Бир даврада шундай гап қулоғимга чалинди: «Агар мустақиллик бўлмаганида ҳам вақт ўзи бугунги тараққиётга олиб келарди. Чунки бутун дунё ривожланмоқда».
Рости, бир муддат ўша одамнинг додини бериб қўйиш истаги ўтида қоврилдим. Кейин, оз бўлса-да, шундай фикрловчи қалби кўр, ношукур кишилар бор экан, бу масалага батафсилроқ тўхталишни ният қилиб, қалам тутдим.
Қай тузумда яшамасин, ҳар бир инсоннинг болалик, ёшлик даври ўзи учун азиз, қадрли. Киши хотирасида ҳаётининг ибтидосидаги завқли онлар бир умр яшайди. Масалан, бизнинг болалигимиз шўро даврида ўтган. Дейлик, ўша вақтдаги тўйларни ширин орзиқиш билан эслаймиз: Унда тўй ошлари ер ўчоқда, дошқозонларда пишириларди. Бошқа таом тайёрланмасди. Одамлар ерга тўшалган брезент ва ғўзапоялар устида ўтиришарди. Бўз дастурхонга беш-ўнта нон қўйилиб, печак қанд сочиб юбориларди. Сопол товоқларда ош тортиларди, тунука чойнакларда чой бериларди. Биз болалар эса, ғўзапоя устига ўтирволиб, талашиб-талашиб ош ейишга қизиқардик. Айниқса, ошимиз бетига гўшт босгувчи одамнинг олдига келганда яйраб кетардик. Чунки болаларга кўпроқ гўшт, гўштли катта суяк бериш одат эди.
Ҳамма қарийб бир хил кийинарди. Катталар асосан пахтали тўн (кўпчилигиники яғир), ёзда сурпдан яктак, оёқларига калиш ёки этик, гоҳо махси кийишарди. Биз бўлсак, қора сатиндан тикилган шалвару эски-туски, ҳатто ямоқ кўйлакда, кўпинча ялангоёқда юрардик. Ёғин-сочинли кунларда лойга беланишимизни ҳам айтиб қўйганим дуруст.
Никоҳ тўйлари-да шу тақлид ўтарди. Фақат кечга томон катта гулхан ёқилиб, келин тушириларди. Сўнг уни паранжи-чачвонга ўралган ҳолда хотин-халаж билан уйга киритиб юбориларди. Йигитлар иккита карнай, битта сурнай ва ноғора оҳанги остида очиқ саҳнда ўйин-кулги қилишарди. Буларнинг бари биз учун ширин хотирага айланган. Аммо…
Келинг, ўша тўйларни ҳозирги тўйларга муқояса қилиб кўрайлик: аввало Мустақиллик аталмиш улуғ неъматга эришмаганимизда, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти томонидан хусусий мулкка, тадбиркорликка кенг йўл очиб берилмаганида, ҳозирги ҳашаматли, бир-биридан муҳташам тўйхоналар қурилармиди? Уларда энг замонавий шарт-шароитлар, хизмат турлари яратилармиди? Ҳатто қишлоқларда ҳам нақшинкор, ранго-ранг «кўчма тўйхона»лар тикланмоқда. Улардаги стол-стуллар, идиш-товоқлар сифати шаҳарникидан асло қолишмайди.
Хусусий тадбиркорлик ривожлангани учун ҳам барча тўйларда замонавий асбоб-анжомларига эга уста ошпазлар гуруҳи таом пиширмоқда. Карнайчилар жамоалари ҳам бир хил миллий либослар кийиб, эстетик дид билан хизмат ўтайдиган бўлишган.
Ёки дастурхондаги неъматларни айтинг: энг «бундайроқ» оила ҳам тўйида эркакларгаю аёлларга икки хил таом тортмоқда. Ноннинг, ун маҳсулотларининг, ширинлигу ичимликларнинг, мева-чева, қовун-тарвузнинг турлари, писта-бодом ҳақида гапирмай қўя қолайлик. Булар ниманинг шарофати ахир?!
Шу ўринда тағин бир гап: ҳозир дунёда бир милллиардга яқин инсон тўйиб овқат емайди. Бутун-бутун қашшоқ давлатлар аҳолиси очликдан, турли касалликлардан қирилмоқда. Уларнинг орасида болалар ҳам борлиги нақадар аянчли. Уёғини сўрасангиз, чет эллардаги манаман деган магнат-бойлар ҳам биздагидек дабдабали тўй қилишмайди. Умуман, уларда биров бировга текинга овқат бермайди. Чунки ҳамма нарса пулга чақилади. Бизнинг тўйларга эса шоҳ ҳам, гадо ҳам кириши мумкин.
Хўп, тўйларимиз – миллий урф-одатимизга дохил экан, уларни чеклаш адолатдан эмас ва ҳеч ким тақиқлашни ўйлаётгани ҳам йўқ. Лекин исрофгарчиликка йўл қўймаслик, неъматларнинг шукронасини қилиш, бу нарсаларнинг бари истиқлол туфайли эканлигини англаш, ёшларга такрор-такрор уқдириш керакми-йўқми? Албатта, керак!
Энди масаланинг маънавий-руҳий жиҳатлари ҳақида гаплашайлик: ўтган асрнинг 80-йилларида бир дўстимиз уйланди. Никоҳ ўқитиш учун расмий мулланинг олдига бордик. (У пайтларда никоҳни ҳозиргидек ҳар бир масжиднинг имоми ўқийвермасди.) Мулла қайд этиш дафтарини очиб, куёвнинг касбини сўради. Куёв зиёли эди, касбини айтиши билан мулла никоҳ ўқишдан бош тортди. Билсак, ҳукумат зиёлилар, орган ходимлари, комсомол аъзолари ва ҳоказоларга никоҳни пинҳона тақиқлаб қўйган экан. Ялиниб-ёлвориб никоҳ ўқитишга эришдик.
Агар давлатимиз мустақилликка эришмай, ўша сиёсат давом этганида, бугунга келиб, кўпчилигимиз иймонсиз, никоҳсиз бандалар бўлиб (нақадар даҳшат-а!), манқуртларга айланиб қолмасмидик? Аслида ўғил болаларни хатна қилиш ҳам яширинча амалга ошириларди. Ёки бугунги нурли кунларимиз бўлмаса, Ҳайит намозларини ёшу қари муҳташам масжидларда эмин-эркин ўқирмидик, бу байрамларимиз дам олиш кунларида ўтармиди? Она тилимиз, давлат Мадҳиямиз жаҳон бўйлаб баралла янгрармиди? Миллий байроғимиз барча давлатларда ҳилпирармиди? Ўзбекистон Президенти БМТ минбарида нутқ сўзлармиди? Энг оддий оилалар ҳам замонавий шарт-шароитларга эга уйларда яшармиди? Одамларимиз қўша-қўша қимматбаҳо автомашиналарда юрармиди? Йигит-қизларимиз жаҳоннинг энг нуфузли спорт мусобақаларидан шода-шода медаллар билан қайтармиди? Ҳатто оддийгина егулик — сумалакни ҳам яширмай, бемалол пиширолмасдик-ку! Ва ҳоказо-ва ҳоказо. Ва умуман, ўзбек миллати ҳозиргидек шаклланган халқ сифатида қолармиди-йўқми? Йўқ, асло! Мустақилликсиз қандайдир тайинсиз қурама миллатга айланарди…
Мен қалбимиз, руҳиятимиз, миллий қадриятларимизга дахлдор бир-икки оддий ҳақиқатлар ҳақида сўз юритдим холос. Бунга ҳам бир ношукрнинг гапи сабаб бўлди. Аслида Истиқлол туфайли халқимиз, давлатимиз эришган муваффақиятларни санаб адоғига етиш мушкул. Буни билмаганнинг қалби ҳам, кўзи ҳам кўрлиги аён бўлади!