Арақ

Спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ 

истеъмол қилиш соғлиғингиз учун зарардир.

 

Опаси телефонда «хотининг биров билан юрибдийкан», — дея такрор-такрор айтавергач, пойлашга аҳд қилди. Бир кун пойлади… Иккинчи кун пойлади… Эртакка ўхшайди-а?.. Ва ниҳоят, ўша куни хотини тушга яқин ишхонасидан чиқди-ю, «Дамас»га ўтириб, микрорайон (кичик даҳа) томон йўл олди. У такси ушлади. Хотини «Дамас»дан тушганда юрак уриши ўзгарди: йўқ, қўрқмади (эҳтимол бу гап унинг ҳолатига умуман тўғри келмас), фақат кейинги нафасидан, қадамидан… бу оламда борлигидан безиллади. Кўзлари кўр бўлишини истамади, лекин айни дамда мутлақо кўрмасликни хоҳларди. Балки одамнинг юраги сезади, деганлари шумикин?..

Кутди. Хотини «дом»га кириб кетгач, сабр билан кутди. Кичик даҳанинг «халқаро обрўси»ни эшитганди — нафасидан, жисмидан, кўзларидан ўт чиқиб кутди. Хотинини оқлади, ўзини оқлади. Ўзини оқлади, хотинини оқлади. Кечирди, нафратланди, нафратланди, кечирди — ҳаммаси ўтди. «Дом» эшигида хотини кўринганда жону жаҳони қулоққа, кўзга айланди. Сўнг… Хотини бир тўхталиб, рўмолини тузатаётганда, нигоҳига кўзи тушди. Шу пайт унинг ортида бир эркак пайдо бўлди. Хотинининг олазарак нигоҳи атрофни кезиниб, эркакда  тўхтади. Эркак хотинига ғалати қараш қилиб, ўнг қўлининг билагини бир сиқиб қўйди-да, қадамини тезлатиб, нари кетди. Унинг қараши, билак сиқиши ғалати эди — у буни пайқади. Ўзини териси шилиб олингандай ҳис қилди.

Кейин нима бўлганини тўла эслолмайди. Аввал юраги қуйига оқди, кейин оёқларидан мадор кетди, бўғзи, киприкларининг ости куюб, йиғлагиси келди. Тишларини бир-бирига қаттиқ босиб, лаблари қимтилганда, қўлларининг мушт бўлиб тугилганини сезди. Кўзга кўринарли жойга чиқиб қолганди. Шу кўйи хавотирли, бунинг устига, бири масхараомуз, бошқаси синовчанми ёки нажот излаётгандекми кўринган икки нигоҳни эслаб қолди. У кейинроқ англадики, ўшанда эркак «дом» ёнбошидаги машинасига югурган ва тезроқ жуфтакни ростлаб қолишга уринганди. Унинг хира тортган шуурида «нега ўйнашини (яъни унинг хотинини) ишхонасига ташлаб қўймади», деган фикр бирров ёлқинланди. Наздида, аёллар пулдор, машинали эркакларни ўйнаш тутадигандай ва улар ўз маъшуқаларини ҳамиша машинада олиб юрадигандай, истак-хоҳишларини бажаришга урунадигандай, айниқса, «ишларини тугатиб олганларидан» сўнг кўчада ташлаб кетмайдигандай туюларди… 

Кейин калласида ўй ҳам қолмади. Хотинини пойлашдан олдин, хиёнат қилишига ишониб-ишонмай, шунда ҳам мабодо уни биров билан тутиб олса, ўша бировни дўппослаш, чавақлаш ва ҳатто болта билан чопиб ташлаш хаёлидан кечган бўлса-да, ҳозир бу нарсалар мутлақо ёдида йўқ эди. Хотинига яқинлашди-ю, унинг кўзига маъносиз тикилиб қолди. Ҳеч қандай таъна-ю сўроқсиз тикилди. Хотини эса уни кўргандаёқ тошдек қотди. Аввалига бўшашди, оёқларидан мадор кетди, сўнг оғзи-бурнини тўсди. Ҳатто йиғламоқчи ҳам бўлди шекилли. Бироқ кўп ўтмай, бошини кўтариб, бир силтади-да, рўмолини, намчил сочларини икки қўллаб тузатаркан, эрига мағрур, йўқ, тасқараларча, «бўлганим шу, қўлингдан нима келади?», дегандай боқди. Унинг қараши ҳар қандай номусли эркакни ер билан яксон қилишга қодир эди. Энди у шалвиради, оёқларидан мадор, остидан ер қочди. Кекирдаги силтаниб, ютинди, ортидан кўзларини юмиб, бошини эгди. Бўғзидаги наърани тўсмоқчи бўлдими ёки шунинг ўзи наърамиди, анча туриб қолди. Хотинининг кетганини ҳам сезмади. Балки хотини билан ўйнашини чавақлаб ёки уриб, тепкилаб ташлаганда, ҳеч йўқ бўралатиб сўкканда, ҳаммаси осон кечармиди. 

Уйига қачон, қандай келди — эсида йўқ. Хотини нарсаларини йиғиштириб кетибди.

Боши бўм-бўш, барча ҳаракатлари шууридан айродек, юраги оғирлашиб, тобора қуйига оқиб борарди. Уй ичида тентиб чиққач, ҳовлини кезинди. Кўз олдида эса — бегона эркак қучоғида оҳ уриб тўлғонаётган, сочлари шаҳвоний тўзғиган, кўзлари ҳузурли сузилган хотини. Энди тишлари ғичирлади, бармоқлари беихтиёр мушт бўлиб тугилди, йиғлагиси келди. Шохлари тарвақайлаган қари олма остида турарди. Ахир у менинг қучоғимдаям шундай тўлғонганди-ку?! Наҳотки?!.. Наҳотки уни?!.. Юраги зирқиради, кўзларидан ёш сизиб, ингранаркан, ўнг муштини олмага урди: «Қанжиқ!..» Қўли оғриди, бир-икки пуфлаб, қайта-қайта силтади. Чийиллаб, ошкора йиғлаб юборди. Тик туришга мадори қолмай, ўтирди, кафтларининг четини кўзларига босди. Уни яхши кўрардим, ҳар сафар қучоқлаганимда, ўпганимда бутун олам меникидек туюларди. Унинг васлига қонгач, ҳар тонг танамда мислсиз қувватни ҳис этардим, дунё кўзимга гўзалдан-гўзал, чиройлидан-чиройли кўринарди. Демак… Демак, у менинг оташли бўсаларим остида бошқа бировни ўйлаб ётган, хаёлан унинг оғушида тўлғонган… Нега?!.. Нега ахир?!.. Ахир мен соппа-соғман-ку! Балки хотини у билан қизлигидан танишдир? Балки уни яхши кўргандир. Унинг оиласи бўлган, шунинг учун… Демак, хотинининг «йўлини очиб» олган. Наҳотки, шунча вақт у билан?.. Ўғлим-чи?! Йў-ўқ, у ўзимдан бўлган, ахир қуйиб қўйгандай менга ўхшайди-ку: кўзи, қоши, калласи. Ахир бу гапларни хотини айтарди-ку: қош-кўзи, айниқса, бошининг шакли унга жуда-жуда ўхшашини!.. У ўғлини кўз олдига келтиришга уринди. Лекин бирон ўхшаш жиҳатини тополмади. Шунча вақт… Шунча вақт бировнинг силқиндисини севиб, сарқитини қучоқлаб яшадимми? Бошининг орқаси жимирлаб, бурай бошлади, кўзларидаги шакллар уйқашди, бўғзида нимадир ғилқиди. Хаёллари ағдар-тўнтар бўлиб, ўқчиб кетди. Қусиб юборгач, бир неча бор ҳиқиллади-да, кўзлари ағдарилиб, ёнбошига қулади…

Кўзини очганида атроф зим-зиё эди. Аввалига қўрқиб кетди. Қоронғуликка ойнинг тарам-тарам ёруғида шуълаланган шойи матодек ёпилган осмон кўзига урилиб, енгил тортди, тупроққа беланиб ётганлигини пайқади. Бироқ оғзидаги чучмал таъм, лабларидаги бадбўйлик, танасидаги зирқираш, бошидаги зўриқиш ҳаловатини олди. Ерни пайпаслаб базўр ўрнидан турди. Кўр ойдинликда довдираб бориб, айвоннинг чироғини ёқди. Вужуди, қалби ҳам ёришди гўё. Ўғлининг тетапоя (гўдак юришни ўргансин учун ясалган махсус тўртбурчак аравача)сига кўзи тушди. Болам, деди оғриқли ура бошлаган юраги. Ахир?.. Хотиним!.. Кўз олдида тағин бошқа эркак пинжида тўлғонаётган аёли…

Тун оғди ҳамки ухлай олмади. Тонгга яқин яна боши айланиб, кўнгли айний бошлади. Кўзлари киртайиб олайиб қолган, юзи ғижимлаб ташланган қоғоздек, рангпар. 

Ҳовлига чиқиб, олма тагида ўқчиб ўтирди. Танасидаги зирқираш чекинавермагач, енгил тортиш илинжида сувқувурнинг жўмрагини буради. Қўлларини сувга теккизиши ҳамоно ўнг қўлида оғриқ сезди: бармоқ суякларининг усти хиёл шилиниб, қизариб шишиб кетганди. Кеча олмадан олинган аламнинг заҳри бу. Оғриққа парво қилмай, қўлларини қайта-қайта чайди, юзу боши аралаш сув шопирди. Бўйину кўкракларига сув уриб, бир-икки пишқириб ҳам қўйди. Хуш ёқди шекилли, жўмракка бошини тутиб, миясига совуқ ургунча турди. Сочларидаги сувни қайта-қайта сидириб, қаддини тиклади. Тупроққа беланган кўйлагининг пешини қайириб, юзини артган бўлди. Осмонга тикилиб, бурнидан чуқур-чуқур нафас олди, сўнг оғзидан кескин-кескин чиқарди. Енгил тортди. Мана, топ-тоза бўлдинг,  деди сўнг хаёлан, хотининг ҳам кеча бирров  чўмилиб,  кўчага топ-тозаман, деб чиққан-да. Агар сувнинг тили бўлганда айтарди: «Ҳей, одам боласи, сенинг шалтоғингни тозалайвериб, ўзим шалтоққа, иркит бир нарсага айланиб кетдим-ку», деб. Шалтоқни шалтоқ билан ювиб бўладими.

Қаердадир телефон “ғингшиди”. Сесканиб, ёнверини пайпаслади. Овоз айвон томондан келарди. Сўридаги қўл телефонини олиб, қулоғига тутди. «Раҳмат, опа, яхшиман», деди. Кейин,

— Ҳа, кузатдим, — дея гапни қисқа қилишга уринди, — сиз ҳақ бўп чиқдийиз, опа.

Опаси овутиб, маслаҳатлар берди чоғи, бир пас «хўп-хўп», деб турди-да, биров билан гаплашишни истамаганидан, «узр, опа, ишга кеч қоляпман», деб телефонни ўчирди. Лекин ишга кеч қолиб бўлганди, бунинг устига, шуурининг бир четида ишга бормаслик истаги тобора қатъийлашиб борарди. Ишга бориб, нима қиламан, одамларнинг кўзига қандай қарайман, ким учун ишлайман? Битта қорним тўймай қоладими? Яхшиси…

Уйга кириб, у ёқ-бу ёқларни титкилаб юриб, кийим-бошини алмаштирди. Шкафнинг тортмасидан бир тахлам пул олиб, чўнтагига тиқди. «Яхши, пулларни обкетмабди, қанжиқ!» — дея ғудраниб қўйди. Телефонни камаридаги ғилофга солди. Сўнг уй эшикларини, дарвозани қулфлади. Бир-икки қўни-қўшниси билан чала-чулпа салом-алик қилди. Бир девор қўшниси — кўзлари чақчайган аёл унга тикилиб, маъноли оҳангда сўради: 

— Қўшним кўринмайдими?

— Онасиникига кетувди, — деди у таъқиб этувчи нигоҳдан қутилиш илинжида тез-тез  одимлаб.     

Ниҳоят катта кўчага чиқди. Машиналар сой каби оқади, ҳар томонда одам. Кўча барибир яхши-да, айниқса, эркак киши учун. Ҳар ҳолда чалғийсан. Одам тафтини одам олади, дейишади, аммо эркак тафтини кўча олади. Ошқозони ачишаётганини ҳис қилди. Қачондан бери туз тотганим йўқ, бирон нарса еволсамми… Яшаш керак-ку ахир. Шундай замонда хотин топиш қийинми? Яхшиси, Эски шаҳарга тушади: ҳам ишхонасидан узоқроқ, ҳам овқатларининг мазасиям тузук. У йўлнинг нариги бетига ўтмоқчи бўлди. Яхшиям уч кўзли аждаҳо — светафор бор. Автосойни унинг жодуси тўхтатмаса, одамзод қанот бойлаб учиб ўтармиди. Нариги бетда «Дамас»га ўтирди. 

Эски шаҳар янаям  гавжум, шовқин-суронга тўла. Кесишган йўлларда бир-бирига гал бермасликка уринган машиналар тинимсиз «ириллайди». Шунча гувво-гувга одамлар бепарво, ҳамма ўз йўлида бормоқда. Йўлни кесиб ўтаркан, кўзи вилоят кутубхонасига тушди. Бир пайтлари — университетга кириши арафасида, талабалик йилларида бу ерга кўп келарди. Китоб оларди, газета-журналларни титкилаб, бир нималарни ёзарди. Энди ўйласа, умрининг энг маънили даврини ўшанда яшаган экан. Чорраҳанинг нариги тарафида муҳташам вилоят театри. Ўнгдаги арақ-вино дўконими? Соат эндигина ўнга яқинлашаётган бўлса-да, дўкон ичида одамлар бор эди. Юз грамм ичволсами… Ҳозирги ҳолига бир пиёла ичмаса бўлмас: сал ёзилади, пича овқат ейди. Зинадан кўтарилиб, ичкари кирди. Дўкон салқин эди. У ўзини эркинроқ тутишга уринди. Икки сотувчини харидорлардан ажратиб турган  кўкрак остидан келгулик столли тахта тўсиқ қошида тўрт ичармон турарди. Уларнинг бири юзи сиёҳранг тусдаги, сочлари патила-патила одам. У тўсиққа бутун гавдаси билан суяниб, сотувчидан басма-бас нимадир сўрамоқда. Ёнида ўттиз ёшлар чамасидаги икки йигит. Икковининг қўлида ҳам даста пул, бири «иккита етади», деса, бошқаси «учта олайлик», деб турибди. Уларнинг ёнида пўрим кийинган, бир-икки оқ оралаган сочлари таралган, соқол-мўйлови қиртишланган эллик ёшлардаги киши икки қўли орасидаги арақли пиёлани ичайми-ичмайми, дегандай ёки ичиш учун қулай фурсатни  пойлаётгандай айлантиради. У шу одамнинг ёнига туриб, ўнг чиғаноғини тўсиқ-столга тиради. Сотувчиларнинг ёшроғи кимдир нимадир буюришини кутади, каттароғи эса тўсиқ ортидаги харидорларга бир-бир тикилиб қарайди, уларнинг хоҳиш-истакларини билиб олишга уринаётгандай, янаки уларнинг бари измига тушишини билаётгандай, ўзини бошқача тутиши мумкин эмасдай.

У сотувчига бирон сўз айтишга, буюртма беришга ботинолмади. Нигоҳи атрофда тентиди. Девордаги биринчи гапни ўқиди: «Йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга спиртли ичимликлар сотилмайди». Ўқиди-ю, ёш сотувчига қаради: йигирма бир ёшга тўлмаганлар арақ сотиши мумкинми? Йўғ-э, бу бола йигирма бирдан ўтгандир, дея сотувчини оқлашга уринди. «Спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш соғлигингиз учун зарардир». Бу гап тўғри, у ҳеч қачон ортиқча ичмаган. Ундан кейинги ёзувни ўқиди: «Биламиз сиз уната одаммассиз». Бул ичархонанинг мутасаддилари анча саводли кўринадур, — хаёлидан шу гаплар ўтиб, қуйидаги ёзувни ўқишидан олдин, менимча, «биламиз»дан кейин вергуль, «уната» — «унақа» бўлиши лозиммиди-ей, дея ўйлаб қўйди.

«Ҳамма муҳим нарсаларни ташқарида ҳал қилишингизни илтимос қиламиз!» Тавба, бу ерда қанақа муҳим масалалар ҳал қилиниши мумкин? Оғзига нима келса, ёзиб қўяверишибди-да. 

— Юз грамм қуйиб бер, пулини эртага, йўқ, ҳали — обеддан кейин бераман, — дея ялинарди сиёҳранг юзли ичармон. — Ҳеч йўқ эллик грамм  қуйбер!

— Ҳар куни неча марта қуйиб бераман, ака, — дерди катта ёшли сотувчи кўзларини лоқайд тутишга уриниб. — Ахир мениям хўжайинларим бор, ҳисоб бераман. 

Ҳаммаёқ «бер, бераман» бўп кетди-ю, энсаси қотди унинг, наҳотки алкашлар шунақа бўлса? Нариги девордаги ёзувга қаради: ёпирай, шеър ёзиб қўйишибдими?

 

«Келибсиз ғам билан

ё бўғзингиз қақраб,

Лек сизга қариндошмас

асло шоҳ Машраб.»

 

Ахир шоҳ Машраб ичмаган-ку. Эҳтимол ичган одамнинг шоҳ бўлиб кетишига ишорадир. Балки бу саводсиз бир қофиябознинг “топган-тутгани”дир. Лекин, нима бўлганда ҳам Машрабдай авлиё одамнинг номи арақхонада туриши яхши эмас. Хаҳ, бу ердагиларнинг ақли бунга етармиди? Мана буниси айнан шу ернинг гапи: «Насияга савдо йўқ». Анови сиёҳранг юзли «клиент» буни ўқимаган-да. Ўқисаям энди унутган, акс ҳолда… Ёш сотувчи икки ҳамроҳ харидорнинг истагига биноан учта ғалати шакл ва тусли арақни қора сувқоғоз халтага солиб, узатди. Уларнинг қўли халтага тегиши ҳамоно катта ёшли сотувчи нималарнидир пичирлаб, шитоб юзига фотиҳа тортди. Шунинг ортидан сиёҳранг юзли харидорнинг олдига кичкина истикон қўйиб, арақ қуйди.

— Бунисиям қарзга, ака, — деб қўйди сўнг. 

Ана шундан кейин унинг оғзидан овоз чиқди:

— Эллик, йўқ, юз грамм қуйинг!

Катта сотувчи унга «ялт» этиб қаради. Шу пайт икки қўли орасида арақли пиёла тутган киши ҳам унга ўгирилди.

У хижолат бўлиб кетди: нима бало, нотўғри гапириб қўйдимми?

Ёнидаги киши икки қўли орасидаги пиёлани ўнг қўлига олиб, кўзлари ёниб, унга боқди:

— Ичамизми?

У нима дейишини билмай, каловланди.

— Юз грамм дедингизми, ака? — сўради ёш сотувчи қўлидаги шишани пиёлага яқинлаштираркан.

— Ҳмм… — у бошини ҳам силкиб қўйди. Шунинг ортидан «Бу ерда «сандень» (тозалов куни) ҳам бўлармикин, шуниям ёзиб қўйишса жа жойига тушаркан», деган фикр хаёлидан ўтди. 

Дўконга яна бир одам кирди: бошида дўппи, ихчам соқоли мош-гуруч, кийим-боши озода, оҳорли. «Тавба, шу одам ҳам ичармикин-а?»— дея хаёл қилиб, унга беихтиёр тикилиб қолди. Янги кирган одам буни пайқаб, “ичамизми” деган кишининг сўл ёғига тиқилиб, «Бунақа жойда одамга тикилиб қаралмайди», қабилида қовоқ уйди. Чамаси, ҳожинамо бу одам ҳам у ўз қарашидан хижолат бўлгани каби арақхонага кирганидан уялиб турарди.

— Қани, олдик! — деди «ичамизми» деган киши қўлини силтаб. — Танишганимиз учун. — Нарида турган бурдаланган бодринг ва туз солинган икки ликобчани у томон сурди.

«Ҳали танишмадик-ку» — ўйлади у.

Шу пайт сиёҳранг юзли одам шилпиқ кўзларини бежо сузиб, тили оғзининг ичида у ёқ— бу ёққа буралиб, деди:

— Йўқ, ҳожи ака, мен ўзи унақа одаммасман…

Ҳожинамо унга қарамадиям, бир пиёла арақни симириб, газак ҳам қилмай, шошиб ўзини ташқарига урди. 

У сиёҳранг юзли одамнинг гапини эшитди-ю, беихтиёр девордаги ёзувга қаради: «Биламиз, сиз унақа одаммассиз» — деган ёзувни яна қайта ўқиб, жилмайди. Гап бу ёқда экан-да, қойил. Кейин ҳамон унга илҳақ турган ёнидаги кишига боқди. 

— Дарров чиқиб овқатланамиз-а, ака, — деркан, қорнини силаб қўйди. — Роса қорним оч.

— Сиз нима десайиз, розиман. – Янги таниши пиёласини чўқиштирди. — Қани, урдик.

У бурнини жийириб, арақни узоқ сипқорди-да, пиёласини аллақачон бўшатиб, бодринг чайнаётган ҳамроҳига маъносиз тикилганча лабларини қимтиб, нафассиз анча турди.

— Янги ўргамчикакансиз-да, а? – Янги таниши жилмайди.

Ниҳоят у нафас чиқариб, бир-икки «куҳ-куҳ»лади. Бир бўлак бодрингни оғзига олиб боргач ҳам анча тиришиб турди. Гўё у ниманидир кутарди, ичидаги арақнинг борган жойларини сезишни истаётгандек эди. Дарҳақиқат, арақ бўғзидан бошлаб ичакларигача хиёл куйдириб ўтди-да, бўм-бўш ошқозонига урилди — буни аниқ-тиниқ ҳис этди. Ошқозони аввалига жизиллади — бу унга хуш ёқди. Кейин буровчи оғриқ турди. Унинг афти яна тиришиб, чап кафтини ошқозонига босди: оғриқ ўтиб кетишини кутди…

Энди унинг томоғи ғилқиб, кўнгли айниди: ишқилиб қусиб юбормай-да.

— Жа оғир кетди-а? — деди уни кузатиб турган янги таниши. — Яна биттадан урайлик, яхши бўп қоласиз.

У бош силкиб, рад этди-да, оғзига таваккал дегандай бодрингни солиб, ямлай бошлади.

— Бу ерга шоҳ ҳам, гадо ҳам киради, ука, — деди шериги. 

Унинг вужудида — ҳузурбахш эврилиш кечарди. Бояги нохушликлар йўқолиб, боши ёқимли жимирлай бошлади.  Оғзига сўлак тўлиб, кўнгли овқат тусади. Юзидаги аянч эриб, қизиллик, истара югурди. Яна битта бодринг бўлагини тишлари ҳукмига топширди.

Дўконга тағин қандайдир одамлар киришди.

— Буни ичгандан кейин, — дея лабларини кафтида арта, унга беозор тикилган шеригининг кўзларида ғолиблик учқуни балқди, қовоқлари, бурни, оғзи, юзининг четлари икки томонга, дазмол мато ғижимини текислаган янглиғ тортишиб, таранглашди, чеҳрасида ўз фикрининг исботини топган одамникидек маъно зоҳир бўлди, — аввало кайфиятни бузмаслик керак, яхши овқат ейиш керак. Бўмаса ёмон таъсир қилади.

Ҳақиқатан, очиқкўнгил одам экан, ўйлади у, самимий. Қанийди,  ҳамма шунақа бўлса. Унинг дийдаси юмшаб, йиғлагиси келди. Дунёда яхши одамлар кўп.

— Нима қилдик, овқат еймизми? — сўради шериги ҳукм оҳангида.

Унинг нигоҳига яна девордаги ёзув урилди: «Ҳамма муҳим нарсаларни ташқарида ҳал қилишингизни илтимос қиламиз!» Оббо психологларей!..

— Суюқ овқат ичайлик, ака, — деди у  ялингандай.

— Яхши, бир косадан лағмон ичиб, икки сихдан шашлик сидирамиз, бўладими?

У завқланди: «сидирамиз» эмиш…

— Битта олволамиз, — деди шериги унга савол ва мажбурият назари билан боқиб. — «Ноль беш» бўладими ёки «Ноль етти» олайми?

У аввалига тушунмади. Сўнг,

— «Ноль беш» бўладией, мен кўп ичмийман, — дея айбдорона минғирлади.

Шериги битта арақ олди.

— Кетдик!

У лўкиллаб эргашди. Одам билан осонгина танишса бўларкан-ку. Дўкон  эшигидан чиқиб, зинапоядан тушаркан, довдираб йиқилишига оз қолди. Буни фаҳмлаган шериги уни қўлтиғидан олди. 

— Маст бўп қолдим, ака, — деди у хижолатли жилмайиб.

— Бу яхши. Қорнингиз очлиги рост экан. — Кейин вилоят кутубхонаси томонга имлаб, деди: — Ҳов анови одамни кўряпсизми?       

Бошида эски шляпа, қўлида яғири чиққан портфель кўтарган озғин одам кутубхонага кириб борарди. 

У кўзларини бир-икки очиб-юмиб, ҳалиги одам то кўздан ғойиб бўлгунча қараб турди, маъно чиқаргунча унга нега қарагани-ю шеригининг  гапи ҳам эсидан чиқди. 

— Бу одам кутубхонага ҳар куни келади. Олим. Лекин у ҳеч қачон биз кирган жойга кирмайди. Аслида эса кутубхона билан театрга киргувчилардан арақ дўконига кирувчилар юз, йўқ, минг баробар кўп. — Шериги унинг қўлтиғидан қўлини олди. — Умуман театр билан кутубхонанинг рўпарасига арақ дўкони қурилганининг ўзи… 

Ошхонага кириб, чеккароққа ўтиришгач ҳам у бу гапларни ҳалиги одамга  қовуштириб, маъно чиқаришга, хаёлларини йиғиб олишга уринарди.

Шериги хизматчини чақириб, иккита яримта лағмон, нон, кейин тўртта қирқма кабоб буюрди.

— Мен савдогарман, — дея арақни очиб, иккита пиёлага қуйди-да, бирини унинг олдига сурди. — Одамнинг кимлигини, ичида нима борлигини бир қарашда биламан. Қани, олдик, саломат бўлайлик. 

У лағмонни бир-икки ковлаб, сувидан қошиғига олиб, пуфлаб қайта-қайта ҳузур билан хўриллатиб ичди. Кўзлари чақнаб, қаддини тиклади.

— Хайрият-эй, ичимга овқат кирди, — деб қўйди бурнини тортиб. Бир пас ўтиб, шериги қистайвергач, пиёладаги арақни сипқориб, тановулга киришди.

Савдогар яна арақ қуйди. 

— Бир қизимни чиқарганман, — дея гапга тушди сўнг. — Икки ўғлимни касб-корли қип қўйганман. Икковиям топарман-тутарман. — Пиёлани бўшатгач, давом этди. — Менга тегишма, дейман. Ҳеч нарсаминан ишим йўқ. Бир ҳафта ишлайман, бир ҳафта дам оламан. Буёқдан уёққа мол олиб бораман, уёқдан буёққаям мол обкелиб, ўтказаман. Тамом. Менинг ишим шу. Кейин бир ҳафта хоҳлаган жойимга бориб дам оламан, айш-ишрат қиламан. Лекин ишда умуман ичмайман… Ичмайсизми-ей!.. — уни яна қисташга тушди.

У маза қилиб овқат ичарди. Савдогарнинг қистовидан сўнг пиёлани қўлига олди. 

Савдогар эса, 

— Сиздан кўпроқ ичсам ичай, қани. Ҳали айтганимдай, одамни бир қарашда биламан. Мана, масалан, сизниям бир дардингиз бор. -деди яна ўзига арақ қуйиб.

У сархуш эди. Савдогарнинг сезгирлигидан таъсирланиб, унга нажот истагандай тикилди.

Савдогар кўзларини олиб қочди.

— Хоҳласангиз айтинг, хоҳламасангиз йўқ. — Бир кўтаришда пиёлани бўшатиб, овқатга қаради.

У бетоқатларча нигоҳини у ёқ-бу ёққа тентиратаркан, кескин нафас чиқарди-да, арақни сипқорди. Кейин ўнг қўли кўрсаткич бармоғининг ёнбошини лабига босиб, бош эгганча пича турди.

— Хотиним!!.. — деб юборди сўнг тишлари орасидан, овози чийиллаб. ўнг кафти билан кўзларини тўсди.

— Ушлаволдийизми?.. — сўради савдогар оҳиста, раҳми келгандай боқиб.

У лабини тишлаб, тасдиқ ишорасини қилди.

— Унда чатоқ… — дея, бош тебратди  ҳамроҳи. — Ўзичи, ука, хотин зоти ҳеч қачон эл бўлмайди. — Буни уни овутиш учун айтармиди ёки чиндан ҳам шундай ўйлармиди, номаълум. — Уларчи, фақат ҳалиги… — Йигитга ҳазиломуз, аммо синовчан тикилди. — Ўзимизнинг ишлар бўп турармиди ишқилиб?

У савдогарга бепарво боқаркан, лаҳза ўтмай гапнинг пайновини илғаб, ёшли кўзларида синиқ табассум жилваланди.

— Нимча (намунча) ҳар куни ёпишоврасиз, деб дод дерди, ака, — таънали ғўлдиради у.

— Демак, ўйнашини олдиндан яхши кўрган. Кейинчи, хотин кишининг ҳамма гапигаям ишониб бўлмайди, ука…

Хизматчи тўрт сих кабоб олиб келди. 

Савдогар қолган арақни иккига бўлиб қўя қолди.

— Сиздай йигитти қадрига етмабдими, тупуринг унга! — Савдогарнинг гап оҳанги  қатъийлашди. — Фарзанд борми?

— Ҳмм, бир ўғлим бор, — унинг яна хўрлиги келди. 

Энди савдогарнинг овози кескинлашди:

— Ҳали у хор бўлади, кўр бўлади! Бу дунёда хотин қуриб қоптими, ука! Фақат ўғлийизга  қийин… Келинг, мановини олайлик, кейин битта гап айтаман.

У ўзини анча босиб олганди, йиғлаганигами, кайфи тарқагандай, ўзини хийла енгил тортгандай ҳис этди. 

Пиёлаларни бўшатиб, кабобни ейишга тутинишди.

— Мен сиздан анча каттаман, ука. — дея кавшаниб, энди насиҳатомуз оҳангда сўзга киришди савдогар. — Мен сизга айтсам, бу дунёда ҳамма фақат ўзини, ўз фойдасини ўйлаб яшайди. Ҳатто, анови, Ватан, халқ, деб тилизўрдан тушмайдиганлар бору, уларни гапига ҳам мутлақо ишонманг. Ким қаттиқроқ гапираётган бўлса, ўшанинг нафси очроқ. Агар ҳамма қатори яшашни, бақириб яшашни истасанг, ана, стадионда берилаётган концертларга бор, «мен бахтлиман, ҳамма қатори бақира оламан», деб бақир. Лекин стадиондан ташқарида бақириб кўрчи!.. Дунё шу, ука, ҳатто оломон ҳам ўзини ҳақ  тушунади. Шунинг учун ҳатто менгаям ишонманг. Ҳеч ким сизга чин юракдан ачинмайдиям, сизнинг фойдангизни ўйлаб гапирмайдиям… — Савдогар йигитнинг юзидаги ўзгаришни сезиб, гапиришдан тўхтади.

У маст эди. Сузилиб боқаркан, яхшиям шу одамни учратдим, дея ўйларди, самимий экан.

Савдогар овозини, сўз оҳангларини ўртача маромга солди:

— Энди сизам ўзингизни ўйланг. Сал тикланинг…

Унинг телефони чийиллади. Fилофидан олиб, тикилди.

— Опам… — деди-да, ўчирди.

— Опайиз бўлса, жавоб бермайсизми?.. — деди савдогар овозини баландлатиб.

— Хапа бўлади, насиҳат қилади… — дея бошини мастона тебратиб, қўлини силтади у. 

— Энди-чи, ука, — савдогар икки қўлининг панжаларини столга босиб, кўзларини жиддийлаштирди. — Пул борми?…

У беўхшов тебраниб, қўлларини сонларига урди.

— Бо-ор!.. — Бир тахлам пулни чиқариб, узатди. — Хоҳласайиз, яна бор!..

Савдогар ёнверига аланглаб, «секинроқ», дегандай бўлди.

— Унда, ука, зўр кафе бор… Айтиб қўяй, менга сизнинг пулийиз кераймас… — Қўли билан, чўнтагингизга солиб қўйинг, дегандай ишора қилди. — Мен “иккитасини” чақираман. — Ўнг кўзини маъноли қисди. — Кафеда бир пас ўтиргандан кейин, би-ир маза қиламиз… Ёзиласиз…

— Кетдик!.. — деди у ўнг қўлини баланд кўтариб. — Кетдик, ака!..

Шу пайт яна телефони чақирди. «Эй-й», деди-ю, бутунлай ўчирди. 

Емак ҳаққини савдогар тўлади.

Ошхонадан чиқаверишда бир қўлида чойнак-пиёла, иккинчисида яримта нон, қўлтиғида портфель тутган шляпали озғин одам нигоҳига урилди. У бировга туртиниб кетишдан қўрққандай қимтиниб-қимтиниб кириб келарди. Ие, ҳалиги одам-ку.. Хаҳ!.. — қўлини бир силтаб ўтиб кетаверди. 

Такси тутдилар — у чўнтагидаги пулни чангаллаб олганидан «пулини мен тўлайман, мен тўлайман», деб борди… Кейин кафе… Ростданам “иккита”… Бири «даҳшат» гўзал эди: новча, оёқлари узун, ўта замонавий кийим-боши ўзига (ёки унинг кўзига) ярашган. Сочлари, қошлари, кўзлари, қилиқлари… «Онангни сени, қанжиқ», деди у хаёлан. Охирги ёдида қолгани: ҳамон кафе, оёқлари узун гўзалнинг ўнг қўли унинг чотида, лаблари эса лабида. Кўнгли айниди…

Хотинининг сочлари ҳўл эди — сув силқирди. Дастурхонга эгилувди, бир томчи сирғалиб, нонга тушди. Унинг кўнгли ғилқиб, силтаниб кетди… Ухлаётган экан. Бошини чангаллаб, базўр ютинди-да, бўғзидаги, оғзу лабидаги ёқимсиз таъмдан қутилмоқчи бўлди. Ютиниши ҳамоно қуруқшаган бўғзидан баттарроқ нохуш, ёқимсиз таъм оғзига ёйилди. Афти бужмайиб, у ёқ-бу ёғига аланглади. Соғида (ўнгида) боши тўзғиган сочлари остида қолган яланғоч тана думбасини дўмпайтириб ётарди. Ҳайрати ошди. Хотиранинг лаҳзалик хуружи лабларига ёқимсиз таъм берди — бу таъмми, ҳидми, таниш эди. Кўнгли баттар ғилқиб, энди юзини чангаллади. Ташқарида кимдир унинг исмини айтиб, чақирди. Яна, яна…

— Опам-ку!.. — дея ҳайқирди шуури.

Энди  кимдир шанқий бошлади:

— Туни билан бақириб чиқишди булар!.. — Бу қўшни аёлнинг овози эди. Унинг чақчайган кўзлари кўз олдига келиб, сесканди. — Гапларини деворнинг нарёғида турибам эшитдим, синглим!.. Вой, бу бетинг қурғурларнинг гапларини эшитсангиз… Гулдек хотинининг қадрига етмагандан кейин шу-да, а!..

У қўшни аёлнинг овозини ўчириш ниятида турмоқчи бўлиб, сапчиди. Кўрпа қайрилиб, ўзининг аҳволини кўргач, сўлиш олди, қайта ўтириб қолди. Кўзи остонадаги бўш шишага тушди: савдогарни эслади. Қанийкин?..  Нариги уйдамикин-а?..

Яна опаси чақирди…

 

2012 йил

март — декабрь.