Барча афғон уруши қатнашчиларини, яқин ва олис қуролдош дўстларимни, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларини Хотира ва қадрлаш куни байрами билан чин юракдан табриклайман!
Азиз дўстлар! Тўғри, сиз билан биз қаҳрамонлар эмасмиз, лекин ўша давр мамлакатнинг мудҳиш хатоси туфайли уруш оловига ташланган ва ўз йигитлик бурчини садоқат билан бажарган, шунингдек, 18-20 ёшида ҳаётнинг оғир синовларига бардош бера олган чинакам эркаклармиз!
Бу ёвуз урушда минглаб йигитлар ҳалок бўлишди, айримлари асирликда дараксиз кетдилар, қанчалари ярадор, ногирон бўлдилар, кўплари руҳан синдилар. Соғломлари эса бу кун она ватан равнақи, эл-юрт, оилалари фаровонлиги йўлида баҳоли қудрат ҳалол меҳнат қилмоқдалар.
Илоҳи, ўтганларнинг охирати обод бўлсин, оила аъзоларига Оллоҳ сабр-бардош берсин! Уларнинг азиз хотираси ҳамиша қалбимизда! Тирикларимизни эса Оллоҳ қадрли қилсин ва жамиятимиз ҳам қадрласин!
Энг ёшимиз 55 ёшга етиб қолдик. Бу кичкина ёш эмас. Демак, халқимиздан эҳтиром кутишга ҳақлимиз.
Балки кимлардир бизлардан кечирим ҳам сўрарлар! Қадрдонларим қаддингизни баланд тутинг, сиз ғурурга, ифтихорга лойиқсиз!!!
Яна бир бор байрамингиз қутлуғ бўлсин!
Наби Жалолиддин,
ёзувчи, Афғон уруши қатнашчиси