– Болалигингизда қайси спорт турига қизиққансиз ва шуғуллангансиз?
– Феълимга яқинмиди, билмадим, боксни яхши кўрардим. Мактаб-интернатимизда бокс тўгараги бўларди. Ўзи тасвирий санъат ўқитувчиси (боксдан қандайдир малакаси бўлса керак-да) бўлган Одилжон ака Акбаров тўгаракни бошқарарди. Бокс қўлқопимиз йўқ эди. Мен йиғлаб-сиқтаб юриб (балки етимлигимиз учунми) опамга (поччамга) бир жуфт (яъни икки кишилик) қўлқоп олдирганман. Ўшанда тўгаракни ўтардик. (Энди ҳозирги шароитларни бир кўз олдингизга келтиринг: бокс билан шуғулланаётган ёшларнинг қўлқопи йўқ, деса ҳамма кулади.) Эҳимол ҳозирги шароитлар бўлса, мен ҳам жаҳон чемпиони бўлармидим…
– Кейинчалик – навқирон пайтимда тинимсиз югурардим (10 км.гача), “рукопашный бой” – “қўл жанги санъати” (биз уни каратэ дердик) билан шуғулланганман. Ҳар ҳолда тузуккина қадди-қоматим, “мускулларим” бор эди. Рости, менинг ёлғиз мунтазам шуғулланишимга қишлоқда кўпчилик ҳавас қилган. Пахтазорлар ўртасидан ўтган анҳор бўйида югурардим, машқ қилардим.
– Оилангизда спортчилар борми?
– Профессионал спортчилар йўқ, лекин уч ўғлим ҳам болалигидан спортга қизиққан ва баҳоли қудрат шуғулланган. Ҳозир ҳам ўртанча ва кенжа ўғлим уйда “қўл жанги санъати” ва тошлар билан мунтазам машқ қилишади.
– Ҳозирги кунда ҳам спорт билан ҳамнафасмисиз?
– Очиғи, йўқ. Аммо телевизорда бокс, “қўл жанги санъати”, оғир атлетика бўйича мусобақаларни кўп томоша қиламан. Шуғулланишга аввалги бардош қаёқда ёки вақт дегандай. Бироқ кўпчилик “тенгқурларингиздан ёш кўринасиз”, дейишади – бу спортга олдинги ошнолигимдан бўлса ажабмас.
– Спорт ва адабиёт уйғунлиги ҳақида?
– Аввало соғлом фикрлай олишда. “Соғ танда – соғлом ақл”, дейдилар-ку! Қолаверса, спорт одамни мардликка, енгилмасликка ўргатади. Шу маънода спорт билан шуғулланган ёзувчи ёки шоирнинг ёзганлари ҳам “эркакча” бўлади. Ҳар ҳолда барча нисбатларни тўғри сақлай билади. Яна нима дей?.. Ўзиям жа-а чиройли гапириб юбордим-да…
– Спорт – бу…
– …мардлик, соғлик, жасорат, мафтункорлик, сабот-матонат, агар билим ва саводхонлик билан уйғунлашса, файласуфлик, ўз иши ва орзусида фидолик. Яна…менимча, юқоридагиларга эришган одам ҳаётга ташна бўлади ва ҳаммага шуни соғинади.
“News-Arena” газетасининг 2014 йил 14 март сонидан олинди.