Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига
Ижодкорнинг бахти ўз асарлари билан халқ меҳрини қозонишида, Ватани эътирофига сазовор бўлишидадир. Унинг асарлари иккинчи умрини яшай бошласа, бу энди юксак саодат, десак, асло муболаға бўлмайди. Муҳаммад Юсуф ана шундай мақомларга том маънода эришган шоир.
Истиқлол йилларида муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган муҳим ва ҳаётбахш фармону қарорлар мамлакатимизнинг гуллаб-яшнашида, халқимиз турмуши фаровонлигининг ортишида, умуман, барча соҳалардаги ислоҳотларнинг бардавом бўлишида асос бўлиб, ўзининг тарихий хизматини ўтаб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил 27 декабрдаги «Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги Қарори ҳам халқимиз кутган ҳужжат бўлди. Ундан наинки ижодкорлар, балки барча юртдошларимиз қувонч ҳиссини туйди. Бу ижодкорга берилган юксак баҳо, Муҳаммад Юсуф тимсолида бутун миллий адабиётимиз, шеъриятимизга қаратилган олий эътибордир.
Муҳаммад Юсуф чинакам халқ шоири эди. У меҳнаткаш ва бағрикенг, содда ва сахий халқининг иссиқ қучоғида ўсиб-улғайди. Шарқироқ анҳорлар сувидан қониб-қониб ичиб, гулу чечаклари, ялпизлари каби тупроғини ҳам тўйиб-тўйиб ҳидлаб, таниқли шоира айтганидек: «Андижоннинг қорамағиз боласи»дан ҳақиқий миллат шоирига айланди. Унинг шеърларини ўқисангиз, биронта ёлғон, сохта сатр тополмайсиз. Шу қадар содда, самимий, оҳангдор ва дилга яқин ёзарди у. Мисралари жуда тез хотирада муҳрланиб қолади. Гўё ҳар биримиз ўйлаб юрган гапларни айтаётгандек туюлади. Шоир бағрини дарё каби оқизиб ёзар ва ўқувчи кўнглини ҳам сел-сел қилиб юборарди. Муҳаммад Юсуф қалби дардга тўла эди: у Ватаннинг, халқнинг, гўзалликнинг ошиғи бўлиб яшаб ўтди. Ижоддаги чинакам халқчиллик шу эмасми, ахир!
Бир йили «Андижоннома» газетасида шоир билан суҳбат уюштирилганди. Суҳбатда мухбирнинг «Андижонлик ёш шоирлардан кимларни тилга олган бўлардингиз?» деган саволига «Андижонда Наби Жалолиддин деган жуда тортинчоқ йигит бор. Агар юртдошлари қўлласа, у катта шоир бўлади», деб жавоб берганди. Бу ўша пайтда машҳурликнинг аввалида турган шоирнинг эътирофи эди. Мен эса унда ўз қишлоғимдаги ўрта мактабда ишлардим. «Тамом, энди шоир бўлолмайман, адабиётга киролмайман, қолиб кетдим», дея ўксиниб, изтиробда юрган пайтларим. Суҳбат чиққан газетани биров кўтариб келди. Уқигач, не аҳволга тушганимни ўзим биламан. Муҳаммад Юсуф шу қадар эътиборли, самимий эди. Демак, у менинг ёзганларимни матбуотда уқиб, кузатиб юрган.
Илк бор танишишимиз эса Тошкентда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда кечган. Ўшанда улуғ шоиримиз Шавкат Раҳмон нашриётнинг бош муҳаррири эди. Хонасига кирсам, ўша эски диванда Муҳаммад ака ўтирибди. Иккаласи билан сўрашиб, ёнига чўкдим. Аввалига у мени танимади. Шавкат ака бўлса ҳазиллашиб, «Бу йигитни танидингизми?», дея сўради. Муҳаммад Юсуф менга бир қаради-да, «йўқ», деди жилмайиб.
— Ахир мўйловни фақат анжанликлар қўяди-да (унда Муҳаммад ака ҳам мўйлов қўярди), — дея кулди Шавкат Раҳмон, — Андижондан — Наби Жалолиддин!
Муҳаммад ака сал бўлса-да бегонасирамай, мен билан қучоқлашиб кўришаркан, «биламан, танийман», деб қўйди. Шундан сўнг илиқ муносабатларимиз бошланди.
Очиғини айтиш керак, Муҳаммад Юсуф Ватанни, истиқлолимизни баланд пардаларда куйлади. Унинг юксак эҳтирос билан битилган Ватан, мустақиллик, халқ, ҳақидаги шеърлари қанча ёшларни шоир, қанча ҳофизларни ҳофиз қилганини-ку қўя туринг, навосозлар тимсоли булбулни ҳам лол этгани аниқ. У Ватанни ана шундай куйлаб яшади.
Унинг туғма шоир эканлигига кўп бор амин бўлганим ҳам рост. Бир гал, биз — икки ёш шоир устознинг уйида у билан гаплашиб ўтиргандик. Бир пайт илҳом келиб қолди шекилли, «қоғоз ручка ол», деди. У тамаки тутатиб, хонада у ёқ-бу ёққа юриб, гоҳо қўллари титраб, шеър айтар, биз ёзиб борардик. Қизиғи, масалан, аввало шеърнинг тўртинчи caтрини айтса, кейин биринчи сатрини айтар, сўнг олтинчи ёки ўнинчи мисрасига ўтиб кетарди. Одатда, биз билган шеърлар бир бошдан ёзиларди. У эса… Хуллас, ана шундай «сакрашлар» билан Ватан ҳақидаги мисралари — садафдай шеър яралди. Биз эса шоирнинг хотирасидан, чин шоирлигидан ҳайратда ўтирардик.
Муҳаммад Юсуф маҳаллийчиликни ёмон кўрарди. «Мен ўзбекистонликман, ўзбекман денглар», дерди ёшларга. Тўғри, бу ватанпарварликнинг олий нуқтаси, юқори поғонаси. Лекин киши ўз қишлоғи ёки вилояти билан самимий фахрланса, бунинг ҳеч қандай айби йўқ,. Шу маънода, шоир ўз қишлоғини, умуман, Андижонни жуд яхши кўрарди, улар билан фахрланарди.
Муҳтарам Юртбошимизнинг мазкур Қарори биз андижонликлар учун икки карра қадрлироқ бўлганидек, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди. Ўйлаймизки, ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари, барча таълим идоралари, «Камолот» ЁИҲ, «Маҳалла», «Нуроний» жамғармаларининг вилоят бўлимларида вилоятимиз ҳокимлиги бошчилигида қарор ижроси бўйича кенг қамровли режалар, дастурлар амалга оширилади. Шоирнинг 60 йиллик юбилейи юртимизда байрамона руҳда, халқимизнинг бевосита иштирокида юксак савияда ўтишига шубҳа йўқ.
Муҳаммад Юсуф жуда қисқа умр кўрди. Аммо ўз халқи қалбидан абадий жой олди. Бир сафар унинг ўта халқчил шоирлигига ишора қилиб, «Сиз ўзбекнинг Есенинисиз», десам, атайлабми, қовоқ уйгандай бўлди. Кейин уни руҳлантиргим келиб, «Есенин ўриснинг Муҳаммад Юсуфи” дегандим, болалардай қувониб кетди. Аслида бу унга берилган ҳаққоний баҳо эди.
Топган ўлимини қаранг: Ўзбекистоннинг у чеккасида минбарда шеър уқиётиб, оламдан ўтди ва Ватаннинг бу чеккасига — Андижонга олиб келиниб, дафн этилди. Бу ҳам Аллоҳнинг нимагадир ишораси эмасми, сизнингча? Ҳа, Муҳаммад Юсуф ўз шеърияти билан бутун Ўзбекистонни, халқимиз қалбини том маънода забт эта олди.
«Миллий тикланиш» газетасининг 2014 йил 29 январь сонидан олинди.