Азали бир жойга борсам, хотинни етаклаб юриш одатим йўқ эдию, орада баъзи бир ишлар бўлиб ўтганлиги учун ҳамма нарсага меҳрли кўз билан қарайдиган бўлиб қолдим. Шунингдек, хотинимга ҳам. Кинотеатрга яхши фильм келган экан, бир худо ёрлақаб, хотиним ва ўн уч яшар ўғлимни етаклаб, ўша ёққа йўл олдик. Чунки бугун дам олиш куни эди-да. Кинотеатр кассасидан билет харид қилиб, ниҳоят залга кирдик. Жойимиз нечанчи қаторда экан, дея билетга қарадим. Не кўз билан кўрайки, “13-13” сони турибди. Ўн учинчи қатор, ўн учинчи жой. Таним музлаб, юрагимга нимадир санчилгандай бўлди…
Уйга қандай қайтганимни билмайман. “Волидол”ни ютиб, бир стакан сув ичгач, ўзимга келдим.
— Ўн уч…
Очиғини айтсам, бу ишларга анча бўлган. У пайтлар тузуккина “кирими” бор бир дўкончанинг мудири эдим. Дўкон десам, дарров феодалга йўймангу, каттароқ магазинда ишлардим. Кунларнинг бирида ишдан келиб, эндигина ўтирувдимки, телефон жиринглаб қолди. Олсам, Эшхон акамлар. У киши салом-аликдан сўнг дарров мақсадга кўчдилар:
— Мадалбек, ўн учинчи июлда дўконингизга ревизия комиссияси боради. Эҳтиёт бўлинг!..
Шу билан хайрлашдик.
Комиссия келишига неча кун бор экан, дея календарга қарадим. Во ажаб, “13 июль” ахир эртага экан-ку! Оббо, Эшхон ака-ей, роса қовун туширдик-ку. Нега эртароқ хабар қилмади экан-а? Ахир у киши билан орамиздан қил тугул товуш тўлқини ҳам ўтмасди-ку. Бир-биримизни ярим сўз билан, ҳатто ярим қараш билан англардик-ку. Бу ёғи неча пулдан тушди? Энди нима қилсам экан-а?..
Ўша куни телефон қилмаган магазинимиз ходимию телефон қилиб, “мадад кучлари” сўрамаган киройи танишларим қолмади…
Эрталаб нонушта ҳам қилмай ишга бордим. Барча ходимларим ўзимизнинг одамлар эди. Улар билан келишиб, бир иш қилгунимизча обед ҳам бўлибди. Соат роппа-роса 13:00да магазин олдига иккита “Жигули” келиб тўхтади. Ундан папка қўлтиқлаган савлатлигина тўрт киши тушиб, магазинга киришди. Улар билан сўрашарканман, дунёда борки ишлатмаган яхши сўзларим қолмади. Шунчасидан қутулганман, буларни ҳам эплайман. Йўқ, булар анчагина жиддий кишиларга ўхшашади. Эй-й, ҳар қандайининг жиддийлиги илашгунча-да. Ким бўпти булар? Мени Мадалбек дейдилар-а! Ахир машойихлар айтишган-ку: “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деб…
Шу десангиз, текшир-текшир бошланиб кетди. Мен ҳам неки “ҳунарим” бўлса, ишга солдим. Аммо булари аввалгиларига сира ҳам ўхшамас экан. Ўн уч кун деганда текширувни тугатиб, ўн уч мингни бўйнимга илди. Ўн уч хил ведмостларимни фош қилди. Буниси ҳам майли-я, изимга “Халқ контроли” ҳам тушган экан. Бозорларда санқиган ўн уч чайқовчимни қўлга олишибди. Аввалги ўн уч ревизиядан хийла ва пора билан қутулганим аён бўлди. Э, қўйингки, ишнинг думи чиқди. На сарфлаган “ўн уч-ўн учларим” фойда берди, на суянган ўн уч акахоним босди-босди қила олди. Ҳамма-ҳаммаси фош қилиниб, иш судга оширилди. Охирги маротаба магазиндан чиқишимда нимадир бўлиб, магазин номерига кўзим тушиб қолди. Ё раб, ҳеч эътибор бермаган эканман, магазиним номери ҳам “13” экан. Шу-шу судгача ўн уч кун иситмалаб ётдим. Ишқилиб бу ёғини ҳам ўн уч йилга кеcишмасайди, деб қўрқаман. Суд ҳам бўлиб ўтди. Йўқ, ҳайтовур, ўн уч йил эмас, уч йил беришди…
Ана шунақа, қамоқдан келдим ҳамки, “13” сонини кўрсам ёхуд эшитсам, асабим қақшаб, жинни бўламан…
Ўғлимнинг шовқини хаёлларимни тўзғитиб юборди.
— Дада…
— Нима? — дедим истамайгина.
— Мактабимизда ўн учинчи март куни…
— Их-х…
Архивдан.
1982 йил, июнь, Ҳирот.