Шеър ёзиш Мўминқулнинг жонига тегди. Каттароқ иш яратгиси келди, бош қотира бошлади. Елкасини тўлатиб турган сочларини тўзғитиб, бош қашиб, ўйлади.
Баллада сал кичикроқ. Поэма ёзсамикин? Ҳа, албатта, поэма. Ёзганга яраша каттароқ ёзиш керак, қолаверса, тўлови ҳам кўпроқ бўлади. Хуллас, поэма ёзадиган бўлди. Оппоқ қоғоз олиб, катта-катта ҳарфлар билан “Эсиз, муҳаббат!” деб ёзиб қўйди. Поэманинг номи ҳам тайёр, фақат ёзиш қолди холос.
Папирос кетидан папирос тутатиб, туни билан ёзиб чиқди. Ва ниҳоят поэма ҳам тайёр. Мазмуни қуйидагича: бир йигит бир қизни севиб қолади. Бирдан ораларида жанжал чиқиб, ажралишади. Хуллас, “Эсиз, муҳаббат!”..
Мўминқул поэмасининг охирига “Савлатий” деб ёзиб қўйди. Ахир шоир бўлгандан кейин тахаллуси ҳам бўлиши керак-да…
Иштаҳа билан нонушта қилиб, поэмани қўлтиғига қисганча, редакцияга йўл олди. Тепасига “Адабиёт бўлими” деб ёзиб қўйилган эшикни очди-да, “Мумкинми?”, деди. Стол ортидаги креслода савлат тўкиб ўтирган, эллик ёшлар атрофидаги киши Савлатийга бир муддат тикилиб турди-да, “Келинг!”, деди беэътибор.
— Ассалому алайкум, акахон! Омонмилар? Эшик-эллар тинчми?.. — дея етти букилиб қўл узатди Савлатий. — Аямлар ҳам яхши юрибдиларми?..
— Хизмат? — гапини бўлди ходим.
Савлатий эсанкираб қолди. Қўллари қалтираб, папкасидан поэмасини олди-да, ходимга узатди.
— Поэма олиб келгандим…
Ходим бепарвогина поэмага кўз югуртира бошлади. Дам мийиғида кулиб, дам бошини “сарак-сарак” қилиб, Савлатийга қараб қўярди. Савлатий “поэмам ёқяпти шекилли”, деб, севинганидан оғир-оғир ютинарди…
— Шоирмиз, денг? — энди очилиб гап бошлади ходим.
— Ҳа, шунақароқ… — камтарона жилмайди Савлатий.
— Поэмангиз тузсиз ва қуруқ…
Савлатийнинг кўзлари олайиб кетди. Ахир не-не умид билан ёзган поэмаси “тузсиз” бўлса.
— Нима?.. — деди бақрайиб.
— Тузсиз ва қуруқ…
— Гапингизга тушунмаяпман, а-а…
— Сайфи Каримович.
— Ҳа-ҳа, Сайфи Каримович…
Сайфи Каримович мийиғида кулиб, гап бошлади:
— Поэмангизни “тузли” ва “ҳўл” қилиш мумкин…
— Қандай қилиб? — дея ўрнидан туриб кетди Савлатий.
— Ўтиринг! Бунинг учун ҳаётни яхши ўрганиш керак. Яъни поэмада қаҳрамоннинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг…
— Қизиқ…
— Бирор қизни севинг, кейин у билан ажрашинг. Яъни тузни олиб, устидан қайноқ сув қуясиз, туз эриб, сингиб кетади. Ана шунда поэмангиз “таъмли” ва “ҳўл” бўлади, йигитча.
Савлатий ақлли йигитлардан эмасми, ходимнинг гапларини дарҳол тушунди. Ўзиям шу кунларда зерикиб юрганди. Бир роль ўйнаса, ўйнабди-да. Тағин ўз поэмаси учун…
— Тушундим, Сайфи Каримович! Раҳмат… Хайр…
Савлатий чопганича кўчага чиқди. Энди бўлажак “севгилисини” излаш керак. Ширин хаёллар билан майда-майда қадам ташлаб, одимлай бошлади.
Қанақа қизлардан “севса” экан? Сочи қирқилганиданми ёки узунидан? Шим кийганиданми ёки юбка?.. Шоир Савлатий шу хаёллар билан бораётганди, ногоҳ бир қизга кўзи тушди.
Қизнинг сочлари елкасидан қирқилган, гулдор кўйлак ва “жинси” шим кийганди…
Савлатий қизга бир муддат тикилиб турди-да, сочларини тузатган бўлиб, аста у томон юра бошлади…
Ҳа, Савлатийнинг диди яхши чиқди. Қиз қиз эмас, худди сув париси эди. Савлатий унинг рўпарасига келиб, бироз эсанкираб қолди. Шоиртабиат бу йигитни қизнинг оҳу кўзлари сеҳрлаб қўйганди.
Савлатий ҳам чиройли, кўзга яқин йигитлардан эмасми, “сув париси”нинг ҳам назари унга тушди. Кўзлар тўқнашди…
— Кечирасиз, исмингизни айтинг!
Шоирнинг даб-дурустдан айтган бу гапи қизга ғалати туюлди шекилли, ҳайрон бўлиб сўради:
— Нима-а?..
— Исмингизни айтинг, деяпман!
Қиз яна ҳам ҳайратланди.
— Нега энди?
— Ахир киши билмаган нарсасини кимдандир сўраши керакми? Керак. Мен ҳам исмингизни билмайман. Шундай экан… — Савлатий қизни четроқдаги скамейкага ўтқазди-да, давом этди: — … исмингизни айтинг!
Қиз шоирнинг гапларидан майин кулди-да, “Нилуфар” деди.
— Нилуфар!.. Қандай чиройли исм!
О, Нилуфар, Нилуфар!
Менга ишқдан келтир хабар!..
Шоир Савлатий, — дея қизга қўл узатди… — Нилуфар, мен шоирман, шунинг учун очиғини айтганим яхши. Мен сизни севиб қолдим…
Нилуфар хижолатдан оппоқ тишларини кўрсатиб жилмайди.
— Бу қанақаси? Даб-дурустдан-а?
— Ҳа, Нилуфар! Ҳозир бўшмисиз?
— Йўқ, институтга кетяпман, — деди қиз жиддий оҳангда.
— Бўлмаса, эртага шу пайтда, шу ерда кутаман, майлими? — Нилуфарнинг розилигига ҳам қарамай, қўл узатди: — Хўп, хайр…
Қиз ҳам беихтиёр қўл берди…
Нилуфар йўлда бораркан, бу қувноқ йигитнинг сўзларини эслаб куларди. Савлатий қизга чиндан ҳам ёқиб қолганди…
Савлатий уйга келди-да, поэмасининг бошланғич сатрларини қоралади…
Эртаси куни ўша ерда яна учрашишди. Кинога киришди, паркда сайр қилишди, шаҳар айланишди… Шу тариқа кунлар ҳам ўтаверди. Савлатий ҳар кунги висол таассуротларини поэмасига киритиб борди…
Ва ниҳоят поэманинг “Ажралиш” боби қолди. Савлатий белгиланган пайтда учрашув жойига келди.
— Салом, Савлат ака! — Нилуфар чопқиллаб келдию, Савлатийга қўл узатди.
— Салом! Мен “Савлат ака” эмас, шоир Савлатийман. Тушундингизми? — Савлатий Нилуфардан юзини ўгириб, дўнғиллади.
Нилуфар буни ҳазил деб ўйлади шекилли, хандон отиб кулганча деди:
— Қўйсангиз-чи, шунақа ҳазилингизни, Савлат ака!
— Биринчидан, бу ҳазил эмас, иккинчидан, сиз мен ўйлаган қизлардан эмас экансиз.
— Нима-а?.. — Нилуфар бирдан жиддийлашди. — Нима дедингиз? Ҳали шунақами?.. — у бошқа гап айтолмай, йиғлаб юборди.
— Ҳа, шунақа! — Савлатий шаҳд билан бурилиб, поэмасининг “Ажралиш” бобини ёзгани уйига йўл олди…
Нилуфар йиғлаганча редакцияга борди. “Адабиёт бўлими” хонасининг эшигини зарб билан очиб, ўзини дадасига отди.
— Дадажон!.. Алдаб кетди… Алдади!.. — у дадасини қучоқлаб, шу сўзларни айтаркан, алам билан йиғларди.
— Нима бўлди?.. Ким алдади? — энсаси қотган Сайфи Каримович қизининг сочларини силаганча ҳадеб бир саволни қайтарарди.
Бирдан эшик зарб билан очилди-да, ҳеч нимага қарамай, бақирганча Савлатий кириб келди.
— Поэма битди, Сайфи Каримович!
Нилуфарга кўзи тушдию турган жойида қотиб қолди. Нилуфар ҳам йиғидан тўхтаб, ёшли кўзларини Савлатийга ҳайрат билан тикиб турарди. Сайфи Каримович бошини чангаллаганча креслога ўтириб қолди…
Архивдан.
3-5 март, 1980 йил, уй-интернат.