Дард тўлдими дунёга –
Ер айланди тескари?
Араз қилиб Худога
Ой ойланди тескари.
Ўзбекистон буюклар
туққан Буюк Онадир,
Энди бағри куюблар
сой сойланди тескари.
Бизни қувиб етганлар
қучар минг-минг оламни,
Қайтармикин кетганлар,
от тойланди тескари.
Қанотлари парқудир,
учар мисли фаришта,
Ҳай-ҳайлабон қўрқувни
хумойланди тескари.
Аввал Эркин, сўнг Ислом,
Абдуллани берган эл,
Икки минг ўн олтига
ай, бойланди тескари.
Ҳа, ойланди тескари,
ҳа, бойланди тескари,
Қисматнинг бешигига
жой-жойланди тескари.
Беш бармоқда коинот,
Ер чиқсинми ўқидан?!
Ўзбек торта уч бор дод,
ўх, шайланди тескари!..