Андижонликларнинг юзи ҳамиша ёруғ

Арафа (Аксиличкиликбозлик туркумидан)
22.04.2015
Ковакдаги истеъдод (Кемирувчилар ўқимасин)
03.06.2015

2005 йилнинг 13 май тонги қишлоғимизда ҳам таҳликали отди. Эрталабданоқ кўчада ваҳимали гаплар айланиб қолганди: шаҳарда (Андижон шаҳрида) отишма, уруш бўлаётган эмиш. Бу гапни эшитган аёлимнинг биринчи айтган сўзи «ўғлимиз» бўлди. Чунки катта ўғлимиз Бўстон даҳасидаги академик лицейда ўқирди. Лицей эса (кейинроқ эшитганмиз) тунда жангарилар томонидан бузиб кирилган қамоқхонага яқин. Қанча ашаддий жиноятчилар чиқиб кетган ахир.

Машина ёллаб, шаҳарга йўл олдим. Хаёлим ўғлимда. Афсуски, олимпия захиралари коллежи олдида йўл тўсиб қўйилганди. Машинани қолдириб, пиёда йўлнинг нариги бетига ўтдим. Ёнимга қизил «Дамас» келиб тўхтади. Ичида одамлари бор. Чиқдим. Эски шаҳар сари боряпмизу, ҳайдовчи тинмай гапиради. У бўлаётган ишларни ёқларди ва гоҳо «пул бермасанглар ҳам майли», деб қўярди. Хаёлим ўғлимда бўлганлиги учун террорчилар тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам бошлаб юборганликларини кейинроқ тушундим.

Эски шаҳар тўполон эди. Вилоят драма театри, А.Бакиров номидаги кинотеатр бинолари ловуллаб ёнарди. Вилоят ҳокимлигининг олди тумонат одам. Бўстон сари пиёда йўлга тушдим. Навоий шоҳкўчасида фақат одам оқарди. Бир неча жойда ёқиб ташланган машиналар, жангариларнинг мурдалари ётибди. Бу мудҳиш манзараларни кўриб, Афғон урушида кўрганларим ёдимга тушди. Наҳотки менинг Ватаним ҳам уруш олови ичра қолса, деган савол бағримни ёқди. Чунки ўтган тунда нима бўлганини, воқеаларнинг қамровини ҳали билмасдим.

Лицей эшиклари берк эди. Ўқитувчилар ўқувчиларнинг хавфсизлиги учун шундай қилишганди. Икки ўртадаги сўраб-суриштирувлардан сўнг ўғлимни олиб чиқиб беришди. Қайтишда шаҳар марказини айланиб ўтдик: ўғлим бояги манзараларни кўрмасин, дедим. Шундай қилиб, уйга етиб келдик.

Эртаси куни тушдан кейин мени вилоят ҳокимлигидан чақиришаётганлиги, «Андижоннома» газетаси таҳририятига (унда мен бу ерда ишламасдим) боришим лозимлигини айтишди. Бош муҳаррир бетоб экан. Кечга томон унинг машинасида айланма йўллар билан таҳририятга етиб келдик. Таҳририят хувиллаб ётарди. Ҳадемай ўша пайтда вилоят ҳокимлигида котибият мудири бўлган Назиржон Саидов, ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Анвар Мўминов (марҳум), матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султонов, бош муҳаррир ўринбосари Абдумутал Абдуллаев, масъул котиб Ҳалимжон Тоҳиров ва мен жам бўлдик. Газета чиқариш борасида маслаҳатлашдик. Кейин дизайнер Рустамжон Эшонов, компьютерчилар Омадхон Нурматова, Гавҳарой Аҳмаджонова олиб келинди.

Қоронғу тушди. Хавфсизлик идоралари вакиллари хоналарнинг чироқларини ёқмасликни тайинлашди. Нимқоронғида ишлашга тўғри келди. Биринчи саҳифанинг асосий мақоласини мен ёзадиган бўлдим. Бўлиб ўтган воқеалардан қалбим том маънода изтиробда эди. Нотинчлик келтирган вайронагарчилик, инсонларнинг ҳалок бўлиши юрак-бағримни эзарди. Шунинг учун сатрлар қуйилиб келаверди. Мақолани кўзларимда ёш билан ёздим.

Энди газетанинг тўрт саҳифасини мақола билан тўлдириш керак эди. Бировнинг олдига бориб ёки таҳририятга таклиф қилиб интервью олишнинг, гаплашишнинг иложи йўқ. Шундай тунда биров кўчага чиқармиди (тунда Чоргузар тарафда отишма бўлди). Хуллас, Абдумутал ака ва Ҳалим ака учовимиз ўзимиз ишонган, фикрларимизни рад этмайдиган кишилар номидан мақолалар тайёрладик. (Бу сир эди, энди айтсак бўлаверса керак.) Шундай қилиб, бўлиб ўтган мудҳиш воқеалардан кейинги биринчи газета дунё юзини кўрди. Кейин ҳар куни газета чиқарилди, лекин биринчи барибир биринчида. Ўша тунда ҳатто тамадди қилишга ҳам имкон тополмаганмиз.

Ушбуни ёзишдан мурод кимнидир мақташ ёки ўзимни кўрсатиш эмас. Ўша фожеали кунларда ҳам қўрқмасдан, ҳеч йўқ ўз хизмат жойида юрт корига ярашга интилган одамлар бўлганлигини эслатиб ўтмоқчи бўлдим холос. Чунки бирров кўзга ташланиб, сўнг ғойиб бўлган ёки ҳодисаларнинг нима билан тугашини кутган одамларни ҳам биламиз.

У қора кунлар дунёга овоза бўлди. Андижон воқеалари ҳақида гапирмаган одамнинг ўзи қолмади. Айниқса, чет эллардаги мухолифларимизга худо берди жағлари йиртилгунча сайрашди. Олам аҳли кўз ўнгида Ўзбекистонни ёмон отлиқ қилишга уринишди. Аммо уддасидан чиқолмади. Муҳтарам Юртбошимизнинг узоқни кўзлаб, оқилона иш тутиши, халқимизнинг оғир-босиқлиги, фитналарга эргашмаганлиги террорчилар устидан ғалаба қозонишимизга олиб келди. Чиндан ҳам андижонликларнинг матонати, мустақилликка, тинчликка садоқати таҳсинга лойиқ. Ахир шўх, томошага ишқибоз, алданишга мойил ёшларимиз бузғунчиларга эргашиши мумкин эди-ку! Лекин эргашмади. Демак, ёшлар тарбияси борасида ҳам тўғри йўл танлаган эканмиз.

Май воқеалари ҳақида ҳали китоблар ёзилади, кинофильмлар ишланади (дастлабкиси ишланди ҳам). Фикримча, уларда албатта, халқнинг сабр-матонатини, террорчиларга имкон қадар зарба бера олганини тасвирлаш, эътироф этиш керак.

«Ёмоннинг жазосини худо беради», дейдилар. Бу гап рост экан: ўз эли тинчини бузганлар ва уларга эргашганларнинг бир қисми, сиёсий найрангларга учиб, чет элларга чиқиб кетган эдилар. Тақдирнинг ҳукмини қарангки, айримлари хору зор бўлиб, юртга бош эгиб келдилар. Уларни халқ, Президент кечирди, яна бағрига олди. Баъзилари эса юзи қоралиги туфайли ҳамон ғанимларимиз тегирмонига сув қуйиш билан овора.

У кунлар ўтди-кетди. Аммо заҳми яқинларидан бевақт жудо бўлган кишилар дилида мудом яшамоқда. Бизлар эса тинчлик нақадар улуғ неъмат, фаровонликнинг асоси эканлигини яна бир бор англаб етдик. Илоҳи, бугунги нурли кунларимиз боқий бўлсин!

Андижонликлар ҳаётнинг мураккаб синовидан ёруғ юз билан ўтдилар ва муҳтарам Юртбошимизнинг ташаккурига, меҳрига сазовор бўлдилар. Ўзларини «акромийлар» деб атаган кимсаларнинг эса Ватанга хиёнатини тарих асло кечирмайди, юзи қаролар қоралигича қолади.