Пешана

«Ёзувчиларга қанотларини очишлари учун кенг само керак»
18.05.2019
Она Ватанимиз биз уни севганчалик бизни ҳам севсин! — Наби Жалолиддин билан суҳбат
22.04.2020
Қабулхонадаги диванда етмиш ёшлардаги ихчам соқолли чол ва бутун борлиғича ўзбаки ўрта яшар аёл ўтиришарди. Рўпарада, яъни бошлиқ хонасининг сўл ёғида компьютеру яна алламбало нарсалар қуршовидаги котиба ўзини нелар биландир банддай кўрсатишга уринса-да, аслида ғирт бекорчи эди. Ҳар замон-ҳар замонда гоҳ у-гоҳ бу қўлининг панжаларини ёзиб, пардоздан олалашган кўзлари ила тирноқларига тез-тез назар ташлаб қўяди. Замона расмига биноан бўялган, йўғонлаштирилган қоп-қора қошлари ёқимсиз кўринади. Аммо ёйиқ сочларини тўғноғич билан қулоқлари ёнидан қисиб олган, бу ҳойнаҳой расмий идоранинг “ҳурматидан” бўлса ажабмас. Чунки уни кўриши билан кўзлари ёниб, киприклари учаркан, икки қўли беихтиёр сочларини сийпалаб, тўғноғичларини ечиб юборишига бир баҳя қолди. Шунинг асносида, бўйдоқ эканлигини англадими, жалб этувчи уринишлари яна-да кучайди.
Эътиборли кишига, ўнг томондаги ихчам хонанинг очиқ эшигидан эшитилаётган узлуксиз овозлардан соҳибининг серҳаракатлиги сезилади.
У салом бериб, аёлнинг сўл ёғига ўтирди. Лекин котибанинг қарашларига муносиб “жавоб” қайтармади: ҳали иши ҳал бўлмаганидан, “подадан олдин чанг чиқаришни” истамадими. Тошкентда бўлганда-ку… Котибанинг эса, бир неча қарашлардан сўнг, хафсаласи пир бўлиб, хиёл қовоқ уйганча, нималарнидир кетма-кет дўқирлатиб, тақирлатди.
Соат ўн бир сари оғарди. Дўпписи-ю соқоли ўзига ярашган чол бир-икки асабийроқ силтанди. Аёл унга хайрихоҳ боқаркан, бошидаги рўмолининг тугунини тутамлаб, икки чаккасига кафтларини босиб, сочларини тузатган бўлди.
– Бугун келадими ўзи бошлиғингиз? – кесатиқ оҳангида сўради чол.
Котиба пинак бузмади, ҳатто чолга кўз ҳам ташламади. Бунақа гапларни ҳар куни эшитаверганиданми, энсаси қотди гўё.
– Бошлиқ одам, иши кўп, – дея минғирлади бармоқлари стол устида тимирскиланиб.
Шу пайт очиқ эшикдан йўнилган таёқдай сип-силлиқ, сочи текис тарошланган бўйинбоғли йигит чиқиб келди-да, котибага қараб, “чой” деди секингина, аммо кескин. Сўнг дивандагиларга бир сидра назар ташлаб, нигоҳи унда тўхтади.
– Мен бошлиқ ёрдамчисиман, – деди қўлидаги дафтарини очиб, орасидаги ручкани тутаркан, шошилаётганини англатиб. – Исм-шарифингиз?
Айтди.
– Нима масалада келдингиз?
– Иш масаласида.
Ёрдамчи норози алпозда “об-боо”, деркан, ўзини ташқарига урди. Бошлиғнинг хонаси рўпарасидаги “Биринчи ўринбосар” деб ёзилган эшикдан чиққан дароз одам ҳам шоша-пиша унга эргашди.
Котиба электрочовгунни токга улаб, ўзига оро бера бошлади. Гўё қаршисида бобоси тенги оқсоқол ҳам, онаси тенги аёлу куёв бўлгулик йигит ҳам йўқдек эди.
Уч қаватли бино олдига зулук тусли машина келиб тўхтади. Шай турган ёрдамчи тавозе ила орқа эшикни очди. Ўрта бўйли, қимматбаҳо кастим-шими, бўйинбоғи салобат бағишлаган, қуёш соғинган юзли эллик ёшлардаги бошлиқ тушганда, дароз ўринбосарнинг жуссаси кичрайиб кетгандек туюлди. Бошлиқ қўл олиб кўришгач, бино томон юрганда икковлон пилдираганча унга эргашишди.
Кираверишда соқол-мўйлови тиканак қоровул чой ичиб ўтирарди.
– Саломалейкум, – деди бошлиқ шитоб кириб келаркан.
Қоровул ярим қўзғолиб қўл узатди.
– Ваалейкум ассалом, хўжайин. Яхши келяпсизми? – дея жағининг остини қашиди.
– Маза қиле-еб чой ичиб ўтирибсизми, ака? – Бошлиқ ўтиб бораркан, қоровулга сирли жилмайиш ҳадя этди. – Соқолни қаерда олдирдингиз?
Қоровул астойдил хирингларди ва шунинг ортидан шанқиди:
– Сизнинг устарангизда-да, шеп(ф)!..
– Ҳаммаёқ тичликми? – сўради бошлиқ йўл-йўлакай ёрдамчидан.
– Топшириқларингизнинг ҳаммасини бажардим, – деди ёрдамчи дафтарига тез-тез кўз ташларкан, қадамларини хўжайинининг оёқларига мослашга уриниб. – Ишхонада тинчлик. Қабулингизга, – овози титраб, суст кетди, – учта одам келган…
Бошлиқ уф тортди.
– Улар билан ўзинг гаплашиб қўя қолмадингми?!..
Қабулхонага кириб келганида, у билан аёл тугул чол ҳам ўринларидан сапчиб, илтижоли қиёфада қўл қовуштиришди.
– Саломалайкум, – деди бошлиқ уларга бир қур нигоҳ ташларкан, эшитилар-эшитилмас овозда. Сўнг биринчи ўринбосарга ишора қилди: – Сиз мен билан юринг!
Котиба баланд пошнада эмасми, кетини ўйнатганча шошиб бориб икки қаватли эшикни ёпиб, хушнуд ортига қайтди-да, чой дамлашга тутинди.
Ўтирганлар бир-бирларига қараб олишгач, ўз хаёллари ила хафсаласиз хўрсиниб қўйишди.
У диван ёндорига суянаркан, беихтиёр бобосини эслади. Раҳматли келбатли одам эди. Кийим-боши-ю соқол-мўйлови ҳов ўша эски чолларга ўхшарди. Кам гапирарди, лекин тошлаб гапирарди. Мактабни битириш арафасида у билан тағин ёзилиб гаплашиб қолди. Суҳбат пайнови қаёқданийди – ёдида йўқ, аммо “каттаконлар” ҳақида нималардир деганди: “Амалдорда Азроилнинг бир туки бўлади, болам. Буям Худонинг бергани-да. Бизнинг замонимизда кетмон сопига шляпа кийдириб қўйса, ўшани раҳбар деганмиз. Ишонганмиз, бўйсунганмиз! Колхози (жамоа хўжалиги)мизнинг раиси оқ иштонида “Волга” (машина)сига ўтирволиб, кўчаларни айланиб юрарди. Уни кўриши билан ҳамма ўзини ё далага, ёки панага урарди. Раис мундайроқ одамларни калтаклаганини ҳам эшитганмиз. Чунки у бойларнинг замонини кўрган-да. Шунинг учун сен ҳам ўқи, яхши ўқи. Каттакон амалдор бўл. Қара, даданг амалдорга шопир бўлиб, қандай яхши яшаяпсизлар. Қаерга борса, гапи ўтади… Аммо ҳозирги амалдор бол(ла)лар бир чиқди-бир чиқди! Уларнинг олдида олдингилар ип эшолмайди. Ҳаммалари бир хил, шайтонга дарс беришади, онағарлар!
Ҳақиқатан ҳам ҳозир шунақаям мансабдорлар пайдо бўлдилар-ки, етти иқлим ҳайрон чиқар: суратан сип-силлиқ демократ, сийратан бой отанинг бачалари. Университетда ўқиб юрганида бу ҳақда кўп ўйлади: ректор, декан ёки кафедра мудирлари амалдорми-йўқми? Амалдор деса, аксарияти қоғозга қарамай, “нуқта, вергули” билан гапирадилар. Акси бўлса, сўзлари бир хил, худди фалончининг нутқидан кўчириб олингандай? Амалдормас деса, афт-ангори, юриш-туриши ўхшаш, ҳамтус… Кейин билди, замона мансабдорлари ва уларга интилганлар бир хил юришаркан: албатта эгниларида нархидан қатъи назар костюм-шим, бўйинбоғ бўлади. Кейин нигоҳлари совуқ. Юрганларида қўлтиқларини хиёл кўтариб, чиғаноқларини ёнбошларига бироз чиқарадилар, гўё хурпайган бургут ёки қарғадай кўринадилар. Оёқларининг учини ичкарига босиб, одимни катта оладилар. Буни кузатган, кў-ўп кузатган. Манови ёрдамчи, ҳатто биринчи ўринбосарнинг алпозлари ҳам буни исботлайди.
Котиба чой олиб кириб бергач, биринчи ўринбосарнинг ортидан ёрдамчи чиқиб келди. Дарозни хонаси ютгач, чолга юзланди.
– Сиз киринг, отахон, – деди чойхонадаги югурдак кенатасида. – Фақат гапни қисқа қиласиз. Бошлиқнинг вақти зиқ…
Бошлиқ чолни ўрнидан туриб, қучоқ очиб қарши олди.
– Ассалому алайкум, отагинам! Омонмисиз, бормисиз? Бола-чақалар, неваралар?..
Қария эрий бошлади.
– Раҳмат-раҳмат, болам!..
– Чойдан қуй! – деди бошлиқ дафтару чойнак аро шай турган ёрдамчисига.
Чол чойдан хўплагач, стул суянчиғига ястанди.
– Шу десангиз, болам, пешана… – дардини тўкиб солди.
– Эйй, отахон! – Бошлиқ гўё бу муаммо ҳеч нарсамасдай қўлларини у ён-бу ён силтади. – Сиз учун ҳамма нарсага тайёрман! Муҳтарам Президентимиз… – Шу ерда шошганини фаҳмлади – бу гапни олдин чол айтиши керак эди. Дардига қария малҳам бўлди.
– Тўғри айтасиз, болам! Президентимиз халқни ўйлаб… – дея дастурхонини ёйди.
– Раҳмат сизга, отахон! – деди жиддий тортиб. – Муҳтарам Президентимизнинг сиёсатини тўғри тушунганингиз учун, раҳмат. Бу муаммоингизни эртагаёқ, йўқ, – кўз қорачиқлари бир зум ағдарилди, – шу бугуноқ ҳал қиламиз. Ёз! – дея буюрди ёрдамчисига. – Керакли одамларга айт, отахоннинг ишларини тезда ҳал қилиб беришсин!
Чол бошлиқнинг қош-кўзи ишорасига қараб, беўхшов ҳаракатлар ила пиёласини бўшатди. Айни пайтда у бошлиққа ёқмай қолишдан қўрқарди.
– Илоҳо омин, – дея қўлини дуога очганди, амалдор забтига олди:
– Юртимиз тинч, муҳтарам Президентимиз омон бўлсин!
– Оллоҳу акбар!..
Оғзи қулоғида чолни қабулхонага кузатиб чиқди. Ичкари қайтаркан, ёрдамчисига шипшигани эшитилди:
– Қайтиб бу чолни менга рўпара қилма!.. Ишонч телефонига қўнғироқ қилсин. Борсин, ана, “портал”га ёзсин. Менинг олдимда нима бор?!
Чол қабулхонадан чиқиш эшиги олдида бир зум тўхтаб, дўпписини ечди, бошини паришон қашиб, хиёл хўрсинди-да, хонани тарк этди.
Ўрта яшар аёл ёрдамчи етовида ичкарига кириб кетаётганда, қабулхона остонасида тирикчилик қопчиғини ўрамоқлаб қўлтиқлаган қирқ ёшлар чамасидаги уст-боши кир-чир қорамтир одам пайдо бўлди.
– Ассаломалайким, – деди чап қўлида туси униққан дўпписини бир бор қўзғатиб, халтасини бағирларкан.
Унинг миясига урилган хайл шу бўлди: “Бу одамнинг бунда нима иши борийкин? Наҳотки ушбу ташкилот шунақалар ҳам кираверадиган жой бўлса?”
– Халтангизни ташқарида қолдирмабсиз-да, – деди котиба бурнини жийириб.
– Қоровул рухсат берди, – дея оғзининг таноби қочди қорамтир кишининг. – Бошлиқ зўр одам деди.
– Ҳа, майли, – яна қўллари стол узра тимирскиланди котибанинг, – халтангизни ўша ерда қолдириб, анови стулга ўтиринг…
– Хўш, опажон, кайфиятларингиз яхшими? – дерди оромкурси суянчиғига борини ташларкан, бошлиқ шанғиб. – Соғлиқларингиз қалай?
– Ҳаммаси яхши, – дея хонадаги ҳашаматдан, каттаконнинг яқин олишидан эсанкиради аёл. – Шуу… Ҳалиги… Кўргилик экан…
– Тушундим! – Қўл силтаб, ўмганини столга тиради бошлиқ. – Дардингизни мен жуда яхши биламан. Ёз! – дея буюрди ёрдамчига. – Биринчи ўринбосар опанинг муаммосини шу бугуноқ ҳал қилиб берсин, буюраман!
– Раҳмат, – каловланди аёл. – Лекин сиз тушунмаяпсиз, ука. Мен аввало сизга…
– Нимага тушунмайман, опа, нега энди тушунмайман, а? – Ўта жиддий қиёфага кирди бошлиқ. – Мабодо ишингиз ҳал бўлмаса, тўғри менинг олдимга киринг. – Шундай дея ўрнидан туриб, аёлни ҳам қўзғалишга ундади.
– Сиз хафа бўлманг, ука, – дея пала-партиш қадам ташлай бидиллаб борарди аёл. – Мен… мен… Пешана экан…
– Навбатдагини кирит, – дея амр этди бошлиқ курсисига ястаниб, чой хўпларкан. – Нима иши бор экан ўзи?..
Учинчи курсда ўқиётганида бобоси оламдан ўтди. Учинчи куни фотиҳачиларни кузатиб туришганида, бирдан дадасининг телефони овоз берди. Нарироққа бориб гаплашди-да, асабий кепатада жойига қайтди. Нималардир деб ғўдранди. У дадасининг ёнига келиб, оҳиста сўради:
– Тинчликми, дада? Ўзингизни тутинг, одамлар қарашяпти!
Отаси беихтиёр у ён-бу ён аланглаб, паст овозда тўнғиллади:
– Хўжайинни кўрмайсанми, бугун нега ишга чиқмадинг, дейди! Мен ахир отамдан ажраб турибману! – Кўзлари ёшланди. – Ишламайман, бошқа ҳайдовчи топинг, дедим! Ҳе, ўша… Ўзи амалдор халқи одам-подам бўмасакан!..
У ўшанда дадасининг аҳволини тушунди: ҳам ачинди, ҳам унинг раҳбаридан нафратланди.
Ҳар ҳолда хўжайин инсоф-диёнатдан бутунлай мосуво бўлмаган экан, бобосининг йигирмасидан кейин дадасини ишга чақириб олди. Айтишича, узр ҳам сўрабди. Мана, энди ўша одам уни ишга жойлаштириш учун манови бошлиққа сим қоққанди.
– Хўш, студент, – деди раҳбар кўксини кераркан, ўнг қўлида курси ёндорини ушлаб, – ишлар қалай? Ўқишни тугатибсиз-да, а?
– Раҳмат, яхши. – У бироз эсанкиради. – Сизга жўнатишди. Иш-пиш бўлса деб…
Бошлиқ кўзларини уқалаб, эснади. Наздида, бу одам учун нафақат унинг, бутун оламнинг дарду ташвиши бир тийиндек туюлди. Кўзида, кишини ўзидан итарувчи ялтироқ юзида нимадир бор, кулса баттар совуқлашади.
Лекин у бу нарсаларга эътибор бермасликка уринди, иши тушиб турибди ахир.
– Қўлингиздан нима иш келади? Эшитишимча, шеър ёзармишсиз? – деди бошлиқ писандсиз.
У ийманиб дипломини узатаркан, ҳижолатли жилмайди.
– Ҳмм, машқ қилиб тураман. Китоб ўқишни яхши кўраман.
Бошлиқ дипломни очмади ҳам.
– Шунақа денг, – дея тағин ҳомуза тортди. – Мабодо ишга олсак, буёқдаги ишлар қолиб, шеър ёзиб, китоб ўқиб ўтиравермайсизми, ишқилиб?
– Йўғе, – дея қизарди у, – шахсий ишни уйда қиламан…
– Шундай бўлиши керак. – Бошлиқ у билан вақт ўтказиш учунгина гаплашаётгандек туюлди. Буёғи тушликка ҳам яқин қолган. – Биз ҳам китоб ўқиймиз. Муҳаммад Юсуф раҳматли билан қадрдон эдик. Китобларига… ҳалиги нимайди?.. Ёзиб берган, уйда турибди. “Шайтанат” деган шеърниям ўқиганмиз…
Унинг энсаси қотиб, ҳатто кулиб юборишига бир баҳя қолди. Лекин ёшлик ўз кучини кўрсатишига йўл қўймасликни амаллади – тилини тийди.
Бошлиқ ёнбошидаги жавонга узалиб, семизгина китоб оларкан, мудом ўзини китобсевар, билимли кўрсатишга уриниб, деди:
– Бошқа шоирлардан ҳам танишларимиз бор, мана… – Шу пайт хонаки телефонлардан бири жиринглади. Қўлидаги китобни унга бериб, телефоннинг мурватини босди. – Нима гап? – деди тўнг овозда.
Котибанинг майин саси эшитилди:
– Сизни маҳаллангизнинг раиси сўраяпти, зарур иши бор экан.
– Бандлигимни айтмадингми?! – дея дўқ уриб, телефоннинг унини ўчирди. – Қанақа гапи бўларди, бирон нарсага ҳомийлик қилинг, дейди-да, – деди гўё ўзига гапираётгандай.
Тавба ўйларди у, тез-тез қойиллатиб дўқ уриш ҳам амалдорлик расамадига кираркан-да! Шунинг ортидан нафақага чиққач, ўзида ноёб истеъдодни кашф этган муаллифнинг пулдор ўғлининг ҳиммати туфайли чоп этилган “дўмбоққина” китобини варақлади. Ундаги шеърлар, ҳикоя деб аталган газета хабарига ўхшаш нарсалар ўта ибтидоий ва ғиж-ғиж имло хатога тўла эди. Аммо муқоваси кўзни қамаштирарди.
– Қалай, – деди бошлиқ яна бояги ҳолатига қайтиб, – зўрми? Шоирнинг ўз қўли билан ёзган гапини ўқинг.
Дастхатни овоз чиқариб ўқиди:
– “Халқимизнинг фидойи ва мард фарзанди, улуғ раҳбаримиз, замона хонзодаларидан бири…” – Уёғида раҳбарнинг исм-шарифи ёзилганди. – Қойил! – деди у ҳожатбарорига ёқиш учун тантанавор оҳангда. – Омма дастхатни боплабди.
Бошлиқ тупроқда ағанаётган тойчоқдай яйраб кетди.
– Менга аталган шеъриям бор ичида. Энди қўшиқ қилдираман, дейди, – дея столни шапатилади. – Ўзи зиёлилик менинг қонимда бор-да. Онам – ҳожи она, ўқитувчи бўлган. Ҳозир дуо қилиб ўтиради уйда. Бизни зўр тарбиялаган-да…
Бошлиқнинг қўл телефони сас берди.
– Ало, – деди қулоғига тутиб, – ваалайкум. Раҳмат. Ўзингиз ҳам яхшимисиз? Э-ээ, иш кўп-да. Сизларга ўхшаб, – бошлиқ шилқимларча ҳиринглади, – юпканинг ичида ётволмиймиз… Ҳа-ҳа-ҳа!.. Йўқ, тушликда бўлмайди. Бугун селектор йиғилиши бор. Ҳа, каттанинг ўзи ўтказади. Кечқурун саккиздан кейин. Ҳа, ўша жойда. Хўп. – Телефонни столга қўйиб, унга нима деётувдим дегандай паришон боқди. – Ҳа-а, студент, шунақа денг. – Дипломни узатди. – Ҳозирча бизда бўш жой йўқ. Аммо хабарлашиб туринг. Акахоннинг ҳурмати, сизни албатта ишга олишга ҳаракат қиламиз. – “Хайр” дегандай ўрнидан қўзғалди.
У қўли кўксида мужмал кайфиятда хонани тарк этаркан, эшик оғзида ёрдамчи билан тўқнаш келди. Ортидан бошлиқнинг овози эшитилди:
– Бу болани янаги сафар менга киритма, тўғри кадрга йўлла! Хўш, тағин ким бор?
– Бир девонага ўхшаган одам…
Ёрдамчининг сўзи оғзида қолди.
– Сенларга нима бўляпти ўзи, а?! – дея ўшқирди бошлиқ. – Кимни бўлса қўяверасанларми! Қоровул қаёққа қараяпти?!
– Қоровулга неча марта айтдим, хўжайин!..
– Бор, яна айт! Анови одамни ўзинг бир ёқли қил!
Ёрдамчи шошиб чиқиб кетди.
Бошлиқнинг шуурида хушхўр тушлик хаёли кезиниб, ғилқ этиб ютинди-да, ҳузур билан керишди.
Ёрдамчи диваннинг бурчагида шумшайиб ўтирган қорамтир одамнинг яғир кийимлари-ю оқшайган пойабзалига бир пас ижирғаниб қараб турди-да, сўради:
– Сиз ўзи нима учун келувдингиз, ака?
– А?.. – деди қорамтир одам кўзларини лўқ қилиб. Шўрлик ё гаранг, ёки овсарроқ эди.
Ёрдамчи иши осон битишини фаҳмлаб, ичида пича енгил тортди.
– Нимага келувдингиз, дейман, – деди овозини бироз кўтариб, котибага масхаромуз ишора қиларкан.
– Ёрдам сўраб келдим. – Қорамтир одам хиёл дудуқ эди. – Бош… Бошлиқни… лиқни яхши… яхши одам дейишди, ҳм…
Ёрдамчи унга қўли билан туринг дегандай имо қилди:
– Юринг, – деди эшик томон бошлаб, – мен сизга ёрдам бераман. Халтангизни олинг.
Қорамтир одам итоаткорлик билан унга эргашди.
Зинапоядан тушиб боришаркан, ёрдамчи чўнтагидан ўн минг сўмлик чиқариб, узатди.
– Манг, чой-пой ичарсиз, – деди зиғирча оғринмай.
Қорамтир одам индамай пулни олиб, “раҳмат” деркан, шу орада қўлини дуога очиб, ўзича ғўлдиради-да, юзига фотиҳа тортди.
Ёрдамчи уни кўчага чиқариб юбориб, қоровулга гина қилди:
– Кимни бўлса киргизаверасизми, ака! Сизни деб мен гап эшитдим!..
– Э-ээ, мен уни кўрмай қобман, – ўзини оқлаган бўлди қоровул. – Нариги ёққа ўтганимда кирволган шекилли-да. – Кейин одатича насиҳатомуз оҳангга кўчди: – Ҳа, энди, ука-а, уям Оллонинг бир бандаси-да. Айби камбағаллиги. Ўзи-и Худо ёзиғини, пешанасини оғир қиб қўйибди. Энди биз ҳам туртсак, айб бўлар!..
Ёрдамчи унинг гапларини эшитишни истамагандай норизо типирчилаб, нари кетаркан, деди:
– Кейинги сафар қўйманг, бўптими!
– Хўп-хўп! – Қоровул надоматли бош тебратиб, хўрсинди. – Хаҳ, болая! Эртага ўзингнинг пешанангга нима ёзилган – Худо билади. Кичиккўнгилликда биронтанг бошлиққа ўхшамадинг-ўхшамадинг-да!..
Бошлиқ кечқурун алламаҳалда уйга кириб келди. Онаси одатдагидек ёлғиз ўзи телевизор кўриб ўтирарди.
– Ассаломалейким, ҳожи онагинам! – деди остонада у ён-бу ён тебраниб таъзим қиларкан.
Онаси кўзойнагини ечиб, меҳрли боқди.
– Ваалейким ассалом. Келдингми, болам!
Бошлиқ онасининг ёнига чўнқайиб, уни қучоқлади-да, икки юзидан чўлпиллатиб ўпди.
– Яхшиям сиз борсиз, она! – дея тили тутилганидан бир-икки тамшанди-да, онасининг тиззасига бош қўйиб, ётиб олди. – Бўлмаса мен нима қилардим, билмадим.
– Яна ичдингми, болам? – Аёл унинг сочларини силади.
– Ҳмм… – деди ўғил кўзлари юмуқ ҳолда эркаланиб.
– Ичмагин-да, болажоним! Энди катта киши бўп қолдинг, ахир.
– Хўп… – Бошлиқ мастона тамшанди. – Чарчадим-да, она. Ҳамма менинг олдимга келади, дардини айтади. Нимадир сўрайди. Ахир мен сўрамаганман-ку! Улар кўпчилик, мен битта бўлсам. Шу-уу… Умуман, бировдан бирон нарса сўраган одамни жуда ёмон кўраман-да, она!.. – Лабларини қимтиб, пинакка кета бошлади.
– Одамларга керак бўлганинг яхши-да, ўғлим. Ҳамманинг олдигаям ёрдам сўраб келаверишмайди, шукур қил! – Она ўғлининг пешонасига кафт босди. – Демак, сенинг пешанангга шу ёзилган, болажоним… Мен бўлсам, – онанинг хаёли чалғиди, – игнамни йўқотиб қўйдим.
– Келинингизга айтинг, янгисини… – деди бошлиқ алаҳсирагандай.
– Ўзимникига қўлим ўрганиб қолувди-да, – онанинг нигоҳи паришонлашди.
– Пешана… – Бошлиқ хириллаб хуррак ота бошлади…
Йигит тун ярмида телефоннинг шанқишидан уйғониб кетди.
– Об-боо, ким бўлдийкин-а? – дея ғудранди уйқисираб. – Ало… Раҳмат. Адашдингиз, танимадим. Мен ичмайман. Сиз билан ўтирганим йўқ. Сизни танимайман ҳам. Нима?.. Чатоқ бўпти-да, – деди-да, телефонни ўчирди. – Пешанасини эшикнинг қиррасига урвоганмиш, тавба! Менга нима? Шунга ширин уйқимни бузиб… Камроқ ичиш керак, одам!.. – Жойига ётаркан, хаёлидан ўтди: ёрдамчининг телефон рақамини ёзволмапман-да, каллам қурсин! – дея пешанасига шапатилаб қўйди…
Бошлиқнинг манглайига пойтахтда ишлаш ҳам ёзилган экан: кўп ўтмай, катта лавозимга кўтарилиб кетди.