Ўнинчи боб
1
Султон бу тунни ҳар васлида уни лаззат ва шунингдек, тушуниксиз бир ваҳмга ошно этгувчи малика- кўҳна Бухоро гўзали Зуҳра Хотун оғушида ўтказди. Малика чиндан ҳам ҳусну латофат, нозу карашма ва ҳатто навқирон султонни олов-оташ бағрига солмиш шаҳват, яъни ишқ ўйинлари борасида ҳам беназир эди. Бу албаттаки тождор ҳазратларини бефарқ қолдирмас, кўпинча оқшомларини унинг тўшагида ўтказмоққа ошиқарди. Бироқ султон ёш бўлишига қарамай ўз ҳаддини ҳам биларди, яъни изму ихтиёрини ожизалар илкига бериб қўймоқликдан сақланарди. Бу борада отаси васият қилган устози Низом ул Мулкнинг насиҳатларига амал қилмоққа уринарди. Чунки бутун умрини илмга, ободлик ва эзгуликка сарф этаётган вазир ҳар бир юмушга киришмоқдан илгари узоқ ўйлар, машойиҳлар айтганларидек-етти ўлчаб бир кесарди. Шул боисми, камдан-кам адашувга, хатоликка йўл қўяр ва султон ҳам унинг йўриғига юриб, ҳали шу дамгача афсус-надомат чекмаган. Қолаверса, вазири аъзамнинг юз-кўзида, сўзида ва умуман бутун хатти-ҳаракатларида ажиб бир илиқлик, кишини ўзига тортгувчи, эҳтимолки, ўзига ишонтирувчи, охир оқибат ўз ортидан эргаштирувчи тажаллийми ёхуд сеҳрми мавжуд эди. Айни шу сеҳрми ва ёхуд бошқа нимарсами, унинг ғанимларига ёқмасди, ҳатто ундан қўрқардилар. Султонни сеҳру жоду ила ўзига банди этиб олган, йўриғига солган, дея ёзғирардилар. Султоннинг соҳиб девонга нисбатан ота мерос самимий меҳрини, ҳурматини ва иккисининг ораларидаги дўстликни тушунмоққа улар қодир эмасдилар. Чунки бу кўҳна дунё шундай яралган. Унда иймон аҳлининг бирлашмоғи, якдил бўлмоғи азал-азалдан мушкул, жамики яхшиликпешалар якка-якка ҳолда изтироб оғушидалар. Ҳа, азали шундай. Аксинча, шайтони лаъин қавмидан бўлмиш иймонсиз кимсалар эса жуда-жуда осон эшлашадилар, бир лаҳзада бошлари бирикиб, тил ҳам топишиб оладилар. Ёш султон мана шу жумбоқни ечмоққа ожиз, худди шу савдонинг изтиробидан доғда. Адоватнинг қўллари узун, тирноқлари ўткир, бир зум эҳтиётни унутсанг, вужудингни тилка-пора қилади. Унинг қошида тождорларнинг ҳайбату виқори ҳам ҳечдир. Агар акси бўлганида, ул хусумат аҳли султоннинг энг яқин кишисига, пинҳона пири муршидим деб қўл бергани донишманд зотга тиш қайрармидилар?! Надоматким, уларнинг бу қилмишлари биринчи бора ҳам эмасдики, ҳукмдор уни ҳамиша ҳис қилиб яшарди. Во дариғ! Ахир на унинг, на вазири аъзамнинг бошқаларга, аниқроғи, аъёнларга асло ёмонлиги йўқ-ку. Наҳотки дўстликнинг, чин биродарликнинг, яхшилик қувватланмоғининг сийлови шу бўлса?!..
Султон Маликшоҳ гўдаклик чоғлариданоқ падари бузруквори Алп Арслон ҳазратларининг ва у кишининг хоҳиш иродасига биноан Низом ул Мулк жанобларининг назоратида бўлди. Ҳа, у салжуқий султон буюк Алп Арслоннинг забардаст билаклари, кескир қиличи соясида ҳамда буюк Низом ул Мулкнинг тафаккури, илми дониши таъсири остида улғайди. Айнан шундай! Эҳтимол у ҳам шамшир кучига зўр бериб, тафаккур нуридан бебаҳра бўлганида бу адоватлар бўлмасмиди. Чунки қаттиққўл отаси бу каби пинҳоний сўғишларга мутлақо йўл бермасди, ҳар не бўлса қилич ила бостирарди. Балки у илмга ҳурмати боис юмшоқ кўнгил бўлиб ва шунинг учун ҳам ғаламис кимсалар ғимирлаб қолгандирлар? Не қилсин, у ҳам барча мушкулотларни қилич ила ҳал этсинми? Унда қураётгани бу расадхона, бу масжиду мадрасалар қонга ботмайдими? Бир қарашда жуда оддий туюлган бу ўйлар, ҳал қилиниши, айниқса, ҳукмдор учун, осон кўринган бу мушкуллар кишини чиндан-да азобловчи эди.
Маликанинг васлидан хушнуд қайтган султон миясига туйқус урилган бу хаёллардан сўнг тақи тундлашди. Малика ҳақиқатан султоннинг кўнглини овлашга уринди, бу сафар ҳам қиёссиз лаззат оғушига ғарқ этди. У икки ўғлини ёшига етмай тупроққа топширгач, юрак олдириб қўйганди. Беш ёшга тўлган якка-ю ёлғиз ўғли-шаҳзода Маҳмуд унинг танҳо умид юлдузи эди ва у мана шу умид юлдузининг сўнмаслиги, само узра баралла нур сочмоғи эрига-султон Маликшоҳга боғлиқ эканлигини жуда яхши биларди. Гўзал маликанинг султон кўнглига йўл изламоғига, унинг ишончини қозонмоққа уринмоғига боис юксак маъволарни кўзлаган онанинг матлуби (орзу қилган нарсаси) эди. У ёлғиз ўғлининг салжуқий малика Зубайда Хотундан туғилмиш шаҳзодалардан аввал тахтга ўлтиришини, султон уни биринчи меросхўр этиб танлашини истарди. Аслида бу бахтга энг аввало салжуқий маликадан туғилмиш шаҳзодалар ҳақли эдилар. Буни Зуҳра Хотун ҳам жуда яхши билар ва шул боисдан ҳам султоннинг кўнглига йўл ахтарарди. Ботинан эрини саҳройи авбош (бебош) дея камситар, ўзининг кўҳна Бухоро маликаси эканлигидан фаҳру ифтихор этарди, кибр ҳавосида учарди. Бироқ султон Маликшоҳ аёл зотининг макру хийласидан огоҳ эди ва шунинг учун ҳам калласидаги ўйларини бировга, айниқса, ожизаларга ошкор этмасди. Унинг кучи ҳам аслида шунда эди. Аёлларнинг давлат ишларига аралашмоғига йўл қўймасликни вазири аъзам ўргатганди. У бу борада кўплаб ҳикоят ва ривоятлар ҳам айтиб берганди. Айнан ўша ҳикоят ва ривоятлар унинг «Сиёсатнома» отлиғ китобига ҳам киритилганди. Аёллар ила маслаҳатлашмоқ аслида султоннинг Оллоҳ берган феълига ҳам бегона эди.
Султоннинг қалби хуш бир суҳбатни соғинди. Пешин намозидан сўнг киши юбориб, вазири аъзамнинг аҳволидан огоҳ бўлгач, Умар Хайёмни чақиртирди. Ўз боғида шоир ила суҳбат қуриб, кўнгил хижиллигини ёзмоқни ихтиёр этди.
Султон боғ сари ўтмоғи арафасида яна бир нохуш хабарни эшитди: тўрт кундан бери зиндонда бўлган Ибн Баҳманёр қўққисдан қазо қилибди. Хабар беришларича, ҳали унчалик оғир қийноқларга солинмаган хиёнаткорнинг бирдан жон таслим қилиши шубҳали эди. Ҳар тугул уни ўлар даражада азоблашмаган ва султоннинг ижозати бўлмагач, қатл этмоққа ҳам журъатлари етмаслиги аниқ эди. Наҳотки хиёнатчи касларнинг илдизлари зиндонгача етган бўлса-я? Банди ўз шерикларини фош этгувчи бирон бир гап айтиб улгурмаганлигидан билмоқ мумкинки, уни ўлдиришгани чин… Султон ўйчан ва паришон қиёфада улкан боғнинг нақшинкор шийпонига етиб борганда ортидаги Хайёмни пайқади. Кўришдилар. Ибн Баҳманёрнинг вафоти ҳақида Хайём ҳам эшитганди, шунинг учун султоннинг юзида зуҳур этган ташвиш маъносини тушунгандай бўлди. Бу эса ҳукмдор то фикрларини жамлаб олгунга қадар жим турмоғи лозимлигини англатди.
Ўлтирдилар…
Боғ бисёр кўркам эди. Ҳов нарида турфа хил мевалар барқ уриб яшнаган, офтоб нурига йўғрилган яшиллик кўзни қамаштиради. Берида, яъни шийпон теварагида эса хар хил тусдаги гуллар қийғос очилиб ётибди. Гулзорнинг умумрангида музаффарликка эришган қизиллик бетакрор бир гўзал манзара кашф этгандики, киши қалбига эҳтирос, туғён солмоғи аён эди. Гулзор ёқасида қад ростлаган қатор сарвлар эса гул узмоққа шайланган сулув қизларга монанд. Гул ва меваларнинг ораларига тош ётқизилиб, текис йўлаклар қурилган. Боғу гулзор бағридан ҳар турфа қушларнинг сайрашлари эшитилади.
Шийпон жуда сўлим эди. Айниқса, унинг томидан ҳар тарафга бир маромда шилдираб оқиб турган сув таровати жонга ором бағишлайди. Бу сув коризлар (ер ости ариқлари) орқали оқиб келиб, шийпон томига кўтариларди ва том узра ёйиларди. Гўё шийпоннинг тўрт томонига ялтироқ ҳарир парда тортилгандай… Табиатнинг фусункор манзараси ғашланган кўнгулларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади-султон хиёл енгил тортди. Шай турган гўзал канизаклар унинг ишораси ила хизматга киришдилар. Кенг хонтахта устидаги шоҳона дастурхон кўзни қамаштирарди. Энг аввало канизаклар тутган яхна шарбатдан тотиндилар. Вужудларига ҳузур инди.
-Бу гал шатранж ила бошингизни тангламоқчи эмасмен, шоир. -дея жилмайди султон,-Илло бизни ҳам шеъру юлдузларга ошно этмоғингизни истайдурмиз.
Султоннинг лутфидан шоирнинг ҳам юзида табассум балқди.
-Бош устига, олампаноҳ.-деди қўлини кўксига қўйиб.
-Кўнглингиз дарё бўлиб оқсун, шоир. Биз эса унда ғарқ бўлайлик.
Хайём султоннинг қошида ўлтирганини унутмади, зеро у ҳукмдорлар ҳузурида мувозанатни тутмоқ лозимлигини жуда яхши англарди. Шоҳлар Қуёш янглиғ-бисёр ёвуқлашсанг, куйиб қоласан, онча узоқлашсанг, яхлаб тўнасан, деган ҳикматни ўқиган, уққан эди. Шул боис ҳамду сано учун тилига эрк берди:
-Сизнинг шону шавкатингиз тақи саховатингиз уммони олдида биз бир жилғамиз, ҳазратим. Сиз баҳри муҳитсиз.
Шоирнинг гапи хуш ёқиб, султон мамнун жилмайди, кўзлари қувлик ила қисилиб, бўртган туркона ёноқлари ялтиради.
-Бир шеър айтингиз, шоир!
-Менинг шоирлик даъвом йўқдир, вале бир-икки машқ этганим бор. Ҳозир эса… -Хайём бир қўзғолиб олдида, қўлини кўксига қўйиб, енгил таъзим қилди.- Рудакий ҳазратларидан бир битик айтгум:
Дилим, токай «ўзим» дейсан, паришон,
Темирни урма кўп беҳуда, эй жон.
Дилим бир дону ишқ эса тоғ,
Нечун бир донга бу тоғдек тегирмон?
Келиб кўр Рудакийни, сен агарда
Кўрай дерсан тирик танники бежон.
Хайём шеърни ўктам бир овозда, ёқимли оҳангда ўқиди. Кўзларини юмиб, шеър оҳангига монанд тебранган султон бироз сукут ортидан «Офарин!» деди ва чуқур хўсиниб қўйди.
-Филҳақиқат, бу кажрафтор фалак одам боласининг увоқдек бошига тоғ янглиғ балоларни ёғдирғуси экан!
Хайём ўз қулоқларига ишонмади-мана шу рўбарўсида ўлтирган одам дунёни зир титратган ўшал буюк салжуқий султон Маликшоҳми ёхуд ўзгами? Бунчалар хорғин ва забун кўринмаса у?!
Бироқ султоннинг бу ҳолати лаҳзалик эди, оний бир инсоний ожизлик, олам шўришларидан хорғинлик уни шу лаҳзалар ичра маҳф этганди. Мана у яна мағрур ангорга кирди, қошлари чимирилиб, ўйчан бир ҳолатда деди:
-Ибн Баҳманёрни ўлдирибдурлар! Тақи хиёнат!..
Хайёмнинг феълида тезлик ва хиёл бадгумонлик бор эди. Юраги сесканиб, «наҳотки мендан шубҳа қилаётган бўлса?», дея ўйлади. То султон унга назар ташлагунча қони ҳам, ўйи ҳам тиниб, ўзини ўнглаб олди.
-Эшитдинғизми?-сўради султон ярим қаҳрли овозда яна тилида ўғизона шеваси пайдо бўлиб.
-Эшитдим, олампаноҳ.
-Бунға не дейсиз?
-Бир нима демоққа ожизмен, султоним.
-Бу кимнинғ илкидур?-султон бу гапни ўзига ўзи гапираётгандай ўйчан қиёфада айтди.
Бу орада канизаклар муздек мавиз (майиз) мусалласидан келтирдилар ва аёқларга қуйиб, ҳамсуҳбатларга тутдилар. Мезбонлик ҳурматиданми ёки ростдан ҳам Хайём ила хуш суҳбат қурмоқ истагидамиди, султоннинг юзига яна табассум югурди.
-Бул ҳақда шеърингиз бисёр турар, жаноб?-деди Маликшоҳ бармоғи ила бодали олтин аёқни чертаркан, муғомбирона жилмайиб.
Шоир ҳам табассум қилди ва тагдор сўз айтди:
-Тождорнинг амри вожиб.
Хуррамлик китобин ўқимоқ керак,
Дилда ғам кўкати ўсмасин андак.
Май ичиб, истагинг ўринлат доим,
Маълумки, тез келур ўлимдан дарак.
Бу султоннинг кўнглига қараб айтилган шеър эди.
-Ўлмағайсиз, шоир! Қани!-қадаҳга ишора қилди ҳукмдор.
Ичдилар.
Бу орада хуш бўйи димоғларни қитиқлаган суюқ таом тортилди.
Таомландилар.
-Жаноблари осмон илми ила ҳам машғуллар. Юлдузлар асроридан ҳам сўйласунлар.-Султоннинг нафси ором топиб, мусаллас туфайли қони қизиганиданми, энди мулойим сўзларди.- Уларнинг инсонлар тақдиридан сўз айтмоғи чинми? Ахир Уммул Китобда…-гапини сўнгига етказмади, зеро фикрини шоир тушунганлигини пайқади.
-Ҳақ гап, султоним.-дея гап бошлади Хайём сўз оҳангига оз бўлса-да дағаллик сингмоғидан эҳтиётланиб. -Филҳақиқат, Оллоҳ таборака таоло Қуръони каримда юлдузларга қараб фол очмоқни, тақдирлардан башорат қилмоқни таъқиқ этган. Зеро бу мажусийларга хос бир илатдурки, у билан машғул бўлмоқ мусулмон умматига чандон офатлар ёғдирмоғи ҳам тайин… – Шу ерга етганда шоир чайналиб, ўз фикрини султонга тўла айтмоқдан хавфсираётганлигини ошкор этиб қўйди.
-Тортинмай сўзлайверинг, эй, Иброҳимнинг ўғли! -дея хитоб қилди султон араб лисонида ва жилмайиб қўшиб қўйди, -Ижозат.
Шоир дадиллашди:
-Бироқ илми нужум ўз номи ила илмдур. У ила шуғулланмоқ олам мўъжизаларини англаб, Оллоҳнинг кучу қудратини туймоққа имкон беради. Демак, жамики маҳлуқотни англамоқ мумкин бўлади. Бу эса ўзни англамоқдур. Ўзликни анламоқ ўз давомийлиги ила Оллоҳ васлига мушарраф этади. Илло Ҳазрати рисолатпаноҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Бешикдан то қабргача илм изланг», дея бежиз марҳамат қилмаганлар.
Султон кулди:
-Демак, оламни англаш йўлида куфр кетмоқ ҳам жоиз экан-да?
-Фикри ожизимча, ундай эмас, олампаноҳ. Эҳтимолки, сарвари олам пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам «Динда чуқур кетманглар» деганларида шу нарсани назарда тутгандирлар.
Бу айни топиб айтилган гап эди. Жим қолдилар.
Ниҳоят яна султон тилга кирди:
-Наҳотки улар чиндан ҳам одам боласининг тақдирига таъсир эта олсалар?
Хайём ҳукмдорнинг изат-нафсини ҳимоялаган ҳолда оҳиста жавоб берди:
-Айнан шундай, ҳазратим. Илло Оллоҳ таолонинг мўъжизаси-ю асрори беҳисоб. Юлдузлар ҳам ана ўша асрордан биридир. Фалакнинг айланиши боис тун ва кун алмашиб туради. Юлдузларнинг тақдирларга таъсири ҳам фалакнинг ўша айланиши асосига қурилган. Яъни ўн иккита бурж бўлиб, уларнинг ҳар бирида маълум юлдузлар туркуми жам бўлганлар. Улар юлдузларнинг хонадонлари ҳисобланадилар. Буржларнинг номларини султоним ҳам биладилар, албатта.
-Адашмадингиз, шоир. Вале бу сирнинг остига мудом етолмаётирмен,-деди султон борки диққатини жамлаб Хайёмга тикиларкан.
Хайём ҳам энди суҳбатга берилиб кетганди.
-Инсоннинг руҳи ва шуури само тоқига узвийлиги шубҳасиз. Ахир Одам сафиюоллоҳ кўкдан-жаннатдан қувилмаганмидилар. Қолаверса, руҳ бизнинг ақлимиздан неча чандон тараққий этган бир асрордир. Бу ҳақда Оллоҳ таборака таоло ҳам хабар берган. Балки қодири Оллоҳ ўз сирини ўша юлдузларга пинҳон этгандир. Сайёраларнинг ўшал буржлардаги юлдузларга муносабати инсон тақдиридан муждалар беради.
Канизаклар навбатдаги таомни келтирдилар.
-Сўзлайверинг, шоир!-деди султон шошиб, қизиқ бу суҳбатдан айрилиб қолишдан чўчигандай.
-Оллоҳ бу буржларни тўрт хусусият ила яратди. Буни билмоқ ҳам жуда муҳимдир. Яъники уларнинг учтаси ўтга, учтаси тупроққа, учтаси ҳавога, учтаси сувга мансубдир. Зеро Оллоҳ Одамни мана шу унсурларнинг уйғунлигидан бино этган-бу сир эмас. Демак, ҳар биримизнинг вужудимизда ана ўша унсурлар мужассам ва уларни руҳ идора этади ҳамда само ила боғлаб туради.
-Субҳоноллоҳ!.. -Султоннинг кўзлари чақнаб кетди,-Демакки, бутун маҳлуқот-набототу ҳайвонот, барча-барчамиз бир бутун эканмиз-да?
Хайём таъзим қиларкан, деди:
-Султоним ҳақ гапни айтдилар. Бир бутунлигимиз шунда ҳам акс этадики, агар одам жазм этса, ўт-ўлану дарахтлар, парранда-ю дарранда ва жамики маҳлуқотнинг тилини тушунмоғи мумкин. Бундайин хислат пайғамбари мурсалинларга ва баъзи валиюллоҳларга ҳам ато этилганлиги бунинг исботидир.
-Ҳа-а, -бу гаплардан таъсирланди султон,- Оллоҳ таборака таолонинг ҳикмати мўл!..
Шоирнинг мабодо гап само хусусида боргудай бўлса, берилиб кетганидан гоҳо фикр уммонига ғарқ бўлмоқ одати мавжуд эди.
-Башарнинг буткул ҳаёти осмон ила ҳамриштадир. Олдинги қавмларнинг ҳалокатга юз тутишини, осмондан тош ёғилишини эсланг, олампаноҳ. Ҳатто ерга келадиган офатлар ҳам самодан кутилади. Чунки унда ерга анча яқин бўлган майда олов юлдузлар сузиб юради. Мабодо улар заминга урилгудай бўлсалар борми… Фақат Оллоҳгина бу офатлардан сақлаб турибди.
Хайёмнинг қулоғига улуғ бир сукунат келиб урилди-да, барча товушлар нари қочдилар ва у ўзини юҳодай бўшлиқ қаърига тушиб қолгандай ҳис қилди. Қаршисида ўйчан ўлтирган султон ҳам кўз ўнгидан узоқ-узоқларга кетиб борарди. У чап ёнига хиёл ўгирилиши ҳамоно кўз остида хира қорамтир парда ҳосил бўлиб, тобора чор атрофни қамраб олаётганга менгзади. Бу ҳолат унга таниш эди, шул сабаб кўнглида истиғфор айтди. «Ё Оллоҳ!.. Бу нечук синоат?!..» Орқа томонидаги гулзор бағридан булбулнинг овози эшитилди. Бу овоз шу қадар тиниқ, завқли ва мастона эдики, ҳатто бундайин хонишларни неча бор тинглаган ҳамда бунга кўникиб улгарган султон Маликшоҳнинг ҳам эътиборини тортди. Шоир ҳукмдорнинг нигоҳида акс этган шавқ ва қизиқувчанликка уйғун бир алпозда аста ортига ўгирилди. Надоматки, шийпонча томидан оқиб турган сув пардаси нарироқни кузатмоққа монелик қилди. Султонга эргашиб у ҳам ўрнидан турди, иккиси шийпонча бўсағасига чиқдилар. Икки мастона кўнгил-жаҳонгир шоҳ ҳамда беназир олим ва шоир нигоҳлари ила соҳиби навони, қалбларига мислсиз оташ солган ҳофизни излай бошладилар. У ҳамон сайрарди, овози ва куйи тобора жўшиб борарди. Жавзо адоғида қони жунбушга келган қуш уларни узоқ интизор қилмади, аввал чаман четидаги гулнинг пастки шохида пайдо бўлди-да, сўнг ерга тушди. Овози эса тобора баландлаб, тобора нолакор бўлиб борарди. У ўзига ҳайрат ила боқиб турган шоҳ ва шоирга анча яқин келиб қолганди.
Лолу ҳайратда қолган султон булбул хонишини узоқ тинглади. Сўнг:
-Навосозлар шоҳи пойингиздадир, шоир!-деди овозидаги эҳтирос таъсирини яширолмай. -Шунча юрт кезиб, юрт сўраб, ҳали бунақасини кўрмаган, эшитмаган эрдим. Булбул инсон қошида тиз чўкиб, хониш қилди-я! Бу ҳам бўлса, сизнинг шарофатингиздандур ва у буюк истиқболингиздин башорат қиладур.
Хайём ҳам қаттиқ мутаассир бўлган ва у ҳам эҳтиросини яширмоқдин ожиз эди. Бунинг устига, оламни титратган тождор унга чин дилдан эҳтиром кўрсатиб турарди. Шунинг учун бош эгиб, султонга таъзим қилди.
-Султоним бизнинг таърифда муболаға этдилар. Навосознинг бу алпози олампаноҳнинг улуғлиги ҳамда қудратининг ҳайбатидандур.-деди лутфи олийга жавоб лутф этиб ва сархуш бир овоз ила шеър ўқиди:
-Бу кун булбул ўқир достону достон,
Майни қўлдан-қўйма мастону мастон.
Туриб гулзорга чиқ, уч-тўрт кун бўлсин
Ҳуррамлик манзилинг бўстону бўстон.
Шоир кўз ўнгидаги бояги хира парда кўтарилгандай, ўнг ёнидан ёруғ таралиб, борлиқни ишғол этгандай туюлди…
2
Хайём расадхонага ўшандай аҳволда, турфа туйғулар оғушида қайтди. Микоилга ижозат бериб, юқорига-ошёнаси томон кўтариларкан, юрагида алланечук изтиробли оташ туғён уриб, ўртана бошлади. Эшикдан кирди-ю унинг шарпасини пайқаб, пешвоз чиққан Пармудага рўбарў бўлди. Унга ўз кечмишини сездирмаслик учун билинар-билинмас ишорат ила ижозат берди ва хонаси сари ўтди. Бошидаги салласини олиб, деворга илди, жуббасини ечаркан, унинг сидрилиб оёғи остига тушганини ҳам пайқамади. У ўзини бу кўйга солаётган туйғуни шеър дарди деб ўйлади ва хато қилди. Чунки хонтахта устига келиб, давот узра энкайиши ҳамоно бўғзига нимадир тиқилди ва сапчиб қаддини ростлади. Наздида, бағри куйиб бораётгандек туюлди-да, кўксини кафти ила ютоқиб ишқалади, бармоқлари ила тирнаб ташлагиси келди. Бироқ бутун танаси қзиб, киприкларининг ости ачишмоққа тушди. «Ё Оллоҳ, бу не асрор?!» деб юборди чийиллаб. Кейин қулоқлари гоҳ шовқин-суронга тўлиб, шанғиллади, гоҳ қиёссиз бир сукунат ила ўраниб, ванг бўлди. Бўғзидаги нимарса ташқарига отила бошлади, киприклари остида чўғ пайдо бўлгандай ёниб, учқунлар сачратди. На туролмас, на ўлтиролмас ва на ётолмас, ўзини у ёндан-бу ёнга урарди. Гоҳ у деворга, гоҳ бу деворга мушт туширар, тинмай «И-ии!.. Ваҳ-ҳ!.. Уххухуху-уу!» дея товуш чиқарар, «Менга не бўлди?» деб ўзини ўзи саволга тутар ва бу сўроққа ҳозир жавоб топгулик ҳолда эмасди. Кўзларидан ёш отилиб кетди. «Йў-ўўққ!..» деди у тақи бир бора деворни муштлаб. Аммо на бу хитоб, на вужудидаги ғуруру ор ва на деворга урилган муштлари унинг жолаларини тутиб қола олмадилар. У йиғини тан олмай йиғлайверди, кўз ёшлари оқавердилар ва шу асно бутун хона узра оппоқ нур ёйилаверди.
-Ё Қодир Оллоҳ!.. -дея ўртанди у.
Унинг борлиғини нур қамраб олди. Айни дамда вақт ўлчамсиз эди гўё…
Шу пайт шифтдан ўз ипига осилиб аста пастлаётган анкабутга (ўргимчакка) кўзи тушди. Унга андармон бўлиб, ўртанишлари тўхтади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалоскори (Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламни мушриклар қувганда, туйқус ғорга яширинадилар. Ўшанда Оллоҳнинг иродаси ила ўргамчаклар тезликда ғор оғзига ўз тўрларини тўқиб ғўядилар. Мушриклар ғор оғзидаги ўргимчак тўрини кўриб, у ерга ҳеч ким кирмаган, деб ўйлайдилар ва пайғамбаримиз омон қоладилар. Бу ерда шу воқеага ишора қилинмоқда.) қавмидан бўлмишни кафтига олди. Анкабут тек қотди. Шоир бу сероёқ қора жонзотни кўзларига яқинроқ олиб келиб, тикилди. Ё Раб, бу маҳлуқ тенгсиз бир санъат маҳсули бўлган нақш янглиғ буюк Мусаввирнинг бемисл ижодини кўз-кўз этиб турарди. Унинг туғёнлари буткул тинди, оташлари сўнди. Анкабутни кафтида тутиб, дарича олдига борди-да, ташқарига чиқариб ташлади. Чуқур бир ҳўрсинқғ ила вужудини енгиллаштириб, давот сари қайтди. Ўлтирди. Илкига хомани олиб, ёза бошлади:
Сукут ва фақирлик эмасдир бекор,
Дунё талабига ҳадсиз офат бор.
Икки кўз, тил, қулоқ омон чоғида
Кўзу тил, қулоқсиз бўлмоқлик даркор.
Тўрт сатрни бир нафасда ёзиб битгач, қоғозни қўлига олиб, ёзувига бироз тикилиб турди ва шеърни овоз чиқариб ўқиди. Сўнг мамнун жилмайиб, енгил тин олди. Айни дамда шуурида ушбу фикр айланди: «Пармудани соҳиби девоннинг ҳарамига қайтармоғим дуруст бўлур, чоғи?..» ва бунинг ортидан кўз олдида Марямнинг гўзал чеҳраси намоён бўлди.