Маънавий пиримиз ёки…

Қайси томондан қарамайлик, Абдулла Қодирий ўзбек адабиётида ва умуман миллат тарихида чинакам «ҳодиса» эди. Аслини олганда, унгача ва унинг атрофида ҳам романлар ёзилган, ҳеч йўқ ёзишга уринишлар бўлган. Лекин уларнинг биронтаси «Ўткан кунлар»нинг «яқинига ҳам йўлолмади». Ҳатто устоз Қодирийнинг иккинчи гўзал романи «Меҳробдан чаён» ҳам унинг даражасига кўтарилолмади, унингдек шуҳрат топмади. Ҳаққи рост, бир неча авлод «Ўткан кунлар» руҳи билан улғайди.

Мен Абдулла Қодирий ҳақида ўйлаганимда ҳамиша Чўлпон ҳам хаёлимга келаверади. Бу икки буюк зот шахсиятини, ижодини қиёслаб, ўзимча хулосалар чиқараман. Дейлик, Қодирийдаги донишмандлик, гўзал тил, лиризм, бироз қувлик, Чўлпондаги миллат тақдирига куюниш, эрксизликка ошкора исён, янгиликка ташналик мени доимо ўзига тортиб, ҳайратга солиб келган. Отабек, Кумуш, Юсуфбек ҳожи, Ўзбекойим, Зайнаб, Мирзакарим қутидор, ҳатто Ҳомид, Зеби, Раззоқ сўфи, Мирёқуб, Акбарали мингбоши, Салтанат ва бошқа образлар халқимизнинг ҳаётига, тақдирига қоришиб, сингиб кетган. Чунки, улар тирик одамлар, том маънодаги бизнинг миллатдошларимиз.

Дарвоқе, Қодирий билан Чўлпон умрининг дастлабки йилларида кўҳна Туркистон бағрида яшовчи миллатлар умум ном билан туркийлар, деб аталарди. Ўзбек атамаси кам ишлатиларди. (Ҳатто бизни маълум муддат сарт ҳам, деб аташган.) Ҳар икки ёзувчимиз эса ўзбек номини байроқ қилиб, ҳақиқий ўзбек образларини яратди, бетакрор миллий маданиятимизни тараннум этиб, шу билан бирга гоҳо қусурларимизни, фожиаларимизни ҳам кўрсатиб берди.

Ёзувчи «Ўткан кунлар»да мавзуни «тарихимиздаги энг қора кунлар, кейинги хон замонидан» олган бўлмасин, ундаги гўзал туйғулар, лавҳалар билан бирга курашлар, зиддиятлар, хиёнат, чақув, ўлим, айрилиқ қанчалик тасвирланмасин асарнинг бошидан то охиригача ёруғ бир нур балқиб туради. «Кеча ва кундуз»да эса, зиёга йўғрилган саҳифаларида ҳам жаҳолат, қабоҳат, билимсизлик ва фаҳш ортидан бино бўлган зулмат, чорасизлик рутубати кўнгилга тиғ каби ботади. (Шу ерда бир гап: «Кеча ва кундуз» романининг «Кундуз» қисми йўқолганлигини ва унда шўро давридаги ёруғ кунлар тасвирланган бўлиши мумкинлигини ҳам айтишади. Аввало Чўлпондай ижодкор ўзи яшаётган ўлим, очлик, хиёнат, қирғин авж олган тузумни «куйлаши» мумкин эмасди. Қолаверса, «Кундуз» ростдан ҳам ўшал «ёруғ кунлар» ҳақида бўлса, йўқолмасди. Менимча, романнинг «Кундуз» қисми қандайдир самовий, фантастик гўзал ҳаёт ҳақида бўлган (бунга адибнинг қувваи ҳофизаси қодир эди ва ўша пайтда дунё адабиётида бунақа тажрибалар кўп эди) ёки ёзувчи асарини «Кеча ва бугун», дея номлаб, айнан ўша қора кунларни тасвирламоқчи бўлган, балки тасвирлаган.) Демак, Чўлпоннинг романида изтироб кучлироқ. Чунки унда Ватанимиз мустамлака бўлгандан кейинги воқеалар тасвирланган.

Қодирий миллат маданиятини, турмуш тарзини «мана шундай» гўзал ҳолатда сақлаб қолишга ундаётгандек туюлса, Чўлпон халқ кўп йўқотишлар қилганини, агар шундай кетаверса, бу йўлнинг охири тубсиз чоҳ эканлигини айтаётгандек, огоҳлантираётгандек бўлади. «Ўткан кунлар» ҳаётга хаёл табассум ва муғомбирона боқади, «Кеча ва кундуз» эса, кўзида ёш билан нигоҳ ташлайди. Нима бўлганда ҳам бу икки етук асар бир-бирини тўлдиради ва миллатимиз тарихини ўрганишда ишончли манба бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, менга ҳар икки романда ҳам ҳалол, иддаосиз ижтимоий «юк» борлиги ёқади. (Бу айниқса, ҳозирги «тажриба романлар»га жуда зарурдек, назаримда.) Хуллас, ҳар икки бетакрор ёзувчи ҳам ўзининг миллат тарихидаги муҳим миссияси(вазифаси)ни бажара олди – бу ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Ёш шоиралардан бири «китобни кўпроқ ўқинг», десам, қайси китобларни ўқишини сўради.

– «Ўткан кунлар»дан бошланг, – дедим.

– Вуй-й, ўша эски китобларниям ўқийманми? – дея чийиллади у.

Аввало, унинг «Ўткан кунлар» деган роман борлигини ва у «эскилигини» билганига ҳам шукр. Чунки бундан баттарроқ бўлиши ҳам мумкин эди.

Хўш, буни айтишдан муддао нима? Муддао шуки, йиллар ўтиши билан ҳар қандай тил ўзгаради, янги сўзлар ва атамаларни ўзлаштириб, айрим сўзларни «унутади». Жумладан, ўзбек тили ҳам. Демак, худди Навоий ва Бобур асарлари луғатлари тузилганидек, Қодирий ва Чўлпоннинг асарларига оид луғатлар яратиш вақти ҳам яқинлашмоқда.

Қодирий биз қаламкашларнинг устозимиз, маънавий пиримиз, зеро, у киши ҳақида ножўяроқ гап айтишга андиша қиламиз. Аммо шахсан мен ул зот ёзган асарлар оз эканлигидан афсусланаман. Тўғри, давр, шароит оғир бўлган, тазйиқлар ҳоритгандир. Бироқ кўпроқ ёзиш керак эди. Ўрисларнинг машҳур ёзувчиси Михаил Булгаков ҳам Қодирий билан бир даврда яшаган ва деярли бир хил умр кўрган. Лекин Булгаков яратган асарларнинг салмоғи ва ранг-баранглиги лол қилади кишини. Нега энди Булгаковни эслаяпман? Боиси, «Ўткан кунлар» ва «Кеча ва кундуз»ни ҳар қанча ўқимай, «Уста ва Маргарита» ҳамда «Ит юрак» (Аслида «Шўрлик юрак» ёки «Шўринг қурғур юрак», дея таржима қилиниши лозим)ни ўқигандагичалик ҳузур ва ҳайратга ошно бўлмаганман. Демак, ўзбек романчилиги «Ўткан кунлар»ни «чўққи» қилиб, бир жойда депсиниб қолмаслиги керак. Кейинги йилларда яхшигина романлар яратилаётганига қарамай, ўзбек адабиётининг «Буюк романи» ҳали олдинда.