Дўппи

Байроқ
08.11.2021
Янги китоб
18.01.2022

Дарвозадан кириб келган йигирма ёшлар чамасидаги яғриндор йигит уй саҳнининг ёнидан кесиб ўтган ариқчада қўлини ювиб, оғзини чайди. Шимининг чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, артаркан, ҳеч ким кўринмайди-я, дегандай атрофга аланглади. Шошилмай юриб, сўрток остидаги устига ораста қилиб покиза тўшаклар солиниб, суянчиғига бир неча ёстиқ суялган сўри олдига борди. Ўтирмоқчи бўлган тўшагининг бир томонини кўтариб, силтаб, қоқди ва текислаб тўшади. Аммо ўтирмади, яна атрофга аланглади. Шунда молхона тарафда шарпа сезгандай бўлди. Аям ўша ёқда шекилли, дея овоз берди:

— Ая!..

— Ҳув-в… — дея хотинларга хос жавоб қилди молхона бостирмасида уймалашаётган онаси.

Нариги четдаги уй ичидан опоқдадасининг «мен ҳам борман», дегандай зўраки томоқ қиргани эшитилди.

Йигит тик туриб, панжалари билан сўрининг кунгурасини ўйнаган қўйи онасини кутди. Лекин нега кутаётганини билмасди. Ҳозир онаси келади ҳам, аммо саломлашишдан ўзга гапиргулик гап топилмайди. Бу шунчаки кўникма ёхуд одам боласининг кўзлари илғамайдиган ришталарнинг борлигидан бўлса керак-да. Нима бўлганда ҳам, онасига айтадиган тайинли гапи йўқ, аммо кўриши билан кўнглида қандайдир хотиржамлик пайдо бўлишини жуда яхши билади.

Ва ниҳоят, қўлида пақир тутган онаси кўринди. У янги соғилган сутни тўкиб юбормаслик учун авайлаб кўтариб келарди.

— Ҳа, келдингми, ўғлим? — деди унга яқинлашаркан.

— Ўтирибсизми, ая? — дея сўради нима дейишини билмаган йигит одатга кўра. — Дадам келмадими? — У бу саволни ҳам шунчаки гап йўқлиги учун берди, аслида дадасинииг ишдан қачон келишини яхши билади.

— Йўқ, — деди онаси сутли челакни сўртокка осилган симга илиб, устини ёпаркан. — Бугун қайларни дайдиб келдинг? — Онаси хиёл жилмайди.

— Дайдидим-да… — Йигит эркаланиб қўл силтади. — Бўпти, мен опоқдадамга кўриниб қўяй, — дея чеккадаги уй томон юрди.

Онаси кейинги ишларни режалаштиргандай, индамай ўйчан туриб қолди. Ўғли уй эшигига етай деганда бир нарса эсига тушиб, чақирди:

— Раҳматжон, менга қарагин.

Ўғил ортига қайрилиб, бир-икки қадам ташлади.

— Нима дейсиз?

— Бошингга дўппи кийвогин, болам. Ҳадемай даданг келади… — деди ялинчоқ оҳангда онаси.

Раҳматжоннинг юзи тиришди.

— Яна ўша гапми, ая! Ахир мен дўппи киймайман, дедим-ку-ей! Нима, киймасам, бир бало бўладими?!

Она бир сўлиш олди.

— Яна дадангни жаҳли чиқади-да, болам. Кейин ўзинг xапа бўлиб юрасан.

— Эй-й, чиқса-чиқар-ей!.. — Раҳматжон қўл силтаб, уйга кириб кетди.

Деворга суяб қўйилган юмшоқ каравотда икки-уч қават кўрпага ястаниб, опоқдадаси ёнбошлаб ётарди.

— Ассалому алайкум, оппоқдада! — У шошиб бориб кўришди. — Тузукмисиз?

Опоқдадаси гавдасини бир оз кўтариб, ярим ўтирди.

— Шукур. Биз энди тузук бўлиб қайга борардик-а, болам! — дея кулди оппоқ соқолини панжалари билан тараркан.

Раҳматжон тўшакка ўтирди, чолга эргашиб, юзига фотиҳа тортди.

— Аянг нима деяпти? — дея сўради бобоси синовчан тикиларкан.

Йигит «эй-й» дея қўл силтади, бу билан «қўяверинг уларни» демоқчи бўлди.

Чол жуда ёқимли жилмайиб, деди:

— Ростданам бошингга дўппи кийвосанг яхши-да, болам.

Раҳматжон бобосига сапчимади. Бир томони, у кишини жуда-жуда яхши кўрса, иккинчидан, хасталик анча енгиб қўйганидан уйдагиларнинг ҳаммаси бобосини эҳтиёт қилишарди. Юракнинг иши қийин экан-да. Кампири ўлдию, тез чўкиб кетди. Кундан-кун… Ана, кўзларининг атрофидаги кўкимтир доғлар ҳам анча кенгайиб қопти.

Раҳматжон тоби кўтарилган чойдан қуйиб, узатди.

— Чой ичасизми?

Бобоси бош силкиди.

— Йўқ, ўзинг ич.

Йигит чойни бир кўтаришда сипқорди. Кейин ҳамон тикилиб турган бобосига кўзи тушиб, ҳалиги гапга жавоб бериши шартлигини тушунди.

— Ҳечам дўппи кийгим келмайди-да, опоқдада. Шуни киймасам, нима бўлади ўзи?

Чол яна жилмайди.

— Тағин ўзинг биласану, болам, аммо йигит киши дўппи кийиши керак. Уни ота-бувамиз кийган. Қолаверса, дадангниям сал кўнглига қарагин-да.

Йигит бир хўрсиниб, индамай ўтираверди. У опоқдадасини ранжитаб қўйишдан қўрқарди. Бир кўнгли «хўп бўлади, опоқдада», дея ҳозироқ дўппи кийиб олгиси ҳам келди, аммо буни кўз ўнгига келтирдию, шаштидан қайтди. Эсини танибдики шунақа — дўппи кийди дегунча ғаши келаверади. Шундай пайтда ойнага кўзи тушиб қолса борми, ўзини шунақаям бадбашара, ландовур ҳис қилиб, ёмон кўра бошлайди. Ҳарбийдан қайтган куни ҳам ўшандай бўлди — унга бош-оёқ сарпо кийдираётган аяси охирида бошига янги дўппи ҳам қўндирди. Раҳматжоннинг кўзи ойнадаги аксига тушдию, қўққисдан илон кўрган одамдай ранги ўзгарди. «Йўқ, дўппи киймайман», деди бошидан олиб, аясига бераркан. «Вой-вой, янги келган солдат дўппи кияди-да, болам», — деди аяси эркалаш оҳангида ва яна кийдириб қўймоқчи бўлди. Лекин Раҳматжон кўнмади, «қўйинг энди, ая», дея онасининг қўлини итариб ташлади. Ташқарига ялангбош чиқди. Тавба, ўзбек ҳар қанча янги кийим-бош кийса ҳам, бошида дўппи бўлмаса, янгига ўхшамас экан. Дадаси ҳам, опоқдадаси ҳам унга бир-бир ғалати қараб қўйдилар, бироқ буни Раҳматжон сезмади. Шу-шу бошига дўппи киймайди ва шунинг учун кунда-кун оша дадасидан дакки эшитади.

Унинг хаёлларини опоқдадасининг овози бўлди,

— Отам раҳматли жуда-а савлатли одам эди-да. — Чол гапирардию, кўзлари дераза оша ташқарига тикилганди. — Соқол-мўйловиям жа-а ўзига ярашарди. Бошига дўппи, эгнига оппоқ яктак кийиб, ағдарма этикда юрарди. Кўчадан ўтганда қарамаганам қарарди. — У бир пас жим қолди, гўё фикрини жамламоққа уринди. — Отамни ҳечам дўпписиз тасаввур қилолмайман. Агар дўпписи бўлмаса, худди бир нарсаси йўқ, чала туғилган одамга ўхшайди, ҳатто, кулгили кўринади… Мен бўлсам, отамга ўхшолмадим…

Раҳматжон негадир энди бобосининг гапини диққат билан эшита бошлаганди.

Чол бир оз жим тургач, ёқимли нигоҳини яна неварасига қадади.

— Сенда катта бобонгни кепатаси бор, болам. Соқол-мўйлов қўйсанг, худди ўзи бўласан-қоласан. — У энди жилмайди. — Ё, даданг обқўйган дўппи ёқмадими, Раҳматилла?

— Йў-ўқ, гап ёққан-ёқмаганидамас, опоқдада…

— Барибир тоза дўппимас-да. Менга қара, болам, эртадан кейин бозор, а? Агар тузук бўп турсам, шу бозор куни сенга ўзим энг қиммат дўппини обераман, бўптими? — Чол бирдан жиддийлашди, юзи маъюсланиб, кўзлари ич-ичига ботиб кетди. — Мабодо бозорга боролмасам, анови даданг оберган дўппини сенга бераман, — деди у оқ дуррага ўралиб, тўридаги михга илиб қўйилган дўппига имо қилиб.

Раҳматжон уни кўрган — жуда қимматбаҳо.

— Унақа деманг, опоқдада, дадам хафа бўлади.

— Нега хафа бўларкан? Буни сенга берсам, даданг менга яна янгисини обкеберади-да. — Оқсоқолнинг юзига табассум ёйилди, кейин атайлаб гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлдими, —товоғингни обчиқиб қўйиб бер, болам, шомгадавур бирпас эшитай, — деди.

Опоқдадаси товоқ деб магнитофонни айтади. Раҳматжон ирғиб ўрнидан турди-да, эшикка йўналаркан, сўради:

— Қанақа ашула қўйиб берай?

— Ҳалиги «Баҳор айёми» деб айтадиган бола бору…

— Шералиними?..

— Ҳа, баракалла, ўшани обчиқ, болам.

Раҳматжон магнитофонни паст овозда қўйиб бергач, қайтиб чиқиб, сўрида ағанаб ётарди. Ўчоқ бошида кечки овқатга уринаётган онаси буни хушламадими ёки ҳадемай кириб келадиган эрининг жаҳли чиқишидан қўрқдими, ялинчоқ овозда деди:

— Анови ҳовлимиз этагидаги зовур бўйида росаям ўт ўсибди, овқат пишгунча ўриб келмайсанми, болам?

Ўғил қимир этмади, фақат ғўлдираган овози эшитилди, холос:

— Укаларим ўришар, ая, мен чарчадим.

— Хаҳ, чарчамай қол. Одам ўйнабам чарчаркан-а. Сен айтмасангам, укаларинг ўтга кетган.

Онасининг гапи тугар-тугамай, ҳовли тарафда еттинчи синфда ўқийдиган укасию, тўққизинчида ўқийдиган синглисининг шарпаси кўринди. Улар бир тугундан ўт кўтариб олишганди. Укалари ўтларини тўкиб, уй олдига ўтгунларича дарвозадан дадаси ҳам кириб келди. Раҳматжон ирғиб ўрнидан туриб, салом берди. Уни кўрдию, дадасининг қовоғи осилди, билинар-билинмас бош қимирлатиб, саломига алик олди, сўнг ўчоқ бошига қаради.

— Яхши келдингизми, дадаси? — сўради хотини юзига табассум югуртириб.

— Ҳм-м… Дадам тузукми? — саволига тасдиқ жавобини олгач, кийимларини алмаштиргани уйга кириб кетди.

Дадасининг муомаласидан Раҳматжон мулзам бўлди. Сўри четида оёқларини осилтириб ўтираркан, ўзини ўзи ёмон кўриб кетди: ҳамма ўзига лойиқ иш билан банд, бир мен бекорчи, холос. Ўшанчун ҳам дадам ёмон кўради-да!.. Ишга кирмасам бўлмайди, шекилли, сандирақлайверишам жонга тегди.

Бобоси шомни ўқиб чиққандан сўнг косаларга овқат қуйилди. Ҳалитдан бери Раҳматжонга хўмрайиб ўтирган дадаси қўлига қошиқ тегар-тегмай, унга зардасини сочди:

— Бошингга биннаса кийсанг-чи, ҳўв, бола! Уруғимизда ялангбош юрадиган одам йўғийди, сен қайдан бинога кела қолдинг, билмадим?

Раҳматжон индамай овқатини кавларди. Онаси ота-болага xавотирли мўлтирайди. Чол жим. Укалари бош кўтаргани ҳайиқишади.

Дадаси баттар жазавага тушди:

— Агар дўппи киймасанг, кўзимга кўринмагин дегандиму!.. Ҳе, ўша!.. Бўлмаса ўристи шапкасини кийвол!..

— Бўлди, сўкаверма, — Чолнинг ўктам овози унинг гапини бўлди. — Раҳматжон дўппи кияди. Худо хоҳласа, бозор куни зўр дўппи оладиган бўлдик.

Гапга опоқдадаси қўшилгач, дадаси жим бўлди. Шундагина ҳамма енгил нафас олди, овқат томоқлардан осонроқ ўта бошлади.

Эртасига Раҳматжон кечки овқатга чиқмади. Дадаси ишдан қайтмасидан олдин: «Мени кўчадан келмади, деб қўя қолинг», дея онасига тайинлаб, бобосининг ҳужрасига кириб, ётиб олди. У бир нарсага ҳеч тушунмасди — булар нега энди дўппига бунчалар ёпишиб олишган? Бу уйда бобосидан бошқа ҳеч ким намоз ўқимайди, яъни жуда унақа диндор ҳам эмаслар. Лекин ҳаммалари дўппи кийишади — бобоси, дадаси, янги ҳовлига кўчиб чиқиб кетган акаси, тоғалари, амакилари, ҳатто, еттинчида ўқийдиган укаси ҳам бошидан дўппини қўймайди. Раҳматжон шу сирни англолмай доғда. Дадаси, айниқса, дастурхон устида ялангбош ўтирган одамни ёмон кўради, ҳатто, бегона киши бўлса ҳам, бир игнасини санчиб олмаса, кўнгли жойига тушмайди.

Эрталаб Раҳматжон кечроқ уйғонди. Юз-қўлини ювиш учун ташқарига чиққанда, сўрида укалари чой ичишар, бобоси эса болишга ёнбошлаган кўйи ўтирарди. Раҳматжон ювиниб келиб, бобоси билан кўришди, сўрининг четига ўтириб, укаси узатган чойни ҳўплади.

— Бозорга боролмаймиз шекилли, Раҳматилла, — деди бобоси бир оз хириллаган овозда. — Қувватим етмайди, болам.

Раҳматжон бобосига тикилди. Унинг ранги анча синиққан, кўз ости ва юзидаги кўкимтир доғлар янада кенгайгандек кўринди. Нафас олиши ҳам тезлашгандай эди. Йигитнинг юраги эзилди, аммо ичидагини билинтирмай, тасалли берди:

— Майли, опоқдада, янаги бозорга борамиз бўлмаса.

Чол жилмайишга уринди.

— Худо хоҳласа, борамиз, болам!..

Орага жимлик чўкди.

Раҳматжон оғзидаги нонни ҳафсаласиз чайнар, ҳар замонда хўриллатиб чой ҳўпларди.

— Раҳматилла, — деди бир пайт чол ўрнидан қўзғалиб, сўри суянчиғига суяниб ўтираркан. — Маҳалламиздаги кўп хонадонларга киргансан-а?

Йигит ҳайрон бўлиб, бобосига қараркан, «ҳа» деди секингина:

— Унда, айт-чи, ҳамма уйларнинг айвони, унинг олдида сўртаги, узуми борми?

— Бор, опоқдада, — йигит баттар ҳайрон бўлди.

— Бир томонда ўчоғу тандириям борми?

— Ҳа.

— Ариқчасидан ичса бўловрадиган тоза сув оқадими?

— Оқади. Нима гап ўзи, опоқдада?

— Шуларнинг борлигини аниқ биласан-а?

— Ҳа, биламан.

Чол ёқимли жилмайди.

— Бу нарсалар, фақат ўзбекнинг уйида бўлади, болам. Шу гапларимни унутма!

Раҳматжон бобосининг «топишмоғидан» завқланиб кулди.

— Гапларингизни тушунмадим, опоқдада.

— Майли, болам, қачон тушунганингда, менга айтарсан, бўптими? Оммалекин унутмагин. Энди ҳужрамга кириб, янги дўппимни обчиқ.

Раҳматжон итоаткорона ўрнидан туриб, уйга кириб кетди. Бир оздан сўнг дўппини олиб чиқиб, бобосига тутди. Чол дуррани очмади, ўшандайича неварасига узатди.

— Бу энди сенга, болам.

— Йўғ-е, опоқдада, ўзингиз кияверинг. Уйда дўппим бор-ку.

— Менга манависиям етади. — Бобоси бошидаги хиёл уринган дўппига ишора қилди. — Ол!

— Хўп, опоқдада, сизики таварик, майли, — Раҳматжон дўппини олиб, ўз хонаси томон юрди.

— Кийиб кўрмайсанми, болам? — деди ортидан бобоси.

У мужмал жавоб қилди:

— Бошқа куни киярман, уйга қўйиб чиқай.

— Ҳа, майли, эртага киярсан, — деган бобоси бирдан хомуш тортди.

Лекин Раҳматжон буни сезмади.

Уни саҳарда онаси уйғотди. Кўзлари ёшли эди. Бунақа эрта туриб ўрганмаган йигит уйқунинг зўридан кўз ёшларига ҳам эътибор қилмади. Фақатгина:

— Тинчликми, ая? — дея олди, холос.

— Тур, тезроқ бет-қўлингни юв, — деди онаси устидаги кўрпани қайириб.

— Нимага-ей?!.. — инжиқланди ўғил.

— Опоқдадангдан айрилиб қолдик, — энди онаси ошкора йиғлаб юборди.

Раҳматжон карахт бир ҳолатда серрайиб қолди. Бўғзига на йиғи, на хўрсиниқ келди. Ташқарига чиққанда, ҳовлида бир-икки қўни-қўшнилар билан дадаси уймалашиб юришарди. У ариқчадаги муздек сувда ювинди. Йўл-йўлакай юзу қўлини кўйлагига артиб қўя қолди. Шундай пайтда сочиқ излайдими.

— Бошингга дўппи-мўппи кийвол, — деди онаси унга.

У хонасига қайтиб кирди. Шифонердан дуррага ўроғлик дўппини қўлига олди. Дурранинг икки учини қайирди. Гуллари оппоқ дўппига кўзи тушдию, бўғзига нимадир тиқилди. Кўзларидан майда-майда учқунлар сачраётгандек туюлди. Гўё гулларини санамоқчидек дўппини кўзига яқинроқ олиб келди. Бир четига аста лабини босди, сўнг икки қўллаб бошига кийди. Ойнага қаради. Мусаффо тонгнинг, муздек сувнинг тароватидан нурли товланган юзи, бошидаги гулдастадек дўппи берган файздан янада очилиб, чиройли кўринди. Бўғзидаги нарсани тутиб қололмади, «опоқдадажон!» дедию, ҳўнграб йиғлаб юборди. Шу пайт дадасининг «Раҳматжон», дея чақирган мулойим овози эшитилди. У шошиб кўзларини артиб, ташқарига юрди. Айвон остонасида дадаси турарди. У бобосининг санъаткорона тикилган дўпписини кийиб олган ўғлининг нур таралаётгандек юзига кўзи тушдию, бирпас жим қолди. Айвон чироғининг нурида кўзидаги томчилар йилтираб кетди.

—Ўғлим, — деди жудаям мулойим, ўксик овозда, — аммаларингни, тоғаларингни айтиб келгин. Олдин акангга хабар бериб қўй, — деди.

Раҳматжон «хўп, дада» деди-да, дарвоза томонга бурилди. Яна дадасининг овозини эшитиб, тўхтади.

— Раҳматжон! — Дадаси унинг икки чаккасидан тутиб, кўзларига тикилди. Иккаласининг ҳам мижжалари жиққа ёшли эди.

Дадаси бўғиқ овозда деди:

— Баракалла, ўғлим! Илоҳи, бошинг тошдан бўлсин! — Пешанасидан ўпди-да, кескин ортига қайрилди.

Раҳматжон дарвозадан чиқиб бораркан, беихтиёр шу фикр миясига урилди: «Бошқа миллатлардаям дарвозахона бўлармикин?!.»

 

1998 йил