Тоҳир Малик: “Нексия”ни қўйнинг пулига олдим”

Оралиқ (Хайём)
15.09.2015
Дадам айтган…
12.10.2015

Ҳар сафар Тошкентга йўлимиз тушса, Тоҳир Малик билан суҳбат қилиб қайтамиз. Чунки сизнинг бу машҳур ёзувчини жуда-жуда яхши кўришингизни биламиз-да…

Машҳур ёзувчимиз Тоҳир Малик яқинда машина олдилар — “Нексия”. У кишининг хонадонига бориб, салом-аликдан сўнг биринчи берган саволим ҳам ўшанга оид бўлди:

— Кечирасизу, устоз, ҳозирги кунда ҳаммаям “Нексия” ололмайди. Демак, одамлар орасида юрган гап тўғри экан-да. Тоҳир Малик “Шайтанат”нинг уч китобини ёзгач, пул ҳидидан ухлолмай қопти, дейишганди. Бундан ташқари, Швейцария банкида валюта ҳисоби очибсиз…

— Швейцария — бу Қозоғистондаги шаҳарлардан бири бўлса керак-да, а? (Кулишдик.) Ростини айтсам, бу “Нексия” қўйнинг пулига келди. Биласиз-ку, қўй боқишга ишқибозлигим бор.

— Ол-а, — гапга қўшилди ёзувчи Шодмон Отабек. — Жа оширвордийзу. Ўзи нечта қўй боқардингизу. “Нексия” неча пул туради, биласизми?

— Қўйларим сал семизроқ эди-да, — устоз яна лутф қилдилар.

— Майли, нима бўлсаям, топганингиз ўзингизга буюрсин… Мана, “Шайтанат”нинг биринчи китобини фильм ҳам қилишди. Қалай, фильмдан кўнглингиз тўлдими?

— Менга маъқул бўлган жойлари ҳам анчагина, лекин маъқул бўлмаган жиҳатлариям бор. Мен киночиликни кўпам тушунавермайман. Балки шунинг учун ҳам баъзи ўзгартиришларни ҳазм қилолмагандирман. Қолаверса, сценарийдан ҳам қониқмадим.

— Кейинги қисмларнинг сценарийсини ўзингиз ёзиб қўя қолмайсизми?

— Вақтим йўқ-да. Қолаверса, жуда машмашаси кўп экан.

— Актёрлар ижросидан қониқдингизми?

— Чамамда, ҳаммасиям дуруст ўйнашди.

Гапга яна Шодмонбек ака қўшилди:

— Оммалекин Эркин Комилов санъаткор сифатида роса етилибди-а? Кесакполвонни зўр ўйнади-да.

— Менга, айниқса, Анварни ўйнаган боланинг ижроси маъқул бўлди, — деди Тоҳир ака.

— У артист ўрис театрида ўйнарди шекилли? Пантамимо билан ҳам шуғулланармиди-ей…

— Балки… — деб қўйди устоз.

— Тасвирга олиш пайтида қизиқ воқеалар ҳам бўлгандир-а?

— Э, нимасини айтасиз. Бу артист халқигаям жуда қийин экан. Битта саҳнани олиш қанча чўзилади. Фильмнинг охиридаги тўй саҳнаси ёдингизда бўлса керак. Ўшанда дастурхонларга турли-туман ноз-неъматлар қўйилганди, лекин ейишга рухсат этилмаганди. Кун кеч бўлиб, қоронғиям тушди, режиссёр ишни тугатмайди-да. Ҳамманинг қорни оч. Менам бир четда ўғринча тамадди қилволдим. Кейин билсам, бошқалар ҳам дастурхоннинг рангини ҳийла ўчириб қўйишган экан. Бу ёқда Ёдгор Саъдиев (ҳам бош рўл ижрочиси, ҳам продюсер) режиссёрга бақиради:

— Жаҳонгир, бўл тезроқ. Буларга эртага овқатни қаердан топиб бераман, пул йўқ, — дейди!

Аммо Жаҳонгир Қосимов ҳақиқатан ҳам ўз ишининг фидойиси экан. Ҳеч нарсага қарамай, ишлайверади, денг.

Ўша куни яна бир қизиқ воқеа бўлди. Эсингизда бўлса, Анвар чекмоқчи бўлиб, бировдан сигарет олади. Ҳожатхонага борса, берк, яна қайтиб келади. Ўша саҳна ҳам бир неча бор олинди. Ахийри, ишонсангиз, ҳеч кимда сигарет қолмабди. Бир дона сигаретни ўчириб қўйиб, қайта олишда яна тутатилди.

— Кейинги қисмлар қачон олинади?

— Сценарий битса, шу йил олинса керак.

— Тўртинчи китоб-чи, ёзиб бўлдингизми?

— Оқлаш қолди холос.

— “Холис”га парча бераман, дегандингиз.

— Машинкалангани йўқ-да.

— Ҳе, қўлёзма бўлсаям майли, ксеронусхадан чиқариб, обкетаверамиз.

— Менинг хатимни ўқий олармикинсиз?

— Ие, нима деяпсиз, устоз…

— Ҳа, майли… — Тоҳир ака ўрнидан туриб, ижодхонасидан бир варақ қоғоз олиб чиқди. Унга нималардир ёзилганди (агар ўша ёзув бўлса). — Шуни ўқиб туринг, мен бир жойга телефон қилволай.

Биз Шодмонбек ака икковимиз ҳарчанд уринмайлик, қўлёзмани ўқиёлмадик. Ҳақиқатан ҳам жуда майда ва ўқиб бўлмас қилиб ёзаркан бу Тоҳир ака.

— Хўш, қалай? — деди устоз қайтиб кириб.

— Ўзингиз қандай ўқийсиз буни?

— Тахминлайман-да.

Хуллас, парчани кейинроқ оладиган бўлдик.

— Тўртинчи китобни энг аввал “Холис” беради-а?

— Ҳа.

— Бошқаларга ваъда…

— Йўқ. Тўртинчи китобнинг ярми “Холис”да босилиб бўлганидан сўнггина китоб қиламиз.

— Нега бунча мурувват?

— Муҳаррирингиздан қўрқаман-да. — Тоҳир ака кулади. — Ошнанг муҳаррир бўлса, қийин экан-да.

Суҳбатимиз ошдан кейин ҳам чўзилди. Соат тунги ўн бир бўлса ҳам, айрилгимиз келмайди, денг. Ҳамма гапни ёзишнинг эса имкони йўқ.

Архивдан.

“Холис” газетасининг 1999 йил 26 мартдаги сонидан олинди.