Офтоб исли бола

Ғассол
07.11.2016
Урушнинг давоми
14.11.2016
Оқ «Нексия» кўприкдан ўтиб, тўхтади.
Олд эшик охиригача очилиб, қисирлаб кетди. У хўрсинди-да, икки қўлида рулни чангаллаб, устига жағини тиради.
– Илтимос сиздан, – ёлворди ортида ўтирган аёл. Ҳамма нарсадан тўйган одамдек типирчиларкан, унинг ўнг елкасига кафтини босди. – Ажрашайлик! Балки ашинда…
У силтаниб машинадан тушди-да, эшикни шарақлатиб ёпди. Зардали «уф» тортиб, қўлларини шимининг чўнтакларига тиқди, у ён-бу ён бетоқат аланглади.
Аёл ҳам машинадан тушди.
– Узоққа кетиб қолманг! – деб, «сиздан ҳам муҳимроқ ишим бор» қабилида қўл силтаб, гувиллаб ўтаётган машиналарга ён бера-бера йўлнинг нариги бетида ғойиб бўлди.
Унга шу керак эди: айни дамда хотинини кўрмаса бас. Акс ҳолда, қаттиқ тегиб қўяди.
Нарида ёлғиз тол кўринди. Сув ёқалаб у томон юрди.
Дала йўли. Уловларнинг ғилдираклари изи қиртишланган ўт-ўландан ажралиб, оқиш-сарғиш товланади. Бир тараф ғўза. Толдан ўтароқ бир нечта бола ирғишлаб, бақир-чақир ила мол-қўйларини ҳайдаб бормоқда.
Толга етди: танаси ҳали дағаллашмаган, ёш экан. Новдалари ён-верини сув эпкини аралаш елпийди.
Ўнг кафтида беихтиёр толни силаб, ёнига – ажриққа чўкди. Қўлларини тиззалари узра қовуштирди. Жағини тиради. Қуёшнинг аёвсиз онлари эмасми, машинада димиққанди. Остидаги ўт-ўлан, устидаги новдалар, сув салқини танига ҳаловат бағишлади.
Сувга тикилди.
Анҳор катта эди. Суви лим-лим, тўлқинланиб оқади, устига-устак, шитоб.
Умрни оқар сувга ўхшатишади. Рост шекилли. Ҳозир шундоқ шўнғийману оқаман-кетаман. Аммо ажрашмайман. Ахир уни севаман!.. Ўнг кўзининг четида бир томчи ёш айланди. Нима қилай?! Худо бор-ку, ноумид қилмас… Иккинчи томчи сизди.
– Ассаломалейким, тоға (Андижонда бегона ўрта яшар эркакни «тоға», ёши улуғини «бува», дейишади. Қариндош тоғалар ҳам бор.).
Чўчиб тушди. Ўнг ёғига қайрилди.
– Йиғлаяпсизми?
– Йўғ-э!.. – Шошиб кўзларини артиш асносида юзига сув урди.
Эгнига кулранг шорт, ўнгиган майка кийган, офтоб тафтида «пишган» танаси тупроқ тусли ўн ёшлар чамасидаги болакай чап қўлида толни тутиб, ҳадеб сув остига мўраларди.
– Балиғимни қўрқитиб юборманг, ишқилиб… – деди ўнг қўлида шортини қорни аралаш кўтариб қўяркан.
Тол остидаги мол-қўй ёки одамлар қиртишлаб ташлаган «бошсиз» буталар боланинг болдирини тирнади.
– Қанақа балиқ? – У юзини артиб, қайта-қайта бурнини тортди. – Мен… Мен…
– Ҳали чиқмабди… – Бола чап қўлида «қорни»ни тутиб, тол билан Унинг ўртасига қисилиброқ ўтирди. Қуймичига нимадир ботди – бута шекилли. – Ҳали кўрасиз.
Анҳор суви гўё кўтарилди, оқим, ваҳм зиёдалашди.
Юрак уриши тезлашиб, болага ҳадиксираб боқди: «Бола-а!»
– Нимага бунақа ўтирибсиз?
Довдиради.
– Билмадим…
– Мен мол боқяпман. Ҳар куни шу ерда боқаман.
У бола қараган тарафга ўгирилди. Сигир билан бузоқча ёнида қўнғирроқ буқача тишланавериб ерга ёпишиб кетган ўтларни менсимагандай гоҳо искаб, гоҳо тишида чимдиб-нетиб боради.
Ўзига келди. Ўрнидан қўзғалиб, елкаларини силтади.
– Боллар ўтиб кетди-ку?.. – деди гап тополмагандай тили калдираб.
– Мен улардан бошқаман!. – Бола бўйнини чўзиб, толнинг илдизларини ювган сув тубига боқди. – Улар бошқа!
У чўчиб кетди: ранжитиб қўйдим шекилли.
– Май… Майли-да… – Болага зимдан сарасоф солди: юзи оқиш-қўнғир – лойқаранг. Қоши, сочлари, ҳатто лаблари ҳам уйқаш. – Балиғингиз қани?
Бола «ҳозир» деди-да, яна толни тутиб, сув остига бўйлади.
– Ана, чиқибди, – деди қўли билан ишора қилиб. Юзида мамнунлик – беғубор табассум балқди. – Мени танийди-да!
У бўйнини чўзиб, бола кўрсатган жойга диққат билан тикилди. Кўзига ҳеч нарса илинавермади.
– Кўрмаяпсизми-ей… – Бола кўрсаткич бармоғини сувга теккизгудай бўлди. – Ана-ана!..
Кўрди: бир қаричча келадиган балиқ толнинг майда томирлари орасида оқимга қарши сузгандай қаноту думини ликиллатиб, билтанглайди. Аммо ўрнидан жилмасди.
– Қойил! – деди У болани мақтагандай. – Уяси шу ерда бўлса керак-да.
– Билмадим. Оммале қачон келсам кўринади. Баъзида рақсга тушиб беради. – Қайтиб жойига ўтирди.
– Йўғ-ей!.. – У боланинг тинмай гапиришини истаб борарди.
– Балиқларга маза-да – сузишниям ўрганишмайди, чўкиб ҳам кетишмайди!.. – Бола майкаси ичидан иккита кичкинагина бўзарган олма чиқариб, бирини узатди. – Ейсизми?
Олмани олди. Бола «қирс» этказиб тишлади. Унинг оғзи сувланди. Олмани ювса ёки артиб-нетса, болакай ранжиб қоладигандай шундайича оғзига солди. Тишладию, кўзларигача ачишиб кетди. Буни сездирмасликка уриниб, кўзини қисиб жилмайди.
– Зўракан!
– Маза-да…
У ғўза томон ўтиб бораётган молларга имо қилди.
– Молларингиз ғўзага тушиб кетмайдими?
Бола қайрилиб,
– Тушмайди, – деди ишонч билан ва икки бармоғини тилига босиб, ҳуштак чалди.
Моллар ортига қайтишди.
У энди болага ростмона қойил қолди, ҳатто ҳуштакдан қулоғи чийиллаб кетганига ҳам парво қилмай, деди:
– Ўргатилган экан-да, а?
Бола индамай олма ямлайверди.
Жим қолишди. Аммо Унинг гаплашгиси келарди.
– Чўмилиб ҳам турсангиз керак?
Бола сири очилган одамдай норозироқ боқди.
– Мен ҳов нарёқдаги кичкина ариқда хопитаман (чўмиламан). Бейда хопитолмийман.
– Нега? – деб юборди У беихтиёр.
– Қўрқаман,– деди бола бўшашиб.
Ҳе, бефаросат, ўзини койиди У ичида, барибир хафа қилдинг-а! Бу ёш бола бўлса, сувнинг ваҳимасини кўриб турибсан-ку, албатта, қўрқади-да!..
– Нима, сузишни билмайсизми? Мен сизни ҳамма нарсани билса керак, деб ўйловдим.
– Йўқ, сузишни билмайман. – Сўнг ўзини оқламоқчидай изоҳ берди: – Бир марта боллар «чўмил-чўмил» дейишавергач, анҳорга калла солганман. Сув ютиб қолиб, чўкиб кетай, деганман. Ашиндан бери қўрқаман. Ошналарим «сузишни ўрган, биз қараб турамиз», дейишади-ю, барибир қўрқаман. Улар ҳов тўғоннинг шоввасидаям чўмилишади… – Бола моллари томонга тағин ҳуштак уриб қўйди.
У нима дейишини билмасди. Овутиши ҳам болага оғир ботишини ўйлаб, мум тишлади.
– Дадамга неча марта айтдим, – дея аразли оҳангда тилга кирди бола, – анҳорга бирга борайлик, сузишни ўргатинг, дедим. «Хўп», дейдию, ҳечам вақт ажратмайди. Дадам қараб турса, қўрқмасдим. Сузишниям тез ўрганардим.
– Ҳозир ўргана қолинг, – деди болани чалғитмоқчидай. – Мен қараб тураман.
– Ие-е, сиз дадаммассизу!.. – Юзига яна самимий табассум ёйилди.
У боланинг елкасидан қучиб, ўзига тортди. Иягини бошига босди. Димоғига тупроқ ҳиди қоришиқ офтоб иси урилди. Тўйиб ҳидлади. Бағри ийди. «Оббо-о сиз-ей!» деди эркалаб.
Бола катта йўл тарафга боқиб, сўради:
– Ҳов, анави мошина сизникими?
– Ҳа.
– Зўр мошина-да. Катта бўлсам мендаям шунақаси бўлади.
– Илоҳим!– У боланинг кайфияти яхшиланганидан хурсанд эди. – Илоҳим, ундан ҳам зўрлари бўлсин!
– Келинг, тоға, бир-биримизни дуо қиламиз. Олдин сиз.
Унинг завқи қўзиди. Юзи чарақлаб, қўлларини дуога очди:
– Омин! Илоҳим, катта йигит бўлиб, зўр ўқишларда ўқинг! Бой-бадавлат бўлиб, энг яхши машиналарда юринг! – кулиб давом этди: – Тезроқ сузишни ўрганиб олинг, Оллоҳу Акбар!
Юзларига фотиҳа тортишди.
– Энди мен, – деди бола яна кафтларини очиб.– Омин! Нима яхши ниятингиз бўлса, етинг! Илоҳи, фарзандларингиз кў-ўп бўлсин!..
Унинг кўкси эриб, бўғзи куйди, кўзларига ёш сизди. «Омин!»– деди ичида ўртаниб.
Бола ҳамон тиларди:
– …Ҳечам касал бўлманг! Оллоҳу Акбар!..
У нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, бола ўрнидан турди. Балиғига қўл силтаб, «Хайр», деди.
– Бўпти, тоға. Молларим кетиб қолди, етволай. – Нарироққа боргач, ортига қайрилди. – Сиз яхши одам экансиз, тоға. Ҳамма катталар болларни «сен»лаб гапиришади. Сиз бўлса, «сиз»ларкансиз.. – дея тағин табассум ҳадя қилиб, чопа кетди.
Унинг юраги орзиқди. Болага ҳаваси келди. Қўлини ювиш учун энкайди-да, бирдан тўхтади. Ювса, боланинг ҳидидан айрилишини ўйлаб, шошиб тортиб олди. Тўйиб ҳидлади – кафтларидан офтоб иси келди. Ўрнидан туриб, бола тарафга интиқ тикилди. Исмини сўрамабди-ю!.. Аммо болакай олислаб бўлганди. Машинаси томон юрди. Қалби ойдин-ойдин эди.
Жойига ўтириши ҳамоно орқадан хотинининг овози эшитилди:
– Тилла топган одамдай жа хурсандсиз? Мени иссиққа ташлаб, қаёқларда юрибсиз?
– Ҳа, тилла топдим, хотин, тилла!– Машинани ўт олдириб, ортига қайрилди. Хотинига меҳрли тикилди. – Ажрашмаймиз!.. Энди ҳеч қачон ажрашмаймиз, билдингми!.. – дедию газни босди…
***
Оқ «Нексия» кўприкдан ўтиб, тўхтади. Эшикни очди. Хотини жавради:
– Тағин нимага тўхтадингиз? Шундай иссиқда…
– Ҳозир келаман… – У машинадан тушиб, мол-қўйларни шовқин-сурон билан ҳайдаб бораётган уч-тўрт қора-қура болага эргашди.
– Узоққа кетманг, ҳой!.. – ялинди хотини. – Бизни иссиқда қолдириб.
У болани қидирарди. Лекин болаларнинг биронтаси, ҳатто шорт ва майка кийганлари ҳам унга ўхшамасди. Сўрай деса, исмини билмайди. Бу орада толга яқинлашди. Майли, бир пас салқинлайман. Балки келиб қолар! Ахир у булардан бошқача эди-ку. Орқароқда юрармиди?..
Негадир болаларнинг овози пасайиб, шивир-шивир, висир-висирга айланди. Қадамлари эса, тезлашди: тол олдидан шитоброқ ўтиб кетишни исташаётгандек туюлди.
Унинг диққати ошди: нима гап?..
Тол остида – аввал У ўтирган жойда елкалари бўртган, дўппили боши эгик эркак кўринди.
Толни кўриб, юраги ҳаприқди. Яқинлашди. Халақит беришни истамаса-да, тилидан беихтиёр салом учди. Кафти эса, тол танасида.
Дўппили чўчиб тушди. Қўлларида кўзларини артиб, шошиб қўзғолди.
– Ваалайкум ассалом, келинг!..
Уни туришга қўймай, елкасидан босиб, сўрашди. Сўл ёғига чўкди.
– Шу ерда бир ўтиргандим, – деди нигоҳи лим-лим оқаётган сувда қотиб. – Салқинлагим келди!.. – Юрагидаги ваҳмни яширишга уринди.
Дўппили «ҳмм, қҳмм» каби товушлар чиқардию, у ён-бу ён безовта қимирлади, бироқ бирон сўз айтмади, айтолмади. Кўзлари мунгли, бақувват жуссаси сувга сингиб бораётгандек эди.
– Тинчликми, ака? – деди У «келмасам ҳам бўларкан» янглиғ надоматда.
Дўппилининг елкалари силтанди, бағри кўпчиди.
– Узр!.. – Кўзларидан дувва ёш оқди. – Узр, ука! Мен … Мен бу жойни!.. Боламни бериб қўйдим! Умиджонимни бериб қўйдим, ука!.. Мен… Мен… Билмадим!.. Аммо…
Унинг кўкси музлади. Дўппилига сарасоф солди: юз-кўзи танишдек. Қалби ёмон гап эшитишни истамасди.
– Ўзингизни босинг, ака! – дея олди аранг ўнг қўлини дўппилининг елкасига қўйиб. «Умиджон», «ўғлим», деган сўзлардан юраги безовта ура бошлади.
– Неча марта айтди!.. – Ҳамроҳи ҳўнграб йиғлаб юборди. – Ўғлим шўрлик «сузишни ўргатинг», деб неча марта айтди-я!.. Мен кўр!.. Мен ношуд!.. Мен аблаҳ!.. Қулоқ солмабман-а!.. Сузишни ўрганаман, деган шекилли-да… Сувга шўнғиган… Ҳеч ким йўқ. Моллари ўтлаб юраверган… Жасадини ҳов тўғондан топдик… Эй, Худо!.. Ёлғиз ўғлим эди-я!.. Ёлғизим неча марта айтди-я!.. Мен!.. Мен!.. – Отанинг бўзлаши қошида сувнинг ваҳми ҳечдек эди.
У ҳам йиғларди. Йиғларкан, донишманд болакайнинг ёқимли чеҳраси кўз олдида гавдаланиб, димоғига офтоб иси урилди. Аммо нима дейишни, ота бечорани не деб овутишни билмасди…
Бирдан шуури тиниқлашди. Дарвоқе, балиқ! Ўрнидан туриб, сув остига тикилди. Ахир, балиқ!.. Ҳарчанд тикилмасин, балиқ кўринмади. Фақат майда томирлар билтангларди. Хафсаласи пир бўлиб, қаддини тиклади.
– Манов ерда бир балиқ бор, ака, – деди «гап йўғида гап» қабилида. – Мабодо ўғлингизни кўргингиз келса…
– Қани-қани?! Бу ерга ҳар куни келаман, ука, ҳар куни! Қани аши балиқ?!.. – Ота сапчиб, ўзини сувга отгудай бўлди.
У юраги зир титраб, сув остига умидвор тикилди: хиёл катталашган балиқнинг дум ва қанотлари билтангларди.
– Ана!.. Гоҳо рақсга ҳам тушиб беради!.. – дедию, катта йўл томон юрди. Юз-кўзини ёш ювар, бутун вужуди ёшга айланиб бораётгандек эди…
Машина ортидан хотинининг овози келди:
– Қайларда юрибсиз Умиджон икковимизни димиқтириб?! Ўғлимизга офтоб ўтиб қолса нима қиламиз, дадаси?!..
Гўдак чинқириб йиғлади.
Унга «дадаси» деган сўз жуда-жуда ёқиб кетди.
– Офтоб иси кеб қолади-да! – деди жилмайиб, аммо кўзлари ёшли эди. – Офтоб исли бола бўлади!..
Машина ўрнидан жилди.