Дастурхон

— Нега ёздингиз ахир?!

— Билмадим-ей… Шу-у… Хаёлимга келгани учун ёзибман-да.

— Қаранг, қандай ёзибсиз: бир томонда гуллар эмиш. Ахир тиришиб ётибди-ку. Мана шу гулга ўхшайдими ахир? Кичкинагина тарнов-ку.

— Хўп, шу ерини тўғрилаб қўйсам майлими? Ахир мен ёзаётганимда сизни ўйламагандим-да. Ёзгим келди тамом, ёздим. Шунга ҳам…

— Ота гўри қозихонамас. Биласизми, буни кимлар ўйлаб топган? Билмайсиз! Билсангиз, тилга ҳам олмасдингиз. Қилғиликни, янаки энг ёмон қилғиликни қилиб қўйганлар, онасини гаровга қўйиб, ўлиб кетган отасининг ётган жойини сўроқхонага айлантирмоқчи бўлганлар гапи бу. Так што, тўғрисини айтинг!

— Тўғриси шу, биродар: ёзгим келди, ёздим. Бунақа маънолар чиқариб олишингизни қайдан билибман-ей!..

— Йўқ, тўғрисини, эркакча айтинг. Буни ёзишдан мақсадингиз бўлган. Масалан, мана бу ҳолатни – шокила-шокила, дейлик, попукларни қандай қабул қилиш мумкин? Ахир бу тўғри осилиб, бироз қимирлаб туриши керак эди-ку. Сиз эса хонтахта устида буришган-тиришгандай қилиб ёзибсиз. Ростданам аввалдан бу ишни қилиб юрармидингиз, ишқилиб?

— Менинг ишим шу, ака. Фақат бу сафар билмай ёзиб қўйибман холос. Агар шунча маънолар топишингизни билганимда мутлақо ёзмасдим. Мана, масалан, мана бу ерда пиёла турибди, десам, ишонасизми?

— Албатта, ишонаман. Фақат нега энди мана шу ерга пиёлани қўйиб ёздингиз? Дейлик, уни мана бу жойга қўйиб ёзсангиз ҳам бўларди-ку. Демак, ният бузилган. Сиз пиёлада арақ ичади, деб ўйлаяпсиз.

— Йўқ, жон ака, бунақа ўйлаганим йўқ. Сиз арақ ичасизми-йўқми, менга барибир. Умуман бу ерда пиёланинг, арақнинг, сизнинг арақ ичишингизнинг нима дахли бор?! Мен ёзгим келгани учун ёздим холос. 

— Тўғрисини айтинг, мени ичволди, деб ўйлаяпсизми? Агар шундай ўйлаётган бўлсангиз, биласизми, мен сизни…

— Биламан, ака, сиз мени умуман танимайсиз. Фақат ёзишимга, чиройли ёзишимга халақит бермасангиз бас. Кечирасизу мабодо ростданам ичвоганмасмисиз?

— Нега ичарканман-ей? Хўп, ичвосам, нима бўпти, сизга оғирлигим тушяптими? Умуман ичиш-ичмаслик ҳеч нарсани ҳал қилмайди-ку ахир. Нима, ичиш жиноятми? Ҳай, ундан кўра ёза қолинг. Яхшилаб, тўла ёзинг. Бу ерда ичадиганлар ўтирмайди, деб ёзинг. Шунда ҳеч ким қарамайди ва сиз хоҳлаганингизча ёзаверасиз.

— Кечиринг, сизнинг ҳурлигингизни чекламоқчи эмасман. Хоҳласангиз, шу ерда ўтиринг ва қараб туринг. Лекин халақит берманг. Ахир бизда ҳам қачондир шундай ёзилиши керак-ку!

— Омма раҳмат. Мана буни шу ерга қўйинг. Ёздингизми, демак, бу шу ерда туриши керак. Йўқ, ичиш учун эмас. Фақат эмин-эркин, тортинмай олиб ўтиришимиз учун.

— Хўп, ака, тўғри тушунинг, тўғри ёзибманми ишқилиб? Хаҳ, ўзбекчилик қурсин-а! Бўлмаса сиздан шуни сўраб ўтирармидим!..

 

29.06.2012