Ланг очиқ темир дарвозадан кириб келган уринганроқ “Нексия” ўнг тарафдаги вагон-уйдан бироз ўтиб тўхтади. Унинг орқа эшигидан юз-кўзию ҳаракатларидан чинакам амалдор-раҳбарлардек кўринишга астойдил чиранаётганлиги сезилиб турган қирқ ёшлардаги эркак шошилмай тушди. Эшикни ёпиши ҳамоно, машина нари кетди. Бирпас у ёқ-бу ёққа синчков назар ташлаган бўлди-да, вагон-уй олдидаги қават-қават алламбало кийимларнинг устидан “йўлчи”ларнинг сариқ камзулини кийиб, биқсиган, “панжасиз” қалин, беўхшов қўлқопини ечаётган аёлга қаради. Аёл оёғидаги кийгиз этик туфайли ҳамда эски жун рўмолини оғзи-бурнигача ўраб, тепасидан туссиз қалпоқ ҳам бостириб олганидан, бир қарашда, хийла семизга ўхшаб кўринарди.
– Шура, – дея чақирди раҳбар аёлга хўмрайиб қараркан, ўрнидан жилмай.
Аёл қўлқопини қўлтиғига қисиб, қўлларини қовуштирганча унга яқинлашди.
– Ну как, тинчликми? – сўради раҳбар аёлга бошдан оёқ бир қур писандсизларча сарасоф солиб. – Кечаси ҳеч гап бўлмадими?
– Да, тинчлик, ҳеч гап бўлгани йўқ.
– Ҳм-м, хорошо… – Раҳбар кечқурун ёққан юпқа қор ҳафсала билан супурилганидан ичида ўзича мамнун бўлиб, машинаси кетган ёққа юрди. Пича ўтиб, тўхтади. Ортига қайрилди. – Менга қара, ҳов!..
Эндигина вагон-уй зинасига етган Шура унга ўгирилди.
– Туалетга бир қараб қўйгин, расвоси чиқиб кетибди-ю. Шуниям мен айтишим керакми энди?!
Раҳбар ўнгу сўлдаги бесаранжом тахланган эски-туски ёғочу тахта, ғишту ярим-ёрти синиқ шиферлар ва туси атрофдаги пала-партишликка уйғундай анчайин кўримсиз идора биноси ёнидаги турфа темир-терсакларнинг уюмлари оралаб ўтиб, машинадан тушаётган ҳайдовчига нимадир деди-да, ўзини ичкарига урди.
Шура вагон-уйга кириб, ихчам чўян печка ортидаги эшикчаси очиқ қолгани учун совун, тиш ювгич, шампун ва яна алланималар кўзга ташланган тортма устидаги телефонни четроққа суриб, ёнига қўлқопини қўйди. Бурчакдан пақир, қоғоз халтада яна нимадир (дори шекилли) ва каттароқ қуруқ латта олиб, ташқарига қайтиб чиқди. Вагон-уйнинг биқинида супурги ва швабра турарди – уларни иккинчи қўлида тутиб, идора биноси орқасидаги ҳожатхона томон юрди. Шу одамнинг феъли қизиқ-да, дея ўйларди у раҳбар ҳақида, сал тузукроқ муомала қилса, бир жойи камайиб қолармикин-а? Кибру ҳаво деб шуни айтсалар керак-да. Шу ҳолида ҳам унинг кўнгли ғаразсиз эди, рўмоли туфайли базўр кўринаётган кўзларида ранжиш аломати сезилмасди. Аслида у уйидан чиқар чоғи бировдан ранжимасликка, тақдири нени раво кўрса, кўнишга қаттиқ аҳд қилганди. Лекин гоҳо одамларнинг гап-сўзларини, феъл-атворларини тош-тарозига солиб, мулоҳаза қилишлари, ўзича хулоса чиқаришлари рост. Ҳа, нима, одамнинг одамдан фарқи бор-да, ахир. Ёки раҳбар ёшлигига боряптимикин-а? Қирққа кирган одам ёшми – каттами ўзи?.. Олдинги раҳбар олтмишга бориб қолганигами ё феъли асли шунақамиди, юмшоқ кўнгилли, кишини аяб сўзлагувчи, мулойим боқувчи эди…
Ўшанда Шура поезддан тушдию, кўнглида бироз қўрқув ва умидворлик ила вокзалга туташ ивирсиқроқ кичик кўча бўйлаб юра кетди. Кўп юрмади. Сўл ёқдаги темир равотни кўрдию, таққа тўхтади. Журъатсизлик билан дарвозадан кириб, кекса қоровулга рўпара келди. Қоровул аёл билган бошқа қоровуллардек “эгов” ва “тишли” эмас эканми ёки ишини Худо ўнгладими, уни дарров раҳбар томон йўллади.
Сочлари оқарган раҳбар паспортини кўздан кечираркан, унга зимдан тикилди. Нигоҳида шафқат нури порлаб, на гумонга борди ва на аёлнинг пала-партиш исқирт кийимидан жирканди. Кўзлар туйқус тўқнашганда бари аён бўлди, чоғи.
– Исмингиз нима? – деб сўради раҳбар.
Аёл бир муддат эсанкиради, сўнг,
– Шура, – деб юборди.
У исмини нега шундай атаганини ҳамон тушунолмайди. Ўзини ўрис қилиб кўрсатмоқчи бўлганидан тилига шу исм кела қолдими?!
Шуниси қизиқки, раҳбар қўлидаги паспортда “Санобар”, деб ёзилганини кўриб турган бўлса-да, “Нега” исмингизни Шура деяпсиз?” демади, аёлнинг шундай иссиқда юз-кўзигача чирмаб олганлигидан ҳам шубҳаланмади. Унга яна бир бор қаттиқ тикилдию, меҳрибон оҳангда сўради:
– Қоровуллик қилаверасизми?
– Менга фарқи йўқ. Муҳими, шу ерда ётиб-туришимга рухсат берсангиз бўлди.
“Ўзбекчани чиройли гапирарканми?” деган гап ўтди раҳбарнинг хаёлидан.
– Майли, ҳалиги вагон-уйда яшайверасиз. Лекин ойлиги озроқ-да.
– Розиман, – деди аёл секингина.
– Ўзи бизда қоровул штати иккита. Яқинда анови чол бутунлай чиқиб кетмоқчи. Чарчабди. Агар кечаю кундуз туришга рози бўлсангиз, иккала штатнинг пулиниям сизга бераман. – Раҳбар таънасиз мулойим сўзларди. – Кечаси қўрқмайсизми?
Аёл “йўқ” дейишга дедию, ичида бир сесканиб қўйди – ҳар ҳолда бегона жой, тун бўлса… Йўқ, Худо ярлақаб, бу ернинг тунларига ҳам, кунларига ҳам кўникди. Раҳбарни ҳар гал учратганида эса мусофирлик кўйида, худди яқин бир кишисини кўргандай меҳри ийиб, дийдаси юмшарди. Отаси тенги раҳбар уни тергаш тугул, бирон марта “сен” демади. Аввал қоровул бўшади, кейинроқ у ҳам пенсияга чиқиб кетгач, Шура етимдай бўлиб қолди. Олти ойча бурун эса ҳайдовчисини эргаштириб янги раҳбар келди. Кела солиб бечора аёлни сўраб-суриштира бошлади, қисти қафасга олди. Аммо Шура “ғиқ” этмади, нима деса, итоаткорона бажарди. Ҳайтовур, раҳбар кейин-кейин сал пасайди. Одамнинг одамдан фарқи борлиги шу-да ахир…
У аввал эркаклар хонасини тозалади – захкаш, ифлос, бадбўй ҳожатхонанинг қоп-қора полини шошилмай супуриб, ахлатларини ичкарига туширди, сўнг латтанинг бир бўлагини ҳўллаб, қачонлардир бўялган, ҳозир доғ-дуғ бўлиб кетган деворни ювишга тутинди. Ажабки, шунча ёқимсиз борлиқ ичра оппоқ бўлиб кўринган силлиқ қўллари нафису нозик, тирноқлари, узун бармоқлари дилга ғулу ҳамда ҳайрат солгудек эди. У полни юваётганда ҳайдовчи пайдо бўлди-да, “ие, Шура, шу ердамидинг”, деб қўяркан, гўё ҳеч кимни кўрмаётгандек нариги бўлмага шоша-пиша ҳожат ушатиб, чиқиб кетди.
Шура энгашганича юмушини қилаверди. У ё раҳбарнинг “қоронғида топган” ҳайдовчисини яхши билганидан унга тенг бўлишни истамади ва ёки ўз хаёлларидан айрилмай, балки писандасиз ҳаё сақлашга уринди. Хаёлида эса Рустам акаси… Қизиқ, ҳожатхонани тозалаётганигами, ғалати хотиралар ёдига тушарди.
– Ота-боболаримиз,—деганди бир куни Рустам, – бирон қизникига совчиликка борсалар, аввало ҳовлисию ўчоқ-қозони ва айниқса, ҳожатхонасининг саранжом-саришта, покизалигига эътибор беришган. Чунки, у кишининг нажасидан покланиб чиқадиган жойи-да. Кимлардир унга бўлакча қарашади, энг ифлос жой деб билишади. Шунинг учун ундайларнинг уйига, ҳожатхонасига кирсанг, инсонлигингга шикаст етади…
Унда тиббиёт институтининг олтинчи курсида ўқишарди. Икковини Санкт-Петербургда ўтадиган илмий семинарга жўнатишди. Ҳашаматли меҳмонхонада роса бир ҳафта “давру даврон суришди”. У ердаги аҳли одамга хос шарт-шароитлар, қўйингки, ҳожатхонадаги озодалик баъзида киши кўнглида уйғонгувчи хўрликни қувгандек бўлди. (Ҳозир-ку бунақа масканлар Тошкентда ҳам истаганча топилади).
Санобар эса қиқирлаб эркаланди:
– Агар ўз уйим бўлса, ҳамма нарсамни худди шу ердагидек тутаман.
Фаришталар “омин” деган экан, еттинчи курсда турмуш қуриб, ижарада яшаётган Рустамнинг телевизорда ҳар ҳафта ўйналадиган лотереясига машина ютуғи чиқдию, уни дарров сотиб, пулига икки хонали уй олишди. Санобар янги уйда сира тинмасди – эрталаб ҳам, ўқишу ишдан кейин ҳам уйини “ялаб-юлқаб” зерикмасди. У ваъдасида ҳам турди – Рустам покизалик ва қулайлик оғушидаги ҳузур-ҳаловат пинжида масту сархуш яшай бошлади…
Шура аёллар бўлмасини ҳам супуриб-сидирди, ҳайтовур, бу томон ҳийла овоза эди. Иккала хонага ҳам дори сепгач, анжомларини олиб, ортига қайтди. Швабра, пақир ва латтасигача чайиб, бир четга қўйди. Совуқдан қип-қизариб, шишганга ўхшаб кетган қўлларига бирров кўз солди-да, хонасига кириб, печка устидаги чойнакни, тортмадан совунни олиб чиқиб, қайноқ сувни совуқ сувга чапиштирди, илиқ сув қуйиб, совун сураркан, қўллари аввалига оғригандай туюлди, кейинроқ хуш ёқди, аммо ўз ҳолига қайтганча ва то кўнгилдагидай тоза бўлгунча обдон совунлаб, қайта-қайта ювди. Малҳам сотиб олмасам, дея ўйлади вагон-уйга қайтиб кираркан, қўлларим ёрилиб кетади, шекилли. Ҳозирча оқ ёғ суркаб олақоламан. У қўлларини артиб, кафтларини печка қувурига тутди. Кечқурун сочимни ювиб оламан, деган ўй хаёлидан ўтди ва бурчакда тўнтариғлиқ турган катта тоғорага кўз қирини ташлаб қўйди.
Эски қора телефон туйқус жиринглаб, хаёлини тўзитди. Жуда овози ўткир-да қурғурнинг, қандай пасайтирса бўларкин-а? У бу ҳақда телефон ҳар гал жиринглаганда бир қур ўйлаб қўяди. Гўшакни қулоғига тутди – котиба экан. Бир қўлида телефон ёнидаги қўлқопни ўзи тикиб қўйган ипидан тутиб, девордаги михга илди. Котибага жавоб бериш асносида каравотининг оёқ томонига осилган соатга қаради – ўн бир бўлиб қолибди-да. Одатдагидек “чойинг қайнадими”, дея гап бошласа керак. Ишхонада бошқа аёл зоти бўлмаганидан иккови ҳар куни шу ерда тушлик қилишади. Элликлардан ошган, ҳам котиба, ҳам “отделкадр” бу аёл Шуранинг афт-ангорига қараб, олдинига ундан жирканиб юрди. Кейин-кейин юриш-туришини, тутумини зимдан кузатиб, ўрис бўлсаям (негадир ҳамма уни ўрис деб ўйларди), покиза, четин аёл эканлигига ишонди, ёлғизлик аллақачон жонига текканидан аста-секин у билан ош-қатиқ бўла бошлади.
Шура чой дамлаётганда идиш-аёғини кўтариб, котиба кириб келди.
– Қалайсан, Шура? – деркан, қўлидагиларни каравот яқинидаги устига гулли плёнка солинган, “қартайган” столга қўйди. – Тезроқ бўл, қорним очиб кетди.
Шура чойни дам едириш учун печкада қолдириб, кираверишдаги қўлбола темир токчадан сочиқ ёпилган ликобчани олди. Ликобчада парракланган колбаса бор эди.
– Вой, колбасанг зўриданми, ишқилиб? – Котиба каравотга ўтирар-ўтирмас колбасадан бир дона олиб, тишлади. – Ҳидидан зўрга ўхшайди.
– Яхшисидан, – Шура дастурхондаги нонни ушатди. – Кечқурун овқат қилгим келмай, дўкондан озгина обкирувдим, ортиб қолди.
– Яхши бўпти-да, мен эса шавла пиширувдим, ол! – У шавлага қошиқ солди. – Чойни қуй тезроқ, совқотдим. Биласану хоналаримиз совуқ. Бу ерда сенинг офисинг иссиқ холос, Шурочка.
Улар гангир-гунгир қилишиб, топган-тутганларини паққос туширишди. Нафслари ором олиб, чойхўрликка ўтишди. Шу пайт аввалига машина овози, сўнгра ҳайдовчининг шанғигани эшитилди:
– Шура, шефга чой дамлаб қўйинглар, мен сомса обкеламан! – Гап оҳангидан у котибанинг ҳам шу ердалигини биларди.
Ҳайдовчи жавоб ҳам кутмай, машинасида ташқарига чиқиб кетгач, Шура котиба келтирган чойнакка чой дамлаб, печка устида қолдирди.
Овқат ва чой тафтида юзи чиройли қизарган котиба пиёлани икки кафти орасида қисиб, лабига олиб бораркан, Шурага тикилди.
– Шу боланинг жа турқи совуқ-да, – деди гўё ўзига ўзи гапираётгандай. – Сенга тегажоғлиқ қилмаяптими, ишқилиб?
– Менинг нимамга тегажоғлиқ қилади-я, опа. – Унинг рўмоли қошигача тушиб турар, оғзини эса овқат ейиш учун хиёлгина очганди холос. – Чиройлироқ нарса бўлсам экан…
Котиба ундан нигоҳини узмасди.
– Мен у маънода айтмадим. Бу бола одамларни камситиб, ҳузур қиладиганга ўхшайди-да, шунга… Сен бўлса, чиройлисан, Шура, фақат буни яширасан.
Шура кўзларини олиб қочди.
– Доим шунақа деб кўнглимни кўтарасиз. Чирой қаёқда-я манда… – Унинг терилмаганидан беўхшов кўринган қоп-қора қошлари, пардозсиз, бироқ узун-узун қайрилма киприклари, қорачиғи тим қора, оқи эса сут рангини эслатувчи кўзлари, хиёл сўлғин, лекин тиниқ, таранг оқ юзи, ҳар қанча ўраб-чирмамасин, зийрак нигоҳларни ёндиргудай эди.
Котиба унга янада қаттиқ тикилди.
– Кимсан? – деди балки юзинчи бор сирли оҳангда. – Кимсан, Шура? Қачон ёриласан?
– Ҳеч ким!.. Ҳеч кимлигим бахтим манинг, опа! – У жилмаймоқчи бўлди, бироқ уддасидан чиқолмади. Кўзларига тўлган изтиробни яшириш ниятида четга қаради.
Котиба гапни чалғитиш учун у ёқ-бу ёққа аланглади.
– Менга қара, Шура, доим сўрайман дейман, эсимдан чиқади. Манови расмдаги ким? – У ўнг томондаги деворга ёпиштирилган суратга ишора қилди. – Негадир танишга ўхшайди-я?..
Бу буюк ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг сочлари оппоқ, юзи қорайган ҳолда тушган бутун оламга машҳур сурати эди. Раҳматли Рустам акаси унинг асарларини, айниқса, “Чол ва денгиз”и билан мана шу суратини жудаям яхши кўрарди. Талабалик йиллари ётоқхонасида осиғлиқ турган сурат кейинроқ янги уйининг деворига кўчганди.
– Бу суратда ёзувчининг бутун ҳаёти, изтироблари, ақлу тафаккури ва ниҳоят буюклиги балқиб туради, – дерди у гоҳо файласуфлиги тутиб қолганда.
Институтни битириб, иккаласи ҳам осонгина ишга киришди – Рустам касалхонага, у эса поликлиникага. Аммо орадаги масофага қарамай, ҳар куни бирга тушлик қилишарди. Оқ либосда Санобарнинг чиройи ўн чандон ортиб кетгандай туюлар, Рустамнинг юраги қинидан чиққудай бўлиб, унга ютоқиб тикиларди, ёнида турса ҳам соғинаётганлигини ҳис қиларди. Ҳафтада бир кун тушлик маҳали лотерея сотиб олгани борарди ва ўша кунни базўр кечикритиб, юрагини ҳовучлаганча уйига – хотинининг бағрига ошиқарди. У тузуккина шоир эди, шеърлари асосан Санобарга бағишланарди ва унгагина ўқиб берарди. Файласуфлиги тутганда эса, “Чол ва денгиз” ҳақида гапира бошларди. Санобар унда ҳали бу асарни ўқимаганди. Тўғри, бир бор ўқишга тутинди, лекин бардоши етмади, зерикиб кетди.
– Қарагин, Сано, – дерди Рустам кўзлари чақнаб. – Қари чол ҳаёт билан ёлғиз юзма-юз қолади. Четдан ҳеч қандай нажот йўқ. У барча қийинчиликларни ёлғиз ўзи енгади. Орзусидаги балиқни тутади ҳам. Аммо манзилига етганда, кўрадики, ўлжасининг устихони қолибди, холос. Инсон ҳаёти ҳам шу, Сано, шу!..
Санобарга бу гаплар ҳавойидек туюлар, бироқ Рустам акаси гапираётганлиги учунгина зерикмасди. Унинг гапиришини, куйиб-пишиб бир нималарни исботлашга уринишини, кўзларидаги ўтни яхши кўрарди. У овқатни эмас, Рустамнинг оловли нигоҳини ерди гўё.
Улар бахтиёр эдилар: янги уй, янги жиҳозлар, ишларидаги ёшларга хос “кашфиётлар”, тушликдаги учрашувлар, тунги оташу бетакрор ҳузурлар – буларнинг бари тугамайдигандек, эскирмайдигандек эди. Лекин ҳадеганда фарзанддан дарак бўлмаганидан юракларидаги бир-бирларига айтолмаган сим-сим оғриқ тобора улканлашиб борарди.
Бир куни Рустам ишдан эрта, бунинг устига, ҳорғин қайтди. Кечки овқатни апил-тапил едию, уйқуга ётди. Ярим кечада уйғонди-да, юз-қўлини ювиб келиб, Санобарни уйғотди. Хотини унинг кўйидан ҳайрону хавотирда эндигина ухлаган эса-да, кўзларидаги уйқуни тездагина қувиб, эрига юзланди.
– Тинчликми?
Рустамнинг юзи совуқ сув тароватидан тиниқлашиб, чиройли бўлиб кетган, қош-кўзларию сочлари янада қорайиб, тутаётганга ўхшарди.
– Бир пас гаплашиб ётайлик, Сано, – деди мулойим, эҳтиросли овозда, кўнглидаги қўрқув аралаш соғинчни англаёлмай.
– Майли… Шунга шунчаликми? – Аёл эрини беозор қучиб, юз-кўзларини силади. – Қўрқитиб юбордингиз-ку!..
– Сано… – деди Рустам яна ялинчоқ оҳангда. – Сен ниҳоятда чиройлисан, тошкентликсан. Мен бўлсам, хуппа-хунук қишлоқи бир боламан. Нега менга теккансан-а?
У ҳазиллашмаётганди, аммо Санобар қиқирлаб кулди:
– Сизга раҳмим келган-да. Бўлмаса, куя-куя адо бўлардингиз-да, ўзбек халқи зўр бир дўхтирдан, – у кейинги сўзларни атайлаб урғулаб айтди, – зўр шоирдан, ҳатто зўр файласуфдан бенасиб қоларди.
– Бу гапинг тўғри, – дея хўрсинди у, – куя-куя адо бўлардим. Агар менга бир гап бўлса, ҳеч кимга қиё боқмагин, бўптими? Акс ҳолда у ёқдаям куйиб кетаман. Чунки сен гўзалсан, харидоринг кўп.
Санобар унинг кўзларига ваҳм аралаш тикилди.
– Эй-й, одамни қўрқитманг. Манга сиздан бошқаси керакмас! – деркан, юзини эрининг кўксига қўйди. – Ҳазилингиз қурсин!..
– Биласанми, Сано, шундай аёллар бўладики, уларни қип-яланғоч қилиб ечинтириб қўйсанг ҳам, кийимда тургандай кўринишади. Ҳаё дегани ана шу. У одамнинг ичида, жисму жонида, руҳида бўлади. Сен ана шунақа аёлсан, Сано!..
Бу гап унга хуш ёқди, бироқ ўз эридан эшитаётгани ғалати туюлди – ҳар ҳолда эр киши хотинини бунақа мақтамайди-да.
– Оббо-о!.. – дея хиринглаб, гапни ҳазилга бурди: – бўпти, эртадан кўчада яланғоч юраман. Қани, одамлар нима дейишаркин?..
Рустам кулмади. Кейин қучоқлашганча ухлаб қолдилар.
Аввал Санобар уйғонди, қараса, эрининг танаси музлаб ётибди…
Котиба ишни одатдагидек эрта тугатди. Дарвозадан чиқишда Шура билан хайрлашаркан, тайинлади:
– Бошлиқ икковимизнинг пилтамизни эртароқ суқиб қўйгин. Совуқлигидан хонага кириб бўлмаяпти.
– Хўп, опа, – дея Шура уни кузатиб қолди.
Унинг ортидан бошқа ходимлар ҳам бирин-кетин чиқиб кетишди.
Кўп ўтмай, қоровулхона эшиги олдида турган Шуранинг рўпарасида ҳайдовчи пайдо бўлди.
– Менга қара, Шура, – деди у соққаси бўртган катта кўзларини сирли олайтириб, бўғриққандай кўрингувчи сиёҳрангга мойил тасқара юзини тириштираркан, шипшигандай. – Шефни уйга ташлаб, иккитасини обкеламан. Хонангда би-ир маза қилайлик. – Сўнг идора биносига ишора қилди. – Нарёқ совуқ-да, бўптими!
Шура аввалига унинг гапини тушунмади, кейин эса ҳаёсиз нигоҳидаги маънони уққандай бўлди-да, нима дейишни билмай, эсанкиради.
Ҳайдовчи машинасини дарвоза олдига олиб келиб қўйди. Ортидан қўллари чўнтакда, раҳбар чиқди. У сир бой бергиси келмай, Шурага шусиз ҳам ҳар куни қиладиган ишларини буюрди:
– Кечқурун катта чироқни ёқиб қўйгин. Эрталаб у ёқ-бу ёқларни яхшилаб супур. – Ортиқ сўз тополамади-да, машинага ўтириб, жўнаворди.
Шура ёлғиз қолди. Дарвозани ёпиб, хонасига кирди. Ҳувиллаган хонада фақатгина соатнинг чиқиллаши эшитиларди. Юрагини яна таниш ваҳм босди. Ундан қутулиш ниятида хаёлини чалғитмоқчи бўлди: нима овқат қилсамийкин-а, дея ўйлади, мастава қила қоламан. У қорин тўйғазиш эмас, кўпроқ вақт ўтказиш учун овқат пиширарди. Кичкина қозончасини печкага қўйиб, ёғ қуйди-да, масаллиқларни тўғрашга тушди. Ёғ қизигач, бир қошиқ олиб, совутди ва шишинқираган қўлларига суркади. Кейин масаллиқларни қовуриб, сув қуйди-да, қозонча қопқоғини ёпди. Бугун сочимни таролмайман шекилли, дея ўйлади бурчакдаги тоғорага кўзи тушиб, тағин ҳалиги сўхтаси совуқ келиб қолса… Уст-боши билан каравотга ёнбошлади. Ёнбошларкан, нигоҳига Хемингуэйнинг сурати урилди. Бир пас тикилиб ётди. Яна ёзувчининг таниш нигоҳи билан тўқнашди. Бағри ўртаниб, хўрланиш жунбушга келди ва шунинг баробарида ёстиғи остидаги “Чол ва денгиз” эсига тушди. Эскириб, ранги униқиб кетган қадрдон китобни қўлига олди. Беихтиёр варақлади. Аллақайси саҳифада тўхтади. Кўзлари хонанинг хира ёруғига кўникиб, ҳарфлар тиниқлашгач, қарийб ёд бўлиб кетган сўзларни овоз чиқариб ўқий бошлади:
“Шамол – бу, сўзсиз, бизга биродарку-я, – деб ўйлади у ва кейин қўшиб қўйди: – дарвоқе, ҳар доим ҳам шундай эмас. Кўз илғамас денгизни олсак – у ҳам дўсту душманларимизга тўла. Тўшак-чи… – ўйларди у. – Тўшак – биродарим. Ҳа-да, худди шундай, оддий тўшак. Ўринга оёқ чўзиш айни ҳикматнинг ўзи. Енгилиб бўлганингдан кейин елкангдан тош ағдарилгандай енгил тортасан қўясан! – хаёл қилди у. – Мен бунинг шунчалик осон бўлишини билмасдим… Ким ҳам сени енга қолди ўзи, чол? – сўради у ўзидан. – Ҳеч ким, жавоб берди у. – Айбим шуки, мен денгизда ҳаддан ташқари узоқ кетиб қолдим”.
Жим қолди. Бўғзи куйиб, бағри баттарроқ ўртанди. Кўзларига ёш тўлди. “Мана, Рустам ака, ўша сиз айтган ҳаёт билан ёлғиз юзма-юз турибман”, – деди чийиллаб ва энтикиб кетди. “Ёлғиз ўзим қолдим, Рустам ака!” Чол-ку ўз орзусидаги улкан балиқни тутди. Лекин уни “душманлар” еб битиришди. Соҳилга балиқнинг устихонигина етиб борди. Устихони бўлса ҳам қолди-ку ахир!.. Сиздан эса… Ҳеч йўқ битта тирноқ ташлаб кетсангиз бўлмасмиди! Бошқа ҳеч нарса керакмасди манга!”
Рустамни қишлоғида чиқаришди. Санобар унинг йигирмасини ўтказиб қайтди. Ортиқ чидолмади. Шунча кун қарийб емади, ичмади, бошқаларга ўхшаб айтиб дод солмади. Сўзсиз ўтираверди, сассиз йиғлади, икки ярим йиллик бахтиёр ҳаётини ўйлаб, хўрланди, эзилди. Қақшаган, гарангсиб увушган шуури ва маҳзун қалбининг аллақайси пучмоқларида эрининг энди қайтмаслигини англагани сайин фарёд уриб, бу даҳри дунни бузиб юборгиси келарди…
Бир неча ой ўтиб, Санобарнинг ранг-рўйи аслига қайта бошлади. Ана ўшанда атрофида уни кўрганда “ғилқ-ғилқ” ютиниб, кўзи ялтираб қўйгувчи эркакларнинг кўпаяётганлигини туйқус пайқаб қолди. Ҳатто бир куни бош врач хонасига чорлаб, қўлидан тутди-да, изҳори дил қилди. Агар розилик берса, иккинчи хотинликка олишини, ҳар неки ками, бўлса, орзусига етказишини айтди. Ўшанда эрининг “бошқага қиё боқсанг, у ёқда ҳам куйиб кетаман”, деган гапларини эслаб, яна танини жон тарк этгандай бўлди, “эрсиз хотин” аталмиш “тавқи лаънат” пешонасига бир умрга муҳрланганини ҳис қилиб, зор-зор йиғлади. Қайтиб ишга чиқмади. Икки-уч кундан сўнг шартта эски-туски бозорига борди-да, йиртиқ-ямоқ кийим-бош сотиб олди. Уйи ва нарсаларига яқинлари кўз-қулоқ бўлиб туришини, уни изламасликларини, қачондир ўзи қайтишини айтиб, хат ёздию, калитга қўшиб уларга йўллади ва эски-тускиларни эгнига илиб, “бабуляю маруса”га айланди. Вокзалга борди-да, дуч келган поездга ўтирди…
Шом қоронғуси тушганда овқати пишди. Қозончани печкадан олиб, ўрнига чойнакни қўйди. Ташқарига чиқиб, ҳар кунги одатига кўра бино ёнбошидаги симёғочга ўрнатилган чўмичмонанд қалпоқли каттакон чироқни ёқди. Ҳаммаёқ ёришиб, ҳаттоки кундузи кўзга хунук, балки ваҳимали кўринган турли қурилиш анжомлари уюмлари ола-чалпоқ қор устида чиройли манзара касб этгандек туюлди. Чироқнинг ўткир нури дарвоза ва вагон-уй олдига етганда, ожизланиб, кўр ойдинликка айланарди. Шура бунга кўникиб қолганди, шунинг учун қоровулхона ёнбошидаги лампочкаси йирикроқ бурундай келадиган чироқни ҳам ёқиб, унинг катта чиройдан хижолат бўлаётгандек қизаришига маъноли бир қараб қўйгач, хонасига қайтди. Мундайроқ бўлсаям, телевизор сотиб олишим керак, шекилли, дея ўйлади чинни косани яримлатиб овқат қуяркан. Э, ортиқча бош оғриғи бўлар. Ҳам ҳайдовчига ўхшаган сурлар кириб ўтириб олади. Ундан кўра тинчгина…
Енгил тамаддидан сўнг, эндигина чой хўплаганида, дарвоза томондан машина овози эшитилиб, бир сесканиб тушди: наҳотки аёллар деса юраги ўпкасига ўтиб кетадиган турқи совуқ ҳайдовчининг ҳалиги гапи рост бўлса? Энди нима қиламан-а?! У шоша-пиша дастурхонни йиғиштириб, ташқарига чиқди. Ҳайдовчи “эшикни оч” дея бақиргач, бир қўлида “Нексия”нинг чироғидан кўзини пана қилиб, дарвозани очди. Машина вагон-уйдан пича ўтгач, тўхтади. Ундан аввал ҳайдовчи, унинг ортидан яна бир йигит ва икки қиз тушди. Йигитларнинг қўлидаги халталарда нималардир бор эди.
– Офисинг тайёрми, Шура? – деди ҳайдовчи шанғиб. – Меҳмон олиб келдим.
Тор шим, пошнаси ингичка узун этик, калта куртка кийган, сочи елкасини ёпмаган ялангбош ғарсифат қизлар. Шуранинг ёнидан ўтишаркан, бири “Приветик, бабуля” деб қўйди хиринглаб
Шура карахт эди, нима қилишини, ўзини қандай тутишни билмаганидан тошдек қотганди. Ичкаридан ҳайдовчи чақирганида ўзига келди.
– Пиёла-миёла бермайсанми, Шура, – деди каравотда қизлардан бирини қучоқлаб ўтирган ҳайдовчи.
Иккинчи йигит билан қиз эса столнинг икки ёнидаги стулларга жойлашганди.
– Скорее, бабуля, нам так хочется!.. – Ҳайдовчининг пинжидаги қиз жуда уят гапни писандсизларча айтиб юборди.
Бериги йигит халталарни очди. Унда кабоб, помидору бодринг, нон ва бир неча шиша ичимлик бор эди.
Шу пайт “бақироқ” телефонининг овози хонани тутди. Шура сесканиб кетди. Гўё гўшакни олиши билан ҳозирги ҳолига нажот топадигандай шошиб телефонга ёпишди. Котиба экан. Хонадагилар нафасларини ютиб, Шурага тикилиб қолишди.
Котиба ҳол-аҳвол сўради, “тинч ўтирибсанми”, деди, негадир қўққисдан телефон қилгиси келиб қолганини айтди. Бир ҳамдард топилганидан Шуранинг дийдаси юмшади, йиғламсираб ҳайдовчининг қилиғини арз этиб юборишига бир баҳя қолди. Лекин айтолмади, қўрқди. Эртага ҳам шу ерда ишлайди, яшайди-ку, ахир! Шу боис гапни қисқа қилди.
У бўшашганча темир токчадан керакли идишларни олиб, столга қўйгач, чиқиб кетмоқчи бўлди.
– Ўтирмайсанми, Шура, – деди ҳайдовчи шериги узатган пиёлани ёнидаги қизга тутаркан.
– Бир кўрволардинг-да, бабуля! – дея хиринглади қиз.
Шура индамай эшикка йўналди.
– Каравотингни бир тавариқ (табаррук) қиб берамиз энди, Шура, – деб қўйди ортидан ҳайдовчи.
У ташқарига чиқиб, вагон-уй деворига суянди. Хўрлиги келди.
“Нима қилай, Рустам ака? – деди юраги қақшаб. – Чидолмаяпман!.. ахир мен бундай яшолмайман! Яшолмайман!..”
Ичкаридан ҳайдовчининг энтикиш қоришиқ овози эшитилди:
– Бунча ширинсан, асал. Оҳ-оҳ, бир маза қилай?!.
Рустам унга ҳеч тўймасди. Ҳар кеча ишқ оташида ҳузурли ёнаркан, оҳ ураркан, кўп ўтмай, унга яна талпинар, худди узоқ айрилиқдан сўнг етишгандек жисми жони тағин олов оғушида қоларди. Юзини хотинининг хушбўй сочларига буркаб, адоғсиз бўсалар оларди. Ҳар кечаси шу кўйда ўтарди.
Шура бошини деворга суяб, юзини осмонга бурди. Қор учқунлай бошлаганди, яккам-дуккам қор парчалари минг хиромда учар, чироқ нурида оппоқ капалаклар мисол ялтирай-ялтирай оҳиста ерга қўнарди. Ой эса тўлибди. Совуқдан титраётгандек жимирлаб, у ҳам ялтирайди. Рустам ишқ оташида ёнганида кўзлари худди шундай чақнаб, чўлғанарди. Шура ўзини Рустамнинг бағрида ётгандек, унинг нигоҳи шундоққина тепасида порлаб тургандек ҳис қилди.
– Энди қандай яшайман, Рустам ака?! – киприкларига ёш қалқди.
Ичкаридагилар беҳаёларча қийқиришди. У эса шаҳд бурилиб, хонага кирди. Ҳайдовчи билан ёнидаги қиз ярим яланғоч ҳолда ўтиришарди.
– Бас қилинглар!.. – дея ҳайқирди Шура нигоҳи нафратга тўлиб. – Мен бу ерда ётаман, одамлар билан овқатланамиз!..
– Ие, Шура, овозинг чиқиб қоптими? Эртага кетингга тепки емагин тағин. Кейин қаёққа борасан-а? – Ҳайдовчи заҳарли жилмаяркан, қаддини ростлади.
— Ты что, бабуля, завидно да? – деди қўлтиғидаги қиз кўкракларини силтаб. Билган одамга у ўз ҳаёсизлигини хаспўшлаш учун ҳам ўрисча гапираётгандек туюларди.
– Мен бугун шу ерда маза қиламан, билдингми?! – дея ҳайдовчи пиёладаги арақни сипқорди.
– Бу чучела мазани билармиди, – деб қўйди хиринглаб қиз.
– Маза қилмайсиз! – Шура бу гапни жуда кескин айтди.
– Нима?! – Ҳайдовчи ўрнидан сапчиди.
Шу пайт Шуранинг рўпарасида Рустам акаси пайдо бўлди. “Сен дунёдаги энг гўзал аёлсан, Сано, буюк ҳаё соҳибасисан!” – деди у нигоҳи билан хотинини эркалаб, Шура ҳайдовчига қаттиқ тикилиб, ўнг қўлида бошидаги қалпоғини ечиб, оҳиста ерга туширди. Кейин жулдур жун рўмолини ечди. Соч қисқичини олиши билан тим қора сочлари елкаси узра мастона тўлғондилар. Кўзлари ҳайратдан чақнаган ҳайдовчи “ие-ие” деркан, қайта ўтириб қолди. Шура энди коржома – сариқ камзулини ечди-да, сўнг бошқа қават-қават кийимларини ҳам ёнига ташлади. Ниҳоят пушти ичкўйлакда қолганда, кимдир биров “Бу ёғи энди стриптиз кўрамиз шекилли”, деб қўйди овози титраб. Аммо каравотдаги ғар яланғоч кўксига беихтиёр бир қараб олгач, ўзига ёпишмаган ҳаракатлар билан уни тўсишга уринди. Ҳайдовчи эса жемпирини кийди. Шура кўзларига ёш тўлиб, энди ичкўйлагини ечиб юборди. Оқ мармардек товланган, ҳарорат уфурган бетимсол танани, жон ўртагувчи қадду қоматни кўрган шаҳватпарастлар оғизлари ланг очилиб, девордек қотдилар. Икки ғар эса ўзлари англамаган нотаниш бир сўлиш олдилар. Шуранинг юз-кўзларини ёш юваркан, кўксини қучиб турган сийнабандини ҳам ечди. Оппоқ сийнаси балоғат ёшидаги қизларникидек таранг ва ғуборсиз эди. Аммо у ҳозир яланғоч эмасди, гўё ўзининг энг чиройли кийимларини кияётгандек, атрофга бокиралик, поклик ифорини таратаётгандек, буюк ҳаёсини намойиш этаётгандек туюларди.
Рўпарасидагилар беихтиёр ерга қарадилар…
2008 йил