Янги йил арафасида Соддали бозорга тушмоқчи бўлди. Байрамда хотини ва болаларини хурсанд қиладиган бирор нарса сотиб олмоқчи эди. Расталарни айланиб юрар экан, фақат бир жойда пештоқига териб қўйилган “қирқма” қовунларга кўзи тушди. “Агар шундан олсам, — ўйлади у, — хотинжоним янги йилда бир эрир эди-да”. Хуллас, саккиз сўмга катта бир қовун олди. Энди бозор эшигига келган эдики, бир дўстига рўпара келди.
— Ҳа, Соддавой, астойдилсан? — сўради кўришаркан дўсти.
— Янги йилга тайёргарлик-да, оғайни.
— И-я, қовунни қаердан олдинг? — шундай дея дўсти қовунни қўлига олди.
— Ҳов анови муюлишдаги дўкондан.
— Шу десанг, менам қовун олмоқчийдим…
— У ерда ҳали кўп, боравер.
— Шундайми?.. — У чўнтакларини ковлаган бўлди. — Оббо-о, пул уйда қопти-ку…
— Мана, менда бор, — Соддали дўстига ўн сўм чиқариб берди.
— Эй, раҳмат, дўстим! Албатта, қайтараман. Хўп, бўлмаса, мен тезроқ борай
— Хўп…
Соддали бекатда автобус кутиб турган эди, Али қуруқ халлослаб келиб қолди.
— Ҳай, шу ердамидинг, Соддақул?.. Салом, — у шошиб қўл берди.
— Салом-салом…
— Уф-ф, пулдан бер, биродар.
— Нима, сендан қарзим борми?
— Ҳа энди, дўстим… Ҳозир бозорга кириб, қовун олмоқчийдим. Нега десанг, жиянимнинг хотини ҳомиладор эди. Ўша шу пайтда қовунга бош қоронғи бўлибди. Шу аёлларга ҳам ҳайронсан, шуни кузнинг бошроғида ўйлашса, асакалари кетармикин?.. Шу гап, лекин пул йўқ, оғайни.
— Ундай бўлса, ма, ол.
Соддали бунга ҳам ўн сўм берди.
— Ҳе барака топ-ей, ўртоқ!..
Соддали қовунни тиззасига қўйиб, автобусда кетяпти. Шу пайт навбатдаги бекатда қайнонаси чиқдию уни кўриб қолди. У автобусни бошига кўтариб, жаврай кетди:
— Вой, куёв бола, қайси гўрдан келяпсиз?
— Ие, келинг, ойи. Қани, ўтиринг…
Кампир ўтирди ва қовунга қараб:
— Ҳа, қовун егилари келдими?
— Ҳа энди…
— Қовун егунча бошқа нарсаларни емайсизми. Куёв бўлиб, қайнонага ҳам илинасизми ўзи? Ҳа, биламан, гулдай қизим қўйнингизда бўлсаю, мен қари кампир хаёлингизга келармидим!..
— Одамлар қарашяпти, ойи.
— Қарашса, қарашаверсин. Ҳа, билиб қўйсин кимлигингизни.
— Ҳазилни қўйинг, ойи. Ўзи бу қовунни қизингиздан сизга бервормоқчийдим.
Соддали кампирни алдамоқчи бўлди.
— Вой, болажоним-ей, шундай демайсизми. Келинг, қизим ҳам овора бўлиб юрмасин, менга бера қолинг. — Кампир куёвининг ҳолатига эътибор бермай, қовунни олди. — Вой-бў, намунча оғир… Яшанг, болам, ўлманг!..
Соддали хомуш энди дарвозага етиб келувдики, қўшниси чақириб қолиб, тўхташга мажбур бўлди.
— Ассалому алайкум, Соддали ака!
Соддали индамади.
— Акахон, хафа бўлмасангиз, малол келмаса, ўн сўм бериб турсангиз. Шу…
— Ҳа, қовун егилари келдими? — Соддали жинни бўлгандай қалтираб қўшнисига ўшқирди.
— Нималар деяпсиз, Сод…
— Қовун егунча бошқа нарсалардан емайсизми?
— Жинни бўлдингизми?
— Балким онангиз қовунга бош қоронғидир, балки сигирингизнинг кўнгиллари қовун тусагандир?..
— Э бор-е!.. — Қўшни ғудраниб уйига кириб кетди…
Архивдан.
1983 йил, январь, Ҳирот.