Адиб ўша сирли хилқат мусаввири. Бу оламда қаламкашликдан-да кўра ҳузурбахш касб йўқ. Не тонгки, унинг ҳузури баайни ижод заҳматига сингиб кетган.
Таниқли ёзувчи, хассос шоир, жўшқин публицист Наби Жалолиддин нафосату назокат ила ана шу мўъжизакор олам сувратини чизаётган истеъдод соҳибидир. Унинг лирикасида икки ғоя бир-бири билан уйғунлашиб, ягона мақсадга хизмат қилади. Яъни бетакрор қишлоқ ҳаёти, соддадил, донишманд халқ ва инсонга хос бўлган тиниқ туйғулар ифодаланади. Бу шунчаки ҳиссиёт маҳсули эмас, бу оҳанглар замирида оддий кишининг Ватанга нисбатан тийиқсиз муҳаббати зуҳурланади.
Ёзувчининг қиссаларида анъанавий услуб – воқеа фикрни эмас, балки фикр, дард, кечинмалар воқеани ўзига бўйсундириши билан ўзига хослик, ажиб уйғоқлик, мафтункорлик кашф этади.
Унинг “Ўлимнинг ранги”, “Ковак”, “Йиғи”, “Болалар” каби қиссаларида ҳаётий икир-чикирлардан катта фалсафий мантиқ чиқарилади, ўқувчини тафаккур сарҳадларига етаклайди, мушоҳадага чорлайди.
Бизнингча, “Хайём” романи нафақат адибнинг, айни чоқда ўзбек миллий адабиётининг ҳам мустақиллик йилларидаги жиддий муваффақиятидир, десак, янглишмаймиз. “Шарқ юлдузи” журналининг кейинги сонида чоп этилаётган “Қурб” романи эса адабий жамоатчиликда катта ҳаяжон уйғотса, ажаб эмас.
Бугун Наби Жалолиддин авжи камолот даврида. Биз адибдан истиқлол фарзандларининг эзгу ниятлари, изланишлари, аждодлар анъаналарига содиқлиги тараннум этилган ажойиб асарлар кутишга ҳақлимиз.
— Набижон, келинг, суҳбатимизни шундай бошлайлик: мана, сиз назму насрда баб-баравар ижод қиласиз, таъбир жоиз бўлса, ҳар икки жараённинг ҳам ҳадисини олгансиз. Бу сизда қандай кечади ва у сизга қандай “имтиёзлар” беради?
— Назму насрни мен қуйидагича таърифлайман: назм – бу биринчи муҳаббатга ўхшайди. Қалбингни туйқус ишғол этадию ларзага солади, бетакрор туйғуларга, эҳтиросларга ошно этади. Кейин эса бир умр ҳар эслаганингда бағринг ҳаприқиб, хўрсиниб-хўрсиниб, энтикиб-энтикиб юраверасан.
Наср эса гўёки турмуш ўртоғингдек. Унга алоҳида эътибор, узоқ йиллик сабр, садоқат лозим. Акс ҳолда оила барбод бўлиши мумкин. Ахир насрда ойлаб, йиллаб чидам билан тер тўкишга тўғри келади-да.
Шеърсиз яшолмайман. Роман ёки қиссаларимни ёзиш жараёнида ҳам бирдан шеър “тўлғоғи” тутиб қолади. Шунда агар қоғозга тўкилмасам, бағримга “жабр” бўлади. Берадиган “имтиёзи” эса, улуғ устозим, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров эътироф этганидек, “оз сўзда кўп маъноларни англата олишда” қўл келади. Мен насрнинг сиқиқ сўзлагувчи шоири, назмда эса оз сўзи улкан маъноларни ортқилаган файласуф бўлсам дейман.
— Сизга қайси бири яқинроқ?
— Ҳар иккиси ҳам. Наср “оғир карвон”, у ёзувчини сабр-бардошга, узлуксиз оғир меҳнатга ўргатади (шу ерда бир гап: бизнинг феълимизда тезлик бор дегувчилар битта роман, ҳеч йўқ, битта ҳикоя ёзиб кўрсинлар. Ана шунда бардошимиз чегарасини англасалар, ажаб эмас). Шеър эса ҳар куни зарур бўлган нафас машқи, сўз гулзоридаги тонгги сайрдек. Шеърни нафасдек, нафас олаётгандек ёзишни орзулайман.
— Шарқнинг буюк файласуфи, шоири Умар Хайём ҳақидаги романингиз босилиб чиқди. У ҳақда пойтахтда ҳам, ўзимизда ҳам илиқ гаплар айтиляпти. Бу осон иш эмас, албатта. Айтинг-чи, бутун дунё тан олган шундай аллома ҳақида асар ёзишга қандай журъат этдингиз?
— Хайём ҳазратлари ҳақида ёзишга узоқ тайёргарлик кўрдим, узоқ вақт материал йиғдим. Ҳал қилувчи фурсат келишини кутдим. Романда айтилганидек, инсон умрида шундай бир лаҳза бўладики, уни пайқай олган киши мангуликни ҳис этади. Ана ўша ҳал қилувчи он инсон умрининг моҳиятини ташкил қилади. Бу машқ-романимни “Катта шеър” деб атагим келади. Уни шу қадар эҳтирос, илғом ва завқ билан ёзганман. Журъатга келсак, билмадим, Аллоҳдан бўлса керак-да. Ҳар ҳолда феълимдаги дангаллик асқотди шекилли. Ёзиб бўлиб, матбуотда эълон қилингандан кейинги “ваҳима”ни эса ўзим биламан.
— Асарларингизда, айниқса, ҳикояларингизда ватанпарварлик туйғуси устун, балқиб туради. Бунга қандай эришасиз ва сиз учун Ватан ўзи нима?
— Аввало, шуни айтмоқчиманки, биз кейинги пайтда Ватан ҳақида кўп гапириб, уни сийқалаштириб юборгандекмиз. Энди Ватан ҳақида озу соз гапиришни ўрганишимиз керак. “Байроқ”, “Ватан”, “Тупроқ”, “Мустақиллик”, “Дўппи” каби ҳикояларим ана шу истак йўлидаги уринишларим маҳсулидир.
Мен ҳамон ўзимнинг Жонобод аталмиш қишлоғимда яшайман. Уйимнинг чор-атрофи сув-анҳор, дарахтлар. Мана шу сувлардан ича-ича, дарахтларнинг тотли ифори уфурган ҳаволардан симира-симира, бироз шоир, бироз ёзувчи бўлдим. Уларда ота-онамнинг тафти, излари бор. Бироз содда, бироз муғомбир, қишлоқигина ҳамқишлоқларимда раҳматли ота-онамнинг истараси, меҳри мужассам. Шу менинг Ватаним! Мен Ўзбекистондан ва ҳатто қишлоғимдан ташқарида яшолмаслигимни аниқ биламан. Ишонасизми-йўқми, бир нарсани ёзмоқчи бўлсам, узоқ ўйлаб юраман ва у маромига етиб, бўғзимга йиғи тиқилгандагина ёзишга ўтираман.
— Фарзандларингизга қандай тарбия берасиз?
— Алоҳида усулим йўқ. Умуман тарбия бериш деган тушунчанинг ўзи, назаримда, мавҳумроқ, юзакироқдек туюлади. Мени қаттиққўл ота, дейишади. Бўлса бордир. Аммо ичимда ҳамиша эриб-эриб тураман. Уч ўғлимга доимо, энг аввало, ҳақиқий эркак бўлинглар, дейман. Эркаклик, оталик – бу олий унвон. Уни оқлаш ва у билан фахрланиш керак. Иймонни асраш, Ватанни севиш ҳақида ҳам кўп гапираман.
Биласизми, бих тарихий бурилишлар, шаклланишлар даврида яшадик, яшамоқдамиз. Бундай даврларда буюк шахсларнинг дунёга келиши тарихдан аён. Бу кейинроқ ойдинлашади. Келинг, гапим баландпарвозлашиб кетмасин. Лекин биз барибир бахтли одамлармиз. Чунки Ватанимиз мустақиллигини кўрдик, унинг мустаҳкамланишида иштирок этмоқдамиз. Фарзадларим ҳам шуни англаса, дейман.
— Журналистика ҳаётингизда қандай ўрин тутади?
— Журналистлик менинг касбим, тирикчилигим манбаи – бу биринчидан. Асосийси эса ҳозиргидек буюк ўзгаришлар, бунёдкорликлар даврида у жуда асқотади. Публицистика сўзни ўз вақтида айтишнинг тезкор воситаси, таъбир жоиз бўлса, замон билан ҳамнафас яшашдир. Журналистик фаолиятим бугунги улуғ ишларга қўшаётган камтарона улушим бўлса, ажабмас.
— Набижон, мана 50 ёш остонасида турибсиз. Хаёлингиздан нималар кечмоқда?
— Умр бир нафаслик эканини англаб бормоқдаман. Умр бўйи нималарнидир ёзиб-чиздим, аммо ҳозир ҳеч нарса қилолмагандекман. Бу дунёга келишу кетишдан маъни не? Биз бир-биримизни аямайдиган бўлиб кетяпмиз? Одамлар бир-бирларини аясаларгина, дунё омон қолади – бу аниқ! Яна ҳозир онажонимни жуда-жуда кўргим келяпти. Ўтиб кетган азиз устозларни соғиняпман…
Суҳбатдош: Абдумутал Абдуллаев
“Андижоннома” газетаси, 2012 йил 2 май сонидан олинди.