УЧИНЧИ ҚИСМ
Биринчи боб
1
Маҳмуд саҳармардонда ғала-ғовур ва туяю отларни пишқиришидан уйғониб кетди. Чоғи, карвонсаройга янги қўноқлар келган эди. У қайтиб ухлолмади. Анчагача ташқаридан келаётган бақир-чақиру тўполонларга беихтиёр қулоқ тутиб, шифтга термулганча ётди. Ётаркан, кўз қорачиғлари кенгайди ва карвонсарой ҳужрасининг тўртбурчак болорлари ўрнида аста-секин сабзаранг оғочзор ҳамда унинг устида нилий (оч кўк) осмон пайдо бўлди. Уларнинг, яъни Райҳона иккисининг кўзлари ана ўша гўзал маъвога тикилганди. Иккиси расадхона ортидаги тоғнинг оғочзори адоғида ўлтирардилар.
-Нечук кеча тунда чиқмадинг? Ой сени сўроқлади, Райҳон! -Маҳмуд қизнинг нигоҳини тутишга уриниб, кўзларини унинг юзи узра югуртирди. Эти қизиб, бўғзида олов ёнди. Аммо бу ҳузурбахш олов эди.
Қизга йигитнинг сўзлари хуш ёқди. Ой мени сўроқлаган эмиш, деди ичида, юзига табассум ёйилиб. Ўзи илмсиз, хат-савобсиз эса-да, қалби зиёлиғ кўринадур. Тузук, шундайин чиройли гапларни топадур. Воҳ, қизгина-я, билмасмисанки, муҳаббат тилларни бийрон этадур.
-Отамдан истиҳола этдим.-деди Райҳона сўз оҳанги ила йигит кўнглини сийлашга уриниб,- Қиз нимарса тунда дайдиб юрса бўлмас. Маъқули, мана шундоқ пешин ҳордиғи маҳали йўлиқувимиздир. Теваракда кимса йўқ.
-Менинг сенинг васлингни сўрмоққа зорим бор холос, Райҳон. -Маҳмуд елкаси ила қизгинанинг елкасига беозор туртди-да, сўзини мутойибага қориштирди. -Тағинки сен соҳиби матбаҳнинг, яъники борки емакларнинг жожаси-бош таббоҳнинг танҳо қизи бўлсанг. Мен эса бор-йўғи нўноқ бир сангтарошмен.
Қиз зўраки араз қилди.
-Тақи куладурсизми? Мазхара ҳам эви билан-да, оға! Сиз ҳам кам эмассиз-кимсан, Умар Хайём ҳазратларининг суюкли инисисиз, оғойи.
Йигитга унинг «оғойи» дегани ёқиб тушди-бунчаям тили ширин бўлмаса-я
-Ҳазиллашдим, Райҳон.-деди у шошиб, қизни хафа қилиб қўйишдан қўрқиб.
Жим қолдилар. Иккисининг ҳам хаёлларини бир умид олиб қочди.
-Нечук жим қолдингиз? -дея сўради қиз кутгани ўшал мужда илинжида.
-Иккимизни ўйлайдурмен, жоним! -Йигит буни ўртаниб айтди.
Қиз эса мутаассир бўлиб, олланди.
-Ҳадемай хожам Хайём ҳазратларига айтурмен. Отангдан мен учун сенинг изнингни сўрайдур. -Маҳмуд қизнинг титроқ илкини тутди.-Ул зотнинг раъйини қайтармас отанг?..
-Иншооллоҳ!.. -деб юборди қиз беихтиёр ва баттар қизарди.
Йигит уни қучиб олмоқни истади.
-Кейин биз… -Райҳон шодон кайфиятда Маҳмудга ўгрилди. -Кейин ҳам расадхонада ящайверамиз. Бу ерда яхши кишилар кўп.
-Ҳа!..
-Мен сизга ўқиб-ёзмоқни ўргатамен.
-Кейин арслондай ўғил туғиб берурсен!..
Қиз юзини яширди.
-Айнимайгина қолинг!..
Нариги томонда тарақ-туруқ бошланди -қурувчилар ишга тушдилар…
Маҳмуд ташқаридаги қаттиқ тақирлашдан ўзига келди ва кўз олдида тақи тўртбурчак болорлар пайдо бўлди. Қандайин шодумон эдилар-а ўшанда! Қайлардасен шўрликкинам, Райҳон?! Энди бу каби сўнгсиз, ададсиз учрашувлар қачон насиб этадур, жоним?! Йигитнинг кўзларига ёш сизди…
Маҳмуд Райҳоннинг ғойиб бўлганидан хабар топган куни кечаси то тонггача мижжа қоқмади. Маъсума суюклисининг ноаён тақдирини ўйлаб, етдим деганда терс ўгирилиб олган бахтининг ғанимат эканлигини энди-энди пайқаганидан чинакамига оромсиз бўлди. Аввалига бу кўргиликни шунчаки англашилмовчиликка, қўпол бир мутойибага йўймоқни истаб, Райҳонанинг «Мен буёқдамен», дея кулиб кириб келмоғини кутди. Бироқ ҳадеганда ёри кириб келавермади. Кейин хожаси Умар Хайёмнинг меҳридан ва ўша меҳр туфайли қизни тезликда топиб бермоғидан, лозим бўлса, бу йўлда вазири аъзаму султон ҳазратларини ҳам ишга сола олмоғидан умидланди. Филҳақиқат, хожасининг илки дароз эди. Аммо бу ҳам кўмак беролмади, жароҳатига малҳам бўлолмади. Хайём вазири аъзам ҳузуридан ноумид қайтди. Йўқ- йўқ, ундан илгарироқ бошқа бир воқеа рўй берди. Райҳона йўқолган куннинг эртасига қурилиш майдонида улкан харсангтошга суянганча паришон аҳволда ўлтирган сангтарош Маҳмуднинг ёнига жандапўш кийган бир дарвиш-қаландар келди. Бу каби жаҳрий зикр соҳибларининг «ҳувво-ҳув»ларига кўп бора йўлиқиб турилгани боис биров унга эътибор қилмади. У Маҳмуднинг қаршисига келди-ю нигоҳини ўсиқ сочлари остига яшириб, пичирлади:
-Маҳмуд отлиғ сангтарош сенмусен?
Не бўлаётганлигини англамаган йигит «ҳа» деди секингина.
-Суйганингни кўрмоқликни истармусен?
Маҳмуд ирғиб ўрнидан туриб, дарвишнинг ёқасидан олмоқ истади.
-Ақлсизлик қилма!-деди дарвиш кескин. -Акс ҳолда ёрингдан айрилиб қолурсен. Маъқули қулоқ тут: Қазвинга борурсен ва энг катта карвонсаройнинг хожасига йўлиқурсен. Унга «Оллоҳ ярлақаган Алидан салом» дерсен. Билиб қўй, бу гапни сўзма-сўз айтурсен. Бу дўстларнинг дил қулфига калитдур. У муродингга етказур.
Маҳмуд ихтиёрсиз равишда дарвишга итоат эта бошлаганди:
-Бировга сас чиқара кўрма, ёринг завол топур!.. Ё Оллоҳ-ҳу-ё Оллоҳ!..-Дарвиш оҳиста қадамлар ила нари кетди.
Маҳмуд Райҳонанинг ҳаёти хатарда эканлигини, Қазвин сари сафарга чиқмоқдан ўзга чора йўқлигини фаҳмлади. Бирон кимсадан нажот йўқ эди. Оллоҳга таваккул айлаб, йўлга отланмоқ лозим. Унинг дарди ичида қолди, икки кундан сўнг расадхонани пинҳона тарк этди…
Йўл азобини гўр азобига қиёс этиб хўб айтмишлар. Минг бир заҳмату хўрланишлар исканжасида озиб-тўзғиган, соч-соқоли ўсган кир-чир Маҳмуд ваниҳоят Қазвинга етиб келди. Ўзга ҳеч бир гўшага қайрилмай тўппа-тўғри дарвиш айтган карвонсаройга борди. Соқоли паҳмоқ, сўл кўзига оқ тушган новча соҳиби карвонсарой уни хушламай, писандсиз тарзда қарши олди. Ҳаттоки «Оллоҳ ярлақаган Алидан салом» дегач ҳам тунд башараси очилмади. Бироқ индамай ортига қайрилди-да, уни ҳам ичкарига бошлади. Бир ҳужранинг эшигини очиб, «кир» дея имлади ва қўшиб қўйди:
-Ҳордиқ ол. Ҳозир емак келтирурлар. Аввали сартарошга кириб, сўнг ювиниб ол. У шундай дея ҳужра ўртасидаги хонтахта устига бир неча кумуш танга ташлади.
Карвонсарой соҳибининг хафсалсиз ҳаракатлари унинг бу каби юмушларни кўп бора адо этганлигидан дарак берарди. Маҳмуд эса олдинига уни дарров сўроққа тутмоқликка ва тезроқ Райҳона ҳақида билмоқликка хезланди. Аммо соҳибнинг совуқ муомаласи ниятидан қайтарди. Ҳали фурсати етмаганлигини тушунди. Тушунди-ю дарознинг амрига итоат этиб, карвонсарой сартарошхонасини изламоққа тушди.
2
Қазвин қадим, аммо бошкентга нисбатан анча чоғроқ шаҳар эди. Аҳли-фуқароси ҳам озчилик бўлиб, кўпчиликларини ҳунармандлар, ёлланма деҳқонлар ташкил этардилар. Кишиларининг асосий қисми шиа мазҳабига, янада тўғрироғи, исмоилийликка эътиқод қилардилар. Бу ерда қашшоғу камбағаллар ва ўрта ҳол ҳунарпешаларнинг адади устувор эди. Эҳтимол шунинг учунми, шаҳар бесаранжом, кўча-кўйлари ифлос эди. Бозорларида, қўйингки, одам мўл бўлгувчи жойларида ҳам бақир-чақиру тўполонлар авжлироқдек туюларди. Аҳлининг кўйида бир ажиб жазавами, ваҳмми зоҳирдек туюларди. Хулласки, янги келмиш одамга кент осмонида таҳлика отлиғ бир кучнинг қовоқ уйиб, муаллақ тургани сезиларди.
Исмоилийлар салжуқийлар салтанатининг бошқа шаҳарларига нисбатан Қазвинда кўпчилик эдилар ва улар, дейлик, Исфаҳон ёхуд Нишопур каби кентлардаги маслакдошларига қараганда эмин-эркин ҳаёт кечирардилар. Ҳатто мамлакат пойтахтида кезинган исмоилий ҳуфиялар ҳам, таъбир жоиз бўлса, мана шу Қазвиндан «учирма» қилинардилар. Уларнинг раҳнамолари асли қашшоқ ва юпун бўлмиш ҳунармандлар, майда тужжорлар ва ҳатто девоналардан осонгина ўз тарафдорларини вужудга келтирардилар. Бу масканда уларнинг ўз жамоатлари ҳуфия вақфлари мавжуд эди. Исмоилийлар ўзларини имомийлар ёки Алийлар (яъни Алига эргшганлар) деб ҳам атардилар. Айни кунларда улар тобора куч йиғиб, қудрат касб этиб борардиларки, энди исмоилийлар давлатини барпо қилишдан умидланардилар. Уларнинг чин ва хавфли ғанимлари, ўз назарларида, суннийлар, аниқроғи, салжуқий турклар эдилар. Айтишларича, Қазвин ҳокими ҳам уларга, яъни исмоилийларга майлу хайрихоҳлик билдирар эди.
Қазвиннинг тор ва ифлос кўчалари киши кўзига, айниқса, Исфаҳондек гўзал шаҳардан келган одамга хунук ҳамда ёқимсиз кўринади. Меҳнат кишиси ҳеч қачон, ҳеч бир замонда ёмонликка эш бўлмаган, унинг ўз заҳмати ила топган луқмаси ҳамиша ҳалол ва ҳар қандай қонунга мувофиқ бўлган. Шу каби бу кентда йўлнинг икки четида ўлтирволиб, ризқ илинжида тинимсиз меҳнат қилаётган аҳли ҳунарманд ҳам ўз нону насибаларини пешона терлари ила ҳалоллаб топмоқда эдилар. Уларнинг бундайин ҳалол юмушларига зиғирча иштибоҳ билдирмоқлик гуноҳ бўлур эди. Бироқ кимларнингдир шум ниятлари ва уринишлари эвазига уларнинг шуурларида бир ғалат эврилиш кечарди. Бу эврилиш юқорида зикр этилмиш гуноҳдан ҳам улканроқ гуноҳга элтмоғини кўплари фаҳмламасдилар. Дунё аҳли Оллоҳнинг инояти ила ақл топгандан бери унга не-не зотлар, не-не жамоатлар келмадилар. Уларнинг ҳаммалари ҳақиқатпешалик даъво қилдилар ва ўзларининг ортидан минглаб одамларни эргаштирдилар. Эргашувчиларнинг баъзилари тутган йўллари хатолиғ эканлигини бир нав фаҳмлаган бўлсалар-да, аксарлари ўшал улкан гуноҳу хатокорлиғлари ила жаннат умрида рост дунё сари равона бўлдилар. Бу не синоат? Демакки, одамнинг нечоғлик гуноҳкор ёки гуноҳсизлиги унинг ўз вужудида, тўғрироғи, қалбида экан-да. Банданинг мақоми унинг оламни англамоғи даражотига ҳамришта экан-да! Акси ўлса, бул башар фарзанди тошни Худо, оловни Тангри ёхуд бир маҳлуқни Илоҳ дермиди? У ўшал яратилмиш нимарсаларга яратувчи дея топинди, илтижолар қилди. Ниҳоят одам шуурини, қалбини Қуръон файзи нурафшон этди, ҳаётини илоҳий шариат безади. Пайғамбар алайҳиссалом Оллоҳ ихтиёри ва қудрати ила бутун оламга иймон нурини, бандалик зиёсини таратди. Дунё саодат ичра қолди, кишилар қалби Ҳақ ишқидан ҳапқирди. Кейин эса, яъни Ҳазрати Рисолат вафотидан сўнгра, Ислом аҳкомларига аста-секин дарз туша бошлади. Кечагина илоҳий саодат нурига йўғрилиб дунёга келган авлодлар қирпичоқ бўлмоққа тутиндилар. Оға-инилар, жигаржондошлар бир-бирларининг бошларига қилич солдилар. Атиги юз-икки юз йил кечмай буюк Ислом неча мазҳабу фирқаларига бўлиниб кетди. Бўлиниб ҳамки, улар ичра жоҳил, қонхўр ва тажовузкорлари кўпайди. Энди эса, саодат замонидан ҳозиргача беш юз йил ўтиб, Ислом халифалигидан, аҳкомларидан путур кетди. Қарангки, энди нафақат юрт талош, жон талош, бойлик талош, балки иймон талош бўлмоқда. Ваҳолангки уларнинг ҳам барчалари жаннат умидидалар…
Исмоилийлик тарафдорлари ҳам оддий ва хатокор банда эдилар. Аммо уларнинг хатокорлиғлари бошқаларникидан анчагина ошиб тушардики, буни уларнинг дарғалари-ю фидойилари англаб етмасдилар. Англагувчилари четда ва ёхуд йироқда бўлиб, уларга таъсир этмоққа ожиз эдилар. Аслида исмоилийлар бу каби гапларни, яъни ўзгалар фикрини тинглагувчи ҳам эмасдилар. Вазири аъзам Низом ул Мулк таъбири билан айтганда, бу қавм ҳеч бир одамизотга ўхшамайди, аларни кўппак демоқлик ҳам оздек туюлур. Янаки алар вужудига алайҳилаъна ин қуриб олган. Бу сўзларда нафрат эҳтироси мужассам эди, бироқ бутунлай нотўғри ҳам эмасди.
Исмоилийлар Ҳазрати Алига ортиқ даражада эътиқод қўярдилар ва гоҳо уни илоҳлик мақомига ҳам кўтариб, шаккоклик этмоққача борардилар. Улар Ҳазрати Алидан бошлаб етти нафар имом борлигига ва еттинчи имом Исмоил олтинчи имом Жаъфар ас Содиқнинг ўғли бўлиб, ҳозирча ғайб мулкида пинҳон эканлигига ишонардилар. Улар фотимийлар раҳнамолигида Мисрни босиб олдилар ва Ҳабашистонда фотимийлар давлатини барқарор этдилар. Ул жойдан туриб исмоилимия таълимотини Эрон, Хуросон ва бошқа ўлкаларга ёймоққа уриндилар. Қазвин ва Рай каби шаҳарлар исмоилийлар кўп бўлганлиги боис аста-секин уларнинг илкига ўтиб бормоқда эди.
Улкан савдо шаҳри бўлган Рай бир пайтлар исмоилийларнинг макон, таъбир жоиз эса, Эрон мулкидаги бошкенти эди. Қудратли турк султони Маҳмуд Ғазнавийнинг салтанати барпо бўлгач, у бутун шаҳарларни ишғол этиб, суннийлик мазҳабининг музаффарияти учун от сурди. Ана ўша йиллаир Султон Маҳмуд Райга ҳам етиб келди ва рофизийлару исмоилийлар ҳамда дунёвий илм аҳлини қирғинбарот қилди. Уларнинг сон-саноқсиз китобларини тўплаб, ўз наздида, кофир билгани ҳалиги тоифали кишиларни қатор-қатор дор оғочларига осди ва уларнинг остига уюм-уюм китоб қалаб, ёқиб ташлади. Маҳмуд Ғазнавий томонидан исмоилийларнинг қирғин қилиниши уларнинг нуфузини бир неча ўн йилликларга тушириб юборди. Улар пана-паналарда жон сақладилар.
Энди эса улар аста-секин оёққа туриб, имом Жаъфарнинг суннийларга, Ислом халифалаги ўшаларнинг илкида эканлигига бефарқ қараётганлигидан норози бўла бошладилар. Айни шу кунларда унинг ўғли Исмоил майдонга чиқди ва чорвадору заминкорларни ўз атрофига жамлаб, шиаларнинг қудратини оширмоққа саъй этди. Кўп ўтмай Исмоил оламдан ўтди. Жаъфар ас Содиқ ўз ўғлини ҳурмат ила дафн этган бўлса-да, ўғлининг тарафдорлари кўпайиб кетганликлари боис унинг йўриғига юрмай қўйдилар. Шу-шу исмоилийлар тақи ўз таълимотларини кенг ёймоққа тушдилар. Ҳабашистон, Шому Ажам, Мовароуннаҳр ва Эронда ҳуфия жамоатлар тузиб, улар аро мустаҳкам робита ўрнатдилар.
Айни кунларда исмоилийлар орасида тақи бир қавм пайдо бўлиб, ўзларини ботинийлар дея атай бошлагандилар. Булар ҳам Ҳазрати Алини эътироф этгувчи, унга эътиқод қўйгувчи бўлсалар-да, бошқа исмоилийлик тарафдорларидан кескин фарқланардилар. Ботинийлар Қазвин ичра тобора кўпайиб, куч йиғиб борардилар. Улар орасида ёшлар кўпчилик бўлиб, ўн саккиз-йигирма беш ёшнинг нари-берисида эдилар. Айтишларича, бу қавм жуда тажовузкор, ўз раҳнамоларига бағоят итоатгўй эдилар. Уларнинг зарбдор бир гуруҳи мавжуд эдики, ўзларини «фидойилар» деб атардилар. Бу хос жамоат бўлиб, уларга алоҳида эътибор ила сабоқ бериларди.
Миш-мишларга қараганда, шаҳарда Ҳасан исмли бир одам пайдо бўлганмиш. У Мисрдан ташриф буюрибди. Шу пайтгача ҳали бирон киши уни ўз кўзи ила кўрганлигини айтолмайди. Балки шунинг учунми, кўпчилик исмоилийлар уни ўша кутилган ғойибона имом, дея фараз қилардилар. Аслида улар, яъни исмоилийлар бу гапга ишонмоқни дил-дилларидан истар эдилар. Боиси салжуқий туркларни тезроқ тор-мор этиб, исмоилийлар ҳукмронлигини тикламоқни орзулардилар. Шу орзу етовида улар тобора кўпайиб, жипслашиб, ғойибона имом олиб боргувчи музаффар кунларни интиқиб кутардилар. Бу интиқлик ортидан пинҳоний имом, яъни ўша сирли Ҳасан ҳақидаги миш-мишлар, уни улуғловчи ривояту афсоналар кун сайин ортиб борарди. Исмоилийларнинг бошлиқлари учун айни шу нарса зарур эди-авом билиб-билмай бу қавмнинг нуфузини ошириб борарди.
Маҳмуд эса ҳали бу гаплардан бехабар эди, аниқроғи, бундайин ишларга унинг ақли ҳам етмасди. У тоза ишқ кўйида сарсон кезган оддий бир сангтарош эди. Йигит шўрликнинг кўз ўнгидан Райҳонаси кетмасди…
3
Орадан уч кун ўтди ҳамки Маҳмудга на биров бирон иш айтди, на муроду мақсадини суриштирди. У соч-соқолини қиртишлатиб, ювиниб- тараниб, янги либослар кийди, сўнг тўйиб овқат еди ва мириқиб ухлади. Шундан кейингина юзига қон югуриб, киртайган қабоқлари бўртди, чеҳраси очилгандай бўлди. Аммо уйқудан уйғонди дегунча дарров кўз олдига Райҳона келарди. Мудом ундан дарак йўқ. Энди карвонсарой соҳиби ҳам ўзини кўрсатмай қўйди-ю унга ўша ердаги югурдак ўсмир хизмат қила бошлади. У Маҳмудга емак келтирар, гоҳо эшикни қия очиб қараб кетар ёки худди хожаси каби кумуш тангалар олиб кирар эди.Аёнки, бу юмушларнинг барчасини хўжайиннинг амри ила бажараётганлиги очиқ-ошкора сезилиб турарди. Бироқ қарийб бир сўз демас, соқов каби кириб, гунг менгиз чиқиб кетарди. Маҳмуд ҳам уни ортиқча саволга тутмас, бу бечорада не айб, унинг тирикчилиги шу-да, дея қўя қоларди. Киши ихтиёрсиз бўлса, шу кўйга тушиши аниқ-буни у ҳам тушуниб етган. Лекин Хайём ҳазратларининг хожалиги ўзгача эди. У киши бировни унчалар беихтиёр этмасди. Мабодо зарурат бўлмаса, ортиқча амр ҳам бермасди. Барча ўз юмушини бажарса бас, ҳеч кимнинг инон-ихтиёрига асло даҳл этмасди. Энди ўйлаб кўрса, расадхона даргоҳида ана шундай ҳаёт, муомала ўз-ўзидан, бировнинг ихтиёрисиз яратилган экан. Фақат бу нимарсаларнинг бари Хайём ҳазратларининг таъсири ва бағри кенглиги туфайли бўлганлиги аниқ. Маҳмуд шуларни ўйларкан, хожаи оғойисини, аҳли расадхонани соғинганлигини ҳис этди. Ҳис этди-ю ўтрусида тақи суюклиси намоён бўлди. Қандайин бахтиёр эдилар-а! Ошиёнлари тайиш, егуликлари бисёр ва энг қувончли-ю ҳузурлиси-ҳамиша бирга эдилар. Ҳеч йўқ олисроқдан бўлса-да ҳар куни бир бор дийдорлашмоқлари, нигоҳлари сўзлашмоғи имконли эди. Ана ўшал бахтли онларини улардан тортиб олдилар. Энди Райҳонаси йўқ. Қаерларда, не кўйда эканлиги ҳам ноаён. Неча кунлардан буён қалбида яшаган, Қазвинга келиб, карвонсаройга қўнгач, янада куч олган умиди ҳозирги ўйларидан сўнг туйқусдан сўна бошлади. У Райҳонани топмоғига айни дамгача қаттиқ ишонарди. Уч кунлик ҳордиқ кор қилиб, шуури тиниқлашгач, ўзини алдангандай сезди. Айниқса, бу ердагиларнинг мудом жимлиги уни иштибоҳу гумон чангалига етакламоқда эди. Юрагини ваҳм босди. Бу сукутнинг адоғи борми ўзи? Нега уни ташлаб қўйдилар? Ҳозир чиқади-ю карвонсарой хожасини топади. Не муддаони кўзлайдур бу найнов, билсинчи. У шаҳд ўрнидан қўпди.
Карвонсарой соҳиби ўз ҳужрасида эди. Буни Маҳмуд хизматкорлардан сўраб билди. Мудом шаштидан тушмаганлиги боис хўжайиннинг хонасига шиддат билан кириб борди. Кирди-ю рўбарўсида бошини эгганча не иладир машғул бўлган соҳибни кўриб, таққа тўхтади ва беихтиёр бўшашди. Чунки дароз на эшикнинг тарақлашига ва на унинг безовта шарпасига парво қилмади, парво қилиш тугул қайрилиб қарамади ҳам. Унинг худди шу кўйи Маҳмудни довдиратиб қўйди. Соҳиб то унга қайрилиб қарамагунча карахтланиб анча турди. Ниҳоят хўжайин бошини кўтарди ва уни эндигина пайқаган менгиз боқди-да, деди:
-Ҳмм, келдингму?..
Бу йигитни баттар довдиратди, наҳотки унинг келишини билган ёхуд кутган бўлса?
-Мен… -Маҳмуд нимадир демоқчи бўлганди, дароз унинг гапини бўлди:
-Пичадан сўнг жўнаймиз, ҳозирлигингни кўр!..
Маҳмуд итоаткорона бош эгиб, ҳужрасига қайтди. Кесакдан садо чиқди, дея ўйлади сўнг, ҳар тугул энди нимадир рўй беради-ку. Эҳтимол Райҳона ила юз кўришар? Қанийди!.. Балки… Йигитнинг юраги тақи баттар ғашланди, наздида, қандайдир офат-фалокат унга ёвуқлашаётгандек туюлди…
Улар карвонсарой хўжайини ила кўчага чиққанларида вақт асрдан оғган эди. Иккалови сўл ёққа қайрилишиб, яёв йўлга тушдилар. Маҳмуд учун-ку фарқсиз эди, бироқ анчагина давлатманд бўлган хўжайиннинг ўз футларига шафқат этмай, пиёда йўлга чиққанлигига ҳайрон бўларди.
Айни дамда кўчада одам сийрак эди. От-уловлар ҳам кам кўринарди. Кўча тор бўлганлиги боис чеккада ёнма-ён кетаётган икки киши йўл устига чиқиб қолгандек туюларди. Бунинг устига бирон аробами ёхуд отлиқ ўтиб қолса борми, йўловчилар тўхтаб, ўзларини четга олишларига тўғри келарди. Тақи шуниси ҳам бор эдики, ё қазвинликлар чиндан ҳам баланд овозда гапирардилар ва ёки ҳақиқатан бу шаҳар шовқинли эди. Бу шаҳар кишилари бошқа мусулмон ўлкаларидагига аксил ўлароқ кам саломлашардилар, чоғи. Ё Маҳмудга шундай туюлдими? У тағин шуни ҳам пайқадики, четда турган ёхуд рўбарў келган аксарият кишилар карвонсарой соҳибига ғалати боқардилар. Улар ё дароз соҳибдан қўрқардилар, ё унинг ўзларига ҳам эътибор қилмоғини истардилар. Шунингдек, ана ўша боқишлари асносида Маҳмудга «Сен ҳам ўзимизданмисан?» дегандек қараб қўярдилар. Аслида бу ердагиларнинг барчалари бир-бирларини танийдигандек туюларди.
Улар секин, аммо узоқ юрдилар. Қуёш чети қизара бошлаганда шаҳарнинг кунботиш тарафдаги адоғига етдилар. Баланд деворли қўрғоннинг улкан дарвозаси олдида тўхтадилар. Дарвоза олдида ҳеч ким йўқ эди. Дароз соҳиб ўз уйига кираётгандек остона хатларкан, Маҳмудни ҳам ичкарига имлади. Йигит дарвозадан кирди-ю анграйиб қолди-қўрғон ҳақиқатан ҳам бениҳоя улкан эди. Унда одам бағоят кўп ва ҳамма нарса мавжуд эди: ўнг томонда баланд гумбазли бино бўлиб, у Оллоҳнинг уйи-масжид эканлиги шундоққина билиниб турарди. Гумбаздан ҳам юксакроққа бўй чўзган ёнидаги минора эса масжидга янада салобат бахш этганди. Масжиднинг нариги ёнидаги пастакроқ хоналар тамаддихона эди чамаси, чунки анча узоқда бўлишига қарамай, у ердан осмонга ўрлаётган буғ элас-элас кўзга ташланар ва пиширилаётган таом ва оловнинг ҳиди димоққа уриларди. Ундан сўнг, яъни рўбарўда эса узунасига бостирма жойлашганди. Унинг остида алланималар терилиб ётар, диққат ила тикилинса, турли қурол-яроғ, эгар-жабдуқ, аробалар каби нимарсаларни илғаш мумкин. Ана ўша бостирманинг қаршисида тизилиб турган, сакраётган, чопаётган эран турфа жисмоний машқларни бажаришар, гоҳо-гоҳо ва ўшат солиб ҳайқириб ҳам қолишарди.
Сўл ёқда узунасига қилиб қурилган икки қаватли бино турар, у мана бу жазавали жамоатнинг хобгоҳи эди чоғи. Қўрғон саҳнига ялпи тош ётқизилмаганди. Фақатгина ҳар томонига эмин-эркин элтувчи сангли йўлаклар қилинганди. Қолган жойларида эса офтоб тафтида оқшайган туфроғ яққол кўзга ташланарди.
Дароз соҳиб уни сўл томонга бошлади. Ҳар хил юмушлар ила банд бўлган, у ёқдан-бу ёққа чопгудай ўтаётган одамлар орасидан юрдилар. Ҳамма бир юмуш, ҳеч йўқ юрмоқ ила машғул, биров бировга эътибор бермасди ҳам… Айвондан ўтиб, бир эшикдан кирдилар. Бу анча катта хона бўлиб, кўрпа-тўшаклар девор ости бўйлаб қатор тахланиб ётарди. У ерда ҳам бир неча кишилар бор эди, лекин улар бу икковига эътибор ҳам қилмадилар. Карвонсарой хўжайини Маҳмудга, хоҳлаган жойингга жойлашавер, дегандай бир қараш қилди-да, кўздан ғойиб бўлди. Йигит бирон сўз айтишга ҳам улгурмади. Унинг тақи хафсаласи пир бўлиб, беихтиёр ёнбошидаги жойга чўкди. Ё тавба. Энди буниси не сир бўлди? Бу мавҳумотларнинг, пис-писларнинг адоғи борми ўзи, хаёлидан ўтказди у…
Шом намозига азон айтилди. Барча таҳорат олмоққа ва ундан сўнг масжидга шошилди. Дарвоқе, бу ердаги таҳорат жойлари ҳам бағоят ораста эди. Маҳмуд омий эди. Намоз ўқишни билгани билан Исломдаги мазҳабларни фарқлай олмасди. Ўзи сунний бўла туриб, шиалар аро намоз ўқиркан, намоздаги фарқларни ҳам сезмасди. Намоздан сўнг тановвул қилинди. Шуниси қизиқки, бу амалларнинг барчаси бирон бир ортиқча сўзсиз, тўқнашувсиз ўз ўрнида бажариларди. Ундан кейин эса то хуфтонгача ҳордиқ олинди. Маҳмуд мудом ёлғиз эди. Биров унга қайрилиб қарамасди ҳам. Барча аста-аста сўзлар, бироқ бу товушларнинг умумлашуви йигитнинг қулоқларини қоматга келтиргудай бўларди. Чамаси, унгагина шундай туюларди, негаки бошқалар атрофдаги овозларга парво ҳам қилмасдилар. Ора-сира «Имом Маҳдий», «Ғойибона имом», «Ҳасан Саббоҳ», «Шу ерда» дея кўп такрорланаётган сўзлар Маҳмуднинг қулоғига чалиниб қоларди. Унга қадар йигитнинг диққати ошар, юрагини эса ваҳм босарди.
Ҳуфтон намозидан кейин уйқуга ётдилар. Тақи бояги жойга ётиб олди, аммо биров унга «жойимни бўшат» ҳам демади. Ичкарида бир пас димиқиб, юраги сиқилди. Шаҳд ўрнидан туриб, айвонга чиқди. Бўш жойга чалқанча ётиб, айвон «қабоғи» остидан кўринаётган юлдуз тўла осмонга тикилди. Кўзларига чироқ нури тушиб, учқун отган каби кўрингувчи кўз чўғидай милтираган юлдузлар жумласи унинг қайғусидан бехабар эдилар. Улар тўлишиб бораётган ойнинг назарига тушмоқчи бўлаётгандай басма-басига жимирлайдилар холос. Йўқ, нега энди бехабар бўларкан? Бир пайтлар, у яна Исфаҳонни, қадрдон расадхонани эслади. Хайём ҳазратлари нужумга тикилиб ўлтираркан, «юлдузлар Оллоҳ таолонинг тасбеҳ доналари» деганди. Яратган ўз бандаларини ва уларнинг ёзиқларини ўшалар орқали ҳисоб-китоб қилармиш. Астағфуриллоҳ! Шу шоиру олим аҳли ҳам хўп ажойиб-да, қизиқ гапларни топиб айтишади. Бу-ку омий бир банда, анча-мунча нимарсаларни кўпам фаҳмлайвермайди. Лекин хожасининг айтишича, одам боласининг қисмати юлдузлар дунёсига неси иладур даҳлдор эмиш. Тағин ким билади… Бирдан ёнида Райҳон пайдо бўлди. У жилмайиб турарди, кўзлари, тишлари юлдузлардайин шуълали жимирларди.
-Сиз китоб ўқимайдурсиз, оғойи.-деди у таъкид оҳангида. -Мутолаа этганингизда эди, юлдузлар кўзингизга бундин-да ўзгача кўринган бўлурди.
Уни хаёл олиб қочдими ёхуд пинакка кетдими, кимдир елкасига оҳиста турта бошлади, лекин овоз Райҳонники эди:
-Эй, сизга не бўлди? Кўзингизни очинг… Кўзингни оч, биродар…
Маҳмуд кўзини очганда, тепасида бўзараётган осмонни девдай гавдаси ила тўсиб, бир кимса қорайиб турарди. Йигитнинг юраги бир қур безовталанди. Ўзини ўнглаб олгунича ҳам пича фурсат ўтди.
-Қани, ортимдан юр! -деди ҳалиги одам Маҳмудни илки ила ҳам чорлаб.
Йигит индамай унга эргашди.
Улар масжид тарафга қараб юрдилар. Масжиднинг ёнбошида тақи яна бир эшик бўлиб, Маҳмуд кеча уни пайқамаган экан. Аслида айни дамда ҳам теварагидаги нимарсаларни тузукроқ илғамаётган эди. Йўлбошловчига эргашиб бояги эшикдан кирди. Хона тағин иккига айрилди-улар сўлдаги эшикка юрдилар. Бу хона анча кенг ва кўзга парда тортгудек хира ёруғ оғушида эди. Рўбарўда кўкиш парда, унинг ортидан, аниқроғи, шифтининг бурчагидан қизғиш нур ёғилади. Парданинг нариги ёғида кимдир ўлтирар, унинг кўланкаси шундоққина қорайиб кўриниб турарди. Соя негадир қилт этмаётгандек кўринади.
Маҳмуд ҳамроҳининг амри ила олдидаги ўриндиққа сояга юз тутган ҳолда ўлтирди.
-Сени не муддао бу даргоҳга етаклаб келди, эй, йигит?-дея сўради парда ортидан келган мулойим, бироқ хиёл хириллагувчи овоз.
Маҳмуд бироз тараддудланиб қолди, сўнг:
-Бир ожизани излаб келдим.-деди.
-Хасмингму?-сўради тақи овоз.
-Йўқ. Бироқ ул қизгинага кўнгил бериб эдим. -Йигитнинг овозидан ўз сўзидан андишада эканлигини ошкора пайқаш мумкин эди.
-Уни кўрмоқни чин дилдан истармусен?
-Ҳа!.. -деди Маҳмуд қатъийлик ила.
-Унда бизга садоқат ила хизмат қилгайсен. Биз эса ёринг васлига Оллоҳнинг беҳиштида мушарраф этгаймиз.
Маҳмуд бу сўзларни тушунмаган бўлса-да, деди:
-Не шарт бўлса, розимен. Фақат…
Унинг сўзини ҳалиги овоз бўлди:
-Бизга садоқат ила хизмат этмоққа онт ич-да, анови табаррук сувни ихлос ила сипқор.
Маҳмудни бу ерга бошлаб келган одам унга пиёла тутди. У ўз садоқатини ифода этиб, қасам ичаркан., «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», дея пиёладаги чучмал суюқликни сипқорди.
-Боравер!-дея амр этди овоз.
У ўрнидан туриб, ҳамроҳи етовида кириб келган эшигига эмас, унга қарама-қарши жойлашган чоғроқ эшикка қараб юрди. Эшикка яқинлашаркан, бошида, бутун вужудида бир эврилиш уйғонаётганлигини пайқади. Остонада тўхтаб, ўнг илки ила эшик кесакисини тутди, чунки боши айлана бошлаганди. Кейин оёқлари остидан замин қочиб бораётганлигини элас-элас илғади. Ожизона хоҳиш ила таваккал деди-да, бир қадам ташлади. Ташлади-ю учиб кетди. Кўзларига кўрмоқ ҳам малол келганидан уларни юмиб олди. Узоқ учди…
Ниҳоят қай бир маъвода кўзларини очди. Кўрдики қаршисида мислсиз нуру зиёлар жилваланаётир. Осмон тўла нур, ҳар ёнда минг турфа тажаллий. У билган-билмаган сонсиз қушларнинг ўтлиғ хониши қулоқларини сийпалаб, кўнгулларга ором бахш этади. Гўё киши мажлиси тайр (қушлар суҳбати)га кириб қолгандай сезади ўзини. Атроф-теварак гулу чечакларга бурканган. Беадад ранглар обрў талашган беқиёс макон эди бу. Бир ёнда тўлин қизнинг бармоғидай ариқчаларда сувлар шалдираб оқаётган бўлса, иккинчи ёқда фавворалар анжуман тузган… Бир замон рўбарўсида қийғос гуллар мисол жамоат тузган қизлар кўриндилар. Улар шодон кулардилар. Оқ, нилий, пушти тусли ҳарир либосларини хилпиратиб, ҳар ёна сакрарканлар, капалаклар парвозини ёдга солардилар. Уларнинг оппоқ баданлари ҳарир матолар остида дилларга-ю вужудларга ўт ёқгудай кўринарди. Он қадар сулув эдилар бу қизлар-жаннат ҳурлари.
Қизлар унга ёвуқ келдилар ва ҳаммалари бирваракай боқдилар. Шунда… Райҳон!.. Анов пушти либосга бурканган наҳотки Райҳона бўлса?! Ҳа, ўша. Фақат у ҳозир аввалгидек ийманиб боқмасди, юз-кўзида эр кўнглига ғулу солгувчи олов балқиб турарди. Бироқ йигит айни дамда булар ҳақида ўйлагулик аҳволда эмасди. Шул боис ҳам титраб-қақшаганча ҳайқирди:
-Райҳон!..
Пушти либосли ҳур тек қотди-ю унга тикилди.
-Оғойи!.. -дея у ҳам йигит томон талпинди. Ёвуқ келдилар. Бир лаҳза нигоҳлар сўзлашдилар. Сўнг қовушдилар. Йигит олов ичра тўлғона-тўлғона бўсалар ола кетди.
Қиз эса уни баттарроқ жунбушга солиб, оҳ урарди. Икки қонли шамшир- лаблар бир-бирларига тиғ урганларида, энтикишлар юз чандон ортди. Гуллар, нурлар, қушлар, сувлар, ранглар-барча-барчаси уларни мадҳ этардилар…
Кўзларини очганда тақи ўшал парда олдида ўлтирарди. Тепада қизғиш нур ўйнарди.
-Онтингни унутмадингми?-дея сўради таниш хириллоқ овоз.
-Йўқ.-деди йигит итоаткорона.
-Унда сенинг борар манзилинг, иншооллоҳ, ўшал гўзал маъводур. Боравер!..
Йигит ҳамроҳи етовида дастлаб кириб келган эшиги томон йўналди. Унинг хаёли, наҳотки бир лаҳзада шунча воқеот зоҳир бўлса, шунча ҳузур-ҳаловат кўрсам, деган савол айланарди. Бунинг ортидан ҳалиги овоз соҳибининг кароматгўй эканлигига ишониб борарди.
Бу маҳал бомдод намозига азон айтилиб, барча сўзсиз бир тарзда ғимирлаб таҳорат олмоққа шошиларди. Ҳовлига чиққач, Маҳмуд ҳам беихтиёр уларга қўшилиб кетди.
Йигит кўрганларини бир неча лаҳзаларда рўй берди дея янглиш хаёл қилди. Аслида у бир кеча-кундуз сархуш ётиб, эртаси тонгда тақи ўшал парда қошига олиб келинганди…