Инсоният дунёсида Худонинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги баҳс-мунозара азалдан бўлган. Бу ҳол тўрт илоҳий китоб юборилганига қарамай, мудом давом этмоқда. Тўғри, аслида баҳс ҳам, мунозара ҳам деб аташ ножоиз мазкур жараён, аввало, ҳар бир одам қалбида, шуурида пинҳона кечади ва нима сабабдандир у туғёнга келгандагина ташқарига чиқади ҳамда кўнгил қатларида яшириниб ётган иштибоҳларни уйғотиб, гоҳида дунёни ларзага солган воқеа-ҳодисаларга сабаб бўлади.
Ҳар бир нарса ўз мазмун-моҳияти, моддийлиги ва аслияти билан муайян қимматга эга. Башарнинг турфа динларга мансуб жамики олиму уламоси coғ-нocoғ, маст ёки рост ҳолда шу ҳақда бош қотириб, аслида Худо эмас, ўзининг мавжудлигини исботлашга уринган. Зотан, ҳар бир одам дунёга, борингки, атроф-муҳитга ҳамиша ўз аҳволига муносабат билдиради. Бундан ортиғини кутиш одамзодга бегона фазилатларни тиркаш билан баробар. Шунинг учун унга Худо керак, зарур! Акс ҳолда, одам боласи ўзи каби онгли бошқа бирон мавжудотнинг, ҳатто Худонинг-да “хаёли”га келмаган (ифода ножўя чиққан бўлса, Ўзи кечирсин!) ёвузликларни, ўзбекона-шарқона айтганда, номаъқулчиликларни қилишга қодир.
Қаранг, Рим прокуратори Понтий Пилат (императорнинг ноиби, яъни ишончли кишиси) ўз тахтида ўтирибди, боши оғриқдан ёрилай деяпти, фикри-ёди — шу азобдан фориғ бўлиш. Шу тобда унинг олдига маҳбус олиб кирилади. Прокуратор уни ҳукм қилиши керак. Аммо маҳбус қурғур бошқачароқ чиқиб қолди: уни “саховатли (балки яхши) одам” деб атади. Шунақаси ҳам бўладими? Ахир, одатда, маҳкумлар ёлворади, шафқат сўрайди, бошқа жиноят қилмасликка сўз беради. Бу эса ҳадеб ўз гапидан қолмайди — ҳаммани “саховатли одам” атайверади. Ҳатто юзини пачақлаб ташлаган каллакесар Каламушкушни ҳам. Бундай олижанобликни, эзгуликни ким бaғpигa сиғдира олади? Худо ёки унинг элчиси — пайгамбар-да! Прокуратор қаршисидаги пажмурда маҳбуснинг ҳамон “саховатли одам” деётганига, ўлгудек азоб бераётган бошоғриғи ариганига, теграсида қалдирғоч уча бошлаганига, шўрлик маҳбусга чин дилдан яхшилик қилгиси, уни авф этгиси келганига, рўпарасида худдики пайғамбар турганига қарамай, уни қатлга ҳукм этди.
У бор-йўғи Рим давлатидаги кўпхудоликни инкор қилиб, адолатли жамият ҳақида гапирган эди. Бу даъват эса унинг қалбига Худонинг изни билан кирган…
Москванинг Патриарх кўли бўйида иссиқдан жизғанак бўлиб ўтирган шоир билан муҳаррир Исо алайҳиссалом ҳақида баҳсга киришган. Ўша он рўпараларида “ажнабий одам” пайдо бўлади. У инглиз, немис, француз, поляк, ҳатто ўрис бўлиб кўринади. Ҳамма тилларни билиши-чи! Шоиру муҳаррир Худо йўқ, Исо алайҳиссалом ҳам бўлмаган, дейди. Худо бўлмаса, бу дунёни, ҳаётни ким бошкаради? Албатта, инсоннинг ўзи-да, дейди билағонлар пинак бузмай. Ахир, дунёни бошқариш учун ҳеч йўқ “минг йиллик” режа керак-ку?! Одам боласи эса, ўз умрини режалаштириш тугул бир соатдан кейин нима бўлишини ҳам билмайди. Алқисса, муҳаррир Аннушка тўккан мойга сирғалиб кетиб, трамвай остида қолади — калласи чўрт узилади.
“— … мамлакатларинг қанақа ўзи, нимани сўрасанг — йўқ!..”
Аввалроқ эса “Иблис ҳам йўқ денг?” деб сўраган эди ажнабий. Икковлон Иблисни ҳам инкор қилган эди. Аслида эса Иблис уларнинг қаршисида профессор Воланд қиёфасида турарди. Одамзод уни кўриб турибдию, яна инкор этяпти. Қизиғи, ҳатто Иблис ҳам Худо бор, унинг пайғамбари Исо алайҳиссалом чиндан бўлган, дея эътироф этяпти. Лекин одамзод ишонмаяпти бунга. Шундан сўнг Воланд — Иблис худосизлардан уч ола бошлайди. Бироқ ёмонлик қиламан деб яхшилик қилади, яъни уларнинг асл ниятини рўёбга чиқаради…
Михаил Булгаков ўз даврининг (воқеалар XX аср 30-йиллари собиқ СССР ҳудудида кечади) чинакам манзараларини, фожиаларини бор-борича чизиб беради. Худосизлик, хиёнат, чақув, очлик, қатағон авж олган таҳликали даврда яшаб, уни ҳаққоний ёритиш том маънода жасорат эди. Умуман, ёзувчининг романлари, қисса ва ҳикоялари, пьесалари, ҳатто мақолаю фельетонларини ўқиб, ҳайратланмай илож йўқ: уларда реализм ҳам, фантастика ҳам, юмор ва сатира ҳам, дунёвий ва диний фалсафа ҳам бор. Шу маънода, гоҳо ўша даврда бизнинг адабиётимизда нега бундай асарлар ёзилмаган, дея ўкинганим рост. Ахир, бизда ҳам не-не истеъдодли қаламкашлар бор эди-ку?! Демак, ҳаммаси (жасорат ҳам) одамнинг (ижодкорнинг) ичида экан-да…
Булгаков “Уста ва Маргарита”ни ўн икки йил мобайнида ёзган. (Романнинг русчасини ҳам ўқиганман.) Умрининг охирги кунларигача аёли ёрдамида тузатишлар қилган, дейишади. Қизиқ, ёзувчи яна беш ёки ўн йил яшаганида, роман қай аҳволга келар эди? Асарда сюжет, фикр шу қадар қуйма ва бетакрорки, биронта детални ортиқча дейиш қийин. Бунинг устига, романда бош қаҳрамоннинг ўзи йўқ, тўғрироғи, персонажларнинг ҳар бири бош қаҳрамон; улар қусурлари, фазилатлари билан тирик одамлар даражасига кўтарилган.
Ўрислар бу ёзувчини (романини ҳам) бежиз мистик (илоҳий) хислатларга дохил, дейишмайди. Чунки у XX аср дунё адабиётига Худонинг чинакам инъоми эди.
Буюк Булгаковни шунинг учун ҳам қадрлаймиз-да!
Қизиқ-да, одамзод ақл топиб белгилаган шартли йигирма аср, яъни икки минг йилдан ортиқроқ муддат ҳаммамизни асир этган. (Агар мусулмон тақвимида ҳисобласангиз, бу янада оз – ўн беш аср.) Ушбу муддат мобайнида қовриламиз, ёнамиз, ақл-тафаккуримизга ўзимизча, посангилар қўямиз, тарихдаги кимлардандир ибрат оламиз, кимлардандир нафратланамиз, хуллас, замонага қараб, ўзимизга ҳам (ҳар хил қирову қорлардан сақловчи) “пўстин” бичамиз, ҳеч йўқ шунга уринамиз…
Диний, дунёвий, ҳатто баъзи тасаввуфий олимларнинг битикларини ўқисангиз, худдики ўтмишда одамлар эмас, нуқул фаришталар яшагандек. Гўё боболаримизнинг барчаси оқилу доно ва фақат Худо билан “гаплашгандай” туюлади. Диний-тасаввуфий илмлардан бохабар бир марум шоир ҳазил аралаш айтган эди: “Фалончи (буюк аллома) олим-мутафаккиримизда, аслида, ҳозирги ўнинчи синф боласининг (ўн йил олдинги гап бу) ҳам билими йўқ эди”. Филҳақиқат ўша даврда ҳам, ундан олдину кейин ҳам ҳамиша ўзимиз сингари одамлар, оддий одамлар яшаган, шуни унутмаслигимиз керак.
Дейлик, Умар Хайёмни (ҳозирги ТВсиз, Интернетсиз ҳам) бутун дунё халқлари ўқиган, ўқийди. Хайём рубоийлари ҳар йили дунёнинг кўплаб тилларида миллионлаб нусхада чоп этилади, у ҳақда илмий, бадиий асарлар яратилади. Бизнингча, агар у оддий одамлик, яъни бандалик борасида гапирмай, бирон дин, мазҳаб, тил ёки қайсидир табақа манфаатини кўзлаганида, номи минг йил оша яшамас эди. Бизнингча, Форобий ҳам, Хоразмий, Беруний ҳам, Навоий ёки Бобур, борингки, Машраб ҳам оддийгина одам эди ва эҳтимол, оддийгина одамга нисбатан буюк ишлар қилгандир.
Баъзилар (айниқса, бизда) Хайёмни илоҳийлаштиришгача бориб етмоқда. Гўё XI асрда оддий шоир, олим эмас, илоҳиётчи имом, ҳозирги давр тилида айтганда, қори-мулла яшагандек. Тўғри, у ўз даврида диний илмларни чуқур эгаллаган, форсий, арабий, туркий тилларда сўзлай олган, шунингдек, дунёвий соҳаларда ҳам ҳануз қимматини йўқотмаган кашфиётлар қилган инсон эди. Лекин уни бутун дунё, энг аввало, рубоийлари орқали билади, севади. Бировлар бу рубоийлар Хайёмники эмас, дейди, кимлардир уни даҳрийга йўяди, бошқаси салкам авлиё, пайғамбар даражасига кўтаради… Бироқ кўпинча Хайёмнинг оддий одамликка интилгани четлаб ўтилади. Очиқ айтай, XIV асрдан кейин пайдо бўлган тасаввуфий истилоҳларни (жом — кўнгил, май — ишқ, ёр — Оллоҳ) ҳам унга тиркай бошлашди.
“Илоҳиёт илмин ўргат”, деди дил.
Агар ўзинг билсанг, менга баён қил.
“Алиф” деган эдим, “бас”, деди менга.
Бир ҳарф ҳам етади ким бўлса оқил.
Ёки:
Улким, гўзалларга хандон лаб бермиш.
Дард аҳлига жигар қонин зап бермиш.
Қисматимиз шодлик бўлмаса, не ғам.
Шодмиз, чунки ғамни минг-минглаб бермиш.
Яна:
Тупроқни топтайди нодон оёғи.
Билмаски, бу жонон юзин тупроғи.
Сарой гунгирасин безаган ҳар ғишт —
Султон калласи ё вазир бармоғи.
Энди мана бунисига қулоқ тутинг:
Каъбаю бутхона — қуллик хонаси,
Бутхона занги ҳам шум таронаси.
Меҳробу калисо, тасбеҳу салиб —
Барчаси қулликнинг бир нишонаси.
Буюк мутафаккирнинг ўзи айтиб турибди — у дин, миллат деган тушунчалардан юқори кўтарилиб, мутлақ эркни истаган, одамзод турли қонун-қоида, аҳкомлар, борингки, одатларни кашф этабориб, ўзи беихтиёр ана ўшаларнинг қулига айланиб қолишидан изтироб чеккан.
Гоҳо Хайёмни даҳрийликда, Оллоҳга исён қилишда ҳам айблашади. Йўқ, шоир Яратгувчининг чинакам ошиғи, уни жони-жаҳони билан севган. Аммо рубоийларида “ҳаммаси сенинг измингда рўй беради”, “ҳаммасини ўзинг биласан, биласану, нега мени жазолайсан ёки сўроққа тутасан” мазмунидаги фикрларни айтаркан, инсон нақадар ожиз, айланиб-ўргилиб яна Яратгувчига муҳтож бўлади, акс ҳолда, унинг аҳволи хароб демоқчики, бу зинҳор Оллоҳга эмас, одамзоднинг ўзига исёнидир.
Хайём ҳақида сўз борганда, қандай давра бўлишидан қатъи назар, албатта, май, яъни маст этувчи ичимлик борасида ҳам гапирилади. Майхўрлар (айниқса, ўрисларда ва Fapб халқларида) унинг рубоийларидан ўқиб, қадаҳ кўтаради. Аслида, кишининг ичиш ёки ичмаслигиёқ бир нарсани ҳал қилмайди. (Атрофимизда яшаётган, қолаверса, дунёдаги буюк шахсларнинг феъл-атвори, нуқсонлари қадимда ҳам одам — одам бўлганини яна бир бор ёдимизга солади.) Бу борада ҳам Ҳазратнинг ўзига мурожаат қилақолайлик:
Ҳушёр бўлсам, мендан хушнудлик йироқ,
Маст бўлсам, ақлимдан ажрайман бироқ.
Мастлигу ҳушёрлик оралиғи бор —
Ҳаёт шу, унга қул бўлсанг яхшироқ.
Яна:
Мен майни қувнамоқ учун ичмайман,
Шодлик деб одобу диндан кечмайман.
Мақсадим — ўзликдан кетиб бир нафас,
Ором олса, бехуш бўлиб жону тан.
Буниси-чи!
Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида харом.
Фируза гумбазли осмон тагида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом.
Хўш, бу ерда шоирнинг исёни кимга, деб ўйлайсиз? Асло Яратганга эмас! Ўз манфаати йўлида минг бир тусда товланаётган, ўзига ҳар қанча турфа фазилатлар тиркамасин, инсон барибир гуноҳу хатодан холи бўлолмаслигига — ожизликка қарши исён бу!
Айтинг-чи, маросимларда дунёю охиратдан ваъз айтиб, сўнгида соҳиби хонадоннинг “кўкиш” кафтига қараб турган ёки Оллоҳнинг сабр-бардош, нафс ҳақидаги йўриқларини сўзлаб бўлиб, иккинчи ёш хотинининг қўйнига шошилган. уч-тўрт сўм пул учун ўн олти ёшли қизчани эллик-олтмиш яшар кишига никоҳлаб қўйган қори домланинг гуноҳи кўчада ширакайф ҳолда қўшиқ ёки Қуръон оятларини хиргойи қилиб кетаётган одамникидан камми?! У ёғи Худога аён. Бу борада ҳам шоирнинг ўзи очиқ-ойдин айтиб қўйган:
Мастни таъна қилма, ичмасанг соғар,
Ғийбат — достон қилма, бўлма ҳийлагар,
Кеккая кўрма ҳеч май ичмайман, деб,
Сенинг қилмишларинг бундан бешбаттар.
Математика, геометрия, астрономия, фалсафа каби фанларда буюк кашфиётлар қилган, Қуръон ва Ҳадис илмининг пешқадами, беназир шоир Умар Хайём бутун дунё халқлари учун бирдек севимли — шунинг ўзи унга берилган юксак баҳодир. Чунки у ҳеч бир таъма ва иддаоларсиз ҳақиқий инсон мақомига кўтарила олди.
Халқимиз шоир рубоийларини атоқли хайёмшунос ва мутаржим Шоислом Шомуҳамедов таржималари орқали билди, ўқиди. У кишининг руҳига дуоларимиз бисёр. Аммо Хайём рубоийларини янада мукаммал ўгириш пайти аллақачон келган.
Ҳазрат бундай ёзади:
Кўплар донишманд деб билдилар ўзни,
Худонинг зотидан очдилар сўзни.
Ҳеч бири билолмай азал сирларин,
Алжираб-валжираб юмдилар кўзни.
Мен ҳам ушбуни алжираб-валжираб тугаллаётгандекман…
Бундан ўн-ўн беш йиллар илгари олиму ёзувчиларимиз Альбер Камюни (Кафкани ҳам) роса “байроқ” қилишди Шу баҳона унинг баъзи асарлари ўзбек тилига ўгирилди.
Шaxcaн менга Камюнинг “Бегона”, “Вабо” каби шов-шув қилинган асарлари ёқавермайди. Турган-битгани рутубат, зулмат. Эҳтимол улардаги “буюк фикрлар”га каминанинг ақли eтмac. Аммо “Калигула” пьесаси ҳайратга солгани рост.
Камю бу асарни 32 ёшида ёзган экан. Мен эса уни 38 ёшимда бир ой ичида она тилимизга ўгирдим ва у “Жаҳон адабиёти” журналининг 2013 йил ноябрь-декабрь сонларида (Камюнинг 100 йиллигига) босилиб чиқди. Ҳа, Камю киму сен ким, бу ерда ёшнинг нима алоқаси бор демоқчисиз-да?.. Ҳақсиз. Аммо ақл-тафаккур ва унинг маҳсулини ифода этиш борасида, менимча, ёшнинг аҳамияти бордек (гарчи “Ақл ёшда эмас, бошда” бўлса-да).
Аввало, Камюдек бир неча йирик роману қисса, ҳикояю эссе ёзган одам нега энди “Калигула”ни пьеса “қилиб қуяқолди”? Нима, у романга ёки қиссага арзимасмиди? Арзирди, албатта. Лекин муаллиф дунё ва инсон ҳақидаги фикрлари, изтиробларини бир ўзанга тизиб чиқишни истагани учун ҳам шу жанрни танлагандай туюлади. (Аслида, қадимги Рим императори Калигула — тарихий шахс, бироқ Камю Калигуласи ундан фарқ қилади. Тарихдаги Калигула, ёзишларича, том маънода ёвуз, ваҳший ва ахлоқсиз бўлган. Камюнинг Калигуласига бу сифатларни тиркаб кўринг-чи!)
Калигуланинг баъзи галларини ёдингизга солсам: у саҳнага биринчи парданинг учинчи кўринишида эгни-боши ифлос, лойга беланган, аянчли бир аҳволда кириб келади. Геликон ундан қаерда бўлганини сўрайди.
“Калигула: Топиш мушкул бўлди.
Геликон: Нимани топиш?
Калигула: Излагай нарсамни.
Геликон: Нени излагандинг?
Калигула: Ойни.
Геликон: Нечун?
Калигула: Шунчаки. … У менда йўқ нарсаларнинг бири”.
У — император, истаган нарсаси муҳайё. Унда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Ўйлаб қараса, фақат “шахсий ойи” йўқ экан.
У айтади: “Назаримда, мавжуд нарсаларнинг тартиботлари бутунлай яроқсиздир… Бу оламни шундайлигича қабул қилиб бўлмайди. Шунинг учун менга ой керак, ёки бахт, ёки абадий ҳаёт, майли, қанақадир ақл бовар қилмас нарсами, зарур, фақат у мана шу оламдан бўлмаса бас”.
Калигула чексиз-чегарасиз эркидан, ҳаётидаги мислсиз сазоворликлардан зериккан. Одамларнинг ёлғонга, хушомадга муккасидан кетгани, қулликка кўникиб, уни бахт каби қабул этиши жонига теккан. Одамзоднинг умри мантиқдан йироқ ёки мантиққа бутунлай бўйсунмайди.
У шундай фармон берадики, барча бойлар, мулкдорлар ўз фарзандларини меросдан маҳрум қилсин. Шундан сўнг меросхўрсиз қолган оталарни турли усулларда ўлдириб юбориш кўзда тутилади. “Бошқариш — талаш демакдир, — дейди Калигула, — бу ҳаммага аён. Фақат турли усуллари бор. Мен эса ошкора талайман. Бу қуйи табақани озод этади”. Яна дейди: “Ва ниҳоят мен ҳокимиятга недан наф келишини тушундим. У имконсиз нарсаларга аллақандай имкониятлар беради. Бугун ва келажак барча замонларда менинг эрким чегарасиздир”. Яна: “Meн aдaбиётчиларни ёқтирмайман, уларнинг ёлғонларига тоқат қилолмайман. Улар ўзларини тингламаслик учунгина гапиради. Агар улар ўзини тинглаганида эди, нақадар тубан эканликларини тушунарди ва унлари ўчарди. Бас, етар. Мен ёлғончилардан нафратланаман”.
“Одам бўлмоқ нақадар оғир ва аччиқ”.
Ана, энди Калигуланинг қалби очилади: “Агар мен дунё тартиботларини ўзгартиролмас, токи қуёшни Шарққа ботадиган, токи қайғу-азоблар йўқолиб, одамларни ўлмайдиган қила олмас эканман, менга қаттиққўлликнингу бу мисли кўрилмаган қудратнинг не кераги бор?”
Энди “Уста ва Маргарита” романи эпиграфини эсланг:
Кимсан, айт!
— Мен ҳаргиз ёмонлик тилаб —
яхшилик қилгувчи кучнинг бир қисми”.
Гёте, “Фауст”.
Бу — Воланд, яъни Иблиснинг тутуми, ғояси.
Қаранг, Калигула дунёни ўзгартириш, одамларга боқий умр ва бахт туҳфа этиш учун шунча ваҳшийликпар қилаётган экан. Агар шу эзгулик бўлса… Калигула “Худонинг иши”га аралашмаяптими, сизнингча?
Қуллик инсонни аянчли, жирканч аҳволга солганидек, чексиз куч-қудрат ҳам уни ёвузликка етаклайди.
Калигула бундай дейди: “Мен осмон ва денгизни аралаштириб, гўзалликни расволик билан қориштириб, азобдан кулгининг парчаларини ажратиб олмоқни истайман”.
Калигула худолик даъво қилаётгандек, одамлар ўлмаслиги ва бахтли бўлиши учун уларга бир мураббий керак, деб ўйлайди ҳамда ўз тимсолида ана ўша мураббийни кўради. Қадимги Мисрда Фиръавн шу тарзда пайдо бўлган эди
Калигула — бағоят кучли ақл-тафаккур соҳиби. Агар у имонли ҳам бўлганда, асло шаккоклик қилмасди, эҳтимол, авлиё мақомига ноил бўларди. Унинг фожиаси — йўлни йўқотишни йўл деб билишидадир.
Шу ўринда Ҳазрати пир — Баҳоуддин Нақшбанддан иқтибос зарур кўринади: “Бу қавм улуғларининг сўзлариданки, бу йўлда юргувчи ўз нафсини Фиръавннинг нафсидан юз марта баттар деб билмаса, демак, бу йўлда эмас”.
Калигула яна бундай дейди: “Мен яшаяпман, мен ўлдиряпман, мен маъбудлар қудрати унинг олдида ожиз бир тақлид бўлиб қолгувчи бузғунчининг фавқулодда бир қудратига эгаман. Мана шу — бахтиёрлик дегани. Ақл бовар қилмас хўрлик, оламдаги борки нарсадан, атрофдаги қон ва нафратдан жирканиш, бир нигоҳ билан бутун ҳаётини қамраб олгувчи инсоннинг мислсиз ёлғизлиги, жазога тортилмаган қотилнинг адоқсиз қувончи, инсон умрини… мажақлаб ташлагувчи бешафқат мантиқ — мана шунинг ўзи бахт”.
Калигула ўлаётиб бундай дея ҳайқиради: “Мен ҳали тирикман!”
Калигула — ҳали тирик!
“Калигула”ни ўқисангиз, мен айтолмаган гаплар ҳам кўп. Уни ўзбек саҳнаси ҳам кутаётир.
“Чол ва денгиз” кичкинагина қисса, лекин… каттагина шеърга ўхшайди. Бир нафасда ёзилгандай. Шу қадар самимий, шу қадар дилга якин.
Чолнинг тушлари. Камбағал, қуриб-қақшаган, ҳеч кими йўқ чолнинг тушлари нақадар гўзал! Болакайнинг унга бўлган меҳри-чи? Мана шу чолга ҳам ҳавас қилгувчи, уни севгувчи бор-а! Ёзувчи бунга ишонтира олган.
Устоз Хемингуэй денгизда кўп бўлган, ов қилган. Адиб бу қисса сюжетини балки денгизда юрганида кашф қилгандир. Мен эса денгизни ҳатто кўрмаганман. Аммо ёзувчи тасвирлари… Бепоён денгиз. Қайиқда ёлғизсан. Атроф — сув, сув, сув… Денгизнинг улуғворлиги, кимсасизлик юракка ваҳм солади. Қартайган чол денгиз — ҳаёт билан юзма-юз. У бир умр орзу қилган улкан балиғини тутди, лекин қирғоққа етгунча унинг устихони қолди, холос. У мақсадига эришди, бироқ қуруқ қўл билан қолди. Инсоннинг умри ҳам шу-да.
Чолнинг тушлари эса яшайверади…
Бу қисса ўрис тилида ҳам, ўзбек тилида ҳам шўро даврида нашр этилган. Нега уни пессимистик — тушкун асар дейишмаган? (Нобель мукофоти берилгани учунми?) Балки дейишгандир. Мабодо, ушбу асарни ўшанда менга ўхшаган ўзбек адиби ёзганда сюжет қуйидагича бўларди: ихчам соқол-мўйлов қўйган, бошига дўппи қўндириб, эгнига чакмон илган чол (балки ҳожидир) сув бўйида дуо ўқиб ўтирибди. Шу пайт тилла балиқ пайдо бўлиб, ундан аҳвол сўрайди. Чол катта балиқ тутмоқчи эканини айтади. Тилла балиқ бориб катта балиқни бошлаб келади. Чол уни ушлаб олади ва ниятига етиб, хурсанд бўлади. Катта балиқни уйга олиб келиб пиширади ва бола-чақаси билан маза қилиб ейди. Ортганини худойи қилиб, охирида ҳеч йўқ (коммунистик) партияга раҳмат айтади. Тилла балиқ эса раҳматсиз қолади… Оббо-о, яна тушкунлашиб кетди-ку!..
Устоз Хемингуэй уруш кўрган. Одамзод руҳиятини, феълини яхши биларди… Мен “Чол ва денгиз”ни такрор-такрор ўқийман.
“Эҳтимол, сизда ҳам шундай ҳоллар бўлгандир: тун ярмидан оққанда бирдан уйғониб кетасиз… Шундай пайтда кўз ўнгимда тўсатдан онам пайдо бўлади. Қоронғи хонанинг бир бурчагидан чиқиб келади-да, маъюс жилмайган кўйи бошим устига эгилади. Йиллар заҳматидан дағал тортган бармоқлари билан пешонамни силагандек бўлади…
Ўпкам тўлиб, ўзимни тутолмайман. Бирдан туш каби узуқ-юлуқ хотиралар ёпирилади, юрагим гурсиллаганча ўрнимдан туриб кетаман”.
Бунака ҳолат менда ҳам кўп бўлган. ўн ёшимда бу ёруғ оламни тарк этиб, уни зимистон қилиб кетган онажонимни такрор-такрор эслайман…
“Дунёнинг ишлари” дастлаб эълон қилинганда биз ўсмир, боринг, ана, мактаб битирувчиси эдик. Мактаб-интернатимизда, аниқроғи, синфимизда отасиз, онасиз ёки иккисидан ҳам жудо бўлган болалар кўп эди. Бу асарни йиғлаб-йиғлаб, қайта-қайта ўқиганмиз, бир-биримизга таассуротларимизни, соғинчларимизни жўшиб сўзлаганмиз… Қисса жудаям дилга яқин эди, худди бизнинг, менинг кечмишларимни ёзгандек туюларди. Масалан, болалигимда мен ҳам баъзан онамнинг (биз буви дердик) олдига борардим-да, “Буви, тикан қўлингиз билан елкамни қашиб қўйинг”, дея ёнига дум тушиб ётиб олардим. (Отасиз эдик, мен ёлғиз ўғил, балки мени бошқача суярмиди, доим айтганимни бажо қиларди.) Онам майкамни қайириб, елка ва куракларимни шунчаки силарди, лекин кафту бармоқлари этимни тирнагандек бўларди Буни йиллар ўтиб тушунганман — қўллари меҳнатдан ёрилиб кетган экан-да… Ўткир Ҳошимовнинг ёзганларига ўхшайди, а?..
Ёки мана бу воқеани олинг: етти-саккиз ёшларда бўлсам керак. Кеч куз эди. Шаррос ёмғир ёғяпти. Совуқ. Шамоллаганман шекилли, иситмам кўтарилиб, алаҳсирай бошлабман (у пайтда буни ўзим тушунмаганман). Онам бечора мени опичиб, устимиздан дадам раҳматлининг чопонини ёпиниб, амбулаторияга чопиб кетган. Дўхтирхонагача икки километр бор эди. Етиб борган, дўхтир менга дастлабки муолажани қилган. Кейин, мундоқ қараса, онам ялангоёқ турганмиш. Шундай совуқда боласини, яъни мени ўйлаб ҳатто калиш кийишни унутган экан. Бу ҳам “Дунёнинг ишлари”да бор, а?..
Ҳозир ҳам гоҳо кайфиятим тушиб, дунё кўзимга қоронғи кўриниб, вужудимни соғинч ва фақат соғинч қамраганда… Бу ҳолга ҳатто болаларим ҳам дош беролмай, кўзимга мўлтираб боқишади. Мен эса, қайда ўтирмайин — уйдами, сўридами. ердами — ўша ерда қоламан. Сўфийлар хуфя зикрида “Оллоҳ, Оллоҳ”, дегандай фақат “буви, був, був, був!…” дея такрорлайвераман. Бу ҳол беихтиёр кечади ва то ҳолдан тойгунимча давом этади. Шундай қилибгина мен эртаси куни яшай оламан…
“Дунёнинг ишлари”га ўхшатиб нималардир ёзгим келади (ҳатто қоралаганман ҳам), аммо уддасидан чиқолмайман. Устоз Ўткир Ҳошимов қойиллатиб ёзиб қўйган. Ўткир ака бу асари билан оналарга, ўзбек оналарига ҳайкал қўйди. Чунки у том маънода ўзбек ёзувчиси эди.
Адабиётнинг биринчи талаби, фикримча, самимиятдир. Ҳар қандай эксперимент-тажриба ҳам, фалсафа ёки фикр ҳам самимий бўлсагина, ўқувчига сингади, уни ортидан етаклайди, ҳайратга солади.
Ўткир Ҳошимов самимий ёзувчи эди.
Илова. Китобдан яхшироқ ҳамсуҳбат йўқ, дейдилар. Булар — китоб билан адоқсиз суҳбатларимдан атиги бир шингил…