Шоирнинг “Энди куз…” номли янги шеърий китоби нашрдан чиқди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Адиб” нашриётида шоир Наби Жалолиддиннинг янги шеърий китоби нашрдан чиқди. Шоир китобни “Энди куз…” деб номлади. Китоб июнь ойидан бошлаб сотувга чиқарилади.

Китоб 4та бўлимдан иборат: “Мангу яшнар баҳорим”, “Соғинчларим, соғинганларим”, “Марҳаболар, Лайлим, сарсон элига”, “Ўзим аввал, ўзим охир”. Шунингдек, “Чиптасиз одамлар” достони ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.

“Ҳақиқий шеърнинг кечаси, бугуни ва эртаси бор, — деб ёзилади муаллиф дастхатида. — Кечаси шоир юрагида, бугуни қоғозда, эртаси мухлис юрагида. Сизнинг юрагингизни соғиндим!.. Шоирлик не? Шоирлик — бу юрагингни тандирдан узилган иссиқ нон каби бурдалаб-бурдалаб улашиш. Мана, сизга иссиқ нон!”

Мазкур янги китоб 175 саҳифадан иборат бўлиб, ихчам, чўнтакбоплиги ва ўзига хос дизайни билан китобхонларни ўзига ром этишига умид билдирамиз.