Урушнинг давоми

Офтоб исли бола
09.11.2016
Йўловчилар
18.11.2016
Урушнинг давоми
Сезяпман, ўғлим мени ақлдан озмаяптимикин, деб ўйлаяпти. Лекин тилига чиқаришга қўрқади. Балки истиҳола қилар. Ҳатто онасига ҳам айтолмади, “Дадамга нима бўлди, ая?”, дея олди холос. Хотиним мени тушунади. Бувим (онам) раҳматлидан анча-мунча нарсани уққан. Шунинг учун ўғлига “Дадангминан ишинг бўлмасин, ўз ҳолига қўй! Ундан кўра, бор, қўйларга қара!”, деди пича пўписа қўшиб. Аммо аҳволимдан хавотир олаётганини ҳис қилиб турибман. Ўғлим эса, “Ахир маҳалла-кўй, қўни-қўшни бор!”, деб минғирлайди. “Отангни тинч қўй!”, дейди хотиним ўзини қаёққадир уришга интилиб. Шууридан “Қанийди, қайнонам тирик бўлса!..” қабилидаги ўй ўтгани аниқ. Мен ингранаман: “Қанийди, бувижоним ёнимда бўлса!..”

Бу воқеа мана шу ўғлимиз — биринчи фарзандимиз туғилганда кечганди. Ўша куни ўзимни қаёққа қўйишни билмай қолдим. Хурсандлигимдан миямдаги, қалбимдаги ярим ўлик ҳужайралар уйғониб кетганди. Ҳайрон бўлманг, шунақа чиройли гапларим ҳам бор. Бувим туғруқхонадан чақалоқни суюнчилаб келганда дахлизда ербағир ётардим.
— Ўғил қуллуқ бўлсин, болам! — Бувимнинг овози олислардан эшитилди.
Ўрнимдан турдим. Ичимдан нимадир қалқиб, хўрлигим келди. Бувим шодликдан деб ўйлади. Қучоқлаб, юз-кўзимдан ўпди, бошимни силади. Мен эса энтикдим, хўрсиндим, бағрим кўпчиб, йиғлаб юбордим. Бувим бошимни қўллари орасига олиб, юзимга тикилди. Ана шунда ҳеч кимга ўхшамаган “кўнгли нозик” ўғлининг кўйини тушунди шекилли. Тўшакка ўтириб, бошимни тиззасига қўйди. Яхшиям, онам бор…
Афғондан қайтганимда бир-икки йил урушнинг қутқусидан қутилолмаганман. Аввалига тинчликка кўниккандай, уруш бутунлай ёдимдан кўтарилди. Лекин бир куни… Уйимизда кимдир товуқ сўйди. Бир оёғида қанотларини, бошқасида оёқларини босиб олган. Дуои фотиҳадан сўнг хўрознинг кекиртагига пичоқ тортди. Шиғиллаб қон отилди: жонивор жон талошганда устидаги одам тебраниб кетди. Узилган кекиртак қайта-қайта силтаниб, бориб-кела бошлади, ғалати овозлар чиқарди. Қон “билқ-билқ” этди.
Ҳолим ўзгарди. Олдин икки чаккам тортишиб, чирсиллади. Юрагимнинг ости буради. Қулоқларимда ўқлар чийиллади, тариллади, снарядлар, бомбалар гумбурлади… Бир пайт автоматимни ёнимга қўйиб, тиз чўкиб қолдим. Шеригимнинг кекиртагини ўқ ўйиб юборганди. “Билқ-билқ” қон сизади. Катта очилган кўзларида учаётган ўқлар аксланади. Беихтиёр жароҳатига кафтимни босдим. Нигоҳида ўлим даҳшати.
— Ўлмайсан, дўстим! — Йиғлардиму бўғзини чангаллардим — қонни тўхтатмоқчи бўлардим. Ҳаммаёғим қонга беланди.
Унинг товонлари ерни ўйишга, қўл бармоқлари асабий тимдалашга тушди. Кўзларидан нур қочди. Ахийри бутун танаси таранг тортишди-да, бўғзидаги қўлимни чангаллади. Қорачиғларидан гўё олов отилди. “Шилқ” этди-да, жимиб қолди. Қон билқилламай қўйди.
— Дўстим!.. — дедиму ортимга қуладим. Қонли панжаларим билан ҳаммаёғимни тимдаладим.
Бу ўлим билан илк тўқнашувим эди…
Ерга думалаб, дод сола бошлабман. Бувим бағрига олди. Бегоналар бор эди шекилли, “айбим”ни яшириш учун дахлизга олиб кирди (буни кейинроқ фаҳмладим). Шу-шу, ҳар кеча дод солиб, уйғониб кетардим. Нима бўлганини ўзимга келгач англардим. Тушимга жонталош шеригим кирарди. Энг даҳшатлиси, туш ниҳоясида улкан хўроз унинг бўғзида билқиллаётган қон қатраларини чўқиб, “ғилқ-ғилқ” ютаверарди. Мен эса кекиртагимнинг бориб-келишидан уйғонардим. Уйғонардиму қоронғиликка тоқат қилолмай, дод солардим. Кейин ўзимни бувимнинг қучоғида кўрардим…
Уйлантиришди. Бувим ҳаммасини хотинимга айтиб берган:
— Қизим, ўғлимни эҳтиёт қилинг, кўнгли нозик, — деган кўз ёшини тиёлмай. — уруш кўрган-да! Гап қайтарманг. Кўзингизда ҳамиша шафқат бўлсин!..
Бу гаплар менинг хаёлимдан ўтганмиди ё онам айтганмиди, эслолмайман. Кейин-кейин бари қоришиб кетди.
Бошим бувимнинг тиззасида, тўлғонаман.
— Мен одам ўлдирмаганман, буви, ўлдирмаганман!
— Хўп, болам, хўп! Мен сенга ишонаман! Сен ахир чумолига ҳам озор бермайсан-ку!.. — дерди бувижоним илтижо оҳангида.
Отам раҳматли тирик бўлганида мени бир шапалоқ уриши ёки “ўқиши” (сўкиши) билан “мулла” қилиб қўярмиди. Аммо бувим бечоранинг аҳволини ҳис қилгач, раҳмим келарди.
— Чумолини гапирманг, буви, мен ахир одам ўлдирмаганман!..
Бу гап миямда айланаверарди-айланаверарди, токи қандайдир андармонлик топмагунча. Ўша андармонлик ёқарди менга… Акс ҳолда… Тушларим ваҳмга қоришиб борарди: бир тўп аскарлар асирни дарахтга боғлашди. Папиросга ўралган чарс(наша)ни қўлма-қўл тортишиб, қийқиришди, сўнг бирдан сергак тортгандай бандига тикилиб қолишди. Илҳоми жўш урган рассомдай қўлларига пичоқларини олиб, турфа ҳаракатлар билан асирга яқинлашишди. Унинг кўзлари ҳов шеригимникидай кенгайиб боради — даҳшат қамалади нигоҳига. Титрашига парво қилмай, бир аскар чап қулоғини кесиб олиб, улоқтирди. У дод солди. Аскарлар жазавада қийқиришди. Одамхўрлар каби пичоқларини ўйнатишиб, асирнинг атрофини айланишди. Бўйни узра қон оқаётган шўрликнинг кўзларида қўрқувдан ўзга маъни йўқ. Биров ўнг қулоғини, бошқаси бурнини, кимдир бармоғини, юзини кесади-да, тилла топгандай ҳайқиради. Аскарларнинг “раҳмдилроғи” ҳам чиқиб қолди: мурвати суғириб олинган гранатани бандининг кийими ичига ташлади. Барча ўзини панага олди. Гумбурлаш ортидан асирнинг танаси тилка-пора бўлиб, дарахтнинг ярми қулаб тушди…
Биров бувимга “оз-моз арақ ичиб турсин, яхши ухлайди, ҳаммасини унутади”, дебди. Бу гапдан мен бехабарман. Бир кеч бувим овқатдан аввал олдимга арақ қўйди.
— Яхши ухлайсан, болам, озгина ичвол, — деди.
Ҳайратда қотиб қолдим.
— Бу нима қилганийиз, буви! — Ўзимни қўлга олишим кераклигини билиб турсам-да, сир бой бергим келмасди. — Энди сиз минан ўтириб, арақ ичишим қолувди!..
Бувим ўзгарганимни, аҳволимдан хижолат бўла бошлаганимни ҳам сезмай, нуқул ичишга ундайди:
— Озгина ичгин, болам! О-ззгина!..
— Террорист қиворинг-ей, буви. Террористларни машнақа қиб тарбиялашаркан.
— Трорисинг ким, болам? (У пайтларда ҳали бу сўз ҳозиргидек оммалашмаганди, биз каби сўзлонғич(сўз билгич)лар тушунарди холос.)
Шу-шу ўзимни англадим — “террорист” тушларимдан қутулдим. Баъзан чўчиб уйғонардиму бувим кўз олдимга келарди-да, ўзимга ўзим далда бера бошлардим. Ёки хотинимнинг ҳеч нима бўлмагандек пишиллаб ухлашини, бешикни чангаллаган қўлини кўрардиму оҳиста ёнбошлардим.
— Мен одам ўлдирмаганман ахир!..
Бувимнинг қазо қилганини тонгда билдим — хотиним айтди. Шунгача мени безовта қилмабди бечора.
Кунларимга ўлим қайтди…
Тўртта қўйимиз бор — эрмак-да. Ҳаммамиз қараймиз. Асли қўй боқиш фикри мендан чиққан. Қўй — ювош жонзот, менга шуниси ёқади. Емишдан бошқа даъвоси йўқ.
Бир куни қўра олдидан ўтаётсам, жониворларнинг тўртови бошларини бир жойга қилиб, ҳарсиллаб турибди — бутун танаси силтанади. Кўйим эврилди. Уларга қўшилгим келди — ювошлигини қаранг. Қўрага кириб, бошимни бошларига тирадим. Қилт этишмади. Кўп ўтмай, димлик зиёдалашди. Тер босиб, пишиллай бошладим.
— Мен одам ўлдирмаганман! — дея ҳайқиргим келарди бўғриқиб.
Аҳволимни кўрган, ўғлимнинг кўзларига кўзим тушди: “Отам ақлдан озяптими, нима бало?!”, дерди улар. Лекин тилига чиқаришга ботинолмади. Онасига яқинлашганидан билдимки, гумонини тўкиб солди.
Яна туш кўрдим: ўз танкимдаман. Танкимнинг тумшуғида “миннийтраль” (мабодо мина бўлса, портлашни қўзғайдиган мослама — ҳарбий карвоннинг олдида юрувчи танкка ўрнатилади). Рўпарада душман ўқ ёғдира бошлади. Карвон тўхтади. Командирлар безовта, аскарлар “танаффус” бўлганидан “яйраб”, тамаки тутатишади, ул-бул еган, қилган бўлишади, аммо алпозларида сергаклик қойим. Командирлардан бири менга сўлга бурилишни, гўристон оша ўтиб, баланд пахса деворни бузишни — йўл очишни буюрди. Бажаришдан бош тортдим. Униси у деди, буниси бу, лекин айтганларидан қолишмади. Дўмпайган гўрлар узра арабий ёзувли яшил байроқлар ҳилпирайди (эҳтимол жангда қурбон бўлганларга байроқ тикишармиди). Мабодо отиб ташлашса ҳам, буйруқни бажармасдим. Аммо “нозик жойим”ни топишди — мени бирваракай қўрқоққа чиқаришди. Чидолмадим. Танкимга ўтирдим-да, сўлга бурдим: тошлар ғачир-ғучир қилади, яшил байроқлар дарахтлар янглиғ қулайди. Бир пайт қаршимдаги қабрлардан одамлар ўсиб чиқа бошладилар-да, тошлар, гўру байроқлар каби танким остида қолдилар. “Мен одам ўлдирмаганман!”, дея қичқираман. Рўпарамда оппоқ шарпа пайдо бўлди. Қаттиқ тикилдим. Оқ ҳарир либосга бурканган бувим қўлларини силтарди: “Ўғлим одам ўлдирмаган!”. Чўчиб кетдим. Уйқу аралаш “мен одам ўлдирмаганман”, дея ғўлдирардим.
Тағин озорли тушларим бошланди.
Жума намозига боргим келди. Шуям кўнглимга сиғмай қолганди. Кимдир кўзларимга боқиб, онажоним каби меҳр билан “сен одам ўлдирмагансан!”, деса, ҳаммаси осон кечарди. Аммо энди ҳеч ким ҳеч қачон бу гапни онамдай ишонтириб айтолмайди, айтмайди ҳам. Мен ўлимдан ҳам, кимларгадир ёмон кўриниб қолишдан ҳам қўрқмайман… Намоз адоғида имомга рўбарў бўлдим. Оғиз жуфтлашим ҳамоно унинг хешлари сергак тортдилар.
— Қори ака, — дедим фақат бурнию қулоқлари кўринаётган одамларнинг нотўғри тушунишларидан чўчиб, ютина-ютина, — урушда қатнашганларнинг ажри не бўлур?
Имом кўзларини олиб қочди. Бошқалар бир “доно масъала” билан мени мот қилишини кутиб, “дўконга фалон мол келдимикин?”, дея сўргувчилар янглиғ қулоқлари динг қимирлаб олдилар.
— Сиз бу саволнинг жавобини яхши биласиз, биламан, — деди имом мавиза қилаётгандай қироат ила. — Илло урушни очган ҳукмдорлардир. — У барча нигоҳларга бир қур назар ташлади. — Улар бирламчи айбдордирлар ва жазога мустаҳиқдирлар. Сиз эса асло гуноҳкор эмассиз, ўшалар маҳшарда қойим турурлар!
Имом тўғри айтди. Лекин унинг самимийлиги қирғоқдаги майсаларнинг илдизлари тупроғини юлқиб олаётган анҳорнинг “Сиз ҳали узоқ яшайсиз”, дейишидек бир гап. Асли менга сип-силлиқ юзидаги борки аъзолари жой-жойида бўлган ”фотонусхалар” ёқмайди. Тупроқ нуқсли чеҳраларга эшман. Имомнинг гапларига ишонгим келса-да, ишонмадим, ишонолмадим…
Ўғлим қўра олдига келди. Онам эшитмасин, дегандир-да. Кўзларимга боқдию, ўқувчисига таълим бераётган ўқитувчидай деди:
— Дада, биз сизни яхши кўрамиз. Нима десангиз, бажараман. Фақат бунақа юрманг, жон дада!.. Одам уяларкан!..
— Мен одам ўлдирганим йўқ-ку, уялсанг! — дедим илтижоли тикилиб.
У бардош беролмади…
Қўра томон борадиган йўлак бетонланган — текис. Хотиним икки ёнига кеч кузгача очилиб турадиган гуллар экиб ташлаган. Шу ерда – офтобшувоқда ўтириб қолдим. Илиқлик хуш ёқди. Турфа мевалар, наридаги бўйчан дарахтлар беозор тебранади, япроқлари шивирлайди. Оромда кўзларимни юмдим. Чап қўлимда нимадир ўрмалади: нуқталаб-нуқталаб ҳузур берди. Киприкларим орасидан оҳиста боқдим: қумурсқа. Янада эриб, ястандим. Қанийди, шу беозорлик бир умр давом этса: “кел, бўғзимга кел, дўстим!”, дея ҳайқирмоқ истадим. Бироқ ҳайқиролмадим. Оппоқ капалак бошим узра қанот қоқа бошлади. Қанотлари эпкинини киприкларим, қорачиғларим ҳис этди. Китоб варақларини очиб-ёпгандагидай парвози бағримни сийпалади. “Мен одам ўлдирмаганман, капалак!”, дедим. У уча-уча бурнимнинг қоқ “чўққиси”га қўнди. Қаёқдандир иккита мусича пайдо бўлди: қуваётганининг патлари хурпайган, тинмай “қув-қув”лайди. “Қочқоғи” майда қадамлар ила мен томон келаверди. Қимир этмасдим. Тирикликдан шод эдим. Бири сакради-да, қорнимга чиқди. Киндигим атрофида тўхтади. “Қувлоғи” ҳам тиззаларим оша у томон талпинди.
— Мен одам ўлдирмаганман, қумурсқа! — дея ўртандим…
Сўнг бутун танамда қандайдир жонзотлар ўрмалай бошлади.
— Мен одам ўлдирмаганман! — деб қичқиргим келарди, лекин қичқиролмасдим. Ўрмалашлар хуш ёққан танам эрийверарди, эрийверарди…