Олтинчи боб
1
Султон Маликшоҳ Жайҳун узра кўприклар қуришни ниҳоялаб, Термиз фатҳини кўзлаб қадим дарё соҳилида ўлтирганида падари бузрукворининг қисматини тақи бир бора ёдига олди. У ҳудди мана шу жойда, манов шаштли дарё гувоҳлигида Юсуф отлиғ чўбоннинг тиғига рўбарў келган эди. Унинг валиаҳди ҳам яна шул манзилда турибди. Эрта тонгдан Термиз сари юриш бошлайди. Маликшоҳ Термизни ҳам, Бухорони ва умуман бутун Мовароуннаҳрни ҳам ҳеч қандай малолатсиз қўлга киритмоғига ишонар, Аҳмадхоннинг ўзига муносиб рақиб эмаслигини жуда яхши биларди. Бироқ ҳозир унинг юрагини нечукдир маҳзунлик эгаллаб, башар бошида ҳамиша тиғ тутиб турган уруш, қирғинбаротлардан совий бошлади. Шуурида ўз тақдирига нисбатан ожизона исён вужудга келди. Мижжалари ачишиб, бағри ўртанди. Дунёнинг ярмига ҳукмрон бўлган салжуқий султон айни дамда дод солмоқни истарди. Лекин ҳозирги кўйини ўзи англамас, бу банданинг ўз соҳибига, янада равшанроғи, ўз аслига интилиши эканлигини тушунолмасди. Шунингдек, бу ҳоли ўткинчи эди, ҳадемай қудратли ва виқорли султон Маликшоҳнинг ўз суратига тақи қайтмоғи аниқ эди.
Тонг саҳарлаб Термиз сари юриш бошладилар. Мўр-малах сингари адоғсиз қўшин бу қадим шаҳарни ҳеч қандай қаршиликсиз эгалладилар. Орадан бир ҳафта ўтгач эса салжуқий лашкар Бухоро бўсағасида турарди. Қорахоний ҳукмдор Аҳмадхонни тор-мор этиш, лашкарининг заифлигиданми ёхуд авомнинг унга қарши бўлганлигиданми, у қадар мушкул кечмади. Бир кунда Бухорои азим Маликшоҳ илкига ўтди. Аҳмадхонни тутиб, банди этиб, Исфаҳон сари йўллади. Бу ила малика Туркон Хотунга ўз меҳрини аён этмоқчи бўлдими ва ёки унинг насабини камситиб, пинҳона ҳузур топмоқчимиди- номаълум. Ҳар тугул сўнгги қорахонийзодага шафқат қилгани рост.
Ундан уёғи Шош, Сайрам, Андигону Ўзган каби йирик шаҳарлар эса-да, Салжуқийларга у қадар қаршилик кўрсатмадилар. Ниҳоят султон Маликшоҳ Қашқар сари кўз тикканида, унинг хонидан элчилар келди. Қашқар хони совға сифатида олам-жаҳон олтину кумуш ва арғумоқларни йўллаб, султон Маликшоҳга бож-хирож тўламоққа тайёр эканлигини, унинг номини хутбага қўшиб ўқитишлигини маълум қилган эди. Маликшоҳнинг суврату исмини олтин тангаларга зарб этиб йўллабди. Бундан султон бениҳоя шодланди ва Қашқарга юриш қилмасдан ортига қайтмоқликка жазм этди. Айни мана шу пайтда унинг ҳузурига Микоил етиб борди…
Султон ғазабнок бўлди ва ўша оннинг ўзидаёқ хос навкарларини отлантириб, бир қисм зарбдор қўшин тузди-да, бошкентга йўллади. Қўшин амирига Исфаҳонни зудлик билан эгаллаб, хиёнаткорларни бешафқатларча тор-мор этмоқликни амр этди. Сўзининг сўнгида соҳиб девон Низом ул мулк ва амирул фузало Умар Хайёмни не тадбир ила бўлса-да омонда сақламоқликни буюрди. Ушбу фармонни берди-ю донишманд устози Низом ул Мулк ва лутфи хўб надими шоир Умар Хайёмни дил-дилидан соғинганлигини ҳис этди. Ҳис этди-ю бағри сим-сим ўртанди. Манов олис юртларда, чанг-тўзон ва дашту биёбонларни кезавериб, қон тўкавериб ҳамда фақатгина эранлар орасида юравериб дағаллашган сарбозларнинг ҳайқириқлари, отлару филларнинг бўкиришлари, яроғлару аробалар, манжанақлар шақир-шуқури остида буюк бир соғинч ила англадики, ул икки улуғ зот нақадар гўзал ва дилбар инсонлар экан. Демакки, тўзону бақириқларга тўла бу дунёда, ул икки зиёпеша бириси тунда Ой, бириси кунда Қуёш янглиғ эканлар. Кўп илмлардан бохабар бўлган султон илмнинг, ҳикмату зиёнинг маънисига мана энди тақи бир бора етди. Илму санъатга, олиму фузалоларга ҳомийлик қилмоқ- бу ҳали илмни англамоқ эмас экан. О, баттол Такаш! Сени ини демоқликдин ор этурмен. Ўшанда нечук сени ҳам қатл этмадим?! Нечук бўғзингга чўғ тиқмадим?! Бабибир канизакдан бўлганлигингға бординг сен хиёнаткор. Ё алҳазар! Шундайин буюк салтанатнинг пойтахтини эгалламоқ шунчалар осон бўлса-я?! Вазири аъзам ғафлатда қолмиш чоғи. Мен кимга ишондиму доруссалтанатда бунчалар оз қўшин қолдирдим? Асли айбдор мен, асли ғофил мен!.. Султон от узра Исфаҳон сари бораркан, тинмай ўзини ғадабларди. У салтанатни ёхуд тахтни йўқотишдан ваҳмга тушмасди, улар учун қайғурмасди. Уни оташин этиб, аламга солган хиёнат ва азиз кишиларининг қоронғу тақдирлари эди. Такаш ҳукмдорликни эвлай олмаслигини у яхши биларди ва пойтахтни ҳам, тахтни ҳам тезликда қайтариб олмоғини сезиб турарди. Бироқ нобакор иниси ўшал онгача бирон мудҳиш юмушни амалга ошириб қўймоғи мумкин. Маликшоҳ шундан қўрқарди. О, хиёнат оловида жизғинак бўлгур Такаш, илкимга тушғайсен ҳали!..
Бу пайтга келиб салжуқлар салтанатининг сарҳадлари ҳофиқайнда (Шарқу Ғарбда) бир ёни Шому Ажам, бир ёни Румою Византиядан Рофидайн (Мессопотамия) гача, буёғи Қай (Мўғулистон), Чин (Хитой) ўлкаларигача чўзилганди. Бу жуда ҳам улкан бир мамалакатни ташкил этарди. Султон Маликшоҳ ўзининг шуури-ю шамшири ва қувваи ҳофизаси ила мана шу чексиз-чегарасиз салтанатни идора этарди. У ҳар қандай ғанимнинг кўзига тик боқишга, шамширига шамшир уришга қодир эди. Валекин шунча кучу қудрати ила хиёнатнинг ҳийласи қошида ғофил ғолди. Йўқ, Такаш бундайин кабир юмушга қодир эмас. Уни бирон бир устомон йўлга солганлиги шубҳасиз. Ким бўлиши мумкин ўшал устомон? Ўзгалар ҳузурида отга дадил минолмайдиган, шамшир қай томонга осилишини билмайдиган кабутар жинниси тахтга даъвогарлик қила олармиди. Тахтга рўбарў келган тақдирда ҳам унга қай тарафдан ўлтиришни билмас. Ўзинг ожизларнинг ожизи бўлсангу!.. Ёхуд исмоилийлар бош қўшдилармикин? У ёқда саквачча Ҳасан (Саббоҳ) қутургандан-қутурмоқда. Арслон Тош не қилди экан? Аламит олиндимикин? Наҳотки иниси Такаш исмоилийлар домига тушган бўлса? Унда аҳвол жиддий бўлғувси!..
2
Маликшоҳ йўллаган хос лашкар Исфаҳонга сунбуланинг адоғида етиб келди. Бу пайт Ҳасан Саббоҳ қўним топган Аламит қалъасини ишғол этиш учун кетган амирлар амири Арслон Тош бошлиқ қўшин ҳам шаҳар бўсағасида турарди. Сўнгроқ маълум бўлишича, бу қўшин Аламитни узоқ муддат қамал қилиб туришига қарамасдан, уни олишга мушарраф бўлолмабди, охир оқибат амир Арслон Тош ихтиёри ила ортига қайтибди. Ҳозир эса улар Исфаҳонда не воқеа рўй берганлигини, не тадбир қўллаш лозимлигини билолмай бошлари қотиб турар эдилар. Машриқдан султоннинг хос қўшини етиб келгач, шаҳар остонасида ҳайбатли бир тўлқин пайдо бўлди. Бу тўлқиннинг ваҳимаси, турган гапки, шаҳар узра ҳам ёйилиб, Муҳаммад Такаш қулоғига-да етиб борди ва унинг юрагига ғулғула солди. Султонликни орзулаб, хиёнатга қўл урган сархуш шаҳзода ўша заҳотиёқ адойи тамом бўлиб, жон қайғусига тушиб қолди.
-Ё Оллоҳ!.. -дерди у ўзини у томондан-бу томонга уриб, -Тамом бўлдим! Хонавайрон бўлдим!.. Шайтоннинг сўзига юриб… Ўз паноҳингда асра, ё Оллоҳ!..
Шаҳар аҳли ҳам оёққа қалқа бошлади. Раҳнга олинган амирнинг ихтиёрсиз бўйинсундирилган сарбозлари орасида ғалаён кўтарилди. Шаҳар дарвозаси олдида ҳайқираётган султон қўшинининг ҳайбати уларга куч берди. Улар издан чиққан, тўс-тўполонга кўмилган шаҳар ҳаёти ичра аста-секин бир бошга ихтиёр берган халоскор жамоага айлана бошладилар. Бир куннинг ўзида кўҳна Исфаҳон султон Маликшоҳнинг номини улуғламоққа тушди. Ҳатто Такашга ихтиёрли сипоҳийлар ҳам султон тарафига ўтмоқда эдилар.
Устомон ва ҳийлагар Қазвинийнинг анови ҳезалак Такашдан аллақачоноқ хафсаласи пир бўлган эса-да, бирон мўъжиза рўй бериб, улуғ мартабаларга эришмоқликдан ҳам умидвор эди. Бироқ ҳозиргидек эврилишни кутмаганди. Энди бир чора қўлламаса бўлмас, акс ҳолда ўлим шарпаси ёвуқ кўринадур. У узоқ ўйланиб ўлтирмади, бир пасгина хаёлчан турди-ю ишонч ила ўрнидан қўзғолди. Зиндонбонга бориб, унинг илкига катта ақча тутқазди. Умри бино бўлиб бунақа мўл тилло тангаларни ушламаган зиндонбоннинг кўзлари отилиб кетмоққа ҳозирландилар.
-Ҳожам не истайдилар? -деди Қазвинийнинг қошида эгилиб.
-Бирон мушти оғир хизматчингни топиб, мени калтаклашга амр этурсен.
Зиндонбоннинг кўз соққалари бу гапдан сўнг шу қадар ташқарига отилдиларки, ортидаги қизил томирлари ҳам кўриниб кетди.
-Хожам?!..
-Амримни бажар, илло бу сирдин кимса воқиф бўлса, бошинг кетадур.
Зиндонбон оғир бир ютиниб, кафти ила бўйнини силаб қўйди-да, баланд овозда бировни чорлади. Кўп ўтмай уларнинг қаршисида қоп-қора девқомат бир исқирт кимса пайдо бўлди. Энди Қазвиний шўрликнинг кўзлари қинидан чиқмоққа уриндилар. Лекин тақдирга тан бермоқдин ўза чораси қолмади.
-Мана бу одамни ўз ошёнингга олиб кириб обдон дўппослайсен, токи… -зиндонбон шундай деркан Қазвинийга синовчан нигоҳ ташлаб қўйди. -Токи хуши оғмагунча…
Исқирт дарранда менгиз бир ириллади-да, қоп-қора, ифлос илкини шоирнинг елкасига қўйиб, олдинга силтади. Қазвиний зиндонбонга аянчли ва шунингдек, илтижоли нигоҳ ташлаб қўйиб, ўзи битган тақдир измига бўйинсунди…
Ўша куни кечга томон хиёнатчиларга қарши бош кўтарганлар тартибсиз бир равишда яроғ ила иш кўрган бўлсалар-да, энг аввало маликалару уларнинг қасрларини ва шаҳзодаларни ҳимоятга олдилар. Такашнинг тарқоқ қўшинлари ила кўча жанглари бошланди. Ҳаммаёқни қий-чув, бақир-чақиру оҳу фарёдлар тутиб кетди. Шаҳарнинг баъзи жойларида гуриллаган оловларнинг тиллари осмоннинг юзини яламоқдан бери бўлдилар. Ичкаридан берилган зарбга тоқат қилолмаган хиёнаткорларнинг шаҳар дарвозасида турган қўриқчилари аввали жон ташвишида, қолаверса, султоннинг тарафдорларидан ҳимояланмоқ илинжида ўз жойларини тарк этишга мажбур бўлдилар. Шомдан сўнг шаҳар ташқарисида турган зарбдор қўшин ҳам бирваракай ҳужум бошлади. Жангнинг бошидаёқ девор устидаги ёйандоз ва «олов отувчилар» (сақични ёндириб отувчилар), жойларини ташлаб қочишга тушдилар. Натижада султон қўшинларининг шаҳарга кириши осонлашди. Шундан сўнг шаҳар узра қиёмат қўпди. Қасос ўтида ёпирилган беҳисоб қўшин хиёнаткор сипоҳийларни аёвсиз қира бошлади. Такашнинг тарафдорлари икки ўт орасида қолдилар, баъзилари қуролларини ташлаб, тиз чўкиб, тавба қилмоққа тушдилар. Бироқ уларнинг илтижолари фармони олийдан куч олган лашкарга асло кор қилмас ва барчаларини бир-бир қиличдан ўтказарди…
Амир Арслон Тош бошлиқ қўшин султон ҳазратларининг фарзандлари ва завжаларининг ҳимоясини ўз назоратига олгач, аввало ҳукмдорнинг иродасига биноан Низом ул Мулк ҳамда Умар Хайёмнинг, қолаверса, султоннинг бошқа тарафдорлари жонларини ҳам омонда сақламоқ ниятида зиндон сари йўл олдилар. У ердан соппа-соғ вазири аъзам, Хайём ва унинг шогирдларини ҳамда аъзойи бадани кўкариб, қонталаш бўлган, сўл илкининг суяги синган Қазвинийни чала ўлик аҳволда озод қилдилар. Ниҳоят зафар тантаналари янграб, шаҳар осмонини султон Маликшоҳ шаънига айтилган олқиш хитоблари тутди…
Шокир Талх ўшанда ўзининг ҳамроҳи ила расадхонадан чиқиб, шаҳарга кириб олган бўлсалар-да, шу пайтгача таҳликада яшадилар. Бутун Исфаҳон аҳли сингари уларнинг ҳам касб-кору тирикчиликларидан путур кетди. Баъзи кунлари оч қолишиб, қоринларига тош бойлашга мажбур бўлдилар. Гўдакларнинг оҳу нолаларидан зада бўлсалар-да, Такашнинг бетаъсир ва очкўзу бешафқат навкарларидан жон сақлаш учун тишларини тишларига қўйдилар. Султоннинг тезроқ қайтмоғини сўраб Оллоҳга илтижолар қилдилар. Мана энди музаффар қўшиннинг наъралари ортидан тонг саҳарда кўчага чиқдилар. Талх султон шаънига айтилаётган ҳамду саноларга ўз феълига зид равишда беихтиёр қўшиларкан, нигоҳи шаҳар кўчалари узра тентийди. Ҳозир шаҳарни мутлақо таниб бўлмасди: кўчалар ўликларга, турли қурол-яроғу буюмларга тўлган. Қачонлардан бери фаррошлар илки тегиб, супуриб-сидирилмаганидан кўп жойларда аҳлатлар кўринар, бир сўз ила таъриф этилса, бошкентни файзу фаришталар тарк этганди. Баъзи қулаган, куйиб қорайган деворлар кўзга хунук кўринса, у ер-бу ерда мудом ловуллаётган оловлар юракларга ваҳм соларди.
Шокир Талх ва унинг ҳамроҳи эҳтиёткор қадамлар ила бош майдон сари ўтдилар. Ҳамма бало мана шу жойдан бошланганди, мана энди у қонга беланган ўликларга тўлиб ётибди. Ана, Такаш ўз ҳукмбардорлигини бошлаган супа-мунғайганча турибди. Ё Оллоҳ! Анов маййит таниш кўринадурми? Ҳа-ҳа, бу ахир Такашнинг барзанги ғилай солори-ку! Унинг жағи қаттиқ зарбдан мажақланган, соғ кўзи олайганча очиқ қолган. Бечора муҳтасиб Бадрийнинг бошини у ҳудди шу ерда ҳудди шундай мажақлаб ташлаганди. Қайтар дунё экан-да! Йўқ, итга ит ўлими деганлари шу!..
Майдоннинг зиндонга элтувчи томонида бир тўп кишилар кўриндилар. Уларнинг олдида Хайём, унинг шогирдлари Воситий ва Исфазарий келардилар. Бошқалар каби шоирнинг ҳам юзи сўлғин, кўзи ичига ботган, соч-соқоли ўсиб, аянчли кўринар, лекин мағрур ва бардам эди. У келаркан,ушбуни пичирларди:
Бу саройда Баҳром ичар эди жом,
Энди кийик, тулки олади ором.
Бир умр қулонлар овлар эди у,
Ўлимга қулондай овланди Баҳром…
3
Султон доруссалтанатга куз охирида-водий шаҳар бўлмиш Исфаҳоннинг танни жунжиктирувчи изғиринлари кезина бошлаганда етиб келди. Хиёнаткорлар бартараф этилиб, шаҳар тақи султон кишилари илкига ўтгандан кейинги муддат ичида бошкент кўчалари, майдону бозорлари супуриб-сидирилди, вайрон бўлган бино-ю деворлар қайта тикланди. Хуллас, шаҳар ҳуснида кузга монанд кулранг-қорамтир ранг ғолиб бўлса-да, унга файз қайта бошлади. Одамларнинг юз-кўзларида табассум, муомалаларида тақи аввалгидек мутойибалар пайдо бўлди. Бозорлар гавжумлашиб, расталарга барака кирди. Шаҳристондаги ҳунармандлар дўкону ҳужраларида яна ҳаёт нафаси уфуриб, турфа гап-сўзлар эшитила бошлади. Кўҳна Исфаҳон баралла қучоқ ёзиб, ўз соҳибини кутиб олди. Қалъа деворлари узра карнай-сурна-ю дўмбиралар янгради.
Султон Маликшоҳ чопарлар орқали шаҳарнинг ўз илкига ўтганлигини эшитган бўлса-да, пойтахт бўсағасига руҳсиз бир кайфиятда етиб келди. У ҳузурига пешвоз чиққан Низом ул Мулк ва суҳбати хуш надими Умар Хайём ила қучоқлашиб кўришгач, қалбида ажиб равшанлашув рўй берди. Хорғин ва сўлғин юзини тарк этганига неча кунлар бўлган табассум яна чеҳрасига қайтди. Чўлнинг самум- (гармсел)ларида қорайган юзига оппоқ тишлари маржон бўлди. У ўз инисидан кўрган хиёнат туфайли анча изтиробга тушиб, дарғазаб бўлган эди ва ана шу кечмишлари уни толиқтирганди. Бироқ энди англадики, ул толиқиш, яқин ва суйган кишиларининг соғинчи қошида ҳеч экан. Султон чиндан ҳам ўз яқинларини жуда-жуда соғинганди…
Маликшоҳ шунчалар ҳоригани билан эртаси куниёқ хиёнаткор Такашни кўрмоқни, унинг башарасига бир бора разм солмоқни ихтиёр этди. Ҳукмдорнинг амри вожиб-Такашни султоннинг кўпчиликдан пинҳон бўлган кичик ҳордиқ хонасига келтирдилар. Унинг оёқ-қўллари озод эди, юзи-ю танасида зўрликнинг, зарблар ёхуд қийноқларнинг ҳеч қандай акси кўринмасди. Чунки фармони олий бўлмай туриб султонзодаларга озор бермоққа ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди. Лекин у баттар озиб кетган, шундай бўлса-да, аянчли кўринмас, нигоҳида аввалги қўрқув, хавотир йўқ эди. У хотиржам ва мағрур турарди. Чамаси, бандиликда ётган кунларида, қилмишларини сарҳисоб этиб, ўзини хийла тутиб олганди. Эҳтимол аввалги мавҳум кечмишлар барҳам топиб, нима бўлганда ҳам, эртанги тақдири аёнлашгани унга куч бериб, кўнглига ҳаловат солгандир.
У султонга таъзим қилмади, бошини мағрур тутиб тураверди. Бу ила рўбарўсида ўлтирган оғасига «мен ҳам сен каби султонзодамен», дегандек бўлди.
Султон Маликшоҳ қабоқлари осилган кўйи қимир этмай ўлтирар, нигоҳи Такашга қаттиқ қадалганди. У ғазабнок эди, бироқ овози босиқ чиқди:
-Не итлиғ қилдинғ, нобакор?! -Султоннинг ғазабда эканлигини унинг одатдагидек салжуқий-туркий талаффузда сўзлай бошлаганидан ҳам билмоқ мумкин эди. -Кавушинғға чўғ тушиб эдимики, тек ўлтиролмай, хиёнат кўчасиға аяғ бостинғ!..
Такаш кўзларини олиб қочди.
-Хиёнаткорлиғим рост, тонмасмен. Бироқ бу ҳодисалар кутилмаганда, менинг ихтиёримдин айру бир ҳолатда жадаллашиб кетди. Билмай қолдим, султоним, шайтон йўлдан урди!..
-Хиёнаткорнинғ жазоси не? -сўради султон ерга қараган кўйи атрофидагилардан жавоб кутгандай бироз сукут сақлаб.
Бу савол-жавобга вазири аъзам, Хайём, Арслон Тош ва тақи бир амир гувоҳ эдилар. Лекин уларнинг биронтаси султоннинг сўроғига жавоб бериб, садо чиқармадилар. Султон боягидек босиқ овозда саволини яна қайтарди.
Мудом барча жим.
-Ўлимга ҳам тайёрмен! -деди ниҳоят Такаш хаста бир овозда.
-Ўлим сенға жазо эмас, туҳфа бўлур, ит! Токи сен бизнинғ музаффар тақдиримизға воқиф бўлиб, умр ўтқазғайсен.
Такашнинг нигоҳида ҳайрат ва хавотир акс этди.
-Кўзига мил тортилсин!.. -деди султон кескин ва ҳалиги амирга буюрди. -Сўнг зиндонга ташлансин.
-Йў-ўқ!.. -Такаш оҳ уриб юборди. -Фақат бу эмас, султоним! Кабутарларим парвозини кўрмоқликдин маҳрум этманг мени!.. Яхшиси қатл эттиринг, оға!..
-Олиб чиқинғ!.. -деди султон юзини терс буриб.
Такашни судрадилар. У эса даҳшат ила ҳайқира бошлади:
-Илоҳи, рўшнолик кўрмағайсен, султон! Илоҳи, жувонмарг ўлғайсен!..
Ҳамма бош эгиб, жим қолди. Хайём ҳам сўзсиз тураркан, бағрида ожиз бир ўртаниш ила вужудида титроқ уйғонди. Оллоҳнинг кўнгил аталмиш мўъжизасини қаранг-а! Щундайин хатокор ва ҳатто жоҳил банданинг кўнглида бир чимдим нурга жой бера олган Кариймнинг қудратига минг тасанно. Мана шу кимсанинг қалбига кабутар ишқини ато этиб, бир ҳикмат яратмиш. Шоир шуларни ўйларкан, Такашга раҳми келиб кетди. Йўқ, ҳақиқати, унга эмас, унинг кўнглидаги бир чимдим ёруғ туйғуга ачинди. Ахир дунёни шу янглиғ ёруғ туйғулар, эзгуликлар тутиб турмаяптими! Демакки, ўшал ёруғликнинг завол топмоғига бу ҳам шерик экан-да? Во дариғ! Айни дамда султон ҳазраталарига сўз айтмоқ арининг инига чўп суқмоқ ила баробардир… Хайём султонга бирон сўз айтмоққа ботинолмади. Айтса, вазири аъзам айтарди. Ё тавба, сенинг шуурингда кечган ўйни вазири аъзам қаёқдан билсин, эҳтимол бу каби фикрлар унинг хаёлига умуман келмагандир. Ҳа, шўрлик Такаш ҳийла ишлатмоқни, устомонлик қилмоқни ҳам эвлай олмади. Ҳар тугул унинг феълида мардлик, тўғрилик бор экан. Аммо Қазвиний барчани доғда қолдирди. Кўнгли сезиб турибди -аслида бечора Такашни хиёнатга ундаган ҳам ана ўша ғаламис чиқар. Бироқ ўзини сақлай билди, чорасиз қолгач, ҳийла ишлатди чоғи. Бирон кимса унинг ҳақида ёмон гап айтмади, унинг тўғрисида султонга чақув етмади. Хайёмнинг илкидан эса бундайин юмуш келмас, бировнинг устидан чақув қилмоқ унинг феълига ёт. Лекин барибир шоирлар амири ҳам бир кун келиб албатта фош бўлғувси.
Султон Аламит олинмаганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб ҳам анча дилгир бўлганди. У падари бузруквори султон Алп Арслонга ҳам садоқат ила хизмат қилган амири Арслон Тошга қаттиқ ишонарди. Шунинг учун ҳам бу хабардан аччиқланди. Арслон Тошдек паҳлавон бир неча ойлаб қамалда тутиб ҳам ишғол этолмаган экан, демак, бу Аламит деганлари жуда мустаҳкам қалъа бўлиб, унинг хожаси Ҳасан Саббоҳ бемисл бир соҳиби қудрат экан-да. Дарвоқе, ҳуфияларнинг хабарларига қараганда, бу Ҳасан отлиғ таррор кунботар тарафдаги Ийсо алайҳиссалом қавмларига, уларнинг ҳукмдорларига ҳам даҳл қила бошлаганмиш. Ҳаттоки баъзи соҳиби давлатларини қатл ҳам эттирганмиш. Ё Оллоҳ! Бу не балои офат бўлди? Ёхуд китобларда айтилган Дажжол ўшалмикин-а? Унда ўшал Ҳасаннинг ангорига бир боқмоқ даркор. Эҳтимол кўзи биттадир!.. Султонинг кулгиси қистади. Бу ҳолатини билинтирмасликка уриниб, атрофидагиларга зимдан назар ташлади. Ҳозиргина нечук ҳукм этди-ю, энди бошида айланган ўйларни қаранг. Ё тавба!.. Унинг нигоҳи анча қариган, бир неча ҳафталик бандилик туфайли озиб, хорғин турган Низом ул Мулк ва Хайёмда тўхтаб, кўнглида илиқлик пайдо бўлди. Кейинги кунларда султоннинг меҳри бу икки аъёнига нисбатан беихтиёр равишда ортгандан ортиб борарди. У бу меҳр Оллоҳдан эканлигини энди-энди англай бошлади…
Ҳукмдор қолганларга ижозат бериб, вазири аъзам ва шоирнинг суҳбатини ихтиёр этди…
Султон Маликшоҳ бир ҳафта ҳордиқ олгач, аркони давлатни саройга-машваратга чорлади. У ҳар сафаргидек, яқиндагина Такаш кўз тикиб, бир лаҳза ўтира олиш тугул ҳатто яқинлашмоққа журъат этолмаган улкан тахтда аввалгидан-да улуғвор қиёфада ўлтирарди. Юз-кўзида ўйчанлик ва шунингдек, ҳар не иродани маҳф этмоққа қодир жиддийлик, айтмоқ мумкинки, сирлилик зоҳир эди. Кўпчилик кўникиб кетган «ёш султон» энди анча улғайган, сочи ва соқол-мўйлабига ҳам битта-иккита оқ оралаганди. У бир қадар тунд ва сўник кўринса-да, кайфияти анча хуш, хаёли янги режалар ила банд эди. Султон яқингинада ўзгалар илкига ўтиб кетиши мумкин бўлган давлатни янги бир қурб ва шижоат ила идора этишга киришмоқда эди.
Қаршисида ўша тўс-тўполонлар туфайли хиёлгина сийраклашган аркони давлат қўл қовуштириб турибдилар. Уларнинг орасида муҳтасиб, Такаш ва тақи бир неча кишилар йўқ, шўрликларнинг баъзилари хиёнат қурбони бўлган эсалар, баъзиларининг ўз хиёнатлари бошларига етди.
Бутун қиёфасида кексаликнинг борки сифатлари зуҳур эта бошлаган вазири аъзам ва ҳибсдалигида туғилган, пишиб етилган фикрларини қоғозга туширмоққа берилганлиги боис ҳозир ҳам пинҳона тафаккур уммонида сузаётган Хайём Султон ҳазратларига мамнун боқиб турардилар. Низом ул Мулкнинг вужудида ҳузурбахш бир ҳаловат собит эди. Бу ҳаловат киши кексайганида, айниқса, қадрли ва муҳим эдики, анча муддат соҳиби тож эътиборидан четда қолиб, авом тилида айтганда, «ичиккан» вазири аъзам уни узоқ кутди. У султон ила бир умрга «юз кўрмас» бўлдим, дея хаёл қилганди ва шунинг учун ҳам қаттиқ изтиробда қолганди. Ҳамиша ҳукмдору халқ назарида бўлиб келган одамнинг бирданига бу этибору назардан айрилмоғи таърифсиз ва ҳатто олий жазо эди. Низом ул Мулк бу жазога маълум фурсат мустаҳиқ этилган эса-да, энди ундан буткул халос бўлганди. Чунки султон унга тақи меҳру ҳурмат назари ила боқмоқда эди.
Олампаноҳнинг сўл ёнида турган Қазвиний эса бир қадар чўккан, ўзи ясаган аччиқ қисмат туфайли орттирган жароҳатлари тузалган бўлса-да, ранг-рўйи сўлғин ва заъфарон эди. Синган қўли тахтакачланиб, мудом бўйнига осилган кўйи турарди. У бутун сурату сийрати ва ҳаракатлари ила ўзини кўп азияту жафо тортган кимса қилиб кўрсатишга уринарди. Қанийди ҳамма унинг кўргиликларини, азобларини сезса, ҳис қилса. Афсуски кўпларнинг нигоҳида маломат кўрадур. Ишқилиб унинг номини тилга олиб қолмасалар бўлгани. Шундоғам сўнгакларигача қалтираб, оёқда базўр турибди, мабодо исмини айтгудай бўлсалар борми, жони чиқиб кетиши тайин. Неча кунларки кўзлари уйқу билмайди, кўзларини юмди дегунча бир қора шарпа босиб келаверади. Туну кун миясида нимадир ғинғирлагани ғинғирлаган. Бу юрак қурғур бунча тез урмаса!..
Султон салобатли, бироқ кутилмаганда бурунгиларга нисбатан мулойим овозда сўз бошлади. У давлатнинг издан чиққан ишларини тартибга солмоқ, шаҳарни обод қилмоқ, хиёнаткор мансабдорларнинг мол-мулкларини мусодара этмоқ ва уларнинг ўринларига муносиб кишиларни тайинламоқ хусусида гапирди. Кўкламдан бошлаб бошкентда тақи бир каттакон дорушшифо (шифохона) қуришга киришмоқ ҳақида фармон берди. Расадхона ва мадрасаларга берилгувчи ақчалар миқдорини янада оширди. Бу фармонлар ҳар бора султон лафзидан учганда унинг овозига аъёнларнинг таҳсину олқишлари уланди. Ниҳоят ҳукмдор иқталарнинг тасарруфи хусусида ҳам сўз айтди:
-Эгасиз қолғон иқталарнинг ҳисобини олиб, соҳиблиларини ҳам ҳадга солмоқ жоиз. Зеро султон ним табассум ила вазири аъзамга ўгирилди, -борки ерларни янгитдан ҳисоб-китоб этмоқ ҳам салтанат фойдасидин ҳоли бўлмас.
Низом ул Мулк хиёл бош эгиб, таъзим қилди:
-Ҳақ гапни айтдингиз, олампаноҳ.
-Бу мушкулотдин ҳоли ўлароқ-сўзида давом этди султон. -уруғлик хусусида ҳам бош қотирмоқ лозим. Боиси-хиёнаткорларнинг бир неча ойлик талон-тарожлари туфайли халқ уруғлик донларидин-да маҳрум бўлган чиқар. Илло ҳали замон кўклам кириб келади, эл-улус ўз ризқини заминга сочиб, Оллоҳ таоло инояти ила баракотлиғ этмоғи керак. Шунинг учун бу юмушнинг ҳам тараддудини кўрсинлар. -У тақи вазири аъзамга қараб қўйди. Шу гапдан сўнг Султон бироз ўйга толиб тургач, юзи янада жиддий тус олиб, сўзида давом этди.-Ғаламислар уяси Аламитни яксон этмоғимиз – у энди амир Арслон Тошга таънали кўз ташлади. -шарт ва унинг соҳиби, кўппаклар сардори Ҳасанни ҳам жазога мустаҳиқ этгаймиз. Бунга бизнинг куч-қудратимиз етадир, бировлар шубҳа кўзи ила қарамасинлар. Бир содиқ амиримизнинг-султон бу сўзга ўзга маъно бериб айтди, -тадбиру чорасизлиғи бизга мағлубият бўлмағай?!..
Арслон Тош бош эгиб, қип-қизарган кўйи сўзсиз қотди.
Озгина фурсатдан сўнг султоннинг чеҳраси қайта очилиб, Хайёмга қаради.
-Расадхонада не гаплар, ё соҳиби нужум?
-Бошкентдаги тўполонлар сабаб бироз сусайган илм амаллари тақи-да жадаллашмоқда. -деди Хайём сергак тортиб.
-Юлдузларнинг ҳисобига етай дедингизму?-дея мутойиба этган Султон билинар-билинмас жилмайди.
Бундан илҳомланган шоир ҳам шунга муносиб лутф этди:
-Коинот султонимиз салтанатининг сарҳадлари янглиғ чексизки, ундаги юлдузларнинг ҳисобига етиб бўлса. Илло юлдузлари адади олампаноҳнинг саховатлари менгиздир.
Султон бу гапдан эриб кетди-да, баралла кулиб юборди. Унга аъёнлар ҳам эргашиб, офаринлар айтдилар.
Қазвиний Хайёмнинг музаффарлик тантанасидек туюлган гап-сўзлари-ю қиёфасидан баттар эзилиб борарди. Айни шунинг устига султоннинг фармонбардор овози янгради:
-Надимимиз Умар Хайём жанобларига заррин хилъат инъом этилсун!
Қазвиний адойи тамом бўлди.
Барча шоирни шоҳона туҳфа ила муборакбод этиб бўлгач, султон яна жиддий тус олди. Қошлари чимирилди.
-Кимлардир ўз хиёнатини пинҳон тутиб, омон қолғон бўлишлари мумкин. -Ҳукмдор Қазвинийга туйқус бир назар ташлаб қўйди. -Вале омон қолғонликлари улар учун икки ҳисса жазо бўлғай. Чунки бир бора номақбулни еган кимса, яна қайта албатта еяжак!..
Ҳамма ўйчан бир қиёфада жим қолди.