Ассалому алайкум, ҳурматли дўстим

“300 секунд”, АТВ, 2011 йил
18.09.2016
“Ижод гулшани”, АТВ, 2008 йил
08.10.2016

Ассалому алайкум, ҳурматли дўстим, мухлисим, танишим ёхуд нотанишим!

Тараққиётнинг энг замонавий намунаси бўлмиш Интернет орқали Сиз билан кўришиб турганимдан мамнунман. Қарангки, ё тавба, шу кунларга ҳам етдик.

Ҳозир китоб чиқариш қийин (кимгадир осон). Умуман, китобга муносабат ҳам ўзгарди. Энди биз билган Толстойнинг, Горькийнинг ва ҳоказо… Ойбекнинг, П.Қодировнинг жилд-жилд асарларини бир бошдан варақлаб ўтирган одамга ишониш қийин. Интернетнинг эса ўз оҳангжамаси бор — бу ахир Интернет!..

Унда муҳаррир билан ҳисоблашмайсан (гўёки), неки ёзган бўлсанг (ҳар ҳолда ёзувчи ёки шоир, деб тан олингач), барини эълон қилишга имконлисан. Умуман, худди китоб кабими, ким сени ўқишни истаса, сайтингни излайди, унга киради.

Хуш келибсиз, азиз (ҳа-ҳа, азиз) дўстим, мухлисим!

Ортиқча гапга на ҳожат?!

Шу йўлга кирганим рост шекилли — нималардир қораладим, ёздим. Фақат устозларим (ҳеч қандай таъмасиз) Хайём, Машраб, Чўлпон, Булгаков, Хемингуэй, Горький, Пиримқул Қодиров, Владимир Висоцкий, Рауф Парфи, Тоҳир Малик, Эркин Аъзам, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф эканлигини айтиб қўйишим керак. Улар менинг устозларим, лекин мен эмас, мен улар бўлолмайман ҳам!

Мен, Наби Жалолиддин (Жалолов), маҳалламни, қишлоғимни, юртимни, Ватанимни, демакки, миллатимни (ҳақиқатан ҳам) севаман. Бир умрга уларга хизмат қилишга, ҳеч йўқ, танилишга ва дуосини олишга уриндим. Агар зиғирча уларнинг эътиборини қозонган бўлсам, бахтиёрман.

(Ушбу сайтнинг очилишида ва фаолият юритишида менга кўмак берган ўғлим Бобуржонга ўз миннатдорлигимни билдираман.)

Хуллас, ассалому алайкум ва баракотуҳу!