Арафа (Аксиличкиликбозлик туркумидан)

Кино
17.04.2015
Андижонликларнинг юзи ҳамиша ёруғ
10.05.2015

Директор Лениннинг ҳайкалига бир пас тикилиб қолди. Ҳайкал ва у ўрнатилган супа жуда ғариб кўринарди. “Ахир индинга йигирма иккинчи апрел-ку!..”, ўйлади директор. У ўз хонасига йўналаркан, бир ўқитувчига мактаб хўжалик мудирини топиб келишни буюрди. Ўзи эса хонасига кириб ўтиргач, орадан бирозгина вақт ўтмай, олдига хўжалик мудири кирди.

— Индинга йигирма иккинчилигини биласизми? — дея ғўлдиради директор.

— Ҳа-а… — Хўжалик мудири хўжайинининг мақсадини тушунолмай ҳайрон эди.

— Нега бўлмаса, шу пайтгача ҳайкални тўғрилаб қўймадиз?

— Қайси ҳайкални?

— Мактабимизда нечта ҳайкал бор ўзи? Лелин1ни-да…

— Ҳм-м… — Хўжалик мудири шошиб ўзига келди. — Хўп-хўп, дарров тўғрилаб қўямиз.

Ташқарига чиққач, мудирнинг боши қотди: кимга буюрса экан-а? Мактабнинг қоровули билан боғбони қишлоқ Шўросининг раисиникида ишлаяпти. Фаррош хотинлар бу ишни эплолмайди. У ўн биринчи синфларнинг биридан учта каттароқ болани сўраб олиб чиқиб, уларнинг қўлига бир пақир оҳак, чўтка ва супурги тутқазиб, нима иш қилиш кераклигини тушунтирди…

Мудир кун бўйи ўз ишлари билан овора бўлиб, Ленин хаёлига ҳам келмади. Кечки пайт келиб қараса, ҳайкал ва супанинг аҳволи қарийб ўша-ўша. У сўкина-сўкина уйига кетди.

Эртасига эрталаб, ҳар кимларникида турли юмуш қилиб, тирикчилик ўтказгувчи Қулмат пиённи суриштириб топди. Сўзамол тилини ишга солиб, Қулмат билан қалин сўрашди.

— Қулмат ака, бир иш бор яримталик, — деди муддаога кўчиб.

— Яримталикми?…

— Яримталик.

— Оқиданми?

— Ҳа-да, акам…

Қулмат пиён мудирнинг кўзига ишонқирамай тикилди.

— Нима иш?

— Лелинди ҳайкалини ремонт қиб берасиз.

— Хўп. Оммалекин яримтага, а?

— Ахир айтдим-ку, ака…

Қулмат пиён арақ қимматлашиб, унинг васлига анчадан бери муштоқлигиданми, “яримта” дея қайта-қайта таъкидлади. Шайтонни ҳам ўзига шогирд биладиган мудир охири уни ишонтирди.

Қулмат пиён шошилмай, жуда секин, аммо одамнинг ҳавасини келтирадиган иш қиларди. Ҳозир ҳам шотини қўйиб, одам бўйи келадиган ҳайкални латта билан тозалаб ювди. Бронза бўёқни бошидан то оёғигача суриб чиқди. Ҳайкалнинг олдинга узатилган қўлида бир бармоғи синган экан, чўпга лой чаплаб, бармоққа ўхшатиб ёпиштириб қўйди. Кейин супанинг атрофини тозалади, ғишти кўчган жойларини тузатди. Қумга семун2ни аралаштириб, текис қилиб сувади, оқлади… Хаш-паш дегунча ҳайкал баҳорнинг чароғон офтобида ялтирай бошлади. Пиён пешинда ишни бутунлай тугатиб, тамакини бурқситганча анча наридан ҳайкалга тикилди. Ишидан кўнгли тўлди шекилли, супанинг офтобда анча селгиб қолган олди томонига ўтирди. Шу пайт хўжалик мудири пайдо бўлди.

— Бўлдизми, Қулмат ака? — деди ҳайкалга қараркан, хотини туққан одамдай севиниб.

— Ҳа, бобонгни куёв бола қип қўйдим, — дея Қулмат ҳайкалга ишора қилди.

— Қойил-қойил, оммалекин боплабсиз, ака. Раҳмат-ей, раҳмат-ей сизга…

Мудир бирдан чўнтагини кавлай бошлади.

— Ака, роса излаб, арақ тополмадим. Ҳеч қаерда йўқ савил. — У шундай дея чўнтагидан бир шиша “Тройной” одекалонни чиқариб, Қулматга узатди. — Арақни кейинги сафар қуйиб бераман, ака, хафа бўлмайсиз.

Қулмат мудирга хомуш тикилди, сўнг:

— Хах, бола-я, ўзи сизлар қачон ваъдани бажаргансизлар?! — деди қошларини чимириб.

У бошқа ҳеч нарса демади, индамай шишани олди. Мудир эса “бажариб қолармиз, Қулмат ака, бажариб қолармиз”, дея бир пасда ғойиб бўлди. Қулмат озғин, кўкимтир томирлари бўртиб чиққан қўлидаги шишага анча тикилиб ўтирди. Кейин бир хўрсиндию, эски чопонининг қўйнидан лаби учган пиёлани олиб, нарироқдаги сув қувуридан бир пиёла сув олиб келди. Сувнинг ярмини ичиб, қолганининг устига пиёла лиммо-лим бўлгунча одекалон қуйди. Кўзларини чирт юмиб, пиёлани бўшатди. Нафасини бурнидан чиқариб, оғзини енги билан бир пас тўсиб турди. Атрофини тириш босган кўзлари қисилди. Шу кўйи ўгирилиб, ҳайкалга қаради. Энди қуёш ҳайкалнинг орқа томонига ўтган, шунинг учун у Қулматнинг устида қорайиб, қовоқлари осилгандай ваҳимали боқиб турарди. Қулмат кўзларини каттароқ очди.

— Ҳов, бобой… — деди бўйнини чўзиб. У ҳадеб ичаверганидан озгина томоғидан ўтиб қолса, маст бўлиб, алжирашни бошларди. — Ҳов, бобой, намунча хўмраясан? Ўзинг… Улар ўзларининг авлиёларини, улуғларини жуд-да-жуд-да ҳурматлашади. Даже уларнинг китобларини ювуқсиз қўл билан ушлашмайди, билдингми!.. Улар мени ё ўзларининг йўлига солишарди, ё тошбўрон қилиб ўлдиришарди. Майлийди… Мен розийдим… Лекин сеникилар… Даҳрийларинг… ё тузукроқ яшатишмайди, ё яшагани қўйишмайди, билдингми!.. — У бўйин томирлари бўртиб, юзлари кўкариб, узоқ йўталди. Оғзини, ёшли кўзларини тўнининг енги билан артди. Кейин тутқаноғи бор одамдай яна ҳайкалга ўқрайиб, ўшқирди: — Сенинг қимматинг эса мана!.. — Қулмат “Одекалон” шишасини тутган ўнг қўлини боши узра кўтарди…

Эртасига болалар супанинг Қулмат пиён ўтирган жойига гуллар қўйишди.

Архивдан. 1991 йил

1 Ленин демоқчи

2 Цемент