Болалар

Меҳрибон тарбиячим Раҳимжон ака Отахонов

ва азиз синфдошларим, мен сизларни жуда-жуда соғиндим!

Ахир келаси йили мактабни битирганимизга 20 йил тўлади-я!

1999 йил, 30 май.

Мактаб дарвозасидан тўхталиброқ кириб келган бўйдор йигит кираверишдаги кичкинагина қоровулхонанинг ёнбошида — салқинда тамаки тутатиб ўтирган қоровул чолга рўпара бўлди. Чол шундоқ ҳам сарғайиб кетган соқол-мўйловини куйдириб олмаслик учун бошини бироз орқага ташлаб, сигаретни оғзига юқорироқдан олиб келар ва кўз қорачиғларини бир нуқтага қаратиб, тамаки чўғига тикилиб ҳам қўярди. У тутун бурқситаркан, қорамтир юзига ярашган табассум билан йигитнинг саломига алик олди.

— Келинг! — йигит билан ўрнидан пича кўзғалиб сўрашди.

— Отажон ака керагиди, — деди йигит дарров муддаога кўчиб.

— Раҳимўп домлами?.. Ҳозир шейдайди-я. Болаларидан хабар олгани ўтди шекилли-да. Мактабни олдига ўтинг, етволасиз, — дея тушунтирди чол чап томондаги бинони кўрсатиб.

— Раҳмат, — йигит қоровул кўрсатган тарафга юрди. «С» шаклида қурилган бир қаватли ўқув биносининг олдига ўтдию, бурчакдаги дераза тагида турган Отажон домлага кўзи тушиб, тўхтади-да, бош ирғаб унга салом берди.

Ўз синфининг тўполон қилаётган ёки қилмаётганини пинҳона текшириб, зимдан кузатиб турган домла ҳалиги йигитдан хижолат бўлдими, билинар-билинмас жилмайиб, у томонга юрди.

— Ке-ке, тинчликми? — деди йигитга қўл узатиб. — Яхшимисан?

— Ассаломалеиким, ака! Яхшимисиз? Уйдагиларам ўтиришибдими?..

— Раҳмат. Ҳа, тоғам тузукми ишқилиб? — сўради домла йигитга хавотирли нигоҳини қадаб.

— Тузук, раҳмат. Дадам сизни сўраётувди. Бир кеб кетсин, деди.

— Ўзи яхшими, ишқилиб? — яна сўради домла безовталаниб.

— Хийла дуруст. Сизни кўргиси кепти шекилли-да.

— Бўпти, болларни ётқизиб, адбойдан кейин ўтаман.

— Хўп, майли, мен борай бўмасам, — йигит дарвоза томонга юрувди, домла ҳам унга эргашди.

— Ўзийни ишларинг қалай? — сўради йўлакай йигитдан.

— Раҳмат, яхши. Ишлаб турибман, — йигит қоровул билан ҳам қўлини кўксига қўйиб хайрлашди: — Бўпти, бува…

— Чой ичинг, йигит, — деди чол боягидек жилмайиб.

— Уйдагиларни сўраб қўй! — деди домла таъкидлаб, — кечқурун ўтаман.

— Бу йигит ким? — сўради қоровул қўлидаги пиёлани айлантириб.

— Тоғамнинг ўғли, — шундай дедию Отажон домла негадир паришон тортиб, қоровулнинг «чой ичинг», деганига ҳам кўнмай, тўғрига — мактаб-интернатнинг этаги томон юрди. Ўйчан бораркан, чўнтагидан тамаки олиб, лабига қистирди. Тоғам оғирлашиб қопти шекилли, ўйлади гугурт чақаркан, ҳозир бориб келақолсаммикан-а? Қандай одам эди-я тоғам! Дард қурсин!.. Овозидан олам титрарди, буларникига чақириб келса, ҳаммаёқ гумбурлаб кетарди…

Тамаки чўғидан буралиб ўрлаётган тутун кўзига урилиб, ачишди ва бир-икки марта қаттиқроқ юмиб очганди, киприклари остида милтираб ёш пайдо бўлди. Ёш қорачиғларига ҳам ёпишди шекилли, ғаши келиб, бармоқлари билан кўзларини уқаладида, энди эҳтиётроқ бўлиб тутун тортди, ичига кириб, «тозаланиб» қайтган оқиш тутунни мириқиб оғзи-бурнидан чиқарди. Ўйчан тентираган нигоҳи ўнг тарафдаги бедазорда — сийрак дов-дарахт орасида қийшайиб турган шафтолига тушди. Шафтоли жудаям хокисор неъмат бўлганидан одамзод унинг шохларини қанча эгиб-синдирмасин барибир ғуж-ғуж мева қилаверади. Агар бирон тузукроқ боғбон унга қараб турмаса, бир-икки йилда танаси беўхшовланиб, қинғир-қийшиқ бўлиб кетади. Домланинг кўзи тушган шафтоли ҳам ана ўшандай «жабру жафо»ни кўп кўрган ғариб бир дарахт эди. Қачонлардир кимдир мевасини олиш ниятида эгиб, синдирган одам билагидан каттароқ бир шохи осилиб, қийшайиб ётарди. Синган жойи қассоб болта билан уриб синдирган суякдай тарс-тарс ёрилиб, қийрачаклари учли-учли бўлиб турар, жароҳати анча эскилигидан қорамтир-қўнғир рангга кирганди. Лекин у қуриб қолмаганди, аллақайси жон риштаси омонлигидан, осилиб турган бўлса-да, барглари ям-яшил эди. Инсон умри шу шохчалик ҳам эмас-а, сал қайрилса, қуриб қолиши ҳеч гапмас. Бу-ку шунчалик ғариб ҳолига, пажмурда танасига қарамай, яшашга интиляпти ва яшаяпти ҳам. Ҳаёт шунчалар ширинми?.. Йўқ, ҳали хато ўйлади, одамнинг жони у ўйлаганчалик нозик эмас, чунки ҳаёт ширин, ҳеч кимнинг ўлгиси келмайди. Ҳатто, икки кўзи кўр, икки қўлу икки оёғи йўқ, гунг ва соқов одам ҳам яшашни истайди, томоғидан ҳаво ўтиб турса бас, умридан бўлса яшайверади. Бу ҳаёт, бу жон шунчалар ширин. Аммо барибир, бир куни ҳамма ўлади. Нақадар оддий қонуният. Одамзод ҳануз ечимини тополмаётган содда мураккаблик. Ўлишингни била туриб яшайверасан-яшайверасан… Кун келиб, бир хўрсинасану ҳаммаси тамом бўлади. Ўласан!.. Нега энди ўлим ҳақида ўйлаб қолдим? Тоғамни эслаётувдим-ку. Нима, тоғамнинг куни битганми, у ўладими? Йўқ, ахир тоғам!..

У овоз чиқариб «йўқ», деб юборди. Устма-уст босиб-босиб тутун тортди. Кўзларига ёш сизди, бу ёшлар энди тамаки тутунидан эмасди. «Қандай одам эди-я тоғам!» — дея ўйлади у яна, отаси эрта ўтиб кетганидан шу тоғасига суяниб ўсди. У киши ҳам жияним демади, ўғлим деди. Мўйловлари ниш уриб, унинчини тугаллаш арафасида шу тоғаси унга канот бўлди. «Оташингни (тоғаси уни шундай деб атарди) катта ўқишларда ўқитаман, синглим! — дерди онасига. Онаси ҳам шу яккаю ёлғиз акасига суянарди, унга орқа қиларди. Тоғаси айтганида турди — уни Тошкентга олиб борди, ўзи айтмоқчи «катта» ўқишга жойлади. У пайтлар муаллимлик жуда обрўли касб эди-да, шунинг учун ҳам тоғаси уни домла бўлсин, деди. Беш йил унию онасининг иссиқ-совуғидан хабардор турди. Пул сўраса, пул берди, ҳар йили ўқиш бошланиши олдидан янги кийим-бош кийдирди. Энди ўша тоғаси — унинг суянгани, отаси ўрнида ота бўлгани, «Оташим», деб эркалагувчиси ўлим тўшагида ётибдими? Ризқ-насибаси тугаганини сезиб, видолашгани чақирдимикин? Ҳозироқ боради, болаларни дам олишга чиқарадию, кечки овқат маҳалигача ров бориб келади. У шу ўй билан Ортига қайрилди.

 

* * *

Синфхонага домла кириши билан баланд овозлар, ғала-ғовурлар тинди.

— Тўполон деса сенга худо беради, а, Элшод? — деди Отажон домла синфга бир кўз югуртириб чиққач, нигоҳини орқа партада ўтирган Элшодда тўхтатиб.

— Йўғ-е, домла… — деркан, йигитча олдидаги боланинг панасига беркиниб, атрофидаги ўзига қараганларга кўз қисди-да, тиржайди.

— Овозинг ҳов мактабни четигаям эшитиляпти-ю, — домла ўқитувчилар жойида ўтирган синфком қиз Ойнисага ўгирилди. — Ҳамма дарсни тайёрлаб бўлдими?

— Ҳа, — деди синфда ёлғизгина қиз бўлган Ойниса ва бу билан кўпчиликнинг айбини яширишга уринди.

— Бўмаса, гап бундай, ҳозир дам олишга рухсат бераман. Дам олишакан деб, ҳамманг стадионда тўп тепавермай, кийим-бошинггаям қарашгин. Кирларинг бўлса, ювишгин.

— Завхўз совун бермаяпти, домла, — дея гап қистирди ҳамон бировнинг ортига беркиниб турган Элшод. Аслида унинг муддаоси совун олиш эмас, домлага ўзини тартибли кўрсатиш баҳонасида синфдошлари орасида кулги кўтариш эди.

Лекин домла унинг гапини жиддий тушунди:

— Ойниса, шунга совун обергин, — деди мийиғида жилмайиб. — Ростдан ҳамма дарсни тайёрлаб бўлдими?

— Ҳа-а!.. — дея жавоб берди кўпчилик.

— Оммалекин ким икки олса, бир ҳафта пол ювишини билади-а? — пўписа қилди домла.

— Армия қиворингей!.. — дея гап қистирди яна Элшод.

— Ҳм-м, сен нима деб ўйловдинг. Интернат — бу ярим армия дегани. Ҳали менга раҳматам дейсан, сен бола.

— Раҳмат-ей, домла! — яна Элшоднинг овози эшитилди.

Синфда енгил кулги кўтарилди.

Домла болаларга бир сидра кўз югуртирди-да, нимадир эсига тушиб, Ойнисадан сўради:

— Бугун Анвар кўринмадими?

Ойниса билмайман дегандай елка қисиб, орқарокда ўтирган Комилга кўз қири билан бир қараб қўйди. Юзига эрта ҳуснбузар тошган, кўзлари ғамгин боқувчи бўйдор йигитча ўрнидан турди.

— Аммасиникига чиқиб кетувди, — деди кўзлари ёшлангандай ялтираб.

— Ҳм-м, тинчликданми? — домла Анварнинг аммасиники интернатга яқин эканини яхши биларди.

— Синглисини иши билан… — деган Комил ерга қараб билинар-билинмас хўрсиниб қўйди.

Шу гапдан кейин негадир синфхона ҳам жимжит бўлиб қолди.

— Ҳм-м!.. – деди Отажон домла лабларини кимтиб, бир нуқтага тикиларкан.

Шу пайт эшик тақилладию, қия очилиб, интернат директорининг боши кўринди.

— Кечирасизлар. Отажон, хонамга бир кириб ўтинг, — дея, домланинг тасдиқ ишорасини олгач, эшикни ёпди.

— Бўпти, ҳаммага рухсат.

Барча ғала-ғовур билан ўрнидан туриб, китоб-дафтарларини йиғиштира бошлади.

— Ойниса, — деди домла эшик ёнида тўхтаб, — Анвар келиши билан менга учрасин, бўптими…

Отажон домла директорнинг хонаси томон бораркан, ишқилиб бир иш топширмасин-да, дея ўйларди, айни пайтда у тезроқ тоғасини кўришни истарди. Лекин ўйлаганидай бўлиб чиқди:

— Райкомдан иш ташлаб кетишди, Отажон, — деди директор силлиққина қилиб.

— Нима ишакан? — дея сўраган домла дилидаги ниятини айтишга хезланди.

— Иккита шиор ёзиш керак экан. Биласиз-ку, ҳеч ким сизчалик ёзолмайди, буни райкомдагилар ҳам билишади… Эрталабга тайёр бўлиши керак экан.

Ростданам Отажон домла жимжимадор ҳарфларни ёзишга жуда уста эди. Интернат тасвирий санъатга ихтисослашгани билан бу соҳада ҳеч бир ўқитувчи домлага тенг келолмасди.

— Мен ҳали адбойдан кейиноқ ташлаб келсамми, деб турибман. — Бу энди директорнинг юқоридагиларга ёқиши учун керак эди.

Домланинг юраги сиқилди, лекин директорга билинтирмади. Унинг феъли ўзи шунақа — бирон топшириқ беришса, рад этолмайди ва то уни бажармагунча кўнгли тинчимайди ҳам. Ўзига гап тегишини истамайди, зарур иши бўлса ҳам «баҳона қилди», деб ўйлашларидан андишага боради. Ҳозир ҳам ноиложликдан рози бўлдию, тоғамникига кечки овқатдан кейин адбойгача бориб келарман, дея ўзини ўзи овутди.