Биламан, бу кун сенга жуда-жуда оғир. Чунки тонгларинг қаро-қаро отиб, кўксинг хиёнатчилар қилмишидан пора-пора бўлди-да, бағринг алвон-алвон қонларга тўлди. Ҳа, азизим, бу кун бағринг қон, кўзларингда ёш. Бу ёшлар, афсус, ўкинч ёшларидир. Сен бутун мамлакатга ҳалол меҳнатинг, янги-янги ташаббусларинг, ватанпарвар фарзандларинг, яратувчанлигинг билан танилгандинг. Оламга, одамларга яхшиликлар, эзгуликлар улашиб толмасдинг, онажон! Энди эса ёвузлик отган ўқдан вужудинг яраланиб, мунғайиб турибсан…
Йўқ, жоним Ватаним, меҳрибоним, чиройлигим! Жаннатларга қиёс Ўзбекистонимизнинг гавҳар гўшаси, азизим, суюклигим, йўқ! Қаддингни кўтар, мунғайма, онажон! Сенинг кўзларингдан оққан маржон-маржон ёшларни артувчи, қон сизган яраларингга малҳам бўлгувчи фарзандларинг бор ҳали. Улар сенинг тинч ва осуда кунларингни, сокин-сокин тунларингни жаҳолату таҳлика, зулмату қўрқув салтанатига алишмайдилар. Ишон, улар сенинг корингга ярашга, сенинг тинчлигинг учун кўксиларини қалқон қилишга тайёрлар.
Азиз юртдошлар!
Қадимий ва гўзал Андижонимизнинг сўзи кескир, мард ва танти, яхшиликпеша аҳли! Не ғафлат босди бизларни?! Тинчлик-хотиржамлигимизни кимларга бериб қўйдик, биродарлар?!
Аё, ёшлар — укаларим, жигарларим!
Кўзингизни очинг, Ватан олдидаги ўз сўзингизни айтинг, бурчингизни ўтанг, йигитлар! Бу кун Ватан сизнинг шижоатингизга, меҳрингизга муҳтож. Ватан корига яранг, азизларим!
Мен уруш кўрган одамман. Тинчлигини йўқотган, уруш исканжасида қолган халқ не кўйларга тушишини ўз кўзим билан кўрганман. У кунлардан Аллоҳнинг ўзи асрасин. Аммо бизнинг осуда ҳаётимизга раҳна солаётганлар, ёлғон ғояларни олға суриб, сафсата сотаётганлар эртага не кўйларга тушмоғимизни тасаввур ҳам қилолмайдилар. Чунки, одам ўлдиришдан, вайрон этишдан қўрқмаганлардан ҳар нени кутиш мумкин. Аслида дунёдаги барча ғоялару сиёсий сафсаталар биргина инсон жонидан ҳам азиз эмас, биз шуни англамоғимиз лозим.
Азиз ёшлар!
Мен сизларга такрор ва такрор мурожаат қилмоқдан толмайман, илло, сўзларимни англамоғингизни истайман. Чунки эртага шу юртда сизлар яшайсизлар, оила қуриб, фарзанд ўстирасизлар. Наҳотки, уларнинг вайрон бўлган, зўравонлар ин қурган бир маконда яшамоғини истасангиз?! Инсон қонидан сесканмаган одамкушларнинг ниятлари ана шундай эмасми ахир?! Муқаддас динимизнинг инсонпарварлик аҳкомларини ҳам поймол этаётган ўшалар эмасми?! Ахир чин мусулмон киши нафақат инсонга, ҳатто ҳайвоноту набототдан тортиб, кичик ҳашаротга ҳам озор бермоқликдан тийилади-ку. Улар эса неча-неча бегуноҳ инсонларнинг азиз жонларига қасд қилиб, қанча-қанча эзгу орзуларни абас этдилар.
Мен 13 май куни эрталаб шаҳарда рўй берган воқеаларнинг гувоҳи бўлдим. Бир тўда бузғунчилар вилоят ҳокимлиги олдида намойиш ўтказдилар. Атрофда биронта ҳарбий ёки милиция ходими кўринмасди. Ҳайрон бўлдим. Бу муҳтарам Юртбошимизнинг қон тўкилишининг олдини олувчи, доноларча тадбири эканлигини кейин билдим. Агар ўша пайтда бу ишга ҳарбийлар аралашсалар, кўп қон тўкилиши мумкин эди. шунингдек, жиноятчиларнинг даъватларига юртдошларимизнинг бирортаси ҳам эргашмади. Мен бундан жуда-жуда фахрланиб кетдим. Илло, доно йўлбошчиси бўлган бу аҳил ва оқил халқ гўзал ҳамда осуда ҳаётга муносибдир.
Ҳаққи рост — умр ўткинчи. Аллоҳдан бошқа ҳаммаси ўтаверади — шоҳлар ҳам, гадолар ҳам, дунёга эгалик даъвосидаги ғоялар ҳам. Ҳамма-ҳаммаси ўтади. Аммо Аллоҳ мукаррам этган инсон отлиғ мавжудот бор экан, Ватан деган, тинчлик деган эзгу тушунчалар яхши кишилар учун муқаддас бўлиб қолаверади. Ёмонлар бизнинг ана ўша муқаддас туйғуларимизга дахл қиладилар. Шундай экан, азиз Ватанимиз тақдирига, тинчлигимизга бефарқ бўлмайлик, қадрли ёшлар!
Онажоним, Андижоним, азизим!
Йиғлама! Сенинг Отанг бор, ғамхўру меҳрибонинг, посбонинг бор! Яна азиз фарзандларинг бор. Улар сенинг учун, сенинг эртанг учун оёққа турмоқдалар. Улар бўлмағур фисқу фасодларга эмас, сенинг сўзларингга қулоқ тутаётирлар.
Биз сенинг билан биргамиз, эй она-Ватан, эй жон Андижоним!
Андижон воқеаларига атаб ёзилган ушбу эссе
“Андижоннома” газетасининг 2005 йил 16 май сонидан олинди.