Наби Жалолиддин таржимаси
ҚАТНАШУВЧИЛАР:
Калигула
Цезония
Геликон
Сципион
Херея
Сенект, қари зодагон
Метелл
Луций
Лепид
Октавий
Девонбеги
Мерейя
Муций
Биринчи соқчи
Иккинчи соқчи
Биринчи хизматчи
Иккинчи хизматчи
Учинчи хизматчи
Муцийнинг хотини
Биринчи шоир
Иккинчи шоир
Учинчи шоир
Тўртинчи шоир
Бешинчи шоир
Олтинчи шоир
Еттинчи шоир
Биринчи, учинчи, тўртинчи саҳналар Калигуланинг саройида бўлиб ўтади; иккинчиси — Хереянинг уйида. Биринчи ва қолган саҳналар орасида уч йил ўтади.
БИРИНЧИ САҲНА
БИРИНЧИ КЎРИНИШ
Саройнинг хосхонасида зодагонлар тўпланган, улардан бири жуда ҳам қари: улар ошкора асабийлашмоқдалар.
Биринчи зодагон. Ҳеч қандай хабар йўқ.
Қари зодагон. Тонгда ҳам, кечда ҳам.
Иккинчи зодагон. Уч кундирки, ҳеч қандай дарак йўқ.
Қари зодагон. Югурдаклар тинмай бориб-келмоқдалар. Улар бош тебратиб, «ҳеч қандай хабар йўқ», демоқдалар холос.
Иккинчи зодагон. Бошқа қиладиган ишлари йўқдай теварак-атрофни титкилаб чиқишди.
Биринчи зодагон. Дарров хавотирланишнинг нима кераги бор? Кутайлик-чи. Балки қандай кетган бўлса, шундай қайтиб келар.
Қари зодагон. Мен унинг саройдан чиқаётганини кўргандим. Қарашлари бошқача эди.
Биринчи зодагон. Мен ҳам ўша ерда эдим ва ундан нима бўлганини сўрагандим.
Иккинчи зодагон. У нима деди?
Биринчи зодагон. «Ҳеч нарса» — у шу биргинани айтди холос.
Пауза. Пиёз чайнаб, Геликон кириб келади.
Иккинчи зодагон (аввалгидай асабий). Жудаям хавотирдаман.
Биринчи зодагон. Эй-й, ёшликда ҳамма ҳам шундай бўлади.
Қари зодагон. Албатта, аста-секин ўтиб кетади.
Иккинчи зодагон. Шундай деб ўйлайсизми?
Биринчи зодагон. У унутади, деб умид қиламиз.
Қари зодагон. Турган гап. Бирини йўқотса, ўнтасини топади.
Геликон. Ҳаммасига муҳаббат сабаб эканини қаёқдан била қолдинглар?
Биринчи зодагон. Бўлмаса, не сабаб?
Геликон. Эҳтимол жигари оғриб қолгандир. Ёки шунчаки ҳар куни сизларни кўравериш жонига теккан. Агар вақти-вақти билан ўз башараларини ўзгартириб тура олганларида эди, атрофдагиларга тоқат қилиш осонроқ бўларди. Афсуски, бу дастурхон ўзгармасдир. Ҳамиша бир хил қовурма.
Биринчи зодагон. Мен эса ҳаммасига севги сабаб деб ўйлагим келяпти. Шуниси таъсирлироқ.
Геликон. Ва таскин бўлгулик, асосийси, анча таскин бўлгулик. Бу шундай дардки, у на ақллиларни, на аҳмоқларни аяб ўтиради.
Биринчи зодагон. Нима бўлганда ҳам, куйиб-ёнмоқ, бахтимизга, мангу эмас. Сиз бир йилдан ортиқ азоблана оласизми?
Иккинчи зодагон. Мен — йўқ!
Биринчи зодагон. Бу ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.
Қари зодагон. Акс ҳолда яшаш ҳам мумкин бўлмасди.
Биринчи зодагон. Ана кўрдингизми? Биласизми, ўтган йили хотинимдан жудо бўлдим. Кўп йиғладим, кейин эса унутдим. Гоҳо ғамгин бўлиб қоламан. Аммо, умуман олганда, бу ҳеч нарса эмас.
Қари зодагон. Табиат ҳаммасини донишмандона тартиблаган.
Геликон. Сизларга қараганимда, гоҳо унинг, яъни табиатнинг ҳам хатолари бўладигандек туюлаверади.
Херея киради.
Биринчи зодагон. Нима гап?
Херея. Ҳамон ҳеч қандай дарак йўқ.
Геликон. Тинчланинг, тинчланинг, жаноблар! Ўзимизни бинойидек тутайлик. Рим салтанати — бу биз. Агар биз ўз қиёфамизни йўқотсак, салтанат бошини йўқотгусидир. Ҳозир фурсати эмас, асло фурсати эмас! Аввалига нонушта қилгани борамиз, бу салтанат учун фойдали.
Қари зодагон. Тўппа-тўғри, ҳар хил хомхаёлларни деб, бор нарсаларни унутиш жоиз эмас.
Херея. Бу менга ёқмай турибди. Бироқ ҳаммаси жуда яхши кетаётганди. У етук император эди.
Иккинчи зодагон. Ҳа, айни кераклиси: виждонли ва тажрибасиз.
Биринчи зодагон. Сизларга не бўлди ўзи, нега бунча оҳ-воҳ қиласиз! Нима учун у ишни аввалги кайфиятда давом эттирмаслиги керак? Албатта, у Друзиллани севарди. Бироқ бу аёл унинг синглиси эди. У билан бирга ётиб-тургани ҳам етарли-ку. Унинг вафоти учун бутун Римнинг ҳаловатини бузиши — бу энди мутлақо қуюшқонга сиғмайди.
Херея. Барибир. Бу менга ёқмаяпти ва унинг қочиб юришини ҳам тушунолмаяпман.
Қари зодагон. Ҳа, оловсиз тутун бўлмайди.
Биринчи зодагон. Ҳар нима бўлганда ҳам, азбаройи давлат манфаатлари учун қон гупиришининг фожеага айланишига йўл қўймаслик керак. Шундай экан, майли, қон гупирсин, лекин астагина.
Геликон. Биласизми, қон гупириши, албатта, қандайдир шовқин чиқаради. Агар таъбир жоиз бўлса, каравот ғичирлайди. Айтгандай, бу ерда гап Друзиллада эканини сизларга ким айтди?
Иккинчи зодагон. Бўлмаса, нимада?
Геликон. Ўйлаб кўринг. Бахтсизлик худди уйланишга ўхшайди, билсангиз. Сен ўзим танладим деб ўйлайсан, оқибатда эса сени танлаганлари аён бўлади. Нима ҳам қила олардинг? Калигуламиз бахтсиз, аммо балки негалигини унинг ўзи ҳам тушунмас. Тўғрироғи, у ўзини қийин-қистовга олаётганларини ҳис қилиб, шунинг учун ҳам қочиб қолгандир. Унинг ўрнида сизу биз ҳам шундай қилган бўлардик. Масалан, мана мен, агар ўзимга ота танлаш имкониятини берсалар, мен мутлақо туғилмаган бўлардим.
Сципион киради.
ИККИНЧИ КЎРИНИШ
Херея. Янгилик борми?
Сципион. Ҳозирча йўқ. Аллақандай деҳқонлар айишяптики, кеча кечқурунги жалада унинг шу яқин атрофдан югуриб ўтганини кўришганмиш.
Херея сенаторларнинг олдига қайтади. Сципион ортидан эргашади.
Херея. Дарров уч кун ўтдими, Сципион?
Сципион. Ҳа. Ҳар доимгидек унинг ёнида эдим ва ҳаммасини кўрдим. У Друзилланинг жасадига яқин келди. Бармоқлари билан уни силади. Сўнг гўё ўйга ботгандай бўлди ва ортига қайрилдию, шаҳд билан юриб чиқиб кетди. Ўшандан бери уни излашади.
Херея (бош тебратиб). Бу йигитча адабиётни жуда севарди.
Иккинчи зодагон. Унинг ёшида бу табиий.
Херея. Лекин бу унга тўғри келмайди. Император-ижодкор — бунга ҳатто ақл бовар қилмайди. Албатта, бизда бир-иккита бундайлар бўлган. Тиррақи бузоқлар ҳамма ерда бор. Бироқ бошқаларда амалдор бўлиб қола олиш диди етарли эди.
Қари зодагон. Шуниси тинчроқ эди.
Қари зодагон. Барчанинг ўз ҳунари бор-да.
Сципион. Нима қилиш мумкин, Херея?
Херея. Ҳеч нарса.
Иккинчи зодагон. Кутамиз. Агар у қайтиб келмаса, уни алмаштиришга тўғри келади. Гап орамизда қолсину, императорлар бизда етарли.
Биринчи зодагон. Ҳа, бизда ҳақиқий инсонлар етишмайди холос.
Херея. Агар у хавфли бир қайфиятда қайтса-чи?
Биринчи зодагон. Ишонинг, у ҳали гўдак, биз уни ҳақиқат йўлига соламиз.
Херея. Агар у насиҳатларимизни эшитишни истамаса-чи?
Биринчи зодагон (кулади). Нима қипти! Ахир давлат тўнтариши ҳақидаги рисолани қачонлардир мен ёзмаганмидим?
Херея. Албатта, мабодо зарурат туғилса! Лекин мени ўз китобларимдан айирмасликларини истардим.
Сципион. Авфу этгайсизлар (кетади).
Херея. Ранжиди шекилли.
Қари зодагон. У ҳам бола. Ёшларнинг ҳаммаси бир гўр.
Геликон. Бир гўрми ёки йўқми, улар ҳам барибир қарийди.
Соқчи хабар келтиради: Калигулани сарой боғида кўришганмиш. Ҳаммаси кетади.
УЧИНЧИ КЎРИНИШ
Саҳна бир неча лаҳза бўш туради. Чап томондан писиб-беркиниб, Калигула киради. Унинг қиёфаси аянчли, кийимлари ифлос, сочлари ҳўл, оёқлари лойга беланган. У оғзини бир неча бор кафти билан беркитади. Кўзгу томон юради ва ўз аксини кўриб, тўхтайди. Нималарнидир тушуниксиз алжирайди, кейин ўнгга юради, қўлларини тиззалари орасида осилтириб ўтиради. Чап тарафдан Геликон кириб келади. Калигулани кўриб, саҳнанинг бурчагида тўхтайди ва унга сўзсиз тикилади. Калигула ўгирилади ва уни кўради. Пауза.
ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ
Геликон (саҳнани бошига кўтариб). Салом, Гай!
Калигула (жўнгина). Салом, Геликон.
Жимлик.
Геликон. Чарчаганга ўхшайсан?
Калигула. Кўп юрдим.
Геликон. Ҳа, анча вақт йўқ бўлдинг.
Жимлик.
Калигула. Топиш мушкул бўлди.
Геликон. Нимани топиш?
Калигула. Излаган нарсамни.
Геликон. Нени излагандинг?
Калигула (аввалгидек жўнгина). Ойни.
Геликон. Нимани?
Калигула. Ҳа, ойни излагандим.
Геликон. Ҳм-м… (Жимлик. Яқинроқ келади.) Нечун?
Калигула. Шунчаки… У менда йўқ нарсалардан бири холос.
Геликон. Тушунарли. Хўш, энди ҳаммаси жойидами?
Калигула. Йўқ, уни ушлолмадим.
Геликон. Афсус.
Калигула. Ҳа, шунинг учун ҳам толиқдим. (Пауза.) Геликон!
Геликон. Ҳа, Гай.
Калигула. Сен мени савдойи бўлиб қолди деб ўйлаяпсанми?
Геликон. Мен ҳеч қачон ўйламаслигимни жуда яхши биласан. Унчалар аҳмоқ эмасман.
Калигула. Ҳа. Ҳар ҳолда ақлдан озганим йўқ, аксинча, фикрим ҳар қачонгидан ойдинроқ. Биласанми, туйқусдан менга бўлиши мумкин бўлмаган нарсалар кераклигини пайқаб қолдим (Пауза). Назаримда, мавжуд нарсаларнинг тартиботлари мутлақо яроқсиздир.
Геликон. Жудаям оммалашган фикр.
Калигула. Тўғри. Бироқ шу пайтгача бу нарсани билмасдим. Энди эса биламан. (Яна аввалгидек жўнгина.) Бу оламни шундайлигича қабул қилиб бўлмайди. Шунинг учун менга ой керак, ёки бахт, ёки абадий ҳаёт, майли, қанақадир ақл бовар қилмас нарсами, зарур, фақат у мана шу оламдан бўлмаса бас.
Геликон. Мантиқли мулоҳаза. Лекин ҳамма ҳам мантиққа амал қилавермайди.
Калигула (ўрнидан тураркан, ўшандай жўнгина). Сен бу борада ҳеч нарсани тушунмайсан. Одамлар мантиққа мутлақо амал қилмаганликлари учун ҳам ҳеч нарсага эришиб бўлмайди-да. Лекин аслида то охиригача мантиққа суяниб яшашгина зарурдир балки. (Геликонга қарайди.) Нима ҳақда ўйлаётганингни биламан. Биргина аёлнинг ўлимига шунча тўполонми! Йўқ, гап бунда эмас. Рост, бир неча кун аввал мен севган аёл оламдан ўтганини эслагандай бўламан гўё. Бироқ севги ўзи нима? Арзимас нарса. Онт ичаманки, у ўлимнинг бунга дахли йўқ. Фақат у менга ойнинг зарурийлиги ҳақидаги ҳақиқатни аниқлаб берди. Бу жуда содда ва жудаям равшан ҳақиқат, лекин уни ўзинг учун кашф этиш қийин ва ҳазм қилиш оғирроқ.
Геликон. У қандай ҳақиқат экан, Гай?
Калигула (ўгирилиб, овозини ўзгартирмай). Одамлар ўладилар ва улар бахтсиздирлар.
Геликон (жим туриб). Менга қара, Гай, бу ҳақиқатга бемалол кўникиш мумкин. Атрофингга бир қарагин. У одамларни нафсларидан маҳрум қилаётганлари йўқ.
Калигула (бирдан жунбушга келади). Демак, мени ёлғон қуршаб олган, мен эса уларнинг ҳақиқат ила яшамоқларини истайман! Ва менда айнан уларни ҳақиқатда яшашга мажбур этувчи восита ҳам бор. Ахир уларга нима етишмаслигини жуда яхши биламан-ку, Геликон. Уларда билим йўқ ва уларга нима деётганини ўзи яхши тушунгувчи мураббий етишмайди.
Геликон. Гапимга хафа бўлмагину, Гай, олдин бир ҳордиқ чиқариб олишинг керакмиди.
Калигула (ўтиради ва майин овозда гапиради). Иложим йўқ, Геликон, энди бу ҳеч қачон қўлимдан келмайди.
Геликон. Нечун?
Калигула. Агар ухлагудай бўлсам, ойни ким олиб беради менга?
Геликон (жим туриб). Бу ҳам тўғри.
Калигула қийинчилик билан ўрнидан туради.
Калигула. Менга қара, Геликон. Анави ёқдан қадам товушлари эшитиляпти. Мени кўрганингни айтма ва унут.
Геликон. Тушундим.
Калигула чиқа бошлайди. Ўгирилади.
Калигула. Ва бундан буён менга ёрдам бер, ўтинаман.
Геликон. Бундай қилмасликка менда сабаб йўқ, Гай. Лекин кўп нарса билсам-да, оз нарса менга таъсир этади. Сенга қандай ёрдам беришим мумкин?
Калигула. Имконсиз нарсада.
Геликон. Ҳаракат қиламан.
Калигула кетади. Сципион ва Цезония шошиб кириб келадилар.
БЕШИНЧИ КЎРИНИШ
Сципион. Ҳеч ким йўқ. Сен уни кўрмадингми, Геликон?
Геликон. Йўқ.
Цезония. Геликон, у қочиб кета туриб ростдан ҳам ҳеч нарса демадими?
Геликон. Мен унинг учун надим эмас, томошабинман. Шуниси маъқулроқ.
Цезония. Ўтинаман.
Геликон. Азизам Цезония. Гай художўй, бу барчага маълум. Бошқача айтганда, у ҳали тушунмади. Мен эса тушундим ва шунинг учун ҳеч нарсага аралашмайман. Лекин агар Гай тушуна бошласа борми, у ўзининг юмшоқ кўнгли билан, аксинча, ҳар нарсага аралашавериши мумкин. Уёғи нима бўлишини ёлғиз Худонинг ўзи билади. Вале авфу этгайсиз, нонушта пайти бўлди! (Геликон кетади.)
ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ
Цезония ҳорғин ўтиради.
Цезония. Унинг бу ердан ўтганини соқчи кўрибди. Лекин бутун Рим Калигулани ҳамма ёқда кўрмоқда. Калигула эса аслида фақатгина ўз ягонасини кўрмоқда холос.
Сципион. Қандай ягонасини?
Цезония. Мен қаёқдан билай, Сципион!
Сципион. Друзилла?
Цезония. Ким билсин? Бироқ у ростдан ҳам уни севарди. Кечагина бағрингни илитган аёлнинг бугун ўлаётганини кўриш — бу чиндан ҳам аламли.
Сципион (ювошгина). Сен-чи?
Цезония. Мен? Мен эски жазманман холос.
Сципион. Цезония, уни қутиқариш керак.
Цезония. Демак, уни яхши кўрасан?
Сципион. Мен уни севаман. У менга меҳрибон эди. У мени уйғотди. Унинг баъзи сўзларини эслайман. Ҳаёт осонмас, дерди у, лекин бизга дин, санъат ва муҳаббат берилган. Бировга озор берган зот қаттиқ янглишганини у тез-тез қайтариб турарди. У одил бўлишни истарди.
Цезония (ўрнидан тураркан). У бола эди. (Кўзгу олдига келади ва унга тикилади.) Менинг ўз танамдан бошқа худойим бўлмаган ҳеч қачон. Бугун айни шу худога илтижо қиламанки, токи менга Гайни қайтариб берсинлар.
Калигула киради. Цезония ва Сципионни кўриб, қатъиятсизлик билан ортига чекинади. Айни шу дақиқада қарама-қарши томондан зодагонлар ва сарой бошқарувчиси — девонбеги кириб келади. Улар эсанкираганча тўхтайдилар. Цезония ўгирилади. У билан Сципион Калигулага интиладилар. Калигула эса қўл ишораси билан уларни тўхтатади.