Гўзал исмлар мадҳи (Асмаи ҳусна)

O'limning rangi
Ўлимнинг ранги
03.10.2014
Чўлпон ҳақида икки китобли янги роман — “Тегирмон”
14.11.2014

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1

Ё Раҳийм, шафқатинг ёмғирдай ёғар,

Ёмғирда эриган тупроқман ўзим.

Карам уммонида балиқман магар,

“Карам қайда?”, деган гумроҳман ўзим.

Ё Раҳийм, ё Раҳийм, ё Раҳийм, Оллоҳ!

2

Ё Раҳмон, иззату икром одамга,

Ризқ берган, барчага шаклу шамойил.

Зоҳирбинлар буткул унутган дамда

Сен фоний не бўлса, берурсан, қойил.

Ё Раҳмон, ё Раҳмон, ё Раҳмон, Оллоҳ!

3

Ё Малик дунёю охират узра,

Ўн саккиз минг олам ёритар чароғ.

Тупроққа бош уриб, гўдакдай бўзлаб,

Исмингга тўлади ҳар нафасим, оҳ.

Ё Малик, ё Малик, ё Малик, Оллоҳ!

4

Ё Азиз, бу ширин жон қадар азиз,

Жонимнинг эгаси аввалу охир.

Фоний нигоҳларга ниҳондир ҳаргиз,

Ҳар жонли, жонсизда қудрати зоҳир.

Ё Азиз, ё Азиз, ё Азиз, Оллоҳ!

5

Ё Қуддус, зоти борки, айбдан холи,

Эй, кўкда қуёшни яратган офтоб.

Сен Аршдан эсгувчи раҳмат шамоли,

Нуқсонлар аҳлига бенуқсон хитоб.

Ё Қуддус, ё Қуддус, ё Қуддус, Оллоҳ!

6

Ё Салом, оламлар меҳварин тожи,

Кўнгулга илми ҳол жолаган олим.

Фахри коинотнинг танҳо меърожи,

Нафасим поклаган исми ҳалолим.

Ё Салом, ё Салом, ё Салом, Оллоҳ!

7

Ё Жаббор, жабрингдир жаҳаннам жабри,

Жом тутган жоҳиллар жабрингдан ғофил.

Дилга ғассол ўлса ҳидоят абри,

Ҳамиша қулоқда сури Исрофил,

Ё Жаббор, ё Жаббор, ё Жаббор, Оллоҳ!

8

Ё Муъмин, набийлар келтирган пайғом,

Киприкда биллурдай титраган соғинч.

Сен уқбо тасдиғи ва дунё ёлғон —

Одамнинг бошида ўйнаган қилич,

Ё Муъмин, ё Муъмин, ё Муъмин, Оллоҳ!

9

Ё Муҳаймин, аён зоҳиру ниҳон,

Ҳаддан кузатгувчи, ҳардан огоҳ У.

Қибла бўлганда ҳам, аё, тўрт томон,

Ҳар япроқ, ҳар майса кўзи беуйқу.

Ё Муҳаймин, ё Муҳаймин, ё Оллоҳ!

10

Ё Мутакаббир, о, танҳо кибриё,

Жамолда тоқгинам, Аршуси юксак.

Алҳол кибр титмиш ё қилмиш риё

Одамни айлагай нафсига эшак,

Ё Мутакаббир, ё Оллоҳу Акбар!

11

Ё Ҳолиқ, тутмиш дил ишқинг баётин,

Шу ишқда кетурмиз жисми адамга.

Зикрингда қалбни маҳв этмас ҳаётин,

Ўзинг яратгувчи, соҳиб одамга,

Ё Ҳолиқ, ё Ҳолиқ, ё Ҳолиқ, Оллоҳ!

12

Ё Борий барорим, ҳаққул мустақийм,

Шарафли айлади Унинг бир дами.

Туфроқни ўзига қилганди яқийн

Одами Атони яратган дами,

Ё Борий, ё Борий, ё Борий, Оллоҳ!

13

Ё Мусаввир, оламга шакл ва сурат,

Берган жамолидан оқар тажаллий.

“Иқро”дек ҳаётбахш “Бўл” деган суръат

Ва “бўл”дек Қазои Қадар азалий.

Ё Мусаввир, ё Мусаввир, ё Оллоҳ!

14

Ё Ғаффор, нафсга ғарқ бўлмаган ғозий,

Мудом кечиргувчи ўзингсан кўп бор.

Кечирган қўлларинг юксак парвози,

Ўшал парвозларга умримиз хумор.

Ё Ғаффор, ё Ғаффор, ё Ғаффор, Оллоҳ!

15

Ё Қаҳҳор, ғофилга қаҳри беадад,

Кўнгил кўзларига кўрингувчи нур.

То Маҳшар кунида беражак мадад —

Кўнгилни, эй одам, ҳасанотга бур.

Ё Қаҳҳор, ё Қаҳҳор, ё Қаҳҳор, Оллоҳ!

16

Ё Ваҳҳоб, кўнгилга қуйилгувчи ғайб,

Коинот ундан бир тенгсиз кашфиёт.

Бандаси сергуноҳ, у ёлғиз беайб,

Ҳурмати Мустафо — мўъжиза ҳаёт.

Ё Ваҳҳоб, ё Ваҳҳоб, ё Ваҳҳоб, Оллоҳ!

17

Ё Раззоқ, шукрингда шокир айлагил,

Марди Худоларга бўлолсам ёвуқ.

Руҳи илоҳийдир, жисми обу гил,

Инсон парҳезкор гар манзили улуғ.

Ё Раззоқ, ё Раззоқ, ё Раззоқ, Оллоҳ!

18

Ё Фаттоҳ, тоғлари булутдай сузган,

Хайру саховатда мутлақ собит зот.

Дунёю уқбонинг режасин тузган,

Ҳиммати бемисл танҳо обид зот.

Ё Фаттоҳ, ё Фаттоҳ, ё Фаттоҳ, Оллоҳ!

19

Ё Олим, билгувчи ҳар нарсани то

Тупроқ заррасидан юлдузлар қадар.

Илму ҳикматлари мангу беадо,

Уммул Китоб берган илоҳий хабар,

Ё Олим, ё Олим, ё Олим, Оллоҳ!

20

Ё Қобиз, ҳукмингда Ҳазрати Ажал,

Руҳимиз элтгувчи озод маъвога.

Кўзида ёш ила Румою Ажам

Исмингни зикр этиб солган навога,

Ё Қобиз, ё Қобиз, ё Қобиз, Оллоҳ!

21

Ё Босит, руҳлантириб руҳи-ла бизни,

Руҳ ва жон аҳлига айлаган доҳил.

Ерда халифалик бу Унинг изни,

Руҳул тажаллийга асос Ул оқил.

Ё Босит, ё Босит, ё Босит, Оллоҳ!

22

Ё Ҳофиз, бергувчи инсонга давлат,

Фаровон қилгувчи ҳам ҳаётини.

Бахш этиб сарбаланд уйлар ва савлат,

Ерга қоригувчи даражотини.

Ё Ҳофиз, ё Ҳофиз, ё Ҳофиз, Оллоҳ!

23

Ё Рофий, гадой этгай, қаландар ҳам,

Ер тирнаб яшагай гарчи фанода.

Воҳ, Ажр кунида кўрсатиб карам,

Тирноқларин ҳурлар ювар хинода.

Ё Рофий, ё рофий, ё Рофий, Оллоҳ!

24

Ё Муизз, сўрганга бергувчи авлод,

Дунёда сийму зар, обрў-эътибор.

Ҳам насиб айлагай иккинчи ҳаёт,

Жаннатда васлига этгай сазовор.

Ё Муизз, ё Муизз, ё Муизз, Оллоҳ!

25

Ё Музилл, У истади, бўлди ҳақир,

Гар истаса, келгувси ночорлик ҳам.

Аё, баланд-пастдир илоҳий тақдир,

Жаннатдан қувилмиш шарафли Одам.

Ё Музилл, ё Музилл, ё Музилл, Оллоҳ!

26

Ё Самий, тинглаган ботин сўзимни,

Ошкора зикримдан огоҳ ҳамийда.

Китобдай ўқиган ёшли кўзимни,

Мен ғофил қолганни билмиш фарийда.

Ё Самий, ё Самий, ё Самий, Оллоҳ!

27

Ё Басийр, ҳар жойда қутлуғ назари,

Яхши-ёмонларни кўргувчи Улдир.

Зикруллоҳдан руҳлар борар тозариб,

Зикр кўнгулларда очилган гулдир.

Ё Басийр, ё Басийр, ё Басийр, Оллоҳ!

28

Ё Ҳакам, ҳукмида ҳокимдир мутлақ,

Ҳатто пайғамбарга буйруғи вожиб.

Аслида одамзот бир томчи алақ,

Лек жумла мавжудот бўлди гултожи.

Ё Ҳакам, ё Ҳакам, ё Ҳакам, Оллоҳ!

29

Ё Адл, соҳиби адолат У ёлғиз,

Ҳар ишда муносиб ажру ҳукми бор.

Ҳиро тоғидаги сўздир бир оғиз,

Ҳазрати Жаброил келтирган асрор.

Ё Адл, ё Адл, ё Адл, Оллоҳу Акбар!

30

Ё Латиф, лутф ва эҳсонда ягона,

Комил бандасига берган маърифат.

Ўлмасдан ўлганлар аҳли мардона,

Нафаси лутфига уйғундир албат.

Ё Латиф, ё Латиф, ё Латиф, Оллоҳ!

31

Ё Хобир, юракдир асли бохабар,

Ботину зоҳирни билгувчидир У.

Билишин билганлар тонгувси самар,

Ўзи соҳиб эрур руҳларга мангу.

Ё Хобир, ё Хобир, ё Хобир, Оллоҳ!

32

Ё Ҳалийм, “Худонинг зотидан ўзга

Жамики нарсалар бўлгувси ҳалок.”1

Улар азобларни илмайди кўзга,

У кунни чўзасан, сен эй, зоти пок.

Ё Ҳалийм, ё Ҳалийм, ё Ҳалийм, Оллоҳ!

33

Ё Азийм, буюксан, билурсан ўзинг,

Бандаси ожиздир англамоққа боз.

Жумла коиноту кеча-кундузинг

Буюк ижодингдан бир парча холос.

Ё Азийм, ё Азийм, ё Азийм, Оллоҳ!

34

Ё Ғофур, истаса, гуноҳлар ҳечдир,

Савобим мўл, деган оҳ-воҳлар ҳечдир.

Ўзи ҳисобчидир, ўзи кечгувчи,

Ердан униб чиққан илоҳлар ҳечдир.

Ё Ғофур, ё Ғофур, ё Ғофур, Оллоҳ!

35

Ё Шокир, сийлагувчи ўзинг охир,

Кичик амалимни зиёда санаб.

Аё, қалбимдаги мангу жавоҳир,

Зикрингда зокирман мен раҳмат талаб.

Ё Шокир, ё Шокир, ё Шокир, Оллоҳ!

36

Ё Олий, Аршудан соҳиб жамолим,

Ўзга англаёлмас буюк камолим.

Сифати ҳисобсиз, қамрови беҳад,

Ўзи жавобимдир, ўзи саволим.

Ё Олий, ё Олий, ё Олий, Оллоҳ!

37

Ё Кабир, бору бор, вужудул вужуд,

Мавжудлар ичинда ягона мавжуд.

Набийлар, валийлар, соҳиби ҳоллар

Исминг зикридан ҳам бўлғанлар беҳуд.

Ё Кабир, ё Кабир, ё Кабир, Оллоҳ!

38

Ё Ҳафиз, асрагай жумла жаҳонни,

Осмонни қулашдан, Ерни чўкишдан.

Қуритмайин сувни, тўсмай ҳавони,

Сақлагай Қуёшнинг шамин ўчишдан.

Ё Ҳафиз, ё Ҳафиз, ё Ҳафиз, Оллоҳ!

39

Ё Муқит, У ризқлар яратган, сочган,

Сахий қудратига қилган эгалик.

Ҳиммат эшигини баралла очган,

Сонсиз ҳотамларнинг эгаси Малик.

Ё Муқит, ё Муқит, ё Муқит, Оллоҳ!

40

Ё Ҳасиб, бошимда ҳамиша қойим,

Билгувчи тирноқдан сочимга қадар.

Сенинг ҳукминг ила қорилган лойим,

Демак, бир нафасим кетмагай бадар.

Ё Ҳасиб, ё Ҳасиб, ё Ҳасиб, Оллоҳ!

41

Ё Жалил, улуғдир, улуғдан улуғ,

Заррада акс этган соҳиб жалолат.

Алҳол, юракларни ёндирган ул чўғ,

Самодан ёғилган боқий адолат.

Ё Жалил, ё Жалил, ё Жалил, Оллоҳ!

42

Ё Карим, талабсиз, сабабсиз қулга

Икром, эҳсонини ёғдиргувчи У.

Барчамиз ҳижратда чиққанмиз йўлга,

Йўлдамиз, йўлдамиз, йўлдамиз мангу.

Ё Карим, ё Карим, ё Карим, Оллоҳ!

43

Ё Рақиб, муҳофизсан ўзинг боқий,

Яратгувчи, кузатгувчи маъбудим.

Кўнглимга қуламиш самолар тоқи,

Зикрида гул очиб кетар тобутим.

Ё Рақиб, ё Рақиб, ё Рақиб, Оллоҳ!

44

Ё Мужиб, турибман қойим дуода,

Ўзинг қабул этгин уни зиёда.

Муножот айлаган хокка қорилиб,

Ўзим ўшал қулман фоний дунёда.

Ё Мужиб, ё Мужиб, ё Мужиб, Оллоҳ!

45

Ё Васий, илми мўл, илми беадад,

Одамга самодан ёғилган мадад.

Ҳайратлар туғилар ҳикматларидан,

Жаннат ифорларин сочгувчи даъват.

Ё Васий, ё Васий, ё Васий, Оллоҳ!

46

Ё Ҳаким, ҳикматдан мавжуд бевужуд,

Ҳукми адолатли олий ҳақиқат.

Сирли салтанати билмаган ҳудуд,

Унинг амридадир ҳар бир дақиқа.

Ё Ҳаким, ё Ҳаким, ё Ҳаким, Оллоҳ!

47

Ё Вадуд, афу этгай, Раҳийм ўзи,

Ҳам шафқат, раҳматим дариғ тутмагай.

Сағир амалларни Арш қадар чўзиб,

Ҳиммат эшигини ҳеч беркитмагай.

Ё Вадуд, ё Вадуд, ё Вадуд, Оллоҳ!

48

Ё Мажид, икроми мўл, шони юксак,

Шони юксакларда шарафланган зот.

Ойга боқиб имдод сўрайди ҳар сак,

Не кўйда жаннатдан тушган одамзот?

Ё Мажид, ё Мажид, ё Мажид, Оллоҳ!

49

Ё Баъис, тирилтиргай охир куни,

Ҳам қабрдан дарахтдай ўсади одам.

Ҳазрати Ийсода кўрсатган буни,

Набий нафасидан ўлик турган дам.

Ё Баъис, ё Баъис, ё Баъис, Оллоҳ!

50

Ё Шоҳид, огоҳ эрур ҳар нарсадан,

Шоҳидлиги китобида барқарор.

Она раҳмидаги томчи нутфадан

Руҳсиз жасадгача ўзи хабардор.

Ё Шоҳид, ё Шоҳид, ё Шоҳид, Оллоҳ!

51

Ё Ҳақ, эшикларнинг эшиги тавба,

Сен томон қайтишдир, қайтиш сен томон.

Сен мутлақ Ҳақиқат, ягона ҳайбат,

Юракларга қўрқув солгувчи чунон.

Ё Ҳақ, ё Ҳақ, ё Ҳақ, Оллоҳу Акбар!

52

Ё Вакил, яратган жумла жонзотни,

Битиргувчи ҳам уларнинг ишларин.

Имтиҳонга жой қилган бу ҳаётни,

Алмаштирган ёзини ҳам қишларин.

Ё Вакил, ё Вакил, ё Вакил, Оллоҳ!

53

Ё Қовийй, мисли йўқ кучу қудратин,

Маҳшар майдонида бўлурмиз қойим.

Мудом чўзар экан синов муддатин,

Одам истиғфорга келмайди доим.

Ё Қовийй, ё Қовийй, ё Қовийй, Оллоҳ!

54

Ё Матин, абадий соғу саломат,

Мевалар яратиб, айлаган турфа.

Булоқ сувларига берган барокат,

Жонзотга тану жон қилолган туҳфа.

Ё Матин, ё Матин, ё Матин, Оллоҳ!

55

Ё Валий, ваҳмидан вужуд вайрона,

Содиқ дўстларига кўрсатур карам.

Тонган бандалардан ки У ҳам тонар,

Марди Худо бўлар аҳлуллоҳ Эран.

Ё Валий, ё Валий, ё Валий, Оллоҳ!

56

Ё Ҳамийд, мақтовларга ўзинг лойиқ,

Мадҳ ҳамда олқишлар сенга, ё Оллоҳ.

Жойинг самолардан излар халойиқ,

Вале юракларга ташламай нигоҳ.

Ё Ҳамийд, ё Ҳамийд, ё Ҳамийд, Оллоҳ!

57

Ё Муҳсий, йўллаган пайғамбарларни,

Зарраю куррада ҳикмати зоҳир.

Гуноҳу савобли жамғармаларни,

Ҳисоб-китобини қилгувчи охир.

Ё Муҳсий, ё Муҳсий, ё Муҳсий, Оллоҳ!

58

Ё Мубди, йўқдан бор бўлмас, дедилар,

Бордан йўқ бўлмайди, деганлари рост.

Вале бир зотни унутмиш эдилар,

Йўқдан бор қилгувчи У эди холос.

Ё Мубди, ё Мубди, ё Мубди, Оллоҳ!

59

Ё Муъийд, бизнинг қурб, қувват устида

Бир қудрат яширин, мисли йўқ қудрат.

Самолар тоқида — Аршу Курсида,

Тавбамиз кутганча чўзади муддат.

Ё Муъийд, ё Муъийд, ё Муъийд, Оллоҳ!

60

Ё Муҳйий, ҳаётсизга берар ҳаёт,

Жами жонзот жони унга узвийдир.

Гўзал бандаларнинг руҳлари обод,

“Юзларида қолган сажда изидир”.2

Ё Муҳйий, ё Муҳйий, ё Муҳйий, Оллоҳ!

61

Ё Мумийт, “ҳар куни иш амалдадир”,3

Ажал шаробини ичиргувчи У.

Гар нафси шайтоний хос қамалдадир,

Қазо-ла васлига етказар мангу.

Ё Мумийт, ё Мумийт, ё Мумийт, Оллоҳ!

62

Ё Ҳай, мангу бору абадий тирик,

Омон истаганга бўлгувчи паноҳ.

Кучу қудратига топилмас шерик,

Ва исботи “Ла илаҳа иллаллоҳ”.

Ё Ҳай, ё Ҳай, ё Ҳай, Оллоҳу Акбар!

63

Ё Қоййум, нафси ўзгармагай, нафси йўқ,

Ҳеч кимга эҳтиёж сезмаган Қодир.

Тилларга, дилларга зикри солган чўғ,

Ҳеч ерда кўринмас, ҳар ерда содир.

Ё Қоййум, ё Қоййум, ё Қоййум, Оллоҳ!

64

Ё Важид, ҳукмида титрайди ҳар барг,

Ўзи билгувчидир истаганини.

Барчаси измида — тириклик ва марг,

Бандаси ололмас қистаганини.

Ё Важид, ё Важид, ё Важид, Оллоҳ!

65

Ё Мажид, денгизлар чайқалар, довул

Ва тўфонлар турса, чақса йилдирим,

Карами олдида бир учқунча, бил,

Эҳсони барини қўяр тиндириб.

Ё Мажид, ё Мажид, ё Мажид, Оллоҳ!

66

Ё Воҳид, мисли йўқ, йўқдир қиёси,

Ҳар недан воқиф ул ягона илоҳ.

Дунёнинг жилваси, ҳаёт жилоси —

Дўзах истиғноси, ишваи гуноҳ.

Ё Воҳид, ё Воҳид, ё Воҳид, Оллоҳ!

67

Ё Сомад, кечалар Ой, кундузи Қуёш,

Аввали нур эрур, охири ҳам нур.

Ҳожатини сўраб эгар бўлса бош,

Сўргувчи ҳар банда талабин олур.

Ё Сомад, ё Сомад, ё Сомад, Оллоҳ!

68

Ё Қодир, истаса, истагин бажо

Айлагувчи аслида боқий мукаммал.

Томчига одамни қила олган жо,

Ҳар не мушкулларни этгувчи ҳам ҳал.

Ё Қодир, ё Қодир, ё Қодир, Оллоҳ!

69

Ё Муқтадир, ерда илк бор қарғадан

Ўрганганди жасад кўмишни Қобил.4

“Бўл!”, дея оламни Оллоҳ, дафъатан

Машаққат, заҳматсиз яратолган, бил.

Ё Муқтадир, ё Муқтадир, ё Оллоҳ!

70

Ё Муқаддим, “дунё дор оғочидир”.5

Мартаба, бойлик, ҳусн — барчаси жазо.

Синовлар фанонинг оппоқ сочидир,

У олдга ўтказар ва берур қазо.

Ё Муқаддим, ё Муқаддим, ё Оллоҳ!

71

Ё Муаххир, хоҳласа, ортга сурар

Ва қолдирар тўлгунча паймонаси.

Биби Марям Оллоҳ карамин кўра

Бўлди улуғ пайғамбарнинг онаси.

Ё Муаххир, ё Муаххир, ё Оллоҳ!

72

Ё Аввал, яралмаган Унинг зоти,

Ибтидоси, аввали йўқдир мангу.

Жаннат ҳузурию дўзах азоби —

Меҳр ва қаҳридан қувончу қайғу.

Ё Аввал, ё Аввал, ё Аввал, Оллоҳ!

73

Ё Охир, буюклигин йўқ охири,

Ҳар нарса, ҳодисот адоси ўзи.

Жумла бокирларнинг соҳиб бокири,

Одамга жон озиқ бўлгандир сўзи.

Ё Охир, ё Охир, ё Охир, Оллоҳ!

74

Ё Зоҳир, ҳар ерда мавжуд ягона,

Сонсиз далилларда борлиғи ошкор.

“У буюкдир”, деган ўшал мардона

Демоқчи — “Иккинчи яна кимдир бор”.6

Ё Зоҳир, ё Зоҳир, ё Зоҳир, Оллоҳ!

75

Ё Ботин, илғамас одам идроки,

Борлиғи яширин тасаввурлардан.

Қалбимда нақшин ул номларнинг поки,

Ўзи озодроқдир жами ҳурлардан.

Ё Ботин, ё Ботин, ё Ботин, Оллоҳ!

76

Ё Валий, ҳар жонли, жонсизнинг ўзи

Ишин битиргувчи ҳожатбарори.

Одамзот умрининг баҳақ кундузи,

Икки дунёда ҳам нажотбахш ёри.

Ё Валий, ё Валий, ё Валий, Оллоҳ!

77

Ё Мутаало, аълолардан аъло,

Ул буюк зотини билгувчи зоти.

Зикрида қойимга келмагай бало,

Иймон ҳузуридир ҳаётнинг тоти.

Ё Мутаало, ё Оллоҳу Акбар!

78

Ё Барр, деганлар “Фақрлик — менинг фахрим”,7

Ҳазрати рисолат Расули Акрам.

Меърож кечасида Аршунинг саҳнин

Фақрликнинг нури ёритган экан.

Ё Барр, ё Барр, ё Барр, Оллоҳу Акбар!

79

Ё Тавваб, тавбамиз этгувчи қабул,

Карам, раҳматида ярлақагувчи.

Фанода қуллигин англамаган қул

Ўзи ёнар ўтга ўт қалагувчи.

Ё Тавваб, ё Тавваб, ё Тавваб, Оллоҳ!

80

Ё Мунтақим, у жиноят аҳлидан

Адолат ҳукми-ла олар интиқом.

Маккатуллоҳ деган Оллоҳ шаҳридан

Оламга таралди муслимий мақом.

Ё Мунтақим, ё Мунтақим, ё Оллоҳ!

81

Ё Афув, аввало шафқат эгаси,

Эшикларин очар ҳар истиғфорга.

“Денгиз кўпиги — дунё”8, унинг кемаси —

Оллоҳнинг сўзидир тўкилган ғорга.9

Ё Афув, ё Афув, ё Афув, Оллоҳ!

82

Ё Рауф, шафқати буюкдан буюк,

Осий ҳам, муслим ҳам карамига зор.

Иймонда тўкилар вужуддан ҳар юк:

Ва унда очилар мангу чаманзор.

Ё Рауф, ё Рауф, ё Рауф, Оллоҳ!

83

Ё Маликул мулк, ҳар оламга соҳиб,

Тилаги йўқ тилак, ҳижронли висол.

Мансури Халлождан қолган дил оҳи,

Юуюкликка тимсол асли бетимсол.

Ё Маликул мулк, ё Оллоҳу Акбар!

84

Ё Зул жалали вал икром, фазли мўл,

Ё буюк, ё буюк, буюкдан буюк.

Ўзига бородир ҳар бир тўғри йўл,

У — суюк, у — суюк, суюкдан суюк.

Ё Зул жалали вал икром, ё Оллоҳ!

85

Ё Муқсит, мазлумлар ҳаққини золим

Зотлардан олгувчи Ҳаққул Адолат.

Кўнгилдек маъвони яратган олим

Ва комил дилларга солган ҳаловат.

Ё Муқсит, ё Муқсит, ё Муқсит, Оллоҳ!

86

Ё Жамий, тилагинг тилаги унда,

Кўнглингда ҳар кечган истакдан воқиф.

Кундузга орзуманд бўлсанг сен тунда,

Оламни ёритар Ой, юлдуз ёқиб.

Ё Жамий, ё Жамий, ё Жамий, Оллоҳ!

87

Ё Ғаний, У жуда бадавлат, ғолиб,

Мустағийдир ҳар кимсадан мангуга.

Шайтони лаъинни жаннатдан олиб,

Одамзот қонидан жой берган унга.

Ё Ғаний, ё Ғаний, ё Ғаний, Оллоҳ!

88

Ё Муғний, кимки не истаса бергай,

Мол-давлатга кўмар танлаганини.

Тафаккур кишиси ҳикматлар тергай,

Эслаб Фиръавндан қолган маънини10.

Ё Муғний, ё Муғний, ё Муғний, Оллоҳ!

89

Ё Маний, тўсқинлик қилмагай асло

Бунёд бўлишига нарсанинг бирор.

Бир қаранг, ул сунъий юрак ва ҳатто

Ажал уруғидай қуроллар ҳам бор.

Ё Маний, ё Маний, ё Маний, Оллоҳ!

90

Ё Зорр, қамаштирар дунё кўзларни,

Олов ёндиради, тўйдиради сув.

Даҳрнинг ярми фойда, зиёнли ярми,

Буюк мувозанат соҳибидир У.

Ё Зорр, ё Зорр, ё Зорр, Оллоҳу Акбар!

91

Ё Нафий, бир боқса гулга тўлади,

Тоғлар гиёҳларга бурканар, э воҳ.

Гар яқин йўласа ост-уст бўлади,

Меъёрни айлагай бизларга паноҳ.

Ё Нафий, ё Нафий, ё Нафий, Оллоҳ!

92

Ё Нур, оламларни қориган нурга,

Мавжуд эрур ҳар нарсада шуъласи.

Нурни англаган айланур ҳурга,

Тунга тўлаверар кўр дил кулбаси.

Ё Нур, ё Нур, ё Нур, Оллоҳу Акбар!

93

Ё Муъти, бир ғам қилса ғамларини11,

Ўзга ғамин агар унутса одам,

Бартараф этажак бор камларини,

Беҳожат бўлажак ҳур ва бахтли ҳам.

Ё Муъти, ё Муъти, ё Муъти, Оллоҳ!

94

Ё Ҳодий, майсалар қойим зикрида,

Дов-дарахт шовуллар унга ҳамд айтиб.

Йиртқичлар наъралар тортур шукрида,

Инсон ҳидоятга келурми қайтиб?

Ё Ҳодий, ё Ҳодий, ё Ҳодий, Оллоҳ!

95

Ё Бадиъ, руҳ ҳақда сўрдилар алҳол,

Дединг: “Руҳ ўзига аёндир холос”.

Илон заҳар йиғар, ари тўплар бол,

Сен мислсиз нарсалар яратгувчи, рост.

Ё Бадиъ, ё Бадиъ, ё Бадиъ, Оллоҳ!

96

Ё Боқий, милтираб кўринар юлдуз,

Не йиллик йўл — Олов Сайёра исми.

Мана шу масофа, ўзинг қиёс туз,

Мангуликнинг беҳисобдан бир қисми.

Ё Боқий, ё Боқий, ё Боқий, Оллоҳ!

97

Ё Ворис, эзилган бир дон остида

Чумоли ҳоли ҳам ўзига аён.

Маҳшар куни қойим ёлғон-ростида

Ўз жисмин излайди ҳар бир фоний жон.

Ё Ворис, ё Ворис, ё Ворис, Оллоҳ!

98

Ё Рашид, на керак далилу иршод,

Аниқ кўргувчидир ҳар нимарсани.

Мазмун-моҳиятга эга ёлғиз зот,

Ноҳақ ҳукм этмагай бирон кимсани.

Ё Рашид, ё Рашид, ё Рашид, Оллоҳ!

99

Ё Собур, сабримга соҳиб сарварим,

Зикрида тунлари бедор қулиман.

Бир кам дунё ахир, кўнгил ҳам ярим,

Дунё — армон, бино бўлган кунидан.

Ё Собур, ё Собур, ё Собур, Оллоҳ!

100

Ё Оллоҳ, асмаи ҳусна мадҳида

Бир-икки сўз айтганим бордир.

Нелар битган бўлсам нелар ҳақида,

Балки энг гўзали ушбу ашъордир.

Ё Оллоҳ, ё Оллоҳ, ё Буюк Оллоҳ!

Ушбунинг савобини азиз ота-онамнинг табаррук руҳларига эҳтиром ила бахшида этдим. Оллоҳу Акбар!

2001 йил, сентябрь-декабрь

1. Қуръони Карим, “Қасос” сураси, 77-оят.

2. “Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги — аломатлари бордир”. Қуръони Карим, 48-сура, 29-оят.

3. “У зот ҳар куни иш — амалдадир”. Қуръони Карим, 55-сура, 29-оят.

4. Одам алайҳиссаломнинг ўғли.

5. Ҳазрати Румий сўзи.

6. Ҳазрати Румий сўзи.

7. Меърож кечасида Оллоҳ таоло ўз Расулига юқорига қарамоқликни буюради. Пайғамбар алайҳиссалом юқорига қараб, кўзни қамаштирадиган нур дастасини кўради. “Бу нима?”, дея Оллоҳдан сўраганида, “Бу фақрнинг ҳайкали”, деган нидо келади. Шундан сўнг Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом ушбу ҳадисни айтган экан.

8. Ҳазрати Румий сўзи.

9. Ҳазрати Пайғамбарга Қуръоннинг илк оятлари нозил бўлган Ҳиро тоғидаги ғор назарда тутилмоқда.

10. Эсланг. Оллоҳ таоло Фиръавнга туганмас бойлик, қудратли ҳокимият берди. Охир-оқибат у ўзини Худо деб эълон қилди, мулкнинг ҳақиқий эгасини унутди.

11. Ҳадис. Тўлалигича қуйидагича: “Агар инсон бирча ғамларини бир ғам қилса, Оллоҳ унинг қолган қайғусини бартараф этади.