— Маши скалад, Сервисбой, — деди дўкончи қинғир-қийшиқ тахталардан қилинган беўхшов эшикни ғийқиллатиб очиб, ичкари кираркан. — Анови лаш-лушларни бир томонга тахлаб, тагини тозалаб берасиз. Хизмат ҳақи нақ — уч минг.
Сервисбой ҳеч нарса демади. Паришон кўзларини ғалати пирпиратиб қўйди-да, ишга киришди.
Пастқам қир остига жойлашган дўкон авваллари девонанинг хуржунидай икки бўлак бўлиб икки томонга ёнбошлаб ётар, деворлари болалар лой отиб ўйнагандай серқашқа эди. Дўкончи йигит хусусийлаштириб олгач, кўп ўтмай, икки хонали дўконни бирлаштириб, кенгайтирди. Девору томларини янгилади, у ёқ-бу ёғига ранг-тус берди, орқасига эски-туски ёғочу тахталардан омбор қурди. Кейинроқ сомса ёпадиган тандир ўрнатиб, бир бекорчини ишли қилди. Тандирнинг ёнбошига гулли капа тикиб, иккита одмироқ стол, беш-ўнта қўлбола стул қўйди. Ана шундан сўнг бу ер қишлоқнинг энг гавжум жойига айланди. Гузардаги олди айвонли пастак чойхона, унга туташ сартарошхона-ю новвойхона эса катта амалдорнинг қабулхонасида навбат кутиб ўтирган авомга ўхшаб қолди. Дўкон пештоқидаги катта рангли ёзув унга, айниқса, виқор бағишлагандай. Энди икки томонга суйри кетган шағал аралаш тупроқли йўл, негадир гузарнинг нарироғидан бошланган қишлоқи уйлар забунроқ, афтодаҳолроқ кўринади. Дўкон ёнбошига қўйилган икки биқинида қизғиш йўл-йўли бор қаймоқранг «Дамас» мисоли катта амалдорнинг ҳукмдорлик тамға-нишонидек.
Айни дамда сомсахонада ҳеч ким йўқ. Сомсапаз ғўзапояни қисм-қисм синдириб, тандирга тиқар, тепага урилган аланга тафтидан ва айниқса, тутундан сақланиш учун кўзларини қисиб, тез-тез бошини орқага ташлаб қўяди. Қорамтир тутун эса ўчакишгандай унинг боши қаёққа қайрилса, ўша томонга ўрлайди. Лекин сомсапаз бунга парво қилмасликка уринади, чунки соат ўн бир бўлмаёқ тушликка келадиган «клиент»лари бор, шунинг учун тандирни тезроқ оқартириб (қиздириб), сомсани ёпиши керак.
Сервисбой аввал қути-ю яшикларни, қўйингки, неки бўлса, омборнинг бир тарафига олди. Улардан бўшаган қум аралаш тупроқли қорамтир зах ерни бешилик билан таталаб (тирнаб) ҳам ахлатдан тозалади, ҳам текислади. Омбор қир остида — қуёшдан панадалиги учун анча салқин, ернинг захи баданга баралла урилиб, суякларни зирқиратгудай бўларди. Баҳор эмасми, қишнинг борки заҳри чор атрофдан қочиб, шу ерга қамалиб олгандай. Зах тупроқ тахта деворнинг ёриқларидан мўралаб, гўё титрай-титрай офтобни ахтаради.
Кўп ўтмай тузуккина ишлаётганлигига қарамай, Сервисбойнинг эти жунжикиб, бурни суюлди. Бироқ ишни шошилмай, пухта қилиб ўрганганидан ташқарига чиқиб, офтобда исиниб олишни ҳам истамади. У энди ҳалиги нарсаларни тозалаган тарафига олиб, тахлади. Сўнгра ун ва гуруч тўла қоплар қалашиб ётган тахта сўрини тартибга келтирди, ён-верини супуриб-сидирди…
Сервисбой айни дамда ҳеч нарсани ўйламасди, шуури тунги коинотдек ҳувилларди. Ишни эса қўллари беихтиёр бажарарди. Эгнидаги оҳорсиз кастим-шими-ю кўйлаги шалвираб тургани ва бошидаги беўхшов ўрусий шапкаси боис қадди-басти кўримсиздай туюлар, бироқ тузукроқ сарасоф солган киши келишган қоматини пайқаши мумкин. Бунинг устига, у боя дўкончи тап тортмай айтган, эшитган қулоққа ғалати туюлган лақабидан ғашланмас, норози ҳам бўлмасди. Сервисбой дейишлари сабабини ўзи билмас, эҳтимол қачонлардир билгандиру, энди унутиб юборгандир. Ҳуддики отаси қўйган чиройлидан-чиройли Шунқорбек исмини унутгандай.
Отаси раҳматли овчи эди, қиру-тоғларни кезиб, турфа жонзотларни овларди. Бир неча кунлаб йўқ бўлиб кетар, олис-олис тоғларнинг энг баланд чўққиларигача чиқарди. Чўққилар ҳукмдори шунқор аталмиш қушга ишқи тушган йиллари икки қиздан кейин ўғил кўрди. Ўғлининг толеи баланд бўлмоғини орзулаб, Шунқор дея исм қўйди.
Сервисбой ишни тугаллаб, ташқарига чиққанида тип-тиниқ осмонда чарақлаётган қуёш нурлари кўзга санчилар, хуш бўйли баҳорий сабо еларди. У дўкончига йўлиқиш ниятида дўконнинг олдига ўтди. Сомсахонада юзи қирмочи чалароқ қирилган қозондай Шоди тракторчи билан шалпанг қулоқ Сойиб сувоқчи ўтиришарди. Бу иккови тенгқур — бир синфда ўқиган, мактабда ўқиб юрган пайтлари бўйлари чўзилиб, қизларга қарай бошлашганида Сойиб кичикроқ елпиғичдай қулоқларини нима қилишини билмай, Шодига нолиганди. У бўлса, ҳазиллашибми ёки фаросати етгани шумиди, қулоқларини орқага қайтариб елимлаб олишини маслаҳат берганди. Сойиб эртасига елимланган қулоқларини ошнасига кўз-кўзлаб, «қойил қипманми», дегандай мамнун тиржайганди. Аввалига Сойибнинг лақаби «Локатр» эди, шу-шу унинг ёнига «Клей» ҳам қўшилди. Эслашса, ҳали-ҳали кулишади. Айниқса, тос бет (юзи кетига ўхшаган) Шодига кўпчиликнинг ичида Худо беради — дод девормагунча қўймай масхаралайди.
Сервисбойни кўрибоқ Шоди тракторчи оғзининг иштонбоғи қочиб, хиринглашга тушди:
— Ие, Сервисбой, шу ердамидийиз? Айтувдим-а ажинатутнинг ҳиди келяпти, деб.
Сервисбой унга маъносиз бир қараб қўйди-ю индамади, гапини эшитмагандай тураверди.
Шу пайт дўкондан бир шиша ароқ кўтариб дўкончи чиқиб қолди.
-Э-э, тугатдийизми, Сервисбой? — деди у қўлидагини Шодининг олдига қўяркан. — Ҳозир сиз минан ҳисоб-китоб қиламиз… Ҳов, буларга иккита пиёла бер.
Дўкончи чўнтагидан бир даста беш юзталик чиқариб, уч минг сўм ажратди-да. Сервисбойга узатди.
— Меҳнатингизга рози бўлинг-а. Мана, хизмат ҳаққингиз.
Сервисбой пулни олиб, дарров кастимининг ички чўнтагига солди.
— Энди бир йўла тушлик қип кета қолинг, дўсим, — деди дўкончи уни эркалатгандай. — Иккита сомсаям биздан.
— Ҳа-ҳа, бияққа келинг, Сервисбой, — тағин хиринглади Шоди ҳангоматалаблик билан. — Бир пас гаплашайлик энди, мундай.
Сервисбойнинг қорни очганди, бунинг устига, эти мудом жунжикарди, шунинг учун индамай бориб Сойиб клейнинг сўл ёнига ўтирди.
— Ҳов, — дея сомсапазни чақирди Шоди бўйнини чўзиб. — Сенлардаям чироқ ўчяптими? Бизда жа оширворяпти-да.
Сомсапаз қир ортидаги маҳаллада яшарди.
— Ҳар куни ўчади, ака, — деб қўйди у тандирнинг чўғини ковлаб.
— Кечқурун бир бемалолроқ телевизорам кўролмайсан, — ғудранди Шоди ўзига ўзи гапиргандай.
— Лақабниям зап топгансан-да бунга, — деди Сойиб шипшигандай, боши билан Сервисбой томонга имлаб. — Асл отини бошқалар тугул ўзиям унутворгандир.
— Буни жин чалиб кетгандан кейин қўйганман-да бу лақабни. — Шоди арақни очиб, учта пиёлага яримталаб қуйди. Бирининг тепасига кафтини босиб чангаллади-да, Сервисбойнинг олдига дўқиллатиб қўйди. — Қани, мулла Сервис, олингчи! — Сўнг Сойибни ҳам пиёлани олишга ундаб, масхарасини давом эттирди. — Сервис-да Сервис, анча-мунча ишнинг киндигини суғирволади.
— Унга ичирмаганинг тузукдир, Шоди, — деди Сойиб пиёлани қўлига оларкан. — Тағин…
— Арақни маши ичсинда. — Шоди қўлидагини сипқориб, юзини тириштирди, газак ахтариб, у ёқ-бу ёққа аланглади. Лекин олдида оғизга солгулик ҳеч нарса йўқ эди. Иложсиз, оғзидан кескин ҳаво чиқариб, кафти билан лабларини артди. — Биринчиси зўр кетади-да… Буни энди жинам урмайди, уриб бўган, — деди кейин Сервисбойни кўрсатиб.
Сойиб ҳам оқ урди.
— Тавба десангчи-ей, — оғзини қўли билан елпииди сувоқчи. — Бемаъни гапни жа-а кўп гапирасан-да омма.
Сервисбой уларнинг гап-сўзларини эшитмаётгандай эди. Пиёладагини тишлари орасидан сизиб ичди, юзида бирон ўзгариш сезилмади. Кўзларини бир нуқтага тикиб, бурнидан нафас олганча гоҳ-гоҳ тамшаниб ўтираверди.
— Ана кўрдингми, Клей? — деб қўйди Шоди кўзи билан яна Сервисбой томон имлаб.
Шоди тракторчининг ёши катта бўлсаям ўсмирлик чоғларида Шунқордан ҳайиқарди. Шунқорнинг эрта бўртиб чиққан елка ва кўкрак пойлари, айниқса, бургутники сингари қаттиқ тикилгувчи кўзлари анча-мунча одамнинг юрагига ғулув солишга қодир эди. Шунгами, Шоди уни ёқтирмасди, рўпара келса беихтиёр юраги шиғилларди. Қўрққан одамнинг нафрати, ҳасади ёмон бўлади, дейишарди, рост экан. Шодининг тенгқурларидан бирови уйланганида Шунқор у билан пойандоз талашиб қолди. Таомилга кўра тўй авжида давра ўртасига пойандоз солиниб, ундан куёв болани ўтказиларди. Кейин йигитлар пойандозни талаша кетишарди. Ўшанда эндигина мактабни тамомлаган Шунқор қаёқдандир пайдо бўлди-ю, тракторнинг темир-терсакларини ирғитиб ўйнайдиган норғул Шодига рақиб тушди. Шодининг кайфи бор эди, қони қизиб, куч дегани билакларини ёриб юборай дерди. Икковлон барқут пойандозни кафтларига ўраб олдилару, ҳар томон торта бошладилар. Чор тараф бақир-чақирга тўлди, ширакайф йигитлар уларни доирага олдилар. «Ҳа, бўл!», «Бўш келма!», «То-ортт!» каби қийқириқлар қулоқларни батангга келтирди. Унга сари рақиблар, айниқса, Шоди авжга минар, гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга тортишиб, одамларни ҳам турткилаб ташлашар, баъзан эса столларга бориб урилиб, дастурхон устидаги нарсаларни ағдариб юборгудай бўлишарди. Атрофдаги қиз-жувонларнинг нигоҳлари уларнинг орини баттарроқ қўзғаб, янада шашт берарди. Иккиси жиққа терга ботди ҳамки, на униси каттаман, ёки на буниси кичикман, деб тортқилашдан тўхтамасди. Ниҳоят даврадагиларнинг хафсаласи пир бўлиб, зерика бошладилар. «Бўлди-да, энди!» деган инсофга чақирувлар эшитилди. Аммо рақиблар ҳолдан тойиб қолган бўлсалар ҳам бир-бирларига ён берай демасдилар. Шу пайт ўртага катта ёшли бир одам кириб келди-да, ёнидан пичоғини чиқариб, бир қўлида Шодининг елкасидан тутиб, тўхтатди.
— Қани, тек турларингчи, — дея пойандозни икки мушт орасидаги жойидан қирқиб ташлади. — Ана, икковинггаям тенг бўлсин. Аммо тўйни бузсаларинг, қулоқларингниям кесволаман, — деб тегишиб ҳам қўйди.
Бироқ пойандоз тенг бўлинмаган эди. Шунқор билагига кўпроғини ўраб олган эканми, Шодининг қўлида шапалоқдай қисми қолди. Бу миясини арақ ғажиётган Шодининг орини қўзғади. Лекин тилига жўяли гап келмади.
— Сен ўзингни тенгқурларийни тўйида пойандоз тортишгин, бўптими? — дея олди аранг.
Шунқор эса жилмайди-да, қўлидагини унинг елкасига ташлади.
— Буёғиям сизга, ака, узр, — деди-ю даврадан чиқиб кетди.
Рақиби баттар тутоққанча қолаверди.
Шоди Сервисбойнинг пиёласига яна арақ қуйди.
— Жуп (жуфт) бўсин энди, — деб қўйди шеригига кўз қисиб.
Сойиб иккови пиёлаларни чўқиштириб, арақни сипқордилар, «куҳ-куҳ»лаб, ҳам оғзидаги тахир куйдиргидан халос бўлишга уриндилар, ҳам бир йўла иссиқ сомсаларнинг «қорнини» ёриб совутдилар.
— Тракторинг қайда? — деди Сойиб унинг бемалол арақ симираётганидан ўзича маъно чиқариб.
— Офисда.
Сойиб тиржайди.
— Қанақа офис-эй, шийпон, дегин. — Сўнг Сервисбойга бир қараб қўйиб, сўради:
— Ичсанг фермер индамайдими?
— Билдирмайман-да. — Шоди Сервисбойнинг боягидек арақ симиришини томоша қилди.
Шу пайт йўлда чап қўлида уч-тўрт ёшли қизчасини етаклаб, ўнг қўлига кетмон ташлаган ёшгина жувон кўринди. У дуркун эди. Эгнидаги гулли одми кўйлаги, енгсиз пушти жемпери, бошидаги кўримсиз рўмолу оёғидаги оқшайган калиши ҳам унинг ёқимтойлигига соя сололмаганди. Ширакайф Шодининг кўзига олов тўлди:
— Ёмон чанқаганда ўзиям, — деди жувонга ютоқиб тикиларкан.
Сойиб ҳам ўша ёққа ўгирилди.
— Қурбонди боллари-ку (хотини-ку), — дея Шодига маломатли қаради. — Жа кўзинг бепарда-да, омма.
— Қурбонинг Россияда юрибди. Бу бечоранинг айби нима, Клей? Айни «ейдиган» пайти, ҳадемай сўлийди-қолади. — Шоди ўтли кўзларини жувондан узмасди. — Бу Сервис бекорга жинни бўмаган-да.
— Бўлди энди, — Сойиб жувон томонга қайтиб қарамади. — Агар бизга ўхшаб одамларди уйида ишлайдиган бўлсанг калтак еб ўлиб кетаркансан-да. Устамиз пата (фатво) берётиб, бировнинг уйида кўзинг ўйнамасин, деб ўргатган. Устани хор қиладиган нарса, бировнинг хонадонида кўзининг олма териши дерди…
— Бор-ей, насиҳатийни аммангга қил, — жеркиди Шоди. — Худо буларди нимага яратган ўзи?..
Сервисбой ёқимли сархушлик оғушига сингиб борарди. Арақ таъсирида вужуди қизиб, боши ҳузурбахш жимирлар, миясида ширин хаёллар, алланечук маънолар бергувчи ўйлар айлана бошлаганди. У хийла совиб қолган иккинчи сомсани ямларкан, нигоҳи бир нуқтага қадалганча гоҳо билинар-билинмас жилмайиб қўярди. Айни дамда ҳеч нарсани кўришни ҳам, қўйингки, ҳеч ёққа қарашни ҳам истамас, шу ҳоли, нигоҳи қадалган, аммо кўрмаётган нуқта, аниқроғи, хаёлларидан ўзга мавжуд йўқлик унга жуда-жуда хуш ёқарди. Шу пайт кўз қирига таниш шарпа урилди. Аввалига нигоҳи қадалган нарса гулли капанинг эгри темири эканлигини англади, сўнг кўз соққаларини йўл томон бурди. Ўтиб бораётган жувонни таниди-ю, боши ўша ёққа қайрилди. Юраги қаттиқ шиғиллаб кетди, кейин тез-тез ура бошлади. Нигоҳи энди орқа тарафидан кўринаётган жувонга қадалди, жағи таққа тўхтаб, емиши оғзида қолди, киприкларининг ости қизиб, қорачўғларига ялтироқ парда тушгандай туюлди. Танасининг елкасидан пастки қисми қуйига оқаверди. Ниҳоят беихтиёр «ғилқ» этиб ютинди, емиши томоғидан ўтиб кетгач, оғзи бўшаб, тили айланишга имконли бўлди. Юрагидаги ғалаён боис кучланаётган оҳ ўзини бўғзи томон урди:
— Бойчечак!.. — деб юборди у ўртаниб.
— И, қўриб қолди-ю! — деди унга ялт этиб қараган Шоди хўриллатиб чой хўпларкан.
Сойиб ҳам унга ҳайрат-ла боқди.
— Сервис… Шунқорбек, сизга нима бўлди? — Кейин Шодига норизо қиёфада минғирлади: — Бекор ичирдинг-да, ошна.
Сервисбой ёғли қўлларини бир-бирига ишқалаб, артган бўлди. Яримта сомса-ю пиёладаги чой ўз ўрнида қолди. На фотиҳа қилди. Индамай ўрнидан туриб, йўл томон ўтаркан, бир-икки гандираклаб кетди.
— Ҳа, Сервисбой, қорин тўйдими ишқилиб? — деди дўкон эшиги кесакисига суяниб турган дўкончи, хайр-маъзур маъносида.
Сервисбой унга қайрилиб ҳам қўймади. Тошли йўлга чиқиб олгач, шоли ўтаётган одамнинг юриши билан жувоннинг ортидан тушди.
— Унинг қорни тўймадиёв, — дўкончининг гапига жавоб оҳангида деди Шоди. — Жонидан тўйди, чамаси.
— Жа бемаъни гапни кўп гапирасан-да, — Сойиб унга одатдагидай танбеҳ берган бўлди…
Шунқор Бойчечакни мактаб давриданоқ яхши кўрарди. Бир-икки хат ёзгани ҳам рост, қиз жавоб қайтармаса-да, маъноли боқишлари билан умидлантирар, гоҳо майл билдиргандай бўларди. Тўй-тўркину Наврўз сайлларида биттадан ўртоқлари етовида ёнма-ён қадам ташлаб, шивир-шивир, висир-висирлар ила гўё учрашувларга ҳам чиққанлар… Ниҳоят ўн ьиринчини битиришлари арафасида — баҳорнинг аввалида қишлоқнинг калласидай кўрингувчи қирнинг энг юқори тўшида илк бор елкаларини елкаларига тираб, аҳду паймон қилишди. Айни бойчечак очилган пайт эди. Шунқорнинг бармоқлари орасида ҳам бойчечак.
— Мана, сен, — деди у қўлидаги кўкиш чечакка ишора қилиб.
— Мен, мана, — дея майин қиқирлади қиз бармоғи ила ўзини кўрсатиб. — Шўрлик бойчечакнинг умрига зомин бўлдингиз. Шошилдингиз.
— Мен уни севиб уздим, — йигит ўз қилмишини хаспўшламоқчи бўлди.
— Севсалар узмаслар!
Шунқор қизнинг сўзамоллигидан ҳайрону лол — ахир у уятчан, камгап эди-ку.
— Нега даданг исмингни Бойчечак қўйган-а?
— Ўзи гулу чечак, кейин бой бўлсин, деб-да, — эркаланди қиз.
— Бойчечагим бойланди,
Кўнглим унга бойланди, — бу сатрлар тилига қаёқдан келганини билмай қолди. Балки ишқ шоир қилдими? Кейин эса зорланди:
— Алдамайсан-а, Бойчечак?! — деди бармоқлари орасидаги чечакка боқиб.
— Бу-чи, бу? — дея кўрсаткич бармоғи ила йигитнинг елкасига нуқиди қиз. — Алдамайдими?
— Йўқ, ҳеч қачон! — Йигит унинг билагидан тутмоқчи бўлди.
Бойчечак шаҳд ўрнидан туриб қоча кетди.
— Тутолмайсиз, тутолмайсиз!..
— Бойчечак!..
Шунқор ўқишга киролмагач, ўша йили кузда ҳарбийга кетди. Унда ҳарбий хизмат бир ярим йил бўларди. Орадан бир ярим йил ўтиб, қирларнинг кўкси алвон тусга кирганда, унинг ҳам кўкси ишқдан алвон-алвон бўлиб, ишқ осмони момагулдуракларга тўлиб, уйига қайтди. Қайтди-ю Бойчечакни сўроқлади. Бироқ энди қирларда биронта бойчечак йўқ, чор-атроф лола-ю қизғалдоққа тўла эди. Унинг Бойчечаги эса Қурбоннинг бағрида унганди.
Шунқор талваса оғушида Қурбонникига чопди. Бу орада оқшом тушганди. Ёпиқ дарвозани урди, тепди, қизнинг исмини айтиб бақирди, дод солди. Қурбонни сўкди. Лекин нима қилаётганини ўзи билмасди. Ахийри Қурбон чиқиб келди. Чиқиши ҳамоно Шунқор унинг бўғзига ёпишди.
— Нима қилдинг?! Нима қип қўйдинг, Бойчечак?! — дея чинқирарди у Қурбонни бўғволиб, силтаркан.
Қурбон ўзини ўнглолмасди. Агар Бойчечак чиқиб, Шунқорнинг билагидан оҳиста тутиб, бўғзини бўшатмаганида ва Шунқор карахтланиб, тиз чўкиб қолмаганида, бирон кор-ҳол бўлиши тайин эди. Бойчечак эрини тиклаб, у ёқ-буёғини қоқди-да, дарвозага бошлади. Ичкарига кириб бораркан, Шунқорга ўгирилди. Кўзлари илк юлдузлар шуъласида йилтираб кетди.
— Кетинг!.. — деди сўнгра. Бу сўз нафратга тўла эди.
Улар кириб кетгач ҳам Шунқор тиз чўккан кўйи тупроққа қоришиб анча ўтирди. Қулоқлари остида «Кетинг!» деган сўз қайта-қайта жаранглайверди. Бир замон ўрнидан қўпди. Дам у ёққа, дам бу ёққа қайрилиб, бир пас турди. Бирдан шаҳд осмонга боқди-да, «Бойчеча-ак!» дея ҳайқирди, сўнг дуч келган томонга чопди. Кўп ўтмай, маҳалла кўчаси тугаб, қир сари ўрлаб борарди. Аллақачон ҳансираб қолган, бўғриқар, йиғлар, тишлари орасидан «Бойчечак», дея чинқирарди. Мана, илк қир тепасига ҳам чиқиб олди. Энди қир ортидан пастга шўнғиди.