Йўл четида тебранган майса
Отангмиди, онангмиди, айт?!
Кўзларингга игналар сайса,
Отангмиди, онангмиди, айт?!
Ортда мудом юксалаётган тоғ,
Мевалари шиғил-шиғил боғ,
Паймонангдек лиммо-лим қароғ,
Отангмиди, онангмиди, айт?!
Ким билади соғинчларингни,
Тунлар қўмсар овунчларингни.
Устунларинг ё синчларингми,
Отангмиди, онангмиди, айт?!
Сийпалайсан уй, деворларин,
Эритмоқ-чун кўнгил қорларин.
Излаганинг энди зорланиб,
Отангмиди, онангмиди, айт?!
Баҳорлари умрингнинг сўлим,
Ҳаётингнинг ойлари тўлин,
Ҳатто севиб улгурган ўлим
Отангмиди, онангмиди, айт?!
Худойимнинг жуфт ёлғизлари,
Юрагингда қолган излари,
Кўкрагингни тирноқ излади,
Отангмиди, онангмиди, айт?!
Бузилади гоҳо тушларинг,
Кўрдинг ҳам ва қўлин ушладинг.
Дод дейсану учар хушларинг,
Отангмиди, онангмиди, айт?!
Туйқуч елдек юзларинг силар,
Қулоғингда қиқирлар, кулар,
Кўзингни оч, йўқса, ким билар,
Болангмиди…
Болангмиди, айт?!
Ё отангми, онангмиди, айт?!