Қоровулнинг айтишича…

Айрилиқ
08.10.2021
Байроқ
08.11.2021

Памфлет

Қишлоғимизда томорқага ер берилганида, олти сотихдан-да, кеча пайдо бўлган Тиркашбой пора эвазига йигирма сотих олганди. Ёнверидагилар, бири ерига Калифорния терагини экиб, беш-олти йилдан кейин уни сотиб, пулига цемент, шағал келар, деб хаёл қилган, бошқаси лой қориб, хомғишт қуйишга киришган, тағин бирови ерни йўқотишдан қўрқиб, гувалакдан мусулмон ҳаммомнинг мўрчасидай хонани қаққайтириб, устини эски шиферда ёпган, кимдир “чек”ининг атрофини шох-шабба – чавра билан ўраётган маҳалда Тиркашбой аллақайси тоғдан харсангтошлар келтириб, тоштарошларни Самарқанду Бухородан ёллаб, икки метрли пойдевор кўтариб, силлиқ ғишт уришга киришганди. Ўшанда мактабимиз қоровулхонасича тош ортиб қолди. Қизғиш-қўнғир, қиррадор бу матоҳ бойнинг сахти-сумбатию димоғини кўз-кўз қилаётгандай ҳашаматли дарвозаси олдида қолди. Унга элнинг кўзи кўникди, бой фахрланадиган бўлди. У пойдевори қуёшда товланадиган икки қаватли уйни ўша йилнинг ўзида Московнинг Кремлидай дўмпайтириб қўйди. Дарвозасига ёндош гул-пул экиб, ялтироқ панжаралар ўрнатди. Ана ўшанда харсангтош янада очилди. Аммо мактаб қоровули ҳуркиб ўтарди.

Хаш-паш дегунча, бир неча йил эски бўғолтирларнинг чўти доналаридай сўлга урилди. Бир куни шўронинг ҳали аримаган инсофи тафтида йиғлаб-сиқтаб ер олгану, аммо ҳамон уй сололмаётган Йўливой тракторчи янги чекини ялаб-юлқаб, ҳасратини тўкиш учун шу томонга юради. Жамоа хўжаликларидан кейин ерларнинг эгаси йўқ эмасмиди, шўрлик Йўливой тракторидан ҳам ажралган, дарди боши қолиб, товонини ҳам зирқираётганидан ўзига ўхшаган мактаб қоровули билан уч шиша винони (у даврларнинг виноси зўр эди-да, – Йўливой) қуртоп билан “уриб”, қайтишда дўкондан яна биттасини тўртта тухумга қўшиб, насияга олиб, биқинига тиқиб келаётганди. Мундоқ қараса, Тиркаш (у шундай дерди)нинг икки қаватли уйи олдида тош турибди, шом оғиб бораётганидан янада ваҳимали кўринади. “Ўргилдим сенинг важоҳатингдан!” – деди тебраниб, бир пайтлар Тиркаш билан бирга ичиб-нетиб юришарди-да. “Ишонганинг шу тошингми? Ҳозир устига чиқаман”. Саксонинчи йиллардан бери ҳам ишга, ҳам тўйга кияётган туси ноаниқ кастимининг икки чўнтагида иккитадан хом тухум. Қорни оч-да. Тирмашиб юриб, тош тепасига чиқди. Тик туриб, негадир йиқилмади, атрофга аланглади. Тиркашнинг томи билан тенг тургандай туюлиб, кўкси ҳаприқди. “Ҳолинг шу экану, Тиркаш!” – деди мамнун кўкрак кериб. У эски одамлардан эди – бойларни ёмон кўрарди. Ўтириб, шишани очди-да, ярмигача ғилт-ғилт симирди. Сўнг ёнбошига оғди: Тиркашдан баландлигидан хурсанду ҳотиржам эди: “Сенга неча маротаба вино қуйиб берганман, Тиркаш, унақамас-да!..”

* * *

Ўша кунлари янги чеклардаги кўчаларни тартибга келтириш, рўйхатга олиш мақсадида уларга ном берилди, маҳаллалар ташкил этилди. Тиркашбойнинг кўчасиям, маҳалласиям Тиркаштош деб аталди. Шу атрофнингми, нарироқнингми каттароқ одамлари аралашди шекилли-да. Шундай ҳам бўлиши керак-да, ахир бу атрофда Тиркашбойнинг уйи-ю тошидан бўлак кўринарлироқ нарса йўқ-да.

Тиркашбой барибир бало экан ё биронта эси ғовлагандан эшитиб қолганми, ўз аждодларини улуғлаш (билиш) учун шажарасини ёздиргани Тошкентдан эшон-пешонларнингми, қандайдир илмларнингми тарихини билгич олимларними, профессорларними ёллабди. Бир куни маҳаллага алламбало машинада кастим-шим, бўйинбоғли олимнамо одам кириб келди. Чаккаларидаги сочларининг ва қошларининг оқ аралашлигидан чиндан ҳам ўзбек олимига ўхшарди. Аммо қулоқлари бежирим бўлса-да, бўлакча қимирлаб қўярди. “Ўзимиздан шекилли-да”, деганди кейинроқ мактаб қоровули. Олим ёки профессор Тиркашбойникида икки ойча яшадиёв. Тошни обдон ўрганди. Аллақандай асбобида уни қириб, шиша идишларга солиб, айтишича, пойтахтга жўнатди. Ҳатто ундаги сарғимтир доғларни ялаб ҳам кўрди. “Намунча сассиқ? – деб қўйди бурни жийирилиб, – қадимий-да!” У ёқдан-бу ёқдан ўлчади, дафтарига нималарнидир ёзди. Тош атрофини Тиркашбой ёллаган мардикорларга неча бор ковлатди: шиша синиқлари, мих ва лахтак-лахтак сувқоғозларини (плёнка-да) топди. Бунгача Тиркашбойнинг уйида икки қозон ва бир ошпаз тинмай қайнади, битта машина шиша-пишаларни ғиз-ғиз ташиб турди. Аммо олимнамо жуда тиниб-тинчимас экан, қаттиқ ишлади. Унинг Тиркашбойга тизиб берган шажарасича, диназавр, алазавр, хроназавр ва яна аллақандай “завр”ларнинг болалари бу тошни тепиб, ўлжа овлашни машқ қилишаётиб, жарга тушириб юборишган экан. Манови чуқурчалари ўшанинг изларимиш. Олимнинг айтганига қараганда, орадан миллион йиллар ўтаверибди (Йўливой тракторчи миллиард дейди), ниҳоят ҳов ўша Дарвин айтган биринчи маймуннамо одам тошни жардан олиб чиқиб, устида банан узиб ебди. Одамларнинг эраси (Йўливой тракторчи айтмоқчи, маймуннамонинг тош олиб чиққани)дан аввалги қайсидир асрларда Искандар Зулқарнайнми, Александр Македонскийми дегани пайдо бўлибди. У бутун дунёни эгаллабди: ёқибди, бузибди, вайрон этибди ва ҳамон буюклигича қолибди. У ниҳоят Қаламқош қишлоғига келганида, асир олган қуллари кўпайиб кетибди. Бу ёқда лашкарига овқат етмас эмиш. Шунда тош устига ўтириб олиб, қулларни қатл этишни буюрибди. Сонсиз жаллодлар маҳкумларни бирин-кетин сўяверибдилар, чопаверибдилар, қонлар ҳатто Искандар ўтирган тошга ҳам сачрабди…

Олим тушликда қалампирни эзиб-эзиб, қайнатма шўрвани ичиб чиққач, деди:

— Манови тошдаги сарғимтир доғлар, лаборатория анализларининг кўрсатишича ва менимча ҳам, ўша қонларники. – Тошни сийпалаб, ўпиб қўйди. – Асрлар оша шу тусга келган. Агар ўз тоши бўлмаса, Искандар бунга ўтирармиди?! Асло йўқ!.. Ахир у шоҳ!

Хуллас, олим ёки профессорнинг “шажара”да ёзишича, Тиркашбой диназавр, алазавр, хроназаврларнинг болалари тепиб юрган тошга соҳиб чинакам қадимий бойдир. Одам атонинг биринчи набирасидан кейин неча йиллар ўтиб, Искандар туғилибди ва дунёни олибди. Ўзининг шахсий тошида ўтириб… Демак, Тиркашбой энг қадим ҳукмдорлар авлодидан…

Энди Тиркаштош қишлоғига катта олимлар гуруҳи келармиш – археологлар, антропологлар, сўзтарошу сангтарошлар. Айтишларича, тошни ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий мерос объектлари рўйхатига киритишармиш.

* * *

Йўливой тракторчи ўша кеч тош устида қолиб, тунлар ҳийла салқин эмасми, анча совқотган. Вино ё қуртопдан бошқа нарсани оғзига олмаган бўлса-да, балки совуқданми, ичи бузилган. Бунинг устига, у ёнбошидан-бу ёнбошига ағдарилавериб, тухумларни эзиб ташлаган. Тонгда аранг уйига борган. Хотини ҳам тўй, ҳам иш кастимига қўшиб, сариқюқи шимини ҳам ювган…

Мактаб қоровулининг айтишича, асли Йўливой Искандар авлодидан эмиш. Шунинг учун қишлоқнинг номини… “Ҳақиқат барибир қарор топади”, дейди у.

17-21.10.20.