Ковак

ТУШ

Тошдан-тошга сакрай-сакрай кечувдан ўтиб бораркан, унинг миясида биргина ўй бор эди — иложи борича пойабзалини ҳўл қилмаслик. Ўнг пойининг тагчарми ейилиб кетган, бир томонга қийшиқроқ босганидан таги тугмадеккина тешилиб қолган эди. Ўша жойдан озгина сув кирди дегунча пайпоғи жиққа ҳўл бўлар, кузнинг охирроғи эмасми, оёғи анча-мунча совқотарди. Тўғри, бу ҳозир хавфлимас, аммо бугун билинмаса ҳам, кейинча — ёш ўтганда бўғин оғриғи азоб бериши мумкинлигини ўйлар ва эҳтиётланишга уринарди. Аслини олганда, ўзи ҳали ёшми ёки йўқми, буни ҳам аниқ айтолмасди. Ҳар тугул ўттиз еттини қоралабди, бу ёшда одам эртасига астойдил қайғура бошлайди.

Кечув — сойнинг энсизроқ ва саёзроқ жойи. Аслида-ку ҳозир сой суви анчагина озайиб кетган-а. Буёғи энди кузчилик-да, кузда у қуримоқдан бери бўлади. Майда-чуйда тошларни ҳам кўмолмай, шилдираб-шилдираб оқади. Кирғоқларида нами қочган тошлоқ-майдонлар ҳосил бўлган, нарироқда, баҳорда уввос солиб, тўлиб-тошиб оққан тўлқинининг кескин-кескин талвасаю бебошликларидан юзага келган пичоқда кесилгандай тик жарлик уч-тўрт одам бўйи бўлиб, гердайиб турибди. Ёз қуёшида беаёв тобланган қизғиш тупроқлари қиздирилган тандирни эслатади. Тошлоқ эса, қуритиш учун офтобга ёйиб қўйилган ёнғоқлар каби қадам тегар-тегмас шалдирайди, фақат тошлар шалдираши қўполроқ, оғирроқ эшитилади.

Қисқаси, у тешик ботинкасига сув киргизмасликка уринади. Ҳар одимда атайлаб териб қўйилган-дай турган, ҳажми ҳийла катта, лекин оёқ тушаверганидан япалоқлашган тошлар, узунасига бир чизиқ билан қаралганда илон изини эслатар, у ана шу илон изи бўйлаб қарийб сакраб-сакраб борар, баъзан йиқилгудай тебраниб кетар, мувозанатини сақдаш учун бир қўлини посонги қилиб, бир оз туриб қоларди. Шиддираб оқаётган тип-тиниқ сув баъзи тошларнинг икки ёнбошини айланиб ўтса, баъзила-рининг устидан ошиб ўтишга интилар ва шапалоқдек жой қолганда шашти етмай, яна икки ёнига сирпаниб тушиб кетарди-да, ўз ўзанига қўшиларди. У оёғини ҳўл қилиши мумкин бўлган ана ўша тошларга ҳадик аралаш қараб қўярди…

Ва ниҳоят бу қирғоқдаги тошлоққа етиб одди. Худди шу кечув жойидан уч-тўрт қадам нарида — жар ёқасида қийшайиб ўсган улкан қари ўрик дарахти бўлиб, анча жойга соя ташлаган эди. Ўрик остида ярмини жар тупроғи кўмган харсанг ётар, бир қарашда унинг тупроқ ёки тош эканлигини ажратиб бўлмас ва у қари ўрик соясида ғалати қорайиб турарди. Жар тагидан юрган одам унга биринчи бор рўпара келса, ногоҳ сесканиб, ваҳимага тушиши ҳам мумкин эди.

У кечувдан ўтиб, ана ўша қора тошга беихтиёр лоқайд тарзда бир нигоҳ отди-да, қум-шағални шалдиратиб юра кетди. Шу пайт бир нарса жуда қаттиқ ванғиллади ва ўнг қўлтиғининг орқа қисми «жиз» этиб ачишди ёки аввал ўнг қўлтиғининг орқа қисми ачишиб, сўнг нимадир ванғилладими, нима бўлганда ҳам у чап тарафга силтаниб кетди. Шу пайт миясидан, милтиқ отилдими, деган ўй яшин тезлигида ўтди ва ўша силтаниш асносида ёнбошга икки-уч қадам довдираб кетди. Боши бир томонга қийшайди…

 

ЎНГ

 

У кечувдан ўтиб бораркан, ҳозирги бирдан-бир ташвиши пойабзали ўнг пойидаги тешикни сувдан эҳтиёт қилиш эди. Яхшики, ҳозир сув чап тарафидан оқмоқда, яъни шилдираб оқаётган муздек сув ўнг оёғининг чап ёнбошига урилади, тешик эса ўнг томонда. Демак, сув кириб кетишидан бемалол сақланиш мумкин. Аммо бир тошдан иккинчи бир япасқи тошга сакрадию, мувозанатини йўқотиб, йиқилишига оз қолди, яхши ҳамки икки қўлини икки тарафга посонги қилиб улгурди ва ўзини ўнглаб олди. Чап қўлидаги думалоқланган эски «умумий» дафтарни ўнгига олиб, қаттиқроқ қисди. Худди жилмаяётгандай кўрингувчи хиёл қисиқ кўзларини тип-тиниқ сувга тиқди. Тош устида турган кўйи беихтиёр чўнқайди, қулоқларини ёқимли овоз сийпалади. Бу сув овози — одатда киноларда ариқлар худди шунақа шилдирарди. Жудаям тиниқ, жарангдор овоз, бошқа бирон-бир товуш қўшилмаган. Тавба, намунча зилол? Негa шу пайтгача эшитмаган экан? Ё эътибор бермаганми? Шунақа бўлса керак-да. У қўлидаги дафтарини тиззалари билан қорни орасига қисиб, кафтларига сув олди. Сув жуда совуқ эди. Шу қадар муздекки, қўллари бир лаҳза ҳам бардош қилолмай тўкиб юборди. Аслида у сув ичмоқчи эди, тиниқлигидан завқланганди. Совуқлигини билгач, эти сесканди. Дафтарни қўлтиғига қистириб, ўрнидан турди, қўлларини шундоқ ҳам ялтираб, яғирлангандай қўрингувчи костюмига артган бўдди. Дарвоқе, костюм ҳақида: ҳозир эгнида таранг тортилиб, тугмалари узилиб кетгудай турган ва ҳар бир тугма тўғрисидан икки биқинга томон тарам-тарам «ариқчалар» кетган бу костюм қачонлардир янги бўлган, албатта. Бу туриши (аслида бундан бошқача ҳам бўлиши мумкин эмасди-да, зеро, унинг ичидан кийилган пахталик камзул ва унинг ичидаги қалин жемпер костюм жониворни шунақа «пўрим» қилиб юборганди) хийла аянчли ва бир оз кулгили кўринса-да, бир пайтлар эгасига бахш этган нашъу-намони инкор этишга изн бермайди. Илло, унинг эгаси бир пайтлар костюм-шимларини пичоқ тиғидай ялтиратиб киярди. Қишлоққа келдию… Йўқ-йўқ, қишлоққа ўрганиб, бола-чақаси кўпайдию, ўзига унча қарамай қўйди. Эҳ-ҳе, бир замонлар — талаба бўлган йиллари барча тенг-тўшларию курсдошлари унга ҳавас қилишарди. У ясан-тусанда биринчи, қадди-қоматда биринчи ва ниҳоят қош-қўз борасида ҳам биринчи эди. Қизлар уни деса «ўлиб» қолишарди, бир лаҳза ёлғиз қўйишмасди, ҳатто кечалари ҳам қувлаб юришарди. У физика-математика факультетининг юлдузи, шоири эди. Нима жин урдию институтда қолишни истамай, қишлоғига жўнаворди. Ҳамма лолу ҳайрон қолди, институтни тебратган шундоқ йигит қишлоғига, янаки тупканинг тубидай ерга кетворса-я. Ким билади, балки у ғафлатга ботган чекка қишлоғини уйғотмоқ ташвишидамиди? Балки… Лекин мана, йигитлик умри ҳам чекинмоқдаки, шу жойларда қолиб кетди ва эзгу ниятларини аллақачон унутиб юборди. Борингки, қўли калта экан.

Яна костюм ҳақида: буни тўрт йил бурун янги ўқув йили арафасида олганди. Ўшанда бу киройи либос билан қишлоқнинг олди домласи бўлганди, ўзиям либосга қўшилиб очилиб кетганди. Шимини хотинига ҳар куни дазмоллатарди, бечора, қўли чиқиб кетгани боис, қийнала-қийнала ғудрана-ғудрана дазмоллар ва шу бўлмағур, кераксиз юмушни деб зарил ишлари қолиб кетаётганидан нолирди. Эр эса дазмол бостиришдан чарчамасди. Лекин маданийлаштириш жараёни атиги икки ойча давом этди, зеро, ичидан камзул ва жемперлар кийилгач, костюм кўркини йўқота бошлади — пахта тиқилган қопга ўхшаб қолди. Дазмол ҳам ниҳоят яна эски сандиқ тагида узоқ-узоқ ётадиган бўлди. Тез орада костюм жонивор измолари кенгайиб, ёқалари тепага қайрилиб қолди. Энди у ҳамиша шундан нолийверади: нега костюми текис турмайди, шимининг тиззаси икки кунда жижи бола калласидай думалоқ бўлиб қолаверади? Нега унақайкин-а? Нима, пешонасига фақат ёқаси бужмалоқ костюму тиззаси думалоқ шим кийиш ёзилганми? Э-э, аслида одам кийим танлайдими ёки кийим одамни? Унингча, либос одам танлаши тўғри бўлса керак. Акс ҳолда нега энди туппа-тузук костюм-шим ҳам менга нолойиқ бўлиб қолди? Мана, масалан, мен пахталик (фуфайка дейишадими) кийволсам жуда-жуда ярашса керак. Чунки шунга муносиб одам эканлигим аниқ.

Навбатдаги тошга эндигина ирғимоқчи бўлганда, ҳозирги ўтиб келган нариги қирғоқдаги жар остида ўсган буталар орасида кўриниб турган кичикроқ пақир оғзидек ковакка кўзи тушди. Мўлжалидаги тошга қўниб, ҳалиги ковакка тикилганча туриб қолди. Эрталаб ишга бораётганида ўша тешикка: нимадир кириб кетгандай бўлувди. Каттароқ мушукдекми ёки кичикроқ итдекми келадиган ўша жониворнинг нима эканлигини билолмай қолувди. Ранги ё қорайди, ёки оқимтир эди. Балки бутунлай бошқа рангдадир. Нима бўлгандаям ўша ковакка нимадир кириб кетганди. Эҳтимол, тулкидир? Йўғ-ей, тулки бунақа жойга уя солмас, яна ким билади.

Эрталаб бир кўриниб йўқолган жонзот нималигини билишни жуда-жуда истаб қолди. Ҳатто ортига қайтиб, тешикни яқинроқдан астойдил кўздан кечириш, ичига мўралаб қарашни ҳам ўйлади. Лекин эринди, йўқ, эринмади, ортига қайтса, ботинкасига сув тегиши эҳтимолини ўйлаб, текширувни бошқа пайтга қолдирди. Хаёлига ўрнашган «нимадийкин-а?» деган саволни такрорлаганча тошдан-тошга сакради. Хайрият, оёғи ҳўл бўлмади, акс ҳолда намиқиш азобини дарров сезарди. Оёғи совқотмаса-да, пайпоғи чилпиллаб, ғашига тега бошларди.

Ва ниҳоят қуруқ жойга ўтиб олди-да, тошларни шалдиратиб икки-уч қадам юрди. Сўнг улкан ўрик остидаги кўкимтир-қора харсангга қаради. Нигоҳи билан тош савлатини чамалаб, энди бояги тешик томонга қайрилди. Костюми чўнтагини пайпаслаб, шишасини топди. Кафтига нос солиб, тили остига ташлади-да, лабини қимтиб, кўзларини қисганча тошга тикилиб қолди. Бунинг устига ўтирволиб, ковакни бирпас пойласамикин? Ўша ерда паналаган жонивор нима бўлсаям вақти келиб ташқарига чиқар-қу! Эҳтимол ҳозир ташқаридадир, ҳадемай уясига қайтар. Беихтиёр жунжикди. Кузнинг совуқ шамоли таъсир қилдими ёки қорни очганидан эти юпқалашдими, ҳартугул маъюс тортиб қунишди. Кейин ўзини иситишга урингандай у ёқ-бу ёққа қимирлаганди, оёғи остидаги тошлар овоз берди. Аста энгашиб, тухумдан кичикроқ биттасини қўлига олди…