Кўнглим билан яшолмадим, нима қилай?
Кўнгил бердим кўнгил билмас одамларга.
Онажоним, синовгами ёки атай
Ёлғиз ташлаб кетдингиз-а шу дамларга!
Кўнглим билан яшолмадим , нима қилай?
Фақат сизни соғинмоққа етди кучим.
Онажоним, юрагимни қилайин най,
Қоним билан чалай нафас олмоқ учун.
Кўнглим билан яшолмадим , нима қилай?
Сўнгакларим зирқиратди дунё деган.
Онажоним, ота-она ё билдирмай
Дунё бериб, кетиб қолган дунё экан.
Онажоним, мана шу мен – лим-лим кўз ёш,
Шоирсан, деб қўлларимга тутдилар май.
Тошларини қумлар этиб толди бардош,
Кўнглим билан яшолмадим, нима қилай?
Онажоним, тиз чўкиб, ер тимдалайман,
Дийдор дея пиёлада жоним тутай.
Соғинчимда дунёларга ўт қалайман,
Кўнглим билан яшолмадим, нима қилай?
Мен сиз билан яшолмдим, нима қилай?!..