимизнинг асрлар оша Ватан, халқ, миллат ва маънавият қайғусида яшаб келганини ҳисобга олсак, давримизнинг шоиру ёзувчилари мазкур муқаддас туйғуларни бундан-да баланд пардаларда куйлашга бурчлидирлар.
Хулоса шуки, табрикдан ўзим учун муҳим бўлган ижодий режаларни ҳам белгилаб олдим.
Наби ЖАЛОЛИДДИН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати