Чўлпон образини бадиий талқин қилишга айнан Набижоннинг жазм қилгани каминани жуда қувонтирди, гапни шунинг сабабларидан бошласам. Аввало, зиммамиздаги ҳамшаҳарлик ҳақи адо этилишини, маҳаллийчиликка йўйманг-у, Набижонда андижонликнинг табиати, феъл-ҳуйи, ҳеч бўлмаганда шевасини аслига монанд бериш имкони бошқаларга нисбатан кўпроқлигини ўйлаб қувондим. Яна бир жиҳати, балки асли асосийси ҳам шудир — ўз вақтида муаллиф ҳам юрагида кураш ёлқини билан яшаб кўргани, яъни кураш шавқи, зафар нашидасию мағлубият изтироблари унга бегона эмас, айни ҳол унинг Чўлпонни англашига яхшигина замин бўлади, деб ўйладим.
Чўлпоннинг ҳаёт йўли шундайки, бор ҳолича тасвирланганида ҳам рисоладаги “романий қаҳрамон” талабларига жавоб бераверадигандек. Бироқ бу жуда жўн тасаввур, зеро, бадиият ҳодисаси диспозиция (ҳаёт материали) композиция(бадиий асар)га айлантирилгандагина воқе бўлади. Билгичлар айни шу жиҳатни, яъни диспозицияни композицияга айлантира олиш иқтидорини истеъдод кучини намоён этувчи асосий кўрсаткич санашлари бежиз эмас. Тан олиш жоиз, Набижоннинг аввалги асарларида ҳам мазкур қобилият ниш берган эди, “Тегирмон”да баравж барг ёзибдики, диққатни шундай дейишга асос берган нуқталарга қаратсак.
Аввало, асарнинг эпик кўлами ғоят салмоқли эканини айтиш жоиз — журналхонларга тақдим этилгани бешдан бир қисми, холос. Роман вақти 1932 йилдан бошланса-да, ретроспекция орқали 1875 йил — чор қўшинлари томонидан Андижоннинг забт этилиши воқеалари қадар ёритилган, яъни, хомчўт қилсак, қарийб олтмиш йиллик воқеалар қаламга олинган. Асарнинг ретроспекция усулига қурилгани вақт эътибори билан бир-биридан йироқ, бироқ бадиий концепцияни шакллантириш ва ифодалашда муҳим воқеа-тафсилотларни бир-бирига узвий боғлиқ тарзда уюштириш имконини берган. Дейлик, шоирнинг бобоси Муҳаммад Юнус баҳонасида Андижоннинг фатҳ этилиши, отаси Сулаймонқул баззоз баҳона эса Дукчи эшон қўзғолони воқеалари ёритилган. Албатта, бу тафсилотлар ёш Чўлпон истиқлол дардини юқтирган шароитни тасаввур қилишимиз, унинг ўсмир ёшиданоқ бу йўлда астойдил ҳаракат бошлаганига ишонишимиз учун зарур. Иккинчи ёқдан, улар юртда мавжуд аҳволга уч авлод вакилларидан ҳар бирининг ўзига хос муносабатини намоён этиб, бунинг сабабларини англаш ва англатишга хизмат қилади. Ўз навбатида, худди шу тафсилотлар кейинроқ ота-бола орасида юзага келувчи зиддиятнинг туб омилларини тушунишимизга ёрдам беради. Кўриб турганимиздек, бу ўринда тафсилотлар полифункционаллик касб этмоқда, деталнинг қиммати эса, биласиз, зиммасидаги бадиий-эстетик юкнинг залвори билан белгиланади.
Яна бир муҳим деталь — тегирмон, унинг асарга ном бергани ҳам бежиз эмас. Навқирон ўттиз бешида, мусофирчиликда хасталаниб ётган Чўлпон “ҳаёт — тегирмон” деган хулосага келди, фақат унда “бош чаноқларига ўхшаш буғдой доналари тегирмоннинг япалоқ тоши остига бирин-кетин сурилади … ҳосил бўлган ун қип-қизил — қон тусида… шунинг учун ҳаммаёқ алвон-алвон…” Ўзининг кўрган-кечирганлари асосида Чўлпоннинг шўро тузумини айни шу тарз образли идрок этиши, назаримда, ғоят табиий. Тегирмон таърифидаги мана бу чизги ҳам чинакам бадиий топилма: “Ундаги зим-зиёлик чор тарафи — девору шифтидаги тўқ қизил ранг туфайли бироз ёришгандек кўрингани билан аслида зулумотга тўла”. Қаранг, зулумотни ҳам кўра олиш керак экан-да! Ахир, Чўлпон зулумотни кўриб эзилган вақтлар аксарият кишилар қизилликнинг ишиғига алданиб ўтмадиларми?! Яна бир муҳим чизги: ҳаммаёқ алвон бўлгач, тегирмончининг ҳам “бошдан-оёғи қип-қизил бўлиши аниқ. Бироқ у кўринмасди…” Ҳа, тегирмончи йўқ, лекин тегирмон ўз ҳолича айланаверади — халқимиз бошига тушган шўришларнинг бош сабаби ҳам Ленин, Сталин ва ё бошқаси эмас, тузумнинг ўзи!
Тегирмон асарнинг кўп ўринларида эсланади, муҳими, ҳар гал муайян бир бадиий-эстетик вазифани адо этади: бир ўринда ўқувчи идрокини йўлга солса, бошқасида қаҳрамон руҳиятига кўзгу тутади. Бироқ унинг энг муҳим функцияси — ғоявий лейтмотивни асар давомида вақти-вақти билан эслатиб, таъкидлаб, кучайтириб туришдан иборатдир.
Тағин бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтгим келади. Романда воқеа-ҳодисалар бош қаҳрамон — Чўлпон нигоҳи орқали, урф бўлган ибора билан айтсак, унинг “қалб призмасидан ўтказиб” тасвирланади. Адиб талқинидаги Чўлпоннинг воқеаларга муносабати эса холис ва самимий, у ҳар нени миллат манфаати ва тараққийси нуқтаи назаридан баҳолайди. Мазкур усул қаламга олинган давр воқелигининг теран бадиий идрок этилишига кафолатдир. Муҳими, Чўлпоннинг гоҳи кучли ҳаяжонга йўғрилган, гоҳ эса совуққон ва аксар оғриқли мушоҳадалари орқали ўқувчи ўша давр руҳига яқинлашади, ўзини унга бевосита алоқадор деб ҳис қилади. Адашмасам, муаллиф ўз вақтида М.Горький “Клим Самгиннинг ҳаёти”да, Б.Пастернак “Доктор Живаго”да қўллаган усул, яъни тарихдаги ўта мураккаб — октябрь тўнтариши етилган, амалга ошган ва даҳшатли оқибатлари юз берган даврни зиёли нигоҳидан ўтказиб бериш усулини адабиётимизда илк бор синаб кўришга жазм этган. Неларнидир андишасини қилиб баҳо беришдан тийилгим келади-ю, журъатга, ижодий жасоратга ҳақ бермаслик ҳам инсофдан бўлмаса керак.
Албатта, асарда ҳали сайқалланиши, пишитилиши, пухтароқ ўйлаб кўрилиши зарур бўлган ўринлар йўқ эмас. Хусусан, биографик маълумотлар хронологияси ўзгартирилгани доим ҳам ўзини оқламагандек кўринди; ўтмиш тасвиридаги баъзи фактик чалкашликларга кўзим тушди; фаолиятига ҳозирда турлича баҳо берилаётган айрим тарихий шахсларнинг номи ўзгартирилса дуруст бўлармиди деб ўйладим. Бу камчиликлар жузъий. Муаллифнинг ўзига талабчан ижодкор экани, майли-да, анжанчасига аввал бир “жириллаб” олиб бўлса ҳам камчиликларни тан ола билишини ҳисобга олсак, улар албатта тузатилади…
Набижон ўзига устоз билган атоқли адибимиз Пиримқул Қодиров, “Xайём” билан танишиб чиққач, “Қўлингиздан келади, энди Чўлпон ҳақида роман ёзинг, мен улгурмайман, чоғи!” деган эканлар. Набижонни устоз адиб васият мақомида даъват этган ишнинг уддасидан чиққани, ўқувчиларни яхши асар билан чин дилдан қутлайман.
Дилмурод Қуронов,
филология фанлари доктори, профессор
“Шарқ юлдузи” журналининг 2015 йил 2-сонидан олинди.