Чиптасиз одамлар

Суюк ҳамда буюклар Чўлпон ва Булгаковга бағишланади.

 

 1

 

Ловуллаб келади нимадир,

Қасирлаб келади бир бало,

Тешилар,

Ёнадир,

Синадир,

Тўкилар дунё.

Яна ким билади?..

Биладир!..

Бир чимдим умрга ишонган

Хаёллар бағрини тиладир.

Теголмай қайрилган нишонга

Ёйлар биладир.

Тинмайин қилган у тавалло –

Ё нафс,

Ё лаъин!

Тавбасини кутган Жалоло

Кун сайин…

Тилло осмон қасирлар энди,

Ловуллар жаннат замин.

Аё!

Ё нафас келди,

Тотадур таъмин,

Билмайин.

Йиғлайин,

Харс-харс сийнаси,

Умр бўғиздаги муштдек тош.

Ё нафсс-с…

Ё Оллоҳ! –

Бировнинг саси,

Қиблага қийшаяр бош…

 

2

 

Йигирманчи аср!..

Ожиз одамзот,

Сўқир башар

Ўйлаб топган

Савдойи сана.

Қовжираган киприкларида

Лапанглайди қўрқув,

Тебранар, ана!

Яна…

Тангрининг юзига оёғин

Бигиз қилолган даҳрий.

Яна…

Оллоҳни соғиниб,

Меҳр деёлган қаҳрин.

Йигирманчи аср!

Қитъаларда туғилган даҳшат,

Элатларда ястанган ором.

Қитъаларда туғилган ором,

Элатларга сочилган даҳшат.

Ана.

Самога қайрилиб,

Излайди ўзини,

Йигирманчи аср

Ўздан айрилиб.

Йигирманчи аср!

Кўзинг тешилсин,

Агар бўлса ўша кўзларинг.

Кўзларинг йўқ,

Йўқ эди сенинг,

Йигирманчи аср

Сўқир аждаҳо!..

 

3

 

Қуёш уфқда бўзариб борарди,

Бўзариб-бўзариб

Борарди дунё.

Сарой деворлари қонталаш,

Сарой деворлари тортади увво,

Жимгина,

Маҳзунгина

Ва гина.

Сонсиз каллаларнинг кўз косасида

Шарақлаб кулади илонлар,

Ридоли кимсанинг 

Хос хассасида

Халқали тўлғонар арқонлар.

Ва қонлар,

Тилларга ялоқдир,

Ямланур ҳузурбахш забонлар,

Замонлар келмишдир

Замонлар…

 

* * *

 

Пилат!

Ҳа, ўша Пилат,

Кенг қулоч хочга термулиб,

Тангри қулочини ўлчайди

Пўлатдан мих йўниб.

Прокуратур –

Буюк кўр,

Йигирманчи аср саҳнида

Кўр асрга жўр.

Ва асо тутган қўл

Ярқираган қорачўғларни

Пайпаслаб-пайпаслаб,

Ўйиб олаверар тиғлар-ла…

Ва кўр,

Кўзи очиқлар

Очиқ кетаверар бақога…

 

4

 

Осиё!

Тўлғониб-тўлғониб,

Эшилиб-эшилиб

Ётган сарҳадлар.

Чувалашиб кетган ақл,

Мудраётган қаҳр

Ва қасос –

Осиё!..

Осиёни беланчак қилиб,

Бўзлаётган чистон,

Жавобсиз чистон

Волидаи кабир

Туркистон.

Шимолдан оқиб,

Йиғлаган,

Шамолга боқиб,

Йиғлаган,

Асли исённинг онаси,

Шарқнинг боласи

Туркистон!

“Шимол совуқ” – дедилар,

Қуёшини бермоқчи бўлди.

“Шимол оч!” –

Ошини берди

Ва бошини берди,

Бошини еди унинг

Шимолистон…

 

5

 

Эй, кўнгил!

“Кишанлар бирла дўстлашдинг” ,

Сукунат бирла эшлашдинг

Ва жимлик боғида очилган

Мутелик бирла хешлашдинг.

Замин ўлдинг,

Ахир осмонсан,

Чўпон эрмас,

Ахир Чўлпонсан,

Олам аро биргина сонсан,

Туркистонсан,

“Кишан кийма, бўйин эгма,

Ки сен ҳам ҳур туғулғонсан”!.. 

 

6

 

Оч қулнинг кунлари каби қора

Туркистон жим,

У потос боғлаётган яра.

Бу ерда тик боқмас

Биров-бировга,

Бировнинг ранги оқ,

Бировники қора,

Кўзлар уялади

Номутаносибликдан,

Тупургиси келар

Бири бирига.

Исённинг бешиги

Исёнсиз қолмиш,

Шайтон камлик қилар

Қаҳр қўзғашга.

Шайтон – Воланд 

Ёмонлик деб

Яхшилик улашган лаъин…

 

7

 

Кўзларига дераза тутган

Танҳо шоир

Хотинлар салтанатида 

Бир исён излайди

Миллатга доир.

Шимолни соғиниб,

Ғарбни соғиниб,

Яшайверди турк ёзари.

Кутаверди у

Воландни,

Туркистон узра

Талваса қўзғагувчи,

Воландни…

Чўлпон –

Туркистон.

Кўҳна Фиръавннинг

Тобути ичра

Ғойибдан топилган

Эй, тилла танга –

Туркистон.

Тилло тобутда

Тож кийиб ётган

Кўзлари илонўра,

Чаён уя,

Улуғ китобларда

Мақталган ўлик –

Туркистон,

Сенга бахт соғинар Чўлпон!

 

8

 

Эй, сен

Осмоннинг боласи,

Туркистон боласи,

Кечани яратиб,

Кундузни яширган

Шарқнинг ноласи.

Бу ерда кундузлар туғар,

Майда-майда,

Бўлак-бўлак кундузларингни

Ичиб ётар

Биров-бировлар.

Энди хоч эмас,

Ярим ой мисол

Пойингда эгилган

Пилатваччалар

Сенинг ерлик эмаслигингни

Қайтадан кашф этар

Мингбоши  хаёли билан.

Эй, Ойга михланган

Осмон боласи,

Сенга учмоқ соғинар

Туркистон!

 

9

 

Московда бир фаррош яшарди,

Ўн икки йил фаррошлик қилган. 

У кун бўйи кўча супуриб,

Гул тутарди кунбўйи

Суйган ёрига

Куни билан топган пулига.

Маргарита эди ёрининг исми.

Маргарита! 

Сочлари қора,

Қанотли жодугар,

Фаррошнинг хаёлларига

Сочаётган зар

Жодугар…

 

* * *

 

Уста (фаррош)нинг киссасида

Чақа йўқ,

Гул сотиб олаверган барига.

Унинг-чун сариқ чақа

Гул,

Супурилаётган ер,

Дунё –

Сариқ чақа.

Шарқни соғинади у,

Қоп-қора сочларга

Ўралган Шарқни.

Чувалашиб кетган Ақлни,

Эшилиб-эшилиб ётган Ақлни

Соғинади у.

Москов дарёсининг бўйида

Ютоқиб тутунлар сўргандек,

Хаста юрагининг чуқурларида,

Хорғин миясининг қаватларида

Шарқни соғинар,

Соғиниб яратар

Камбағал дониш…

 

10

 

Шарқнинг пешонасида ойи бор,

Ғарбнинг бошида шоҳи.

Ғарбнинг бир буюк ҳойи бор,

Шарқнинг бўғзида оҳи.

Ҳойи ойига ошиқ,

Шохи охига ўқлов.

Бу буюк ишқ,

Ёвуз ишқ,

Мудом тугамаган ов…

 

11

 

Чўлпонни билмасди

Михаил бобо,

Уста бобо билмасди

Абдулҳамидни.

Шимолу жанубнинг кўксида

Ёнаётган икки олов ҳам

Хабарсиз эдилар

Бири биридан.

Воландни таниган Михаил

Шарқни соғинган,

Воландни соғинган Чўлпон

Ғарбнинг ошиғи.

Икки соғинч дарахти узра

Юз очган ғунча –

Маргарита,

Суюк жодугар,

Буюк жодугар!

 

12

 

Ўн икки йил куйган жунун,

“Ё Ҳақ!” дея суйган жунун,

Билармиди Туркистон аро

Улуғ яроғ отилган кунин?!

Московда

Чекка бир кулбада,

Тошканда

Чекка бир ўрада

Жонини топширган,

Шонини топган

Икки буюк сўз,

Бир жуфт соғинч –

Михаил,

Чўлпон.

Хочни қулочлаган,

Ойни қучоқлаган,

Бири

Инсу жинслар аро

Чўқиниб кезган,

Бири

Фаҳш, аласт аро

Ўкиниб кезган,

Кеча-ю кундузни

Бир соғинчга алишган

Инсон

Ва Инсон –

Михаил,

Чўлпон…

 

13

 

Халқа-халқа кўз  ёшларда

Сузиб юрган қора кема,

Дарё-дарё қонлар узра

Жисму жони пора кема.

Ўлмаган дунёнинг умрига

Нуқта бўлмоқ истаган,

Қоп-қора,

Қоп-қора

Дунё жамолига нисбатан,

Йигирманчи аср

Чўнг кафан.

Башар дафтарида

Қора чизиқ,

Қизил чизиқ –

Йигирманчи аср

Ўлган,

Ўлмаган

Мурдаларга лиқ…

Ҳадемай тонг отар,

Энди тонг отар,

Уфқдан тўкилар

Оқ-оппоқ хаёл.

Тўлишган юзини кўрсатолмайин

Ийманиб боқар

Йигирма биринчи аср –

Туғмаган аёл…

 

14

 

Гувиллаб боради,

Сирли гувиллаб,

“ХХ аср” рақамли пойиз,

Елиб борар темир изидан

Бекатсиз оташ арава.

Булутдек ўриндиқларда

Чиптали зотлар

Ястаниб-ястаниб,

Кекириб-кекириб,

Бўйнида капалак бўйинбоғларин

Яшнатиб-яшнатиб,

Елиб борар арава билан…

Яшиндек пойизнинг,

Совутдек пойизнинг,

Тобутдек пойизнинг

Бурчак-бурчакларида

Яширингиси келар чиптасизларнинг.

Тобути – умид,

Қабрлари армон,

Ўлмаган ўликлар ичида,

Ўлган тириклар ичида

Зулумотда милтираб

Жон талашар жон!

 

15

 

Чиптасизлар манглайида ёзиқ

“ХХ аср” рақамли пойиз,

Пойида ақлдан озиб,

Чўзилиб боради темир из.

Бароқ қошлар,

Қалин мўйловлар,

Силлиқ бошлар,

Думбул ўйловлар,

Тилни ямловлар,

Кўкракларга осилган

Виждонлар,

Ўпқон жиғилдонлар

Сояси,

Жаранги,

Шовқини остида

Овозлари ётар чиптасизларнинг.

Чиптасиз –

Чўлпон, Булгаков…

Жуда ҳам кўп.

Кўп эрур улар,

Саноқлари сиғмас оғизга.

Барчалари ўз бурчагида

Пайпаслайди киссаларини,

Ҳамон пайпаслайди

Неларнидир шивирлаб

Ўшал Ёлғизга!..

 

* * *

 

Йигирманчи аср!

Ожиз одамзот,

Сўқир башар

Ўйлаб топган

Савдойи сана.

Сен узоқ чўзилдинг,

Жуда ҳам узоқ,

Темир излардан-да

Узоқдан-узоқ!..

 

1995 йил, февраль