Бирор қизни севиб, ҳар қанча изҳори дил қилинг экану, уйлангандан кейин фалон-писмадон қиламан, дея ваъда берманг экан. Ваъда берганнинг биттаси мана мен. Маликаи Гуландомга кунора кинога олиб бораман, дер эдим. Ҳозир эса ўша мажбурият тегирмон тошидек ҳар куни елкамни эзади. Бизнинг қишлоқ қурғурда кинотеатр бўлса ҳам бир нави эди. Ҳар замонда чойхонада кино кўрсатишадию, шунда ҳам нуқул эркаклар киради. У ерга хотинингизни етаклаб боринг-чи, одамлар оғзи қолиб, товонининг таги билан кулади. Хотин билан кино кўраман деган одам шаҳарга тушиши керак, албатта. Бу эса бутун бир кун асфаласофилин деган гап.
Бир куни кечқурун севиклигим таклиф киритиб қолдилар:
— Сайёржон ака, эртага кинога борайлик, шаҳарда янги индийский фильм кетяпти экан.
— Кинога ўтган дам олиш куни бордик-ку, Пари, — дедим эркалаб.
— Вой, ваъдаларингиз эсдан чиқдими? Ҳам буниси янги экан-да, акажон!..
— Номи қанақа экан?
— Қандайдир “мест”мией, “закон”ми… Ўзбекчасини билолмадим.
— Индийский кинониям ўзбекчаси бўладими? У ўз номи билан индийский. Хўп, эртага борамиз. — Бошқа нима ҳам дердим. Хотин амри вожиб, ҳам тўрт ойлик келин, қолаверса, ҳўв ўша ваъдалар.
Эрталаб туриб, ювиниб-тарандик. Иккаламиз гул-гул очилиб, шаҳарга йўл олдик. Автобусда биздан олдиндаги ўриндиқда ўтирган ўрта яшар одам ёнидаги шеригига ўша “индийский кино” ҳақида оғиз кўпиртириб гапирарди.
— Ўзиям киномисан кино экан-да. Бояги бола йигирматачасини, даже унданам кўпроқ эди, яхши санамадим, шунақаям солдики. Яна улар хоккей таёғу лўмлар билан уришди…
— Номи нима экан? — сўради шериги.
— “Мест”ми, хах, “закон”миди, эсимдан чиқибди… Шундай қилиб, ўша бола отасини ўчини олиши керак эди-да…
Кинотеатрга етиб келдик. Ҳали эрта бўлишига қарамай, одам чайқов бозоридагидек. Нима бало, улар шу ерда тунашганми, дейман. Билет сотиляпти. Ур-йиқит, сўкинишлар, бақиришлар бепул. Билет олиб чиққан кишининг ё ёқаси йўқ, ёки шимининг пойчаси йиртилган, ёхуд юзи шилинган, кўкарган. Ҳақиқатан ҳам зўр кинога ўхшайди. Мен ҳам севиклигу тўтиёимни бир четда қолдириб, оломон ичига шўнғидим. Бир ярим соат сур-сур қилиб ҳам билет ололмадим. Майли, ўн бирдагиси бўлмаса, иккидагиси бўлар, дедим-да, яна кассага ёпишдим. Қарасам, ололмайдиганман. Шартта кассирларнинг ташқаридаги “югурдак”ларидан, битта червоннинг баҳридан ўтиб, иккита билет сотиб олдим. Эрталаб нонушта қилмаганимиздан қорин ҳам очди. Овқатланиб келайлик, десак, залга кириш учун ҳам навбатда туриш керак. Бўлмаса, қўлда билет билан кўчада қолиб кетаверасан.
Ва ниҳоят бир амаллаб иккинчи сеансга залга кириб олдик. Кино бошланди. Бир бор экан, бир йўқ экан… Йўғ-е… Ажаб дилни қитиқловчи куй. Бир камбағал йигит ўрмонда юрибди. Поезд ўтяпти. Поезднинг бир томонидаги пастликда йўл. Унда бир қиз кетяпти. Бирдан қиз йиқилиб тушди. Анча нарида катта юк машинаси елиб келяпти. Буни кўрган йигит яшин тезлигида кетаётган поезднинг остидан думалаб ўтиб, қизни қутқариб қолди. Қўшиқ. Қиё боқишлар. Севги. Уларда ҳамма нарса осон. Мен шу ёнимда ўтирган хотинимнинг кўнглини оламан деб икки йил сарсон бўлганман… Хуллас, улар ўғил кўришди. Кейин уларни бандитлар отиб кетди. Ўғли кўзанинг орқасида яшириниб қолди. Тиланчилик қилди. Улғайди. Бойиди. Севди… Бир пайт қарасам, хотиним пиқ-пиқ йиғлаяпти. Залда ўтирган аёл боши борки, ёнидаги елкага суянган… Кейин хоккей таёқлар, занжир ва чўқичлар… Ўч… Қўйингки, ўша Жими ёки Ражу муроду мақсадига етди. Кино тугади. Севишганлар қўлтиқлашган. Ҳар бир йигит ўзича Жими ёки Ражу. Биз ҳам қўлтиқлашиб, зинапоялардан тушаётсак, бир йигит хотинимни елкаси билан туртиб, шошиб ўтиб кетди. Жаҳлим чиқди.
— Ҳов, тўнка, кўзингга қарамайсанми!.. — дедим ўдағайлаб.
Йигит “ҳозир” дедию одамларни ёриб, ташқарига тез чиқиб кетди. Биз ҳам аста ташқарига чиқсак, бояги “ҳозир” деган йигит ёнида бештаси билан ҳозир бўлиб турган экан. Дарров йўлимни тўсишди. Ахир буларнинг таёғида хоккей таёғи йўқ-ку. Ҳам бор-йўғи олти киши. Ўша мен ҳам Жими ёки Ражудан кам эмасдим. Муштлашдик. Лекин мен ҳатто бир мушт ҳам уролмадим. Яхшиям мендек шўр пешоналар бахтига милиция аталмиш халоскор битилган. Улар қочиб кетди. Менинг эса ҳаммаёғим моматалоқ. Қоринни сичқон кемиряпти. Қайтишда автобусда келаётсак, эрталабки одам яна бир бошқа ҳамроҳига ўша кинони мақтаяпти:
— Ўзиям киномисан кино экан-да. Бугун саккизинчи маротаба кўрдим… Ҳалиги бола йигирматасини…
Жаҳлим чиқиб кетди. Мени олтита тирмизак дўппослади-ку…
— Ундан ҳам кўп!.. — дедим бояги одамга кесатиб.
У менга бир қараб қўйди-да:
— Ҳа, кўпиди… Мен яхши санолмадим-да… Кейин ҳалигиларни…
Мен энди чидолмадим:
— Дўппсолайверди-дўппослайверди… Лекин қон ҳам чиқмади, бир жойи кўкармади ҳам. Мени эса дабдала қилишди. Ҳе ўша киноингниям!..
Бояги одам сўкинди. Мен ёқасига ёпишдим. Яхшиям, ажратиб қолишди… Севиклигим йиғлади. Йиғлайди-да, эри Жими ёки Ражу бўлолмагандан кейин…
Архивдан. 1987 йил 16 январь